Ўзбекистон Республикасининг санитария қоидалари ва меъёрлари, гигиена нормативлари
Чет элдан келтирилган ишлатилган буюмларни «second hand» олиб кириш, сотишга тайёрлаш, сақлаш ва сотиш бўйича санитария қоидалари ва меъёрлари
Санитария меъёрлари, қоидалари ва гигиеник нормативларига риоя қилмаслик қонун бўйича таъқиб қилинади.
Ушбу гигиеник нормативлар, санитария қоидалари ва меъёрларига мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхоналар, ташкилотлар, бирлашмалар, муассасалар ва алоҳида шахслар риоя қилишлари шарт.
МЕЪЁРИЙ ҲАВОЛАЛАР
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ «ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУНИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ «ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУНИ
«Истеъмолчи ўзи сотиб олган товар санитария-гигиена, шу жумладан радиологик, эпидемияга қарши ва бошқа амалдаги меъёр ҳамда қоидалар талабларига мувофиқ тайёрланганлиги ёки бажарилганлиги, унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз эканлиги, шунингдек унинг мол-мулкига зарар етказмаслиги кафолатини олиш ҳуқуқига эга» (12-модда).
«Товарнинг (ишнинг, хизматнинг) конструктив, ишлаб чиқариш, рецептура ёки бошқа камчиликлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулки хавфсизлигини таъминламайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-ускуна, жиҳозлар, мосламалар ёки бошқа воситаларнинг қўлланилиши натижасида истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши шарт» (20-модда).
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ «ДАВЛАТ САНИТАРИЯ НАЗОРАТИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУНИ
«Аҳолининг санитария-эпидемиологик фаровонлигини таъминлашнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат: санитария-эпидемияга қарши чоралар ишлаб чиқариш ва ижтимоий фаолиятнинг мажбурий қисми сифатида ўтказилиши; мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, алоҳида шахслар томонидан санитария меъёрлари, гигиена нормативларига риоя қилмаслик ва санитария-эпидемияга қарши чоралар ўтказмаслик оқибатида аҳоли саломатлигига ва атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш» (2-модда).
«Давлат органлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар: санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда тасдиқланган санитария меъёрлари, қоидалари ва гигиэна нормативларига риоя қилишлари шарт» (7-модда).
«Мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмаларнинг раҳбарлари ва алоҳида шахслар объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, корхоналарни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва уларни ишга тушириш жараёнида санитария меъёрлари, қоидалари ва гигиэна нормативларига риоя этишлари шарт» (9-модда).
«Мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, хусусий шахслар кимёвий моддалар, биологик воситалар ва материалларни сақлаш, қўллаш, зарарсизлантириш пайтида аҳолининг фаровонлигини таъминловчи санитария меъёрлари, қоидалари ва гигиэна нормативларига риоя этишлари шарт» (11-модда).
«Давлат органлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар чет элдан сотиб олинадиган технологиялар, материаллар, хом ашё ва маҳсулотларни етказиб бериш, сотиш ва улардан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган санитария меъёрлари, қоидалари ва гигиэна нормативларига риоя қилишлари шарт» (16-модда).
«Мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, мансабдор ва бошқа шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилади» (29-модда).
1. УМУМИЙ ТАЛАБЛАР
1. Ушбу Санитария қоидалари (бундан кейин Қоидалар деб юритилади) кейинчалик сотиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ишлатилган кийим-кечак, «Second Hand» пойабзалларини олиб кирувчи юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар учун мўлжалланган.
2. Ушбу Қоидалар идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ички муҳитнинг белгиланган кўрсаткичларини сақлаб қолиш учун махсус қурилиш тадбирларини талаб қилмайдиган, ишлатилган кийим-кечак, пойабзал буюмларини (бундан кейин «Second Hand» буюмлари деб юритилади) қабул қилиш, саралаш, сақлаш ва сотиш амалга ошириладиган омборхоналар, дўконлар ва бошқа бинолар ҳамда жойларга татбиқ этилади.
Инсонпарварлик ёрдами сифатида келадиган товарларга алоҳида талаблар қўйилади.
3. Ушбу Қоидаларнинг бажарилиши учун жавобгарлик жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек «Second Hand» буюмларини олиб кириш ва сотиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар зиммасига юклатилади.
4. Мазкур Қоидалар талабларини бузган айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
2. «SECOND HAND» БУЮМЛАРИНИ ОЛИБ КИРИШДА САНИТАРИЯ-ГИГИЕНА ВА ЭПИДЕМИЯГА ҚАРШИ ТАЛАБЛАР
2.1. Чет элдан келтирилган «Second Hand» буюмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақлаш (божхона назорати остида сақлаш бундан мустасно) ва сотишга фақат давлат санитария назорати органлари ва муассасаларининг «Second Hand» буюмлари бўйича ўтказилган давлат санитария-гигиена экспертизаси натижаларига асосланган хулосаси мавжуд бўлган тақдирдагина рухсат этилади.
Ишлатилган шахсий гигиена буюмлари, атир-упа ва пардоз маҳсулотлари, маиший кимёвий моддалар, ички кийимлар, пайпоқ маҳсулотлари, аёлларнинг шахсий буюмлари, чақалоқлар учун маҳсулотлар (шиқилдоқлар, тишловчи ҳалқалар, сут идишлари, сўрғичлар), чойшаблар, ўйинчоқлар, бир марталик идиш-товоқларни сотиш қатъиян ман этилади.
Ишлаб чиқарувчининг тегишли тамғаси бўлмаган ҳайвон териси ва мўйнасини сотишга йўл қўйилмайди.
2.2. Ўзбекистон Республикаси давлат санитария назорати органлари ва муассасаларининг «Second Hand» буюмларининг эпидемиологик хавфсизлиги тўғрисидаги хулосасини бериш учун қуйидагилар асос бўлади:
товарни етказиб бериш тўғрисидаги шартноманинг жўнатувчи ва қабул қилувчи кўрсатилган нусхаси;
товарнинг номи, миқдори ва хусусиятлари кўрсатилган товар кузатув ҳужжатлари;
экспорт қилувчи мамлакатнинг товарларнинг эпидемиологик жиҳатдан хавфсизлигини тасдиқловчи сертификати ёки бошқа ҳужжати.
Этказиб берувчи мамлакат ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг давлат тилига таржима қилиниб, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган бўлиши шарт.
2.3. «Second Hand» буюмларини етказиб бериш шартномаси (контракти)да етказиб берувчи томонидан кир ювиш ёки кимёвий тозалаш (буюмлар турига қараб), дезинфекция ва дезинсекция ўтказилиши кўзда тутилиши лозим.
2.4. «Second Hand» буюмлари экспорт қилувчи мамлакатнинг сертификати ёки бошқа ҳужжати билан бирга келиши керак. Ушбу ҳужжат етказиб берилаётган партиянинг дезинфекция ва дезинсекция қилинганлигини тасдиқловчи бўлиши ва етказиб берувчи мамлакат соғлиқни сақлаш органлари томонидан тасдиқланган бўлиши лозим (миллий соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли рухсатномаси (лицензияси)га эга ташкилот томонидан берилган). Ҳужжатларда «Second Hand» буюмларига дезинфекция ишлови беришда қўлланилган усуллар, воситалар ва тартиблар аниқ кўрсатилиши шарт.
2.5. Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария назорати органлари ва муассасаларининг «Second Hand» товарларининг эпидемиологик хавфсизлиги тўғрисидаги хулосаси ушбу Қоидаларнинг 2.2-бандида кўрсатилган тақдим этилган ҳужжатлар давлат санитария-гигиена экспертизасидан ўтказилгандан сўнг ҳамда «Second Hand» буюмларини ювиш ёки кимёвий тозалаш (буюмлар турига қараб) ёки камерали дезинфекция қилиш (зарур ҳолларда) амалга оширилгандан кейин берилади.
2.6. «Second Hand» буюмларини ювиш ёки кимёвий тозалаш (буюмларнинг турига қараб) қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
2.2-бандда кўрсатилган ҳужжатлардан бирининг мавжуд эмаслиги;
етказиб берувчи мамлакатдан Ўзбекистон Республикасига ташиш пайтида буюмларнинг иккиламчи ифлосланиш белгилари мавжудлиги.
2.7. «Second Hand» буюмларни камерали дезинфекция қилиш қуйидаги ҳолларда ўтказилади:
2.2-бандда кўрсатилган ҳужжатлардан бирининг мавжуд эмаслиги;
тақдим этилган ҳужжатларда «Second Hand» буюмларини дезинфекция ва дезинсекция қилиш усуллари, воситалари ва режимлари ҳақидаги маълумотларнинг йўқлиги;
«Second Hand» буюмларини зарарсизлантириш ва дезинфекция қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланмаган усуллар, воситалар ва режимлардан фойдаланилганлиги.
3. «SECOND HAND» БУЮМЛАРИНИ САҚЛАШ, АЖРАТИШ ВА СОТИШ ЖОЙЛАРИ ҲАМДА ХОНАЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН САНИТАРИЯ-ГИГИЕНА ВА ЭПИДЕМИЯГА ҚАРШИ ТАЛАБЛАР
3.1. «Second Hand» буюмларини сақлаш, ажратиш, саралаш ва сотиш махсус мўлжалланган жойларда ва хоналарда амалга оширилиши шарт.
3.2. «Second Hand» буюмларини сотишга ихтисослаштирилган дўконларда ва бошқа савдо шохобчаларида, кийим-кечак бозорларининг махсус ажратилган жойларида (секторларида) рухсат этилади.
3.3. «Second Hand» буюмларини сақлаш, ажратиш, саралаш ва сотиш хоналари ҳамда жойлари Давлат санитария назоратининг ҳудудий муассасалари билан келишилган бўлиши лозим.
3.4. Гигиеник экспертиза ўтказиш ва савдо қилиш ҳуқуқини олиш учун Давлат санитария назорати ҳудудий муассасаларининг хулосасини олиш мақсадида қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:
туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан биноларни ажратиш учун рухсатнома ҳужжатлари, бино ижараси шартномаси ва бошқалар;
олинадиган товарларнинг ассортименти ва ҳажми, товарларга кўзда тутилган қўшимча ишлов (кимёвий тозалаш, ювиш, дазмоллаш ва ҳоказо) батафсил кўрсатилган тушунтириш хати;
ажратилган хона ва унга туташ хоналарнинг экспликацияси;
иситиш, шамоллатиш, ёритиш, сув таъминоти ва оқава сув тизими, хоналарни дезинфекция қилиш имкониятлари ҳақидаги маълумотлар;
товарларни ташиш шартлари тўғрисидаги маълумотлар.
3.5. «Second Hand» буюмларини сақлаш, қадоқлаш, саралаш ва сотиш учун мўлжалланган жойлар ва хоналарнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш ва текширишда санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари ишчиларнинг соғлиғи учун хавфсиз меҳнат шароитларини, сотувчилар, харидорлар ва атроф-муҳит учун товар хавфсизлигини таъминлайдиган умумэътироф этилган санитария-гигиена ва эпидемияга қарши талабларга асосланишлари керак.
3.6. Озиқ-овқат дўконлари ва омборхоналари, болалар ва даволаш-профилактика муассасалари, ётоқхоналар, меҳмонхоналар вестибюллари, турар жой биноларида «Second Hand» буюмларини сақлаш, қадоқлаш, саралаш ва сотиш учун жойлар ва хоналарни жойлаштириш тақиқланади.
3.7. «Second Hand» буюмларини сақлаш, саралаш ва сотиш бир-биридан ажратилган хоналарда ёки жойларда амалга оширилиши шарт.
3.8. «Second Hand» буюмлари омбори, дўконлари ёки бошқа сотиш пунктлари бир-биридан ажратилган хоналар тўпламига эга бўлиши керак: буюмларни қабул қилиш, сақлаш, ажратиш ва саралаш, савдо қилиш, шунингдек санитария-маиший хоналар.
3.9. «Second Hand» буюмлари омбори, дўконлари ёки бошқа сотиш пунктлари сув таъминоти тизимига уланиши ва канализацияга туташтирилган бўлиши шарт.
3.10. Хоналарнинг баландлиги камида 2,8 метр бўлиши ва тоза сақланиши керак. Деворлар, шифтлар ва поллар нам тозалаш ва дезинфекциялаш осон бўлган қоплама билан қопланиши лозим. Ходимлар учун маиший хоналар кўзда тутилиши зарур.
3.11. Буюмларни кўздан кечириш, ажратиш ва саралашни баландлиги камида 10 сантиметр бўлган, гигиеник қопламали пол стеллажларида ўтказиш лозим. Бу хонани тозалаш имкониятини таъминлайди ва бошқа омборхона хоналарининг ифлосланишини олдини олади.
Савдо залидаги буюмларни сотиш учун мўлжалланган идишлар ва стеллажлар ҳам қопламага эга бўлиши ёки нам тозалаш ва дезинфекциялаш осон бўлган материаллардан тайёрланган бўлиши керак.
3.12. Кундалик тозалаш иш куни охирида ўтказилиши шарт. Сменалар орасидаги танаффусларда тозалаш зарурати келиб тушаётган товарнинг ҳажми ва турига қараб белгиланади.
Ҳожатхона, душхона, ечиниш хонаси ва буюмларни ажратиш хоналари ҳар куни дезинфекция қилиниши лозим. Қолган хоналарни тозалаш ва дезинфекция қилиш жадвали маъмурият томонидан тасдиқланади.
3.13. Дезинсекция ва дератизация тадбирлари ихтисослаштирилган хизматлар томонидан буюртмалар ёки шартномалар асосида амалга оширилади.
3.14. «Second Hand» омборлари, дўконлари ёки бошқа буюмларни сотиш пунктларининг хоналари «Табиий ва сунъий ёритиш» ҚМҚ талабларига мувофиқ етарли даражада сунъий ва табиий ёритилган бўлиши ҳамда «Иситиш, шамоллатиш ва кондициялаш» ҚМҚ талабларига биноан сунъий ҳаракатлантирилувчи киритиш-сўриш вентиляцияси билан жиҳозланган бўлиши шарт. Қолган хоналарда бир соат ичида камида бир марта ҳаво алмашинувини таъминлайдиган табиий умумий алмашинув вентиляциясини ўрнатишга рухсат берилади.
3.15. Технологик жараён меъёрлари бўйича ҳаво ҳарорати белгиланмаган омборхоналарда марказлаштирилган иситиш тизимини ўрнатмасликка йўл қўйилади. Бунда вақтинчалик иш жойларида маҳаллий иситиш тизими назарда тутилиши лозим.
3.16. «Second Hand» буюмларини сақлаш, ажратиш, саралаш ва сотиш билан шуғулланувчи ходимлар учун маъмурий ва маиший хоналар «Маъмурий ва маиший бинолар» ҚМК талабларига мувофиқ ташкил этилиши керак.
3.17. Буюмларни ажратиш ва саралаш билан банд бўлган ишчилар ГОСТ 12.4.011 талабларига мувофиқ махсус кийим, шахсий ҳимоя воситалари, шу жумладан чангдан нафас олиш органларини ҳимояловчи воситалар билан таъминланган бўлиши шарт.
3.18. «Second Hand» буюмларини ажратиш, саралаш ва сотишга тайёрлаш билан боғлиқ ишчилар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
18 ёшдан кичик бўлмаслиги;
ишга қабул қилинишда ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига мувофиқ даврий профилактик тиббий кўрикдан ўтиш;
иш жойида хавфсизлик техникаси қоидалари бўйича йўриқнома олиш ва санитария минимуми бўйича таълим олиш.
4. «SECOND HAND» БУЮМЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН САНИТАРИЯ-ГИГИЕНА ВА ЭПИДЕМИЯГА ҚАРШИ ТАЛАБЛАР
4.1. «Second Hand» буюмлари солинган контейнерлар ёки тойларда пайдо бўладиган бегона ҳидни йўқотиш, улардаги дезинфекция воситалари қолдиқ миқдорини камайтириш учун тойлар очилгандан сўнг қисмларга ажратиш бошланишидан олдин шамоллатилиши лозим.
4.2. «Second Hand» буюмларини қисмларга ажратиш ва саралаш жараёни нафақат товарларни тури ва эскириш даражасига кўра тақсимлашни, балки ифлосланиш даражасини аниқлашни ва имкон қадар ифлосланиш турини белгилашни ҳам ўз ичига олиши керак: бирламчи — етказиб берувчи мамлакатдан келгунга қадар; иккиламчи — ташиш, қисмларга ажратиш, саралаш жараёнидаги ифлосланиш.
4.3. Қисмларга ажратилаётган тойда ҳатто битта ифлосланган буюм аниқланса, бутун той товари буюм турига қараб ювишга ёки кимёвий тозалашга юборилиши шарт. Иккиламчи ифлосланган буюмлар ҳам ювилиши ёки кимёвий тозаланиши лозим.
4.4. «Second Hand» буюмларини ювиш марказлаштирилган ҳолда кирхоналарда амалга оширилиши керак.
4.5. Савдо заллари ва «Second Hand» буюмларини оғирлигига қараб сотиладиган жойларда аҳолини сотиб олинган товарларни ювиш ёки кимёвий тозалашга топшириш зарурлиги ҳақида хабардор қилиш лозим.
4.6. «Second Hand» буюмларини сақлаш, қисмларга ажратиш ва сотиш учун мўлжалланган барча хоналар ва жойлар тоза сақланиши шарт. Ҳар куни хоналар нам латта билан артилиб, ойига камида бир марта дезинфекция қилиниши лозим.
4.7. Кийим-кечак бозорларида очиқ лотокларда «Second Hand» буюмларини сотишда, савдо ўтказиладиган жойлар савдо тугаши билан ҳар куни тозаланиши керак. Ҳудудни тозалаш ишларини ташкил этиш бозор маъмурияти зиммасига юклатилади.
4.8. «Second Hand» буюмларини йўловчи ташийдиган транспортда ёки озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишга мўлжалланган транспортда ташиш тақиқланади.
5. «SECOND HAND» БУЮМЛАРНИ КАМЕРАЛИ ДЕЗИНФЕКЦИЯЛАШ
5.1. «Second Hand» буюмларини камерали дезинфекциялаш ва дезинсекция қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ушбу тиббий фаолият турларини амалга ошириш учун махсус рухсатномаси (лицензияси) мавжуд бўлган юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.
5.2. «Second Hand» буюмларини камерали дезинфекциялаш усуллари, воситалари ва тартиблари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалдаги меъёрий ҳужжатлари талабларига мувофиқ, буюмларнинг тури ва улар тайёрланган мато турига қараб танланиши лозим.
5.3. Қўлланиладиган дезинфекция режимлари СанҚваМда кўрсатилган инфекция турларига кўра буюмларни зарарсизлантиришни таъминлаши керак: «Даволаш муассасаларида дезинфекция ва стерилизация тадбирларини ташкил этиш ҳамда назорат қилиш қоидалари ва меъёрлари» ва «Эпидемиологик ўчоқларда якуний ва жорий дезинфекцияни ташкил этиш ҳамда ўтказиш қоидалари ва меъёрлари».
5.4. Камерали дезинфекция режимини танлаш зарарсизлантирилган буюмларнинг товар кўриниши, ранги ва ўлчамини сақлашни таъминлаши лозим.
5.5. Ўтказилган камерали дезинфекция натижаларига кўра назорат лаборатория текширувлари ўтказилиши ва «Second Hand» буюмларининг камерали дезинфекцияси ўтказилганлиги тегишли маълумотнома билан тасдиқланиши шарт.