Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг
қарори
Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ядровий ёқилғиларни сақлаш ва ташишда хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 4 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3769]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ядровий ёқилғиларни сақлаш ва ташишда хавфсизлик қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 23 январь,
29-сон
Келишилди:
Транспорт вазири И. МАХКАМОВ
2026 йил 20 январь
Фавқулодда вазиятлар вазири Б. КУДРАТХОДЖАЕВ
2026 йил 8 январь
Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ
2025 йил 9 декабрь
Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ
2025 йил 25 ноябрь
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 23 январдаги 29-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ядровий ёқилғиларни сақлаш ва ташишда хавфсизлик қоидалари
Мазкур Қоидалар атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ядровий ёқилғиларни сақлаш ва ташишда хавфсизлик талабларини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Қоидалар янги ва ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш иншоотлари, ҳимоя камералари, шунингдек ядровий ёқилғини сақлаш ҳамда ташиш учун мўлжалланган қуйидаги техник ва транспорт ускуналарга хавфсизлик талабларини белгилайди:
кранлар, қисқичлар, траверслар (кўтаргичлар), штангалар;
платформалар, аравачалар;
юклаш учун мўлжалланган қурилмалар ва механизмлар;
сақлаш ғилофлари, сақлаш стеллажлари, қадоқлар ва пеналлар;
янги ва ишлатиб бўлинган иссиқлик ажратувчи тўпламлар учун барабан туридаги контейнерлар;
иссиқлик ажратувчи тўпламларни йиғиш ва ажратиш (демонтаж қилиш) қурилмалари;
иссиқлик ажратувчи тўпламларни ювиш стендлари;
иссиқлик ажратувчи тўпламларни назорат қилиш стендлари;
объект ичида ташиш ва сақлаш учун фойдаланиладиган транспорт комплектлари;
совутиш суюқлигидан иссиқликни чиқариш тизими ускуналари, тозалаш тизимлари, даража назорати, совутиш суюқлигининг ҳарорати ва кимёвий ҳолатини назорат қилиш воситалари, шамоллатиш тизими (вентиляция), сақлаш иншоотини тўлдириш ва бўшатиш ускуналари, совутувчи муҳитни сизиб чиқишини назорат қилиш ва йиғиш воситалари, радиация назорати воситалари;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзасига жойлаштиришга тайёрлаш учун мўлжалланган ускуналар;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини атом энергиясидан фойдаланиш объектидан ташқарига юборишга тайёрлаш учун мўлжалланган ускуналар.
2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
ядровий ёқилғи — назорат қилинадиган ядровий бўлиниш реакциясини амалга ошириш ҳисобига ядровий қурилмада иссиқлик энергияси ва (ёки) нурланиш оқимларини олиш учун мўлжалланган ядровий материал;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи — ядровий реакторнинг фаол зонасидан бутунлай чиқариб ташланган ва техник хусусиятларига кўра ядровий қурилмада фойдаланиш учун мўлжалланмаган ядровий материал;
эксплуатация қилувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзаси — ядровий қурилма ёки ядровий материалларни сақлаш пунктининг таркибига кирувчи, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сувда ёки бошқа суюқ муҳитда вақтинча сақлаш учун мўлжалланган иншоот;
объект ичида ташиш ва сақлаш учун фойдаланиладиган транспорт комплектлари — ядровий ёқилғи ёки ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини жойлаштириш ҳамда сақлаш, шунингдек объект ҳудудида ташиш вақтида ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминловчи техник воситалар;
биринчи тоифали ядровий ёқилғини сақлаш иншооти — ядровий ёқилғини сақлаш учун мўлжалланган иншоот (сув ёки бошқа секинлаштирувчи моддаларнинг иншоотга кириб келишига йўл қўйилмайди);
иккинчи тоифали ядровий ёқилғини сақлаш иншооти — ядровий ёқилғини сақлаш учун мўлжалланган иншоот (сув ёки бошқа секинлаштирувчи модда билан тўлиб қолишига техник воситалар орқали йўл қўйилмайди);
ядровий ёқилғини сақлаш — лойиҳа ҳужжатларида белгиланган миқдордаги ядровий ёқилғини изоляция қилинган шароитларда, кейинчалик чиқариб олиш (олиб чиқиш) мақсадида сақлашни назарда тутувчи жараён;
ядровий ёқилғини ташиш — ядровий ёқилғини атом энергиясидан фойдаланиш объектининг ҳудуди доирасида технологик жараёнга мувофиқ транспорт ва юк кўтариш воситаларидан фойдаланиб ҳаракатлантириш (кўчириш) ва ташиш;
фаол зона компонентлари — ядровий реакторнинг фаол зонаси таркибига кирувчи ва унда жойлашадиган (ёки бевосита унга хизмат қиладиган) конструктив элементлар мажмуи (иссиқлик ажратувчи тўпламлар (ёқилғи элементлари) ҳамда уларнинг ушлаб турувчи конструктив қисмлари.
2-боб. Умумий хавфсизлик талаблари
1-§. Асосий талаблар
3. Атом энергиясидан фойдаланиш объектининг лойиҳасида ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш тизими назарда тутилиши лозим.
4. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом энергиясидан фойдаланиш объекти бўйича хавфсизликни асослаш юзасидан ҳисобот ишлаб чиқиши зарур.
5. Хавфсизликни асослаш юзасидан ҳисоботда ядровий ёқилғини сақлаш ва ташишда юз бериши мумкин бўлган бузилишлар, лойиҳавий авариялар учун бошланғич ҳодисалар ҳамда лойиҳадан ташқари авариялар рўйхати келтирилиши керак.
6. Лойиҳавий авариялар учун бошланғич ҳодисаларнинг рўйхатига қуйидагилар киради:
атом энергиясидан фойдаланиш объекти жойлашган майдонга хос табиий ҳамда техноген келиб чиқишга эга ички ва ташқи таъсирлар;
атом энергиясидан фойдаланиш объектининг электр энергияси билан таъминланиши тўлиқ тўхташи;
ядровий ёқилғини сақлаш иншоотида ва (ёки) ядровий ёқилғини ташувчи транспорт воситаларида ёнғин содир бўлиши;
иссиқлик ажратувчи тўплам ва иссиқлик ажратувчи элементлар орасидаги масофа ўзгаришига ва (ёки) қобиқ бутлигининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган жисмларнинг тушиши;
транспорт-технологик жараёнлар вақтида алоҳида иссиқлик ажратувчи тўпламларнинг, объект ичида ташиш ва сақлаш учун фойдаланиладиган транспорт комплектларининг, шунингдек ишлатиб бўлинган иссиқлик ажратувчи тўпламлар жойлаштирилган пеналлар ва қопламаларнинг тушиб кетиши;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзасидан совутувчи муҳитнинг сизиб чиқиш эҳтимоли;
авария натижасида ҳосил бўлган учар жисмларнинг таъсири (босим остида ишлайдиган тизимлар бузилиши оқибатида);
шамоллатиш (вентиляция) тизими ишламай қолиши натижасида ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш иншоотида портлаш хавфини туғдирувчи аралашмалар ҳосил бўлиши;
ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш жараёнида иссиқликни олиб кетишнинг бузилиши;
ядровий ёқилғини ташиш жараёнида қадоқларнинг маҳкамланишининг бузилиши.
7. Лойиҳадан ташқари аварияларнинг рўйхатига қуйидагилар киради:
ядровий ёқилғини сақлаш ва муомалада бўлиш тизимларида ўз-ўзини қўллаб-қувватловчи занжир реакцияси юзага келиши;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш иншоотининг тўлиқ сувсиз қолиши;
технологик ускуналар ва қурилиш конструкцияларининг сақлаш иншооти қопламасига ёки сақланаётган ядровий ёқилғига тушиши;
биринчи тоифали ядровий ёқилғини сақлаш иншоотини сув босиши.
8. Атом энергиясидан фойдаланиш объектининг лойиҳасида ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш жараёнида бажариладиган ядровий хавфли ишлар рўйхати келтирилиши керак.
9. Атом энергиясидан фойдаланиш объектининг лойиҳасида шикастланган ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш учун техник воситалар назарда тутилиши лозим.
2-§. Ядровий ёқилғини сақлаш
10. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотлари ёнғин ўчириш воситалари, ёнғин сигнализацияси, шамоллатиш (вентиляция) тизими, ишчи ва фавқулодда ёритиш тизимлари ҳамда видеокузатув воситалари билан жиҳозланган ҳамда соз ҳолатда бўлиши лозим.
Ёнғинни ўчиришда нейтронларнинг самарали кўпайиш коэффициентини ошириши мумкин бўлган воситалардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
11. Атом энергиясидан фойдаланиш объектида ядровий ёқилғини сақлашнинг рухсат этилган муддати лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилиши керак.
12. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларида қадоқлаш мажмуалари таркибига кирмайдиган ёнувчан, заҳарли ёки портловчи моддаларни сақлашга йўл қўйилмайди.
13. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларида ядровий ёқилғини сақлаш тизимининг электр таъминоти билан бевосита боғлиқ бўлмаган кабель линияларини, шунингдек ёнувчан ва портловчи суюқликлар ҳамда портловчи газлар ўтувчи қувурларни ўтказишга йўл қўйилмайди.
14. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларида ёнғин юзага келганда шамоллатиш (вентиляция) тизимини автоматик ўчириш имконияти таъминланиши лозим.
15. Маълум бир турдаги ядровий ёқилғини сақлаш учун объект ичида ташиш ва сақлаш учун фойдаланиладиган транспорт комплектларидан фойдаланиш имконияти лойиҳа ҳужжатларида келтирилиши керак.
16. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларида бўлинувчи материални ўз ичига олмайдиган фаол зона компонентларини сақлашга рухсат этилади. Бунда, компонентларнинг турлари ҳамда уларни жойлаштириш жойлари атом электр станцияси ва реактор қурилмаси лойиҳасида кўрсатилиши лозим.
17. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларида авария содир бўлганда ходимларнинг тўсиқсиз эвакуация қилиш имконияти таъминланиши керак.
3-§. Ядровий ёқилғини ташиш
18. Атом энергиясидан фойдаланиш объектининг ичида ядровий ёқилғини ташиш махсус транспорт воситаларида, шунингдек объект ичида ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган транспорт комплектларида амалга оширилиши лозим.
Ядровий ёқилғини ташиш учун мўлжалланган махсус транспорт воситаларига қўйиладиган талаблар лойиҳа ҳужжатларида белгиланиши керак.
19. Атом энергиясидан фойдаланиш объектининг ичида ядровий ёқилғини ташишда бошқа юкларни ташиш учун мўлжалланган транспорт воситаларидан уларни махсус қайта жиҳозлаш шарти билан фойдаланишга йўл қўйилади.
20. Қадоқлаш мосламалари транспорт воситасига маҳкамланиши лозим.
21. Атом энергиясидан фойдаланиш объекти ҳудудига хос табиий ва техноген таъсирлар шароитида ташиш жараёнида ядровий ёқилғининг транспорт комплектидан тушиб кетиши ёки ундаги ядровий ёқилғининг ўзаро жойлашуви бузилишига йўл қўйилмаслиги керак.
22. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларида ядровий ёқилғи мавжуд бўлганда, ушбу ҳудудлар орқали кўтариш ва юклаш ускуналарининг таркибий қисмларини, шунингдек ядровий ёқилғини қадоқлаш воситалари билан боғлиқ бўлмаган юкларни ташиш, уларнинг ҳаракат йўналишларини белгилаш ҳамда ҳаракатлантириш тақиқланади.
Мавжуд ядровий ёқилғини сақлаш иншоотлари учун ушбу талабни бажариш имкони бўлмаганда, сақланаётган ядровий ёқилғи юклар ёки ядровий ёқилғи қадоқларининг тушиб кетиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган шикастланишлардан ҳимояланган бўлиши, бунда ҳимоя конструкцияларининг юклар ва ядровий ёқилғи қадоқларининг тушиб кетиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган динамик ҳамда статик юкламаларга бардошлилиги (мустаҳкамлиги) лойиҳа ҳужжатларида асосланиши лозим.
23. Ядровий ёқилғини ташиётган транспорт воситасининг юриш қисмида, уловчи мосламаларида ёки қадоқнинг транспорт воситасига маҳкамланишида нуқсон аниқланганда транспорт воситасининг ҳаракати тўхтатилиши зарур.
24. Атом энергиясидан фойдаланиш объектида ядровий ёқилғини ташиш ва сақлаш учун фойдаланиладиган транспорт комплектлари ҳамда транспорт воситаларини объект ҳудудидан ташқарига жўнатишга тайёрлаш учун махсус жойлар ва жиҳозлар бўлиши лозим.
4-§. Ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш ускуналарининг хавфсизлик талаблари
25. Ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш тизимининг хавфсизлик ускуналарини лойиҳалашда уларни синовдан ўтказиш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш имконияти инобатга олиниши лозим.
26. Ядровий ёқилғини ҳаракатлантириш учун мўлжалланган транспорт-технологик ускуналар ядровий ёқилғининг ҳаракат тезлиги ва тезланиши транспорт-технологик ускуналарнинг техник шартларида белгиланган чегаравий қийматлардан ошмаслиги керак.
27. Ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш учун мўлжалланган ускуналарда ядровий ёқилғига шикаст етказиши мумкин бўлган ўткир қирралар бўлмаслиги лозим.
28. Ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш ускунасининг конструкцияси иссиқлик ажратувчи тўпламлар ва иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланишига ёки уларнинг геометрик шакли бузилишига олиб келиши мумкин бўлган зарбалар ҳамда бошқа юкламаларнинг олдини олиши керак.
29. Ядровий ёқилғи билан муомала қилишда фақат лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган, техник жиҳатдан соз ва фойдаланишга яроқли, шунингдек техник кўрикдан, синовлардан ҳамда техник назоратдан ўтган ускуналардан фойдаланиш зарур.
30. Атом энергиясидан фойдаланиш объекти ичида ташиш ва сақлаш учун фойдаланиладиган транспорт комплектлари конструкциясида барча ташқи ажралувчи уланиш нуқталарини тамғалаш имконияти бўлиши лозим.
31. Ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш тизими (қопламалар, объект ичида ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган транспорт комплектлари, янги ва ишлатиб бўлинган иссиқлик ажратувчи тўпламлар учун барабанлар) ускуналарининг конструкцияси ядровий ёқилғини панжара (оралиқ) масофаларида жойлаштириш орқали ядро хавфсизлигини таъминлаши лозим.
32. Ядровий хавфсизликни таъминлаш мақсадида конструкция материаллари таркибида нейтронларни ютувчи нуклидлар бўлган ускуналар (стеллажлар ва ғилофлар) лойиҳавий авариялар ҳолатларида механик, кимёвий ёки радиация таъсирлар натижасида уларнинг нейтрон ютиш қобилияти камайишига йўл қўймасликни таъминлайдиган тарзда ўрнатилиши ва ишлаб чиқарилиши керак.
33. Ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш учун мўлжалланган ускунанинг конструкцияси ядровий ёқилғининг назоратсиз ёки ўз-ўзидан силжишига, шунингдек тушиб кетишига йўл қўймаслиги лозим.
Ушбу талаб электр таъминоти узилганда ёки қайта тикланганда ҳам таъминланиши керак.
3-боб. Ядровий ёқилғи ва ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ва ташишда хавфсизлик
34. Ядровий ёқилғи ва ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ва ташишда ядровий хавфсизлик қуйидагилар орқали таъминланиши керак:
иссиқлик ажратувчи элементлар ва иссиқлик ажратувчи тўпламларни ғилофларда, стеллажларда, штабелларда, янги ва ишлатилган тўпламлар барабанларида ҳамда объект ичида ташиш ва сақлаш учун фойдаланиладиган транспорт комплектларида жойлаштириладиган сонига қўйилган чекловлар орқали;
қадоқлар, гуруҳдаги ғилофлар ҳамда штабеллардаги қадоқлар сонини чеклаш орқали;
ғилофлар, штабеллар, стеллажлар, янги ва ишлатилган тўпламлар барабанлари ҳамда объект ичида ташиш ва сақлаш учун фойдаланиладиган транспорт комплектларига жойлаштиришдаги гуруҳларга қўйилган чекловлар орқали;
гетероген ёки гомоген ютувчи материаллардан фойдаланиш орқали;
иссиқлик ажратувчи элементлар ва иссиқлик ажратувчи тўпламлар, гетероген ютувчи материаллар, қадоқлар, қопламалар, стеллажлар ва штабелларнинг жойлашувини назорат қилиш орқали;
ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларида нейтрон секинлаштирувчи моддаларнинг мавжудлигини ва/ёки пайдо бўлишини назорат қилиш орқали;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлашга мўлжалланган қуруқ иншоотларда совутиш муҳитининг мавжудлиги, ҳолати ва таркибини ҳамда нейтрон секинлаштирувчи моддалар пайдо бўлишини назорат қилиш орқали;
ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш тизимининг технологик параметрлари талабларига риоя этиш орқали.
35. Иссиқлик ажратувчи тўпламларни қопламалар, стеллажлар ва қадоқларда жойлаштириш қадами, шунингдек уларнинг ўзаро жойлашуви ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш жараёнида нейтронларнинг самарали кўпайиш коэффициенти нормал эксплуатация, эксплуатация бузилишлари ҳамда лойиҳавий авариялар шароитида 0,95 дан ошмаслиги лозим.
Бунда лойиҳавий авариялар учун бошланғич ҳодисалар натижасида нейтрон секинлаштирувчи моддаларнинг (сувнинг) миқдори, тақсимоти ва зичлиги аниқланиши керак.
36. Лойиҳавий аварияларнинг бошланғич ҳодисаларини таҳлил қилишда қуйидагиларни ҳисобга олиш лозим:
нейтронларнинг самарали кўпайиш коэффициентини оширишга олиб келадиган ғилофлар, янги ва ишлатиб бўлинган иссиқлик ажратувчи тўпламларни ўз ичига олган барабанлар, стеллажлар, қадоқлар ичида иссиқлик ажратувчи тўпламларни қайта гуруҳлаш;
нейтронларнинг самарали кўпайиш коэффициентини оширишга олиб келадиган иссиқлик ажратувчи элементлар ва тўпламларнинг геометрик конфигурациясидаги, шунингдек иссиқлик ажратувчи тўпламларда иссиқлик ажратувчи элементларни жойлаштириш панжарасининг оралиқ масофасидаги ўзгаришлар;
сувнинг қайнаши, буғ ва сув аралашмасининг ҳосил бўлиши ҳамда унинг натижасида нейтронларнинг самарали кўпайиш коэффициентининг ошиши, шунингдек сув ҳимоя қатламининг камайиши;
гетероген ёки гомоген нейтрон ютувчиларнинг самарадорлиги пасайиши;
сув ёки буғ аралашмасининг қадоқ, қоплама, янги ёки ишлатилган иссиқлик ажратувчи тўплам барабанига, шунингдек ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи учун қуруқ сақлаш иншоотига кириб бориши.
37. Стеллажлар ва ғилофлар конструкциясидаги чиқариб олинмайдиган гетероген ютувчилар қўлланилганда, ядровий ёқилғини жойлаштириш оралиқ масофасини уларнинг ютилиш қобилиятини ҳисобга олган ҳолда танлаш лозим.
Чиқариб олинадиган гетероген ютувчиларни стеллаж ва ғилофларда ишлатишга йўл қўйилмайди.
38. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларининг ядровий хавфсизлигини таҳлил қилишда қуйидаги талаблар инобатга олиниши лозим:
ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларида бойитилиш даражаси турлича бўлган ядровий ёқилғи мавжуд бўлганда, ядровий хавфсизлик ҳисоб-китобларида барча ядровий ёқилғи максимал бойитилиш даражасига эга деб қабул қилиниши;
ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларида нуклид таркиби турлича бўлган ядровий ёқилғи мавжуд бўлганда, ядровий хавфсизлик ҳисоб-китобларида барча ядровий ёқилғининг нуклид таркиби нейтронларнинг максимал самарали кўпайиш коэффициентини таъминлайдиган таркибга мос деб қабул қилиниши;
нормал эксплуатация шароитида гомоген ютувчилар (борли сув) қўлланиладиган ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш жойларида, шунингдек ажратиб олинадиган ютувчиларни ўз ичига олган ядровий ёқилғи учун ядровий хавфсизлик таҳлилида ютувчи модданинг мавжудлиги ҳисобга олинмаслиги;
ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларида нейтронларни қайтарувчи (рефлектор) мавжуд бўлиши мумкинлиги.
39. Атом энергиясидан фойдаланиш объектида ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш бўйича ядровий хавфсизликни асослашда қўлланиладиган ҳисоблашларда ҳисоблаш усулларининг хатоликлари, ядровий ёқилғининг бойитилиш даражаси ва нуклид таркибини аниқлашдаги хатоликлар, шунингдек ядровий ёқилғини ишлаб чиқаришдаги рухсат этилган оғишлар инобатга олиниши лозим.
40. Ядровий ёқилғининг ёниш даражаси ядровий хавфсизлик параметри сифатида қўллаш лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилиши лозим.
41. Биринчи тоифали ядровий ёқилғини сақлаш иншоотида қуйидагилар таъминланиши керак:
сув босиш эҳтимоли мавжуд бўлган даражадан юқорида жойлаштирилиши;
сув ёки бошқа нейтрон секинлаштирувчи моддалар кириб келиши мумкин бўлган қўшни хоналар мавжуд бўлмаслиги;
сув ва бошқа нейтрон секинлаштирувчи моддаларга мўлжалланган қувурлар мавжуд бўлмаслиги.
42. Иккинчи тоифали ядровий ёқилғини сақлаш иншоотида қуйидагилар таъминланиши лозим:
мазкур Қоидаларнинг 41-банди биринчи ва иккинчи хатбошиларида белгиланган талаблар;
сувни аниқлаш сигнализаторлари ҳамда дренаж тизимлари ёки сувни аниқлаш сигнализаторларига уланган фавқулодда сув чиқариш насослари мавжуд бўлиши.
43. Қадоқлар ёки иссиқлик ажратувчи тўпламларни штабелда жойлаштириш махсус стеллажлар ва уячалар ёрдамида мустаҳкамланиши лозим.
Қадоқлар гуруҳининг ўзаро жойлашуви уларнинг конструкцияси орқали таъминланиши керак.
44. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотининг лойиҳа ҳужжатларида стендлар ва столларда визуал текшириш, иссиқлик ажратувчи тўпламларни йиғиш ёки ажратиш, шунингдек геометрик ўлчамларни назорат қилиш учун жойлаштириладиган иссиқлик ажратувчи элементлар ҳамда тўпламлар сонининг рухсат этилган чегаралари белгиланиши лозим.
Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотида қадоқлар ёки қопламалар гуруҳининг жойлашуви махсус белгилаш чизиқлари билан кўрсатилиши керак.
Транспорт воситаларининг токчалар, қадоқлар ва бошқа объектлар билан тўқнашувининг олдини олиш мақсадида чеклагичлардан (тўсиқлар) фойдаланишга йўл қўйилади.
45. Нейтронларни, секинлаштирувчи хоссаларга эга бўлган материалларни қопламалар, стеллажлар ва қадоқлар гуруҳлари орасига, шунингдек уларнинг ичига жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
46. Нуклид таркиби ва бойитилиш даражаси турлича бўлган ядровий ёқилғини биргаликда сақлашнинг хавфсизлиги лойиҳа ҳужжатларида асосланиши лозим.
47. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотлари ўз-ўзини қўллаб-қувватловчи занжир реакцияси юзага келганини билдирувчи фавқулодда огоҳлантириш тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.
48. Ядровий ёқилғини сақлаш иншооти лойиҳасида ҳарорат ва намликни нормада ушлаб туришни таъминлайдиган тизимлар назарда тутилиши лозим.
49. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларидаги дренаж қувурларининг диаметри сувнинг максимал оқимини тўпланишсиз чиқаришни таъминлаши, бунда сувнинг дренаж орқали иншоотга қайта кириб келишига йўл қўйилмаслиги зарур.
50. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш иншоотининг реактор яқинида жойлашган ёқилғини сақлашга мўлжалланган сиғим бўлиши, бунда ёқилғининг радиоактивлиги ва иссиқлик ажралиши уни хавфсиз олиб чиқиш мумкин бўлган даражагача камайишини таъминлаши лозим.
51. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзалари қуйидаги хавфсизликни таъминловчи тизимлар билан жиҳозланган бўлиши лозим:
совутувчи муҳитдан иссиқликни олиб кетиш тизими;
совутувчи муҳитнинг солиштирма активлигини назорат қилиш тизими;
совутувчи муҳитни тозалаш тизими;
технологик назорат тизими (совутувчи муҳитдаги гомоген ютувчилар миқдорини ёки стеллажлардаги гетероген ютувчилар миқдорини, совутувчи муҳит ҳарорати ва сатҳини, сувнинг кимёвий таркибини, ҳаводаги водород миқдорини назорат қилиши);
радиация назорат тизими;
шамоллатиш (вентиляция) тизими;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзаларини тўлдириш ва бўшатиш тизими;
совутувчи муҳитнинг сизиб чиқишларини аниқлаш, йиғиш ва қайтариш тизими;
захира сув билан тўлдириш тизими;
авариялар вақтида автоматик тўлдириш тизими.
52. Реакторга яқин ядровий ёқилғини сақлаш иншоотларида эксплуатациянинг ҳар қандай босқичида фаол зонани тўлиқ тушириш имконини берадиган бўш ҳажм мавжуд бўлиши зарур.
53. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзаларида бир нечта алоҳида бўлинмалар ёки ҳавзалар мавжуд бўлса, ҳар бир бўлинма ва (ёки) ҳавзада ишлатиб бўлинган иссиқлик ажратувчи тўпламлардан иссиқликни алоҳида олиб кетиш имконияти бўлиши лозим.
54. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш иншоотида сақлаш ҳавзасининг бир бўлинмасидан бошқа бўлинмага таъмирлаш ишлари ёки фавқулодда ҳолатларда ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини кўчириш учун бўш ўринлар бўлиши зарур.
55. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзаларида барча қувурлар ҳавзанинг юқори қисмига уланган бўлиши, бунда қувурлар ёрилган тақдирда ҳам совутиш муҳити сатҳи ядровий ёқилғи устидаги зарур даражадан пасайиб кетмаслиги таъминланиши керак.
Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзаларида дренаж ўрнатиш сувни тушира оладиган турдаги насослар ёрдамида амалга оширилиши лозим.
56. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзаларида сув ёки бошқа суюқликнинг баландлик фарқи ҳисобига қувур орқали ўз-ўзидан оқиб кетишининг (сифон эффекти) юзага келиши олди олиниши лозим.
Совутувчи муҳитни киритиш ёки чиқариш қувурлари ҳаво тиқинлари ҳосил бўлганда ёки қувурлар ёрилганда (сизиб чиққанда) ҳам совутувчи муҳит сатҳи ядровий ёқилғини хавфсиз сақлаш учун зарур бўлган минимал даражадан пастга тушмаслигини таъминлаши зарур.
57. Ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзалари бўлинмалари ўртасидаги шлюз эшиклари ҳар иккала томондан сув босимига мўлжалланган бўлиши ва уларнинг мустаҳкамлиги бир томонда сув мавжуд бўлмаган ҳолатда ҳам иккинчи томондаги сув босимига бардош бериши керак.
58. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзаларида совутувчи муҳитнинг тошиб кетишининг олди олиниши зарур.
59. Ядровий ёқилғини сақлаш иншоотининг конструкцияси нормал эксплуатация, эксплуатация бузилишлари ҳамда лойиҳавий авариялар ҳолатларида совутувчи муҳитнинг сизиб чиқиши ва (ёки) оқиб кетишига, шунингдек захира ва (ёки) фавқулодда захира тўлдириш ҳажмидан ортиқ йўқотишлар юзага келмасликни таъминлаши лозим.
60. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзаларини қоплашда, стеллажлар, қопқоқлар, қадоқлар ҳамда юклаш ва туширишда фойдаланиладиган жиҳозларни тайёрлашда қўлланиладиган конструкция материаллари коррозияга чидамли бўлиши лозим.
Қоплама герметикликни ҳамда куч таъсирларини қабул қилиш (бардошлилик) қобилиятини таъминлаши керак.
61. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзалари совутувчи муҳитнинг сизиб чиқишини аниқлаш ҳамда сизиб чиқиш манбаларини белгилаш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши, бунда сақлаш ҳавзасининг конструкцияси сизиб чиқишларни бартараф этиш имкониятини таъминлаши лозим.
Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзаларида радиоактив сувнинг сизиб чиқишини назорат остидаги йиғув ҳавзаларига тўплаш тизимлари бўлиши керак.
62. Ядровий ёқилғини сақлаш иншооти лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:
герметик бўлмаган иссиқлик ажратувчи тўпламлар билан ишлаш технологияси;
иссиқлик ажратувчи тўпламларнинг герметик эмаслигини белгиловчи талаблар, шунингдек бўлиниш маҳсулотларининг совутувчи муҳитга рухсат этилган қийматлардан ортиқ тарқалмаслигига оид чора-тадбирлар;
герметик бўлмаган иссиқлик ажратувчи тўпламлар билан ишлашнинг хавфсизлик асослари, шунингдек уларни хавфсиз сақлаш учун чекловлар ва шартлар.
Ёритиш учун фойдаланиладиган ускуналарнинг материаллари сақлаш ҳавзаси муҳити таъсирига нисбатан коррозияга чидамли бўлиши ҳамда совутувчи муҳитни ифлослантирмаслиги керак.
63. Шамоллатиш (вентиляция) тизимининг фильтрловчи ускуналари радионуклидлар ва радиоактив аэрозолларнинг эҳтимолий чиқишини чеклашни таъминлайдиган тарзда лойиҳалаштирилиши ҳамда фойдаланилиши лозим.
64. Шамоллатиш (вентиляция) тизими сувнинг радиолизи натижасида ҳосил бўладиган водородни суюлтириш ҳамда уни хавфсиз тарзда чиқаришни таъминлаши лозим.
65. Ядровий ёқилғи, пенал ёки қоплама сақлаш ҳавзасининг тубига тушиб кетганда, ушбу ҳолат бартараф этилмагунча барча режалаштирилган транспорт жараёнлари тўхтатилиши керак.
66. Лойиҳа ҳужжатларида ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзасини бўшатмасдан ҳамда ядровий ёқилғини тўлиқ чиқариб олмасдан, тушиб кетган ядровий ёқилғи, қопламалар ёки қадоқларни чиқариш учун мўлжалланган ускуналар назарда тутилиши лозим.
4-боб. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини қуруқ сақлаш иншоотларида сақлаш
67. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини қуруқ сақлаш иншоотларида газсимон совутувчи муҳитнинг сизиб чиқишини назорат қилиш воситалари, шунингдек бошланғич ҳодиса натижасида герметиклик бузилганда радиоактив моддалар чиқишини рухсат этилган чегараларда ушлаб туришни таъминлайдиган фильтрлаш воситалари бўлиши лозим.
68. Ядровий ёқилғи объект ичида ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган транспорт комплектларида сақланса ҳамда лойиҳавий бошланғич ҳодисалар шароитида уларнинг герметиклиги бузилмаслиги таъминланса, бунда ядровий ёқилғини сақлаш иншооти учун алоҳида герметиклик талаблари белгиланмайди.
69. Лойиҳа ҳужжатларида объект ичида ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган транспорт комплектларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда назорат қилиш ишлари ҳажми, шу жумладан герметиклик тизимини ва ушбу комплектлар сиртининг ҳароратини асбоб-ускуналар ёрдамида назорат қилиш тартиби белгиланиши лозим.
70. Лойиҳа ҳужжатларида ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи сақланадиган объект ичида ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган транспорт комплектларини очиш ишларини бажариш учун махсус хоналар ҳамда воситалар назарда тутилиши лозим.
71. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини қуруқ сақлаш иншоотларида объект ичида ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган транспорт комплектларидан ҳамда очиқ майдонлардан фойдаланиш имконияти лойиҳа ҳужжатларида белгиланиши керак.
72. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини қуруқ сақлаш иншоотлари учун мўлжалланган объект ичида ташиш ва сақлашда фойдаланиладиган транспорт комплектларига қуйидаги талаблар қўйилади:
транспорт комплектлари конструкцияси нормал эксплуатация, эксплуатация режимининг бузилиши ҳамда лойиҳавий авариялар шароитида юзага келиши мумкин бўлган барча ташқи ва ички таъсирларни инобатга олган ҳолда лойиҳаланиши;
герметиклик тизими конструкцияси ички бўшлиқда юзага келадиган максимал босим, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғининг радиациявий ва физик-кимёвий хусусиятлари, комплект ичидаги газ муҳитининг ҳарорати ҳамда атроф-муҳит ҳарорати инобатга олинган ҳолда ҳисоблаш йўли билан асосланиши;
ҳар қандай ажралувчи уланиш камида икки қатламли герметиклик тўсиғига эга бўлиши, ҳар бир тўсиқ лойиҳа ҳужжатларида белгиланган герметиклик параметрларини таъминлаши;
конструкция герметиклик тизимини назорат қилиш имконини таъминлаши;
герметикликни назорат қилиш усуллари ҳамда ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи ва транспорт комплектлари герметиклигини текшириш оралиғи лойиҳа ҳужжатларида белгиланиши;
радионуклидлар чиқиши бўйича хавфсиз эксплуатация чегаралари лойиҳа ҳужжатларида белгиланиши;
конструкция ички бўшлиқни қуритиш (сувдан тозалаш) имконини таъминлаши, сақлаш муддати, ички газ таркиби ва рухсат этилган намлик миқдорига доир талаблар лойиҳа ҳужжатларида асосланиши;
конструкция дезактивация ишларини бажариш имконини таъминлаши, суюқликлар тўпланиб қоладиган турғун зоналар мавжуд бўлмаслиги;
таркибий қисмлар материаллари дезактивация эритмаларига бардошли бўлиши, ионлаштирувчи нурланиш таъсирига ҳамда авария шароитларида юзага келиши мумкин бўлган ҳарорат таъсирига чидамли бўлиши.
73. Объект ичида ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган транспорт комплектлари лойиҳаланаётганда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:
кимёвий ва физик-кимёвий ўзаро таъсирлар;
атроф-муҳит ҳароратининг даврий ўзгариши натижасида материаллар хоссаларининг ўзгариши;
объект ичида ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган транспорт комплектларининг эксплуатация шароитлари, жумладан нурланиш, иссиқлик ажралиши, ички босим, намлик, парчаланиш маҳсулотларининг мавжудлиги ҳамда атроф-муҳит ҳолати.
74. Радиоактив моддаларнинг чиқиб кетиши мумкин бўлган клапанлар рухсатсиз таъсирлардан ҳимоя қилувчи техник воситалар билан жиҳозланган ҳамда сизиб чиқишларни ушлаб қолувчи қурилмалар билан таъминланган бўлиши лозим.
75. Иссиқлик ажратувчи тўпламни ажратиш жараёнида иссиқлик ажратувчи элементлар қобиғининг яхлитлиги бузилмаслиги таъминланиши ҳамда иссиқлик ажратувчи элементларни тадқиқ қилиш ишлари лойиҳавий технологияга мувофиқ амалга оширилиши керак.
76. Ҳимоя камераларида иссиқлик ажратувчи элементлар ҳамда иссиқлик ажратувчи тўпламлар ажратилган ҳолда махсус ускуналарда сақланиши лозим.
77. Сочилиб кетган ядровий материалларни йиғиш ва сақлаш учун техник воситалар назарда тутилиши лозим.
78. Сочилиб кетган ядровий материаллар улар учун махсус мўлжалланган, хавфсиз геометрияга эга идишларга жойлаштирилиши лозим.
Сочилмаларни йиғишда чангютгичлардан фойдаланилганда, чангютгичнинг йиғувчи қисми ҳам хавфсиз геометрияга эга бўлиши керак.
79. Ҳимоя камераси лойиҳасида ядровий ёқилғи сочилмаларини вақтинча сақлаш учун махсус жойлар назарда тутилиши лозим.
80. Дезактивация эритмалари қуйиладиган дренаж тизимлари хавфсиз геометрияга эга фильтр-чўкма ускуналари билан жиҳозланган бўлиши зарур.
Фильтр-чўкмадан ўтган ядровий материалларнинг майда заррачаларини чўктириш учун хавфсиз геометрияга эга чўкма идишлари назарда тутилиши, ҳосил бўлган чўкма эса қайта ишлаш учун ажратилиши лозим.
81. Шамоллатиш тизими (вентиляция), фильтрлари хавфсиз геометрияга эга бўлиши ҳамда унинг ичида ядровий материаллар тўпланиб қолиши мумкин бўлган назоратсиз турғун зоналар мавжуд бўлмаслиги керак.
82. Иссиқлик ажратувчи элементлар ҳамда иссиқлик ажратувчи тўпламларни сақлаш ва ташиш учун мўлжалланган ускунага жойлаштириш ва ундан чиқариб олиш жараёнида уларнинг ташқи юзаларини механик шикастланишига йўл қўйилмаслиги лозим.
83. Ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзасида ташиш учун мўлжалланган ускуна, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғининг сув сатҳи белгиланган даражадан юқорига кўтарилишининг олдини олувчи автоматик тўхтатиб қўйиш (блокировка) тизимлари билан жиҳозланган бўлиши керак.
84. Сув остида бажариладиган технологик жараёнлар учун фойдаланиладиган ускуна ва асбоблар ички бўшлиқлари сувга чўктирилганда ҳамда сақлаш ҳавзасидан чиқарилганда уларни қуритиш имконияти таъминланиши лозим.
85. Ядровий ёқилғини сақлаш иншооти ва унга тегишли ускуналар лойиҳаланаётганда қуйидаги юкламалар инобатга олиниши лозим:
лойиҳага мувофиқ жойлаштириладиган максимал иссиқлик ажратувчи тўпламлар, бошқарув ва ҳимоя тизими элементлари, қўшимча ютувчилар мавжудлигида юзага келадиган юкламалар;
сейсмик таъсирлар натижасида юзага келадиган юкламалар;
сувнинг гидростатик босими;
ҳарорат таъсири натижасида юзага келадиган юкламалар;
объект ичида ташиш ва сақлаш учун фойдаланиладиган транспорт комплектлари тўлиқ юкланганда юзага келадиган юкламалар.
86. Ядровий ёқилғини сув остида юк кўчириш учун мўлжалланган юк кўчириш механизми қуйидаги ҳолатларнинг олдини олувчи автоматик тўхтатиб қўйиш (блокировка) тизими билан жиҳозланган бўлиши лозим:
иссиқлик ажратувчи тўпламларни сақлаш ҳавзаси стеллажлари уячаларига ёки қопламаларга жойлаштириш (ёки уларни чиқариб олиш) жараёнида юк кўчириш механизмининг ҳаракатланиши;
юк кўчириш механизми штангаси билан ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзаси конструкцияларининг тўқнашуви;
юк кўтариш кучидан ортиқча куч таъсирида ядровий ёқилғини сақлаш ҳавзаси стеллажларидан иссиқлик ажратувчи тўпламларни чиқариб олиш.
87. Автоматлаштирилган тизимлар томонидан бошқариладиган юк кўчириш механизмлари учун штанга ва иссиқлик ажратувчи тўпламларнинг барча ҳаракатларини ҳамда автоматик тўхтатиб қўйиш (блокировка) тизими ишга тушиш ҳолатларини автоматик аниқлаш, шунингдек ушбу тизимларнинг мавжудлиги ва уларнинг ишлашга яроқлилигини текшириш воситалари назарда тутилиши лозим.
88. Лойиҳа ҳужжатларида ядровий ёқилғини сақлаш ва ташиш учун мўлжалланган ускуналарнинг ишга яроқлилигини текшириш бўйича зарур синовлар, жумладан сақлаш иншоотларининг юк кўтарувчи конструкциялари ҳамда сақлаш қопламасининг герметиклигини синаш назарда тутилиши лозим.
5-боб. Якунловчи қоида
89. Мазкур Қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.02.2026 й., 10/26/3769/0108-сон)