ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ САНОАТ, РАДИАЦИЯ ВА ЯДРО ХАВФСИЗЛИГИ ҚЎМИТАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиоактив материалларни ташишда хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 11 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3811]
Ўзбекистон Республикасининг «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиоактив материалларни ташишда хавфсизлик қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ва Фанлар академияси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 март,
45-сон
Келишилди:
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ
2026 йил 17 март
Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ
2026 йил 17 март
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 30 мартдаги 45-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиоактив материалларни ташишда хавфсизлик
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар атом энергиясидан фойдаланиш объектларида (бундан буён матнда объект деб юритилади) радиоактив материалларни ташишда хавфсизликка қўйиладиган талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш натижасида ходимлар (персонал), аҳоли, атроф-муҳитга кўрсатиладиган радиациявий таъсир ҳамда атмосфера ҳавосига чиқариладиган ва сув объектларига ташланадиган радиоактив моддаларнинг миқдори СанҚваМ 0193-06-сон «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитар қоидалари (РХТАСҚ 2006)»да белгиланган нормалардан ошмаслиги лозим.
2. Радиоактив материалларни объект ҳудуди доирасида ташиш учун мўлжалланган қадоқлаш тўпламлари уларни дезактивация қилиш имкониятини таъминлайдиган тарзда лойиҳалаштирилиши ва тайёрланиши зарур.
Қадоқлаш тўпламларини лойиҳалаштиришда радиоактив материаллар билан қадоқлаш тўплами материалларининг нурланиш шароитидаги ўзаро таъсири, шунингдек нурланиш таъсири остида уларнинг хусусиятлари (физик, кимёвий ва эксплуатация) ўзгариши мумкинлиги инобатга олиниши лозим.
3. Таркибида ядровий бўлинувчи материаллар мавжуд бўлган радиоактив материалларни объект ичида ташишда мазкур Қоидаларнинг 4 — 6 ва 17-бандларига мувофиқ ядровий хавфсизлик таъминланиши зарур.
Бунда ушбу бандларда келтирилган ядровий хавфсизликни таъминлашга оид талаблар қуйидагилардан камида биттаси бажарилганда уран ва плутонийни объект ичида ташишга нисбатан қўлланилмаслиги лозим:
объект ичида ташиш жараёнининг исталган вақтида ҳамда транспорт воситасидаги уран-233, уран-235 ва плутонийнинг умумий массаси 300 граммдан ошмаса;
ядровий бўлинувчи материал урандан иборат бўлиб, ундаги уран-235 изотопи бўйича бойитиш даражаси 1 фоиздан ошмаса.
4. Таркибида ядровий бўлинувчи материаллар мавжуд бўлган радиоактив материалларни объект ичида ташишда нейтронларнинг самарали кўпайиш коэффициенти (keff) нормал эксплуатация шароитида 0,95 дан, нормал эксплуатация бузилганда (лойиҳавий авариялар вақтида) эса 0,98 дан ошмаслиги лозим.
5. Таркибида ядровий бўлинувчи материаллар мавжуд бўлган радиоактив материалларни объект ичида ташиш учун мўлжалланган қадоқлаш тўплами конструкциясида мазкур конструкцияда назарда тутилмаган водород сақловчи моддаларнинг унинг ичига кириб боришига йўл қўйилмаслиги шарт.
6. Қадоқлаш тўпламлари конструкциясида нейтронларни ютувчи нуклидларни ўз ичига олган элементлар қўлланилса, ушбу элементларнинг минимал ютиш қобилияти механик, кимёвий ва радиациявий таъсирларни ҳисобга олган ҳолда асослантирилиши, бунда қадоқлаш тўпламларидан фойдаланиш жараёнида мазкур элементларнинг техник ҳолати эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан назорат қилиниши лозим.
7. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш учун мўлжалланган қадоқлаш тўпламлари ва транспорт воситаларининг хизмат (эксплуатация) ресурси эксплуатация даврида эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан назорат қилиниши, бунда назоратни амалга ошириш тартиби эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан белгиланиши керак.
8. Эксплуатация қилувчи ташкилот ёки объект ичида ташиш бўйича ишларни бажарувчи ва хизматлар кўрсатувчи ташкилот томонидан ушбу Қоидаларнинг 1-иловасига асосан радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжати ишлаб чиқилиши лозим.
Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжати алоҳида ҳужжат сифатида расмийлаштирилиши ёки атом энергиясидан фойдаланиш объекти хавфсизлигини асослаш ҳисоботига киритилиши мумкин.
9. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан ишлаб чиқилган йўриқномага мувофиқ амалга оширилиши зарур.
10. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича техник ва ташкилий чора-тадбирларга оид радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжати маълумотлари билан объект ичида ташиш йўриқномаси ўртасида тафовут бўлмаслиги лозим.
11. Эксплуатация қилувчи ташкилот қуйидаги эксплуатация ҳужжатларни ишлаб чиқиши керак:
радиоактив материалларни объект ичида ташиш йўриқномасини;
радиоактив материалларни объект ичида ташиш жараёнида авария юзага келганда ходимларнинг ҳаракатлари бўйича йўриқномани;
радиоактив материалларни объект ичида ташиш учун мўлжалланган қадоқлаш тўпламларининг ресурсини бошқариш дастурини.
Мазкур эксплуатация ҳужжатлари алоҳида ҳужжатлар сифатида расмийлаштирилиши ёки атом энергиясидан фойдаланиш объектининг эксплуатация ҳужжатларига илова (қисм) сифатида киритилиши мумкин.
Ушбу эксплуатация ҳужжатларининг таркиби ва мазмунига қўйиладиган талаблар мазкур Қоидаларнинг 2-иловасида келтирилган.
12. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш тартиби ўзгарганда, шунингдек янги қадоқлаш тўпламларидан фойдаланилганда ёки радиоактив материалларни объект ичида ташиш учун мўлжалланган мавжуд қадоқлаш тўпламларининг конструкциясига ташиш хавфсизлигига таъсир этувчи ўзгартиришлар киритилганда эксплуатация қилувчи ташкилот эксплуатация ва радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлаши зарур.
2-боб. Объект ичида радиоактив материалларни ташишда хавфсизлик
13. Радиоактив материалларни объект ичида ташишда иштирок этувчи барча ходимлар (персонал) радиоактив материалларни объект ичида ташиш йўриқномасига риоя этишлари шарт.
14. Радиоактив материалларни ташишда бир транспорт воситасида бошқа хавфли юкларнинг бир вақтда ташилишига йўл қўйилмайди.
15. Радиоактив материалларни объект ичида ташишда қадоқлаш тўпламлари, транспорт воситаларининг конструкцияси ва (ёки) транспорт воситасидаги қадоқларни маҳкамлаш тизимлари қадоқларнинг назоратсиз ҳамда ўз-ўзидан ҳаракатланишига йўл қўймаслиги лозим.
16. Радиоактив материалларни объект ичида ташишда техник ва ташкилий чора-тадбирлар билан қадоқ ичига сув кириб кетишига йўл қўйилмаслиги зарур.
17. Таркибида ядровий бўлинувчи материаллар мавжуд бўлган радиоактив материалларни объект ичида ташишда нормал эксплуатация шароитида, шунингдек нормал эксплуатация бузилганда, шу жумладан лойиҳавий авариялар шароитида, ядровий хавфсизликни таъминлаш мақсадида уларни жойлаштириш бўйича чекловлар белгиланиши лозим.
18. Радиоактив материалларни объект ичида ташишда, нормал эксплуатация шароитида ҳамда нормал эксплуатация бузилганда радиациявий назорат қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
ходимларнинг индивидуал нурланиш дозаларини назорат қилишни;
қадоқлаш тўпламларининг ташқи юзаларида, шунингдек қадоқлаш тўпламларисиз ташилаётган радиоактив материалларга бевосита яқин жойларда ионлаштирувчи нурланишнинг эквивалент доза қувватини назорат қилишни;
радиоактив ифлосланиш даражасини назорат қилишни;
транспорт воситаларидан фойдаланилганда ҳайдовчи жойлашган жойда ионлаштирувчи нурланишнинг эквивалент доза қувватини назорат қилишни.
19. Радиоактив материалларнинг, қадоқлаш тўпламларининг хусусиятлари ҳамда радиациявий назорат натижаларини расмийлаштириш ва сақлаш тартиби эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан белгиланиши лозим.
20. Эксплуатация қилувчи ташкилот радиоактив материалларни объект ичида ташиш учун мўлжалланган қадоқлаш тўпламлари ёки транспорт воситаларида радиоактив ифлосланиш даражаси белгиланган назорат даражаларидан ошгани аниқланса, уларни дезактивация қилиш тартибини белгилаши зарур.
21. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш чоғида белгиланган йўналиш бўйлаб мазкур ташишга халақит берувчи ҳар қандай ишларни бажариш тақиқланади.
22. Радиоактив материалларни объект ичида ташишда қадоқлаш тўплами ва (ёки) транспорт воситасининг ташқи юзасида радиациявий хавф белгиларининг ўрнатилиши эксплуатация қилувчи ташкилот ёки радиоактив материалларни объект ичида ташиш бўйича ишларни бажарувчи ҳамда хизматлар кўрсатувчи ташкилот томонидан таъминланиши керак.
23. Радиоактив материалларни ташиётган транспорт воситасининг юриш қисмида, уловчи мосламаларида ёки қадоқнинг транспорт воситасига маҳкамланишида нуқсон аниқланганда транспорт воситасининг ҳаракати тўхтатилиши зарур.
24. Эксплуатация қилувчи ташкилот ёки радиоактив материалларни объект ичида ташиш бўйича ишларни бажарувчи ва хизматлар кўрсатувчи ташкилот радиоактив материалларни объект ичида ташишда фойдаланиладиган қадоқлаш тўпламлари ва транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда уларни дезактивация қилиш учун мўлжалланган жойлар, зарур техник воситалар ва ташкилий чора-тадбирлар мавжудлигини таъминлаши шарт.
3-боб. Якуний қоида
25. Мазкур Қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиоактив материалларни ташишда хавфсизлик қоидаларига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатининг таркиби ва мазмунига қўйиладиган талаблар
1. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида атом энергиясидан фойдаланиш объектига (бундан буён матнда объект деб юритилади) ташиладиган радиоактив материалнинг тавсифи (миқдори, фаоллиги, изотоп таркиби, физик ва кимёвий хоссалари) кўрсатилиши керак.
2. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида радиоактив материалларни объект ичида ташишда фойдаланиладиган қадоқлаш тўпламлари ва транспорт воситалари (улар қўлланилганда) тавсифи келтирилиши лозим.
Фақат объект ичида ташиш учун мўлжалланган ҳамда хавфсизлик учун муҳим элементлар тоифасига мансуб қадоқлаш тўпламлари учун конструкция тавсифи, чизмалар (расмлар, схемалар) ва асосий конструкция материаллар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши зарур.
3. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида қуйидагилар келтирилиши лозим:
қадоқлаш тўпламларининг мустаҳкамлиги ва улардан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган рухсат этилган юкламалар;
радиоактив материалларни объект ичида ташишда радиациявий хавфсизликни таъминлаш бўйича асослантириш;
қадоқлашнинг ҳарорат режимлари;
таркибида ядровий бўлинувчи материаллар мавжуд бўлган радиоактив материаллар ташилганда қадоқлаш тўпламларининг ядровий хавфсизлиги.
4. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида қадоқлаш тўпламлари ва транспорт воситаларининг ташқи юзаларида (улар қўлланилганда), шунингдек қадоқлаш тўпламларисиз ташилаётган радиоактив материаллар юзасида ионлаштирувчи нурланишнинг эквивалент доза қувватининг максимал қийматлари ҳамда радиоактив материалларни объект ичида ташишда ходимларга тўғри келадиган доза юкламалари келтирилиши зарур.
5. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида радиоактив моддаларнинг қадоқдан рухсат этилган чиқиб кетиш миқдори асосланган бўлиши керак.
6. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида қадоқни радиациявий назорат қилиш ҳажми ва усуллари асослантирилиши, шунингдек қадоқни радиациявий назорат қилиш тартиби келтирилиши лозим.
7. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида лойиҳавий аварияларнинг бошланғич ҳодисалари рўйхати ҳамда объект ичида ташишда юзага келиши мумкин бўлган лойиҳадан ташқари авариялар рўйхати асослантирилиши, шунингдек авариялар ривожланишининг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар асослаб берилиши лозим.
8. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида қадоқлаш тўпламлари ва транспорт воситалари ресурсини (улардан фойдаланилган тақдирда) бошқариш бўйича чора-тадбирлар ҳажми асослаб берилиши ҳамда ресурсни бошқариш тартиби келтирилиши керак.
9. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида радиоактив материалларни объект ичида ташиш амалга ошириладиган эксплуатация ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар келтирилиши лозим.
10. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида радиоактив материалларни объект ичида ташиш йўналишлари кўрсатилиши зарур.
11. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида радиоактив материалларни объект ичида ташишда фойдаланиладиган қадоқлаш тўпламлари ва транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш тартиби кўрсатилиши керак.
Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида радиоактив материалларни объект ичида ташишда жисман ҳимояни ташкил этишнинг умумий тавсифи келтирилиши зарур.
Жисман ҳимоя тизими тўғрисидаги маълумотлар фақат умумий кўринишда келтирилади.
Бунда жисман ҳимоя қилишнинг муҳандислик-техник воситалари мажмуаси воситаларининг жойлашув жойлари ва турлари, шунингдек жисман ҳимоя тизимининг ҳамда унинг алоҳида функционал тизимлари ва воситаларининг хусусиятларига доир аниқ маълумотлар ошкор этилмаслиги лозим.
Юқорида кўрсатилган маълумотлар бошқа ҳужжатларда мавжуд бўлганда радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида мазкур ҳужжатларга ҳаволалар келтирилиши керак.
Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиоактив материалларни ташишда хавфсизлик қоидаларига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Радиоактив материалларни объект ичида ташиш бўйича эксплуатация ҳужжатларининг таркиби ва мазмунига қўйиладиган талаблар
1. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш хавфсизлигини асослаш ҳужжатида қуйидаги маълумотлар келтирилиши зарур:
атом энергиясидан фойдаланиш объектига ташиладиган радиоактив материалнинг тавсифи, шу жумладан унинг миқдори, фаоллиги, изотоп таркиби, физик ва кимёвий хоссалари;
ташиладиган радиоактив материалларнинг номенклатураси;
радиоактив материаллар ҳамда қадоқлаш тўпламларининг назорат қилинадиган хусусиятлари рўйхати, уларни назорат қилиш усуллари ва воситалари;
ядровий хавфсизликни таъминлаш заруратидан келиб чиқиб, ядровий бўлинувчи материалларнинг миқдори ва жойлаштирилишига нисбатан чекловлар (агар таркибида ядровий бўлинувчи материаллар мавжуд бўлган радиоактив материаллар ташилса);
радиоактив материалларни объект ичида ташишда қўлланиладиган қадоқлаш тўпламлари ва транспорт воситалари номенклатураси;
транспорт воситаларида қадоқларни ва (ёки) радиоактив материалларни жойлаштириш ҳамда маҳкамлаш схемалари;
атом энергиясидан фойдаланиш объекти ҳудуди бўйлаб радиоактив материалларни объект ичида ташиш йўналишлари;
транспорт-технологик жараёнларни бажаришда қадоқланган транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлиги ва қадоқларни кўтариш баландлиги бўйича чекловлар;
қадоқлаш тўпламларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш даврийлиги ҳамда тартиби;
радиоактив материалларни объект ичида ташишни амалга оширишдан олдин транспорт воситаларининг техник ҳолатини назорат қилиш тартиби;
радиоактив материалларни объект ичида ташиш жараёнида қадоқлар билан ишлаш жараёнининг бажариш тартиби;
радиоактив материалларни объект ичида ташиш жараёнида хавфсизлик қоидалари;
радиоактив материалларни объект ичида ташишда радиациявий назорат ҳажми ва усуллари;
қўлланиладиган шахсий ҳимоя воситалари турларининг рўйхати;
радиоактив материалларни объект ичида ташишда белгиланган радиациявий фон чегараларидан ошмаслиги.
2. Радиоактив материалларни объект ичида ташишда авария ҳолатларида ходимларнинг ҳаракатлари бўйича йўриқнома қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
радиоактив материалларни объект ичида ташиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган авариялар рўйхати;
авариялар юзага келишининг белгилари;
авариялар содир бўлганда авариялар ривожланишининг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ходимлар ҳаракатларининг рўйхати ва кетма-кетлиги (масъул шахслар кўрсатилган ҳолда);
авария оқибатларини бартараф этиш ишларини таъминлаш учун мўлжалланган моддий-техник воситалар рўйхати.
3. Радиоактив материалларни объект ичида ташиш учун мўлжалланган қадоқлаш тўпламлари ресурсини бошқариш дастури қуйидагиларни ўз ичига олиши зарур:
ресурси бошқариладиган қадоқлаш тўпламларининг номенклатураси;
назорат қилинадиган параметрлар рўйхати;
қадоқлаш тўпламларининг қолдиқ ресурсига таъсир кўрсатувчи шикастланишларнинг тўпланиш жараёнлари ва назорат қилинадиган параметрларни кузатиш усуллари;
зарар етказувчи омилларни бартараф этиш ёки камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни қабул қилиш ва амалга ошириш тартиби;
қадоқлаш тўпламларининг ишлатилган ва қолдиқ ресурсини баҳолаш тартиби ҳамда усуллари;
қолдиқ ресурсни ўзгартириш ёки ўз хизмат ресурсини тугаллаган қадоқлаш тўпламларини алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш мезонлари ва тартиби;
қадоқлаш тўпламларига техник хизмат кўрсатиш даврийлиги.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.04.2026 й., 10/26/3811/0341-сон)