ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ ЯНГИОБОД ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Янгиобод туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш юзасидан тумандаги умумтаълим муассасаларининг микроҳудудларини белгилаш тўғрисида
Мазкур қарор Жиззах вилояти Янгиобод тумани ҳокимининг 2026 йил 3 июлдаги 119-3-54-Қ/26-сонли «Янгиобод туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш юзасидан тумандаги умумтаълим муассасаларининг микроҳудудларини белгилаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6 ва 211-моддалари, «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомнинг 39-бандига асосан, туманда мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш жараёнида умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд)ни аниқ белгилаб олиш мақсадида қарор қиламан:
1. Янгиобод туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш бўйича умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) рўйхати 1-иловага, ҳудудлар (микроҳудуд) харитаси 2-иловага асосан тасдиқлансин.
2. Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш умумтаълим муассасаси педагог ходимлари томонидан болаларни бирма-бир (уйма-уй) рўйхатга олиш орқали амалга оширилсин.
3. Туман ҳокимининг ўринбосари (А.Нишонов), туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими (Э.Мухторов), тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси топширилсин.
4. Белгилансинки, тумандаги умумтаълим муассасалар раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ-637-сонли «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 9-моддасига асосан умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.
5. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Янгиобод туман бўлими (Л.Раҳматов)га, мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасаларига жалб этиш жараёнида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда умумтаълим муассасаларга амалий ёрдам бериш тавсия этилсин.
6. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (С.Райимов), «Янгиобод овози» газетаси таҳририяти (А.Муҳаммадиев) мазкур қарорни ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин ҳамда маҳаллий матбуотда чоп этилсин ва унинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
7. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2024 йил 15 октябрдаги 172-3-54-Қ/24-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосари А.Нишонов зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими И. ҚАРШИБОЕВ
Жиззах вилояти, Янгиобод тумани,
2025 йил 23 октябрь,
191-3-54-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.