ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Вилоятдаги давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун 2026 йилда қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги ПФ-98-сонли фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрда 660-сонли қарорига мувофиқ ҳамда Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасининг 2025 йил 23 декабрдаги 05-24/727-сонли хатини инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи С.Тошевнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вилоятдаги давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун 2026 йил 1 январдан қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкалари 1-иловага;
ижара тўлови ставкаларига қўлланиладиган оширувчи коэффициентлари 2-иловага;
бино ва иншоотларга бириктирилган, шунингдек, алоҳида ажратилган майдонлар (асфальтланган ёки бетонлаштирилган ҳудудлар)да радио, уяли ва пейжинг алоқа антенналари ўрнатилганда фойдаланиладиган майдон учун ижара тўловлари ҳисобланиши тартиби 3-иловага;
ижара тўлови ставкаларига қўлланиладиган оширувчи коеффициентларни ҳисоблаш тартиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси (С. Тошев):
вилоят ҳудудидаги маданий мерос объектларини Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 октябрдаги 881-сонли қарори талаблари асосида ижарага берилишини таъминласин;
Бунда давлат мулки бўлган бинолар ва хоналарда жойлашган бюджет ташкилотлари учун ижара тўлови нол ставкада қўллансин.
4. Давлат мулкини балансда сақловчиларнинг мансабдор шахслари жорий йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўзининг тасарруфида бўлган давлат мулкини хатловдан ўтказган ҳолда фойдаланилмаётган давлат мулки, шунингдек, ижарага берилаётган мол-мулкнинг «тикланиш қиймати» тўғрисидаги маълумотларни Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармасига ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли тақдим этишлари учун шахсан жавобгар эканлиги белгилансин ва давлат мулкини ижара шартномаси тузмасдан ижарага бериши, ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сони атайлаб нотўғри қайд этилганлиги, бунинг натижаси ижара тўловининг яширилишига олиб келганлиги учун қонун ҳужжатларида тегишли жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида огоҳлантирилсин.
5. Ушбу қарор бажарилишини назорат қилиш ва ижросини таъминлаш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси О. Равшанов ва вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Қодиров зиммасига юклатилсин.
6. Вилоят ҳокимининг 2025 йил 27 январдаги «Қашқадарё вилоятида 2025 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 42-4-0-Қ/25-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Ушбу қарор расмий веб-сайт ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин.
Кенгаш раиси И. ХУШМУРОДОВА
Қашқадарё вилояти,
2026 йил 15 январь,
VII-20-7-4-0-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.