Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 28 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3380-2]
Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3150-сон «Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ва 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2022 йил 14 июлдаги 32-сон буйруғи (рўйхат рақами 3380, 2022 йил 15 август) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.08.2022 й., 10/22/3380/0742-сон) билан тасдиқланган Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2026 йил 17 февраль,
3-сон
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2026 йил 17 февралдаги 3-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. 1-банд қуйидаги таҳрирдаги ўнинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«асослантирилган мулоҳаза — қонунчиликда белгиланган талабларга қўшимча равишда лицензияловчи орган томонидан қўлланиладиган, кўриб чиқилаётган масаланинг ҳақиқий мазмуни расмий мазмунидан устуворлигини назарда тутувчи профессионал баҳолаш. Асослантирилган мулоҳаза лицензияловчи орган хизматлар провайдерлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш доирасида олинган ахборотга, жисмоний ва юридик шахслардан, халқаро ташкилотлардан, давлат органларидан, шу жумладан чет эл назорат органлари ҳамда ташкилотларидан, бошқа очиқ манбалардан олинган ва асослантирилган мулоҳазани шакллантириш учун муҳим бўлган бошқа ахборотга асосланади.».
2. 11-банднинг «а» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«а) крипто-активлар Ўзбекистон Республикасида тўлов ва тўловни қабул қилиш воситаси эмаслиги (қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно), давлат томонидан таъминланмаганлиги, крипто-активлар билан операцияларни амалга оширишда таваккалчиликлар мавжудлиги, яъни пул маблағлари, крипто-активлар эвазига алмаштирилган бошқа фуқаролик ҳуқуқи объектлари крипто-активларнинг нархлари ўзгарувчанлиги, техник носозлик (хато)лар, қонунга хилоф ҳаракатлар, шунингдек талон-торож қилиш ҳолатлари натижасида бутунлай йўқотилиши мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантириш жойлаштирилиши;».
3. 24-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«24. Лицензияни бериш тўғрисидаги аризани рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг лицензия талабгори томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;
лицензия талабгорининг лицензия талаблари ҳамда шартларига мувофиқ эмаслиги;
бир йил муддатга лицензияни олиш ёки суднинг қарорига (ҳукмига) асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги;
лицензия талабгори томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;
лицензия талабгорининг мансабдор шахслари ва (ёки) таъсисчиларининг мазкур Низомнинг 9-банди «з» кичик бандида назарда тутилган жиноятларда иштирок этганлиги ёки иштирок этишда гумонланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжудлиги;
лицензияловчи органнинг асослантирилган мулоҳазаси.
Лицензияни беришни бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.03.2026 й., 10/26/3380-2/0181-сон)