Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директорининг
буйруғи
Хориждаги бўш иш ўринларини хусусий бандлик агентликлари ўртасида тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 9 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3772]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги ПҚ-367-сон «Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 6-бандига мувофиқ буюраман:
1. Хориждаги бўш иш ўринларини хусусий бандлик агентликлари ўртасида тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Б. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 26 январь,
1-сон
Келишилди:
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2026 йил 9 январь
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директорининг 2026 йил 26 январдаги 1-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Хориждаги бўш иш ўринларини хусусий бандлик агентликлари ўртасида тақсимлаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) томонидан хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотларидан жалб қилинган бўш иш ўринларини хусусий бандлик агентликлари ўртасида очиқ танлов йўли билан тақсимлаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Хориждаги иш ўринларини хусусий бандлик агентликлари ўртасида тақсимлаш комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) — хориждаги бўш иш ўринларини тақсимлаш ва унинг назоратини олиб борувчи, хусусий бандлик агентликларидан келиб тушган аризаларни кўриб чиқишни амалга оширувчи ва доимий асосда фаолият юритувчи коллегиал орган;
квота — хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотларидан жалб қилинган хориждаги бўш иш ўринлари;
квоталар тўғрисидаги эълон — хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотларидан жалб қилинган бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган ҳамда Агентлик томонидан электрон платформага жойлаштириладиган хабарнома;
«Хорижда иш» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуаси (бундан буён матнда электрон платформа деб юритилади) — хорижда ишлаш истагини билдирган ва иш қидираётган шахсларни рўйхатга олиш, квоталарни хусусий бандлик агентликлари ўртасида тақсимлаш ва уларнинг фаолиятини баҳолашни, мониторингни, ҳужжатлар алмашинувини амалга оширувчи Агентликнинг электрон платформаси.
2. Квоталар Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) эга хусусий бандлик агентликлари ўртасида тенг тақсимланади, бундан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ва идоравий келишувларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
2-боб. Квоталар тўғрисидаги ахборотни хусусий бандлик агентликларига етказиш
3. Агентлик хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотларидан жалб қилинган бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни электрон платформада эълон қилади ҳамда бу ҳақида хусусий бандлик агентликларининг электрон платформадаги шахсий кабинетларига автоматик равишда хабарнома юборилади.
Электрон платформада квоталар тўғрисидаги эълон хорижий иш берувчи томонидан қўйилган шартлар доирасида шакллантирилади.
4. Квоталар тўғрисидаги эълоннинг муддати беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак ва унда қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим:
хорижий иш берувчининг жойлашган давлати;
хорижий иш берувчи ҳақидаги маълумотлар (хорижий иш берувчининг номи, алоқа маълумотлари, манзили ва бошқа қўшимча маълумотлар);
бўш иш ўрни учун таклиф этилаётган касб номи ва ажратилган ишчи ўринлари сони;
иш шароитлари, иш ҳақи миқдори, кунлик (ҳафталик) иш вақти меъёрлари, лавозим мажбуриятлари, транспорт, овқатланиш ва яшаш жойини тақдим этиш шартлари;
номзодларга қўйиладиган талаблар (малака, тил билиш даражаси, ёш чегараси, жинси, тиббий кўрсаткичлари, аввалги иш тажрибаси ва ҳоказо);
ариза топшириш тартиби ва муддатлари.
5. Хусусий бандлик агентликлари электрон платформада квоталар тўғрисидаги эълон жойлаштирилган кундан бошлаб ундаги белгиланган муддат тугагунга қадар Агентликка квота тақсимотида иштирок этиш учун шахсий кабинети орқали ариза юборишлари мумкин. Ушбу ариза хусусий бандлик агентликлари томонидан электрон рақамли имзо (бундан буён матнда ЭРИ деб юритилади) билан тасдиқланади.
3-боб. Комиссия томонидан аризаларни кўриб чиқиш тартиби ва унинг ваколатлари
6. Комиссия таркиби Агентлик директорининг буйруғи билан уч йил муддатга шакллантирилади ҳамда беш нафар аъзо ва бир нафар Комиссия котибидан иборат бўлади. Бунда Комиссия аъзоларидан бири унинг фаолиятига раислик қилади.
Комиссия қарорлари унинг мажлисида қатнашаётган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан, очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
Комиссия мажлиси, агар унда Комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади.
Комиссия томонидан аризалар кўриб чиқилгандан сўнг уларнинг натижаси бўйича баённома расмийлаштирилади ҳамда ушбу баённома Комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади ва Комиссия раиси томонидан тасдиқланади.
7. Комиссия аъзолари хусусий бандлик агентликлари томонидан юборилган ариза ва ҳужжатларни квоталар тўғрисидаги эълон бўйича аризаларни қабул қилиш муддати тугаган кундан бошлаб етти иш куни ичида қуйидагилар нуқтаи назаридан кўриб чиқади:
фаол лицензиянинг мавжудлиги;
квоталар тўғрисидаги аввалги эълонлар бўйича тақсимланган квоталарнинг белгиланган муддат ва шартларда тўлдирилганлик ҳолати;
хорижда ишлаш истагини билдирган шахсларни квоталар тўғрисидаги эълон доирасида ишга жойлаштирганлик ҳолати;
иш қидираётган шахслар томонидан хусусий бандлик агентликлари устидан қилинган шикоятларнинг таҳлили.
Комиссия томонидан аризаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хусусий бандлик агентлигига унинг аризаси ижобий қабул қилинганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисидаги хабарнома Комиссия қарори қабул қилингандан сўнг икки иш куни ичида электрон платформа орқали юборилади.
Комиссиянинг рад этиш тўғрисидаги қарори асослантирилган бўлиши лозим.
Аризаси ижобий қабул қилинган хусусий бандлик агентлиги автоматик равишда квота тақсимотида иштирок этувчилар рўйхатига киритилади.
8. Қуйидагилар хусусий бандлик агентликларининг аризаси рад этилишига асос бўлади:
фаол лицензиянинг мавжуд эмаслиги;
квоталар тўғрисидаги аввалги эълонлар бўйича тақсимланган квоталарни белгиланган муддат ва шартларда тўлдириш чораларининг кўрилмаганлиги;
хусусий бандлик агентликлари томонидан иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлганда.
Бошқа сабабларга кўра аризани қабул қилишни рад этиш таъқиқланади.
9. Комиссия қароридан норози бўлган хусусий бандлик агентликлари қонунчиликда белгиланган тартибда Агентликка ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
4-боб. Квоталарни тақсимлаш тартиби
10. Квоталар Комиссия қарорига кўра аризаси ижобий қабул қилинган хусусий бандлик агентликлари ўртасида тенг тақсимланади.
11. Квоталарни тақсимлашда қуйидагилар электрон платформада автоматик тарзда амалга оширилади:
ҳар бир квота тақсимоти электрон платформада қайд этилади ва ҳар бир хусусий бандлик агентлигининг шахсий кабинетида акс эттирилади;
агар умумий квота сони талабгор хусусий бандлик агентликлари сонига тенг бўлинмаса (тенг тақсимотдан сўнг қолдиқ квоталар мавжуд бўлса) ёки уларнинг сони мавжуд квоталар сонидан кам бўлса, квоталар хусусий бандлик агентликлари томонидан электрон платформага аризалар келиб тушган вақтга қараб автоматик тарзда кетма-кет тақсимланади;
квоталар тўғрисидаги эълон бўйича хусусий бандлик агентликлари томонидан бирорта ариза топширилмаган тақдирда, ушбу эълон худди шу муддатга автоматик равишда узайтирилади.
12. Ҳар бир хусусий бандлик агентлиги ўзига ажратилган квота доирасида хорижий иш берувчи билан Ўзбекистон Республикаси «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Қонунининг 151-моддасида белгиланган шартномани тузади ва уни электрон платформага юклайди.
5-боб. Тақсимланган квоталар бўйича мажбуриятларни бажариш ва назорат қилиш тартиби
13. Хусусий бандлик агентликлари ўзларига ажратилган квоталарни хорижий иш берувчи томонидан қўйилган шартларга мос равишда тўлиқ ва ўз вақтида тўлдириш чораларини кўриши керак. Бунда хусусий бандлик агентликлари ажратилган квоталар доирасида номзодларни рўйхатдан ўтказади ва квоталарнинг тўлдирилиш ҳолати электрон платформада реал вақт режимида акс эттирилади.
14. Хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқаролар иш жойларига етказилганлиги ва улар билан меҳнат шартномалари расмийлаштирилганлиги ҳақидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари (ишга кириш тўғрисидаги буйруқ нусхаси, меҳнат шартномаси нусхаси ёки иш берувчи фуқароларни қабул қилиб олганлиги тўғрисида иш берувчи томонидан имзоланган далолатнома) электрон платформага юкланган бўлса, тақсимланган квоталар бўйича мажбуриятлар бажарилган деб ҳисобланади.
6-боб. Якуний қоидалар
15. Ҳар бир хусусий бандлик агентлиги ўз шахсий кабинетидан фойдаланганда, киритилган барча маълумотларнинг тўғри ва ҳаққонийлигини таъминлаш учун масъул ҳисобланади.
16. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.02.2026 й., 10/26/3772/0125-сон)