Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Сербия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Англашув меморандуми
Фармацевтика ва биотехнология соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Сербия Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда «Иштирокчилар» деб аталувчилар),
икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва кенгайиб бораётган иқтисодий ҳамкорликни янада тасдиқлаб,
фармацевтика ишлаб чиқариш, биотехнология ва табиий фанларнинг аҳоли саломатлиги, инновация ва барқарор иқтисодий ривожланиш учун стратегик аҳамиятини эътироф этиб,
дори воситаларини яратиш, ишлаб чиқариш ва тартибга солишни белгиловчи халқаро стандартларни, шу жумладан, Яхши ишлаб чиқариш амалиёти (ГМП), Яхши клиник амалиёт (ГСП) ва Яхши лаборатория амалиёти (ГЛП) тамойилларини инобатга олиб,
ҳар икки мамлакатнинг фармацевтика саноати, тартибга солувчи органлари ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг ошиб бораётган салоҳиятини эътироф этиб,
дори воситалари, биотехнология маҳсулотлари ва тиббий буюмларни қўшма тадқиқ этиш, яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш истагида,
қуйидаги ўзаро англашувга эришдилар:
1-модда
Мақсад ва амал қилиш доираси
Мақсад ва амал қилиш доираси
1. Мазкур Меморандумнинг мақсади фармацевтика, биотехнология ва тиббий технологиялар соҳаларида Иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорлик учун кенг қамровли асос яратишдан иборат ҳисобланади.
2. Мазкур Меморандум доирасидаги ҳамкорлик қуйидагиларга қаратилади:
фармацевтика ва биотехнология соҳаларида қўшма тадқиқот, ишланма ва инновацияларни рағбатлантириш;
ҳар икки мамлакатда фармацевтика саноатининг ишлаб чиқариш қувватларини мустаҳкамлаш;
фармацевтика ишлаб чиқаришда инвестиция ва саноат шериклигини рағбатлантириш;
технологиялар трансфери ва илмий билим алмашинувига кўмаклашиш;
тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва халқаро миқёсда эътироф этилган сифат ва хавфсизлик стандартларига мувофиқлаштириш.
3. Мазкур Меморандум фармацевтика ва биотехнология соҳаларида фаолият юритувчи ваколатли давлат органлари, тартибга солувчи идоралар, илмий муассасалар, университетлар ва хусусий сектор субъектлари ўртасидаги ҳамкорликка нисбатан қўлланилади.
4. Мазкур Меморандум доирасидаги ҳамкорликни амалга ошириш Иштирокчиларнинг миллий қонунчилигига ва амалдаги халқаро мажбуриятларига, шунингдек, Сербия Республикасига нисбатан Европа Иттифоқига аъзолик жараёнидан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ олиб борилади.
2-модда
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари
1. Иштирокчилар қуйидаги устувор йўналишларда ҳамкорликни рағбатлантирадилар:
а) дори воситалари, вакциналар ва биотехнологияга асосланган терапияларни тадқиқ этиш ва ишлаб чиқиш;
б) генерик дори воситалари, биосимилярлар ва биологик маҳсулотларни яратиш ва ишлаб чиқариш;
с) тиббий воситалар ва диагностика технологияларини тадқиқ этиш ва ишлаб чиқариш;
д) фармацевтика хомашёси ва фаол фармацевтика ингредиентлари (АПИ);
э) тиббиёт, аҳоли саломатлиги ва фармацевтика ишлаб чиқарилишида биотехнологиянинг қўлланилиши.
2. Иштирокчилар илмий ва технологик инновацияларни рағбатлантириш мақсадида университетлар, илмий-тадқиқот институтлари, биотехнология компаниялари ва фармацевтика ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
3. Иштирокчилар, биотехнологиянинг ривожланиб бораётган соҳаларида, шу жумладан, геномик тиббиёт, шахсга йўналтирилган тиббиёт ва илғор терапевтик технологияларда ҳам ҳамкорлик қилишлари мумкин.
3-модда
Тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик ва сифат кафолати
Тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик ва сифат кафолати
1. Иштирокчилар дори воситалари ва тиббий буюмлар учун рухсат этиш, уларни назорат қилиш ва кузатиш учун масъул бўлган ваколатли тартибга солувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
2. Бундай ҳамкорлик қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
фармацевтика қонунчилигига оид тартибга солиш ахбороти ва илғор амалиётлар алмашинуви;
дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларида ҳамкорлик;
хавфсизлик мониторинги ва фармаконазорат тизимлари бўйича маълумотлар алмашинуви;
лаборатория синовлари ва сифат назорати механизмлари бўйича ҳамкорлик.
3. Иштирокчилар тартибга солиш стандартларини халқаро миқёсда эътироф этилган кўрсатмаларга, шу жумладан, қуйидагиларга мувофиқлаштиришни рағбатлантирадилар:
Яхши ишлаб чиқариш (ГМП);
Яхши клиник амалиёт (ГСП);
Яхши лаборатория амалиёти (ГЛП);
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тегишли кўрсатмалари.
4. Иштирокчилар қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик механизмларини яратишни кўриб чиқишлари мумкин:
фармацевтика ишлаб чиқариш объектларини текшириш;
сертификатлаштириш тартиб-таомиллари бўйича ахборот алмашинуви;
тартибга солиш салоҳиятини оширишда ўзаро ёрдам.
4-модда
Клиник синовлар ва биотиббий тадқиқотлар
Клиник синовлар ва биотиббий тадқиқотлар
1. Иштирокчилар фармацевтика ва биотехнология маҳсулотларига оид биотиббий тадқиқотлар ва клиник синовлар соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
2. Бундай ҳамкорлик қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
вакциналар, биологик препаратлар ва инновацион терапиялар бўйича қўшма тадқиқот лойиҳалари;
биосимиляр дори воситаларини ишлаб чиқиш;
эпидемиологик ва биотиббий тадқиқотларда ҳамкорлик.
3. Мазкур Меморандум доирасида ўтказиладиган клиник синовлар қуйидагиларга мувофиқ бўлади:
Иштирокчиларнинг миллий қонунчилиги;
халқаро миқёсда эътироф этилган ахлоқий стандартлар;
клиник тадқиқотларга оид амалдаги халқаро кўрсатмалар.
4. Иштирокчилар янги дори воситаларини яратиш ва баҳолашга кўмаклашиш мақсадида шифохоналар, илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
5-модда
Саноат ҳамкорлиги ва технологиялар трансфери
Саноат ҳамкорлиги ва технологиялар трансфери
1. Иштирокчилар саноат ишлаб чиқариш қувватларини мустаҳкамлаш мақсадида икки мамлакатнинг фармацевтика ва биотехнология компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
2. Бундай ҳамкорлик қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
фармацевтика ва биотехнология маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун қўшма корхоналар ташкил этиш;
фармацевтика ишлаб чиқариш объектларини қуриш ёки модернизация қилиш;
фармацевтика ишлаб чиқаришга оид технологиялар ва ноу-хаутрансфери.
3. Иштирокчилар қуйидагиларни ишлаб чиқаришда ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар:
генерик дори воситалари;
вакциналар ва биологик маҳсулотлар;
биосимилярлар;
тиббий диагностика ускуналари ва биотехнология маҳсулотлари.
4. Иштирокчилар саноат шериклигига тегишли механизмлар, шу жумладан, қуйидагилар орқали кўмаклашадилар:
инвестициявий ҳамкорлик;
давлат-хусусий шериклик;
илмий-тадқиқот муассасалари ва саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик.
Технологиялар трансфери соҳасидаги ҳамкорлик Иштирокчиларнинг миллий қонунчилиги ва тегишли халқаро битимларга мувофиқ интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга риоя этади.
6-модда
Таълим, кадрлар тайёрлаш ва салоҳиятни ошириш
Таълим, кадрлар тайёрлаш ва салоҳиятни ошириш
Иштирокчилар фармацевтика фанлари ва биотехнология соҳасида таълим ва касбий тайёргарлик бўйича ҳамкорликни, шу жумладан, қуйидагиларни рағбатлантирадилар:
тадқиқотчилар, олимлар ва экспертлар алмашинуви;
қўшма академик дастурлар ва ўқув курслари;
тартибга солиш бўйича мутахассислар ва лаборатория ходимлари учун амалиёт ўташ ва малака ошириш дастурлари.
7-модда
Молиявий масалалар
Молиявий масалалар
1. Мазкур Меморандум доирасидаги ҳамкорлик фаолиятини амалга ошириш Иштирокчиларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ ва молиявий ресурслар мавжудлигига боғлиқ ҳолда олиб борилади.
2. Иштирокчилар мазкур Меморандум доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларда халқаро ташкилотлар, тараққиёт банклари ва бошқа молия институтларининг иштирокини рағбатлантиришлари мумкин.
8-модда
Мақоми
Мақоми
1. Мазкур Меморандум фақат Иштирокчиларнинг ниятларини қайд этади. У халқаро шартнома ҳисобланмайди ва халқаро ёки миллий ҳуқуққа мувофиқ ҳеч қандай ҳуқуқ ёки мажбуриятлар яратмайди.
2. Мазкур Меморандум Ўзбекистон Республикаси ва Сербия Республикасининг бошқа халқаро шартномалар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
9-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Мазкур Меморандумни талқин қилиш ёки амалга оширишга оид ҳар қандай низо Иштирокчилар ўртасида дипломатик каналлар орқали маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
10-модда
Ўзгартиришлар
Ўзгартиришлар
Мазкур Меморандумга Иштирокчиларнинг ўзаро ёзма розилиги билан ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Ўзгартиришлар мазкур Меморандумнинг 11-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ амал қила бошлайди.
11-модда
Амал қилиши, муддати ва тўхтатилиши
Амал қилиши, муддати ва тўхтатилиши
1. Мазкур Меморандум имзоланган санадан эътиборан амал қилади.
2. Мазкур Меморандум беш (5) йил давомида амалда бўлади ва, башарти Иштирокчилардан бири унинг амал қилиш муддати тугашига камида олти ой олдин бошқа Иштирокчини мазкур Меморандумни тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор қилмаса, ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узайтирилади.
3. Мазкур Меморандумнинг тўхтатилиши унинг доирасида бошланган жорий лойиҳаларнинг амалга оширилишига дахл қилмайди.
Белград шаҳрида, 2026 йил 8 сентябрда, икки асл нусхада, ўзбек, серб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда тафовут юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)