ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Сурхондарё вилоятида 2026 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 6-, 24-моддаларига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ПФ-98-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» 660-сон қарорига асосан 2026 йилда вилоятда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш мақсадида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши қарор қилади:
1. 2026 йилда вилоятда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш юзасидан Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғининг маърузаси маълумот учун қабул қилинсин.
2. Сурхондарё вилоятида 2026 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари 1-иловага;
Саноат зоналари ҳудудларидаги давлат кўчмас мулкини 2026 йилда ижарага беришда қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкалари 2-иловага;
ижара тўлови ставкаларига қўлланиладиган коэффициентлар 3-иловага;
ижара тўловининг энг кам ставкаларига қўлланиладиган коэффициентларнинг ҳисоблаш тартиби 4-иловага;
вилоят маркази ҳамда шаҳар ва туманлар марказий (биринчи даражали) кўчалар рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси (Й.Намозов)га:
давлат мулкини ижарага беришни ташкил этиш ва ижарага бериш;
ижарага берилган давлат мулкини ва уни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва мониторингини олиб бориш;
ижарага бериладиган давлат мулки бўйича маълумотлар базасини шакллантириш;
ижара объектларидан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини, шунингдек, ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;
давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштириш ва судларга юбориш;
фойдаланилмаётган давлат мулкини ижарага берилиши тўғрисидаги эълонларни ва ижарага берилаётган давлат мулклари рўйхатларини даврий нашрларда ҳамда вилоят ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасининг ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойлаштирилишини таъминлаш топширилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси (Й.Намозов), вилоят Солиқ бошқармаси (Э.Нарманов), шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳудудларда ижара муносабатларини тартибга солиш, ижарага берилаётган давлат мулки ҳисоботини тўғри юритиш ва бюджетга қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида давлат мулкини балансда сақловчилари томонидан ижарага бериш самарадорлигини ошириш ва ташкиллаштиришда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйсин.
5. Вилоят бошқармалари ҳамда тизим ташкилотлари балансидаги давлат мулкларини хатловдан ўтказсин ва бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган давлат мулкларини ижарага бериш бўйича ҳар чорак якуни билан ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармасига бу мулкнинг жойлашган жойи, миқдори, таркиби ва бошқа умумий тавсифлари кўрсатилган маълумотларини тақдим этиб борсин.
6. Давлат кадастрлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси (С.Шаймардонов) ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 5-санасига қадар вилоятда мавжуд давлат мулки объектларининг рўйхатини электрон ҳолатда Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармасига тақдим этиб борсин.
7. Вилоят ҳудудида 2026 йилда давлат мулки бўлган бинолар ва хоналарда жойлашган бюджет ташкилотлари учун ижара тўловининг «нол» ставкаси белгилаб қўйилсин.
8. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати (М.Давлатов), мазкур қарорни «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталарида эълон қилинишини ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.
9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (И.Ёқубов) зиммасига юклатилсин.
10. Ушбу қарор расмий нашрларда эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси ЧОРИЕВ АБДУРАИМ РАВШАНОВИЧ
Сурхондарё вилояти,
2026 йил 3 февраль,
VII-17-15-8-0-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.