ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШАЙХОНТОҲУР ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Шайхонтоҳур туманида 2026 йилда юридик ва жисмоний шахслардан ундириладиган айрим солиқларга қўлланиладиган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6, 24-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги «2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги 1105-сонли Қонунига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги ПФ-6121-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2026 йилда юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонлари бўйича ер солиғи ставкасига, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасига ва норуда қурилиш материаллари учун (цементдан ташқари) белгиланган қатъий ставкаларига қўлланиладиган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар миқдорини киритиш ва қўллаш юзасидан, халқ депутатлари Шайхонтоҳур тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги «2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги 1105-сонли Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги ПФ-6121-сонли Фармонининг 1-банди 2-хат бошига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси билан белгиланган ер солиғи ставкаларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун даҳа, массив ва маҳалла кесимида 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритиш ва қўллаш тартиби жорий этилганлиги, 2025 йил Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва Президентнинг Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олиб, туман Солиқ инспекциясининг 2026 йилда юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонлари бўйича ер солиғи ставкасига, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларига қўлланиладиган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар юзасидан киритилган таклифи маъқулансин.
3. Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексининг 27-моддаси ва Солиқ кодексига асосан «2026 йилда юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонлари бўйича ер солиғи ставкасига, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасига ва норуда қурилиш материаллари учун (цементдан ташқари) белгиланган қатъий ставкаларига қўлланиладиган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун 111907-сон билан 15 кун муддатга «регулатион.гов.уз» электрон тизимига жойлаштирилганлиги инобатга олинсин.
4. Туман халқ депутатлари Кенгашларига маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонунчиликда белгиланган миқдорларда:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонлари бўйича маҳаллалар кесимида уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкасига юридик шахслардан олинадиган 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғи ставкалари 1-иловага мувофиқ;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонлари бўйича маҳаллалар кесимида уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкасига жисмоний шахслардан олинадиган 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғи ставкалари 2-иловага мувофиқ;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасига 0,7 дан 1,3 гача қўлланиладиган коэффициентлар миқдори 3-иловага мувофиқ;
норуда қурилиш материаллари учун (цементдан ташқари) белгиланган қатъий ставкаларига қўлланиладиган 1,3 баробаргача оширувчи коэффициентлар миқдори 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси (Х. Муллажонов)га:
ушбу қарорни сифатли даражада ижросини таъминлаш вазифаси юклатилсин.
Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси томонидан бюджет даромадлари кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш, Солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш устидан қатъий назоратни ўрнатилиши учун халқ депутатлари Шайхонтоҳур тумани Кенгашига доимий равишда маълумот киритиб борсин.
6. Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги ва туман солиқ инспекцияси, мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер солиқлари бўйича белгиланган ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
7. Мазкур қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Ушбу қарор ижроси юзасидан туман солиқ инспекцияси ҳамда жисмоний ёки юридик шахслар ўртасида келиб чиқадиган низолар ўрнатилган тартибда суд орқали ҳал қилинади.
9. Халқ депутатлари Шайхонтоҳур тумани Кенгашининг 2025 йил 27 декабрдаги «Шайхонтоҳур туманида 2025 йилда юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкасига қўлланилган коэффициентни тасдиқлаш тўғрисида»ги III-5-032-14-205-K/24 сон ҳамда 2025 йил 3 январдаги III-5-1-14-205-K/25-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Белгилаб қўйилсинки, берилган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда: Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари И. Сайриддинов, Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Х. Муллажонов, туман Кадастр бўлими билан биргаликда 2026 йил давомида 2027 йил 1 январгача туманда фаолият олиб бораётган фаолият туридан қатъий назар маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган кўча юзаларида жойлашган тадбиркорлик субъектларида иқтисодий зоналар жойлашуви бўйича ер солиқларини белгилаш учун ўрганишлар олиб борилсин ҳамда ўрганишлар натижаси юзасидан ва Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари бошчилигида тегишли бўлган масъул ташкилотлар иштирокида мунтазам равишда тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ташкил қилиш ва тадбиркорлар тамонидан берилаётган таклиф ва тавсиялар халқ депутатлари Шайхонтоҳур тумани Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳатларни амалга ошириш масалалари бўйича доимий комиссиясига берилган таклифларни муҳокамалар учун киритиб борсин.
11. Ушбу қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислодотларни амалга ошириш масалалари бўйича доимий комиссияси ва Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари (И. Сайриддинов) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси А. ГАФУРОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 12 январь,
III-23-1-14-205-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.