ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ ЯНГИОБОД ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Янгиобод туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш юзасидан тумандаги умумтаълим муассасаларининг микроҳудудларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-, 211-моддалари,, «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомнинг 39-бандига асосан, туманда мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш жараёнида умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд)ни аниқ белгилаб олиш мақсадида қарор қиламан:
1. Янгиобод туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 2026 йил 12 июндаги 01-306-сон хати ижро учун қабул қилинсин.
2. Янгиобод туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш бўйича умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) рўйхати 1-иловага, ҳудудлар (микроҳудуд) харитаси 2-иловага асосан тасдиқлансин.
3. Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш умумтаълим муассасаси педагог ходимлари томонидан болаларни бирма-бир (уйма-уй) рўйхатга олиш орқали амалга оширилсин.
4. Туман ҳокимининг ўринбосари (А.Нишонов), туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими (Э.Мухторов), тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси топширилсин.
5. Белгилансинки, тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ-637-сонли «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 9-моддасига асосан умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.
6. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Янгиобод туман бўлими (Л.Рахматов)га, мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасаларига жалб этиш жараёнида туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда умумтаълим муассасаларига амалий ёрдам бериш тавсия этилсин.
7. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (С.Райимов), «Янгиобод овози» газетаси таҳририяти (А.Муҳаммадиев) мазкур қарорни ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин ҳамда маҳаллий матбуотда чоп этилсин ва унинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
8. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
9. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2025 йил 23 октябрдаги 191-3-54-Қ/25-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари А.Нишонов зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими И. ҚАРШИБОЕВ
Жиззах вилояти, Янгиобод тумани,
2026 йил 3 июль,
119-3-54-Q/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.