Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг
Буйруғи
ШНҚ 2.07.01-23 «Аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 15 апрелда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 397]
1. ШНҚ 2.07.01-23 «Аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ҳисоб рақами 261, 2024 йил 24 июнь) иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Ш. ХИДОЯТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 6 апрель,
01/2-14-сон
Келишилди:
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси А. АБДУХАКИМОВ
2026 йил 26 март
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари С. ЭШҚУВВАТОВ
2026 йил 19 март
Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 2026 йил 6 апрелдаги 01/2-14-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
ШНҚ 2.07.01-23 «Аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 1-банднинг йигирма саккизинчи хатбошисидаги «ШНҚ 2.06.03-12» деган сўзлар «ШНҚ 2.06.03-21» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2. Қуйидаги мазмундаги 491-банд билан тўлдирилсин:
«491. Ҳудудларда шамол йўналишининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида шаҳарларнинг бош режаларида вентиляция йўлаклари (коридорлари) назарда тутилиши керак.
Бунда бино ва иншоотларнинг (баландлиги, зичлиги, узлуксиз фронт ҳосил қилиши ҳамда бошқа параметрлари) вентиляция йўлакларида (коридор) жойлашуви шамол йўналишининг эркин ҳаракатини чекламаслиги лозим.».
3. 495-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«495. Аҳоли пунктларини лойиҳалаш ва қуришда атмосфера ҳавоси сифатини сақлаш (ПМ2.5, ПМ10) ҳамда микроиқлимни яхшилаш мақсадида аҳоли пунктлари атрофида шамол йўналишини ва тезлигини ҳисобга олган ҳолда шамолдан ҳимоя қилувчи иҳотазорлар барпо этилиши лозим.».
4. 599-банддаги «ШНҚ 2.06.03-12» деган сўзлар «ШНҚ 2.06.03-21» деган сўзлар билан алмаштирилсин.