ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ОЛТИНСОЙ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Олтинсой туманида юридик ва жисмоний шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларига 2026 йил учун ер солиғи ставкаларини белгилаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 429, 437-моддаларига асосан Олтинсой туманида юридик ва жисмоний шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларига 2026 йил учун ер солиғи ставкаларини тасдиқлаш юзасидан туман Солиқ инспекцияси бошлиғи Р. Боймирзаевнинг берган ҳисоботи тингланди ва билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади.
1.Туман Солиқ инспекцияси бошлиғи Р. Боймирзаевнинг Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 412-, 429-, 437-моддаларига асосан Олтинсой туманида юридик ва жисмоний шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларига 2026 йил учун ер солиғи ставкаларини тасдиқлаш юзасидан берган 2025 йил 17 декабрдаги 01-08341-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
2.Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи (М. Расулов), туман Солиқ инспекцияси (Р. Боймирзаев)ларга:
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасида Олтинсой тумани бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган юридик шахсларнинг 1 гектар ери учун 45 240 000 сўм ҳамда жисмоний шахсларнинг 1 квадрат метр ери учун 402,53 сўм базавий солиқ ставкалари бўйича таклиф киритилганлиги (юридик ва жисмоний шахсларнинг) қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун, ер солиғи ставкасига 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғи ставкаларини белгилаши мумкинлиги юзасидан туман ҳокимлиги Ахборот хизмати билан ҳамкорликда чиқишларни амалга ошириш ва оммага тақдим этиш;
белгиланган ер солиғи ставкаларига (юридик ва жисмоний шахсларнинг) қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун, уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, мавзе, маҳалла, кўча кесимида 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллашлари юзасидан маълумотларни таъминлаб бериш;
туман халқ депутатлари Кенгаши томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари учун кейинги солиқ даврига тасдиқланган солиқ ставкаларини беш кун ичида солиқ тўловчиларга маълумот учун етказилишини таъминлаш;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан мавжуд ер майдонлари учун ҳисобланган ер солиқларини ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб боришларини назоратга олиш;
юридик ва жисмоний шахсларга ҳисобланган ер солиғи ва ундирилган солиқлари тўғрисида халқ депутатлари туман Кенгашига ахборот бериб бориш вазифаси юклатилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси билан белгиланадиган солиқ ставкалари асосида (юридик ва жисмоний шахсларнинг) қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун туман кесимида, туманнинг иқтисодий ривожланишига қараб камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати (У. Абдурасулов), «Халқ ва ҳаёт» газетаси таҳририяти (Н. Темиров)га мазкур лойиҳаларни амалга оширишдан мақсад ва унинг вилоят ва туманлар иқтисодиётини юксалтиришдаги афзалликлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
5. Халқ депутатлари Олтинсой тумани Кенгашининг 2025 йил 18 февралдаги «Олтинсой туманида юридик ва жисмоний шахсларнинг 2025 йил учун мол-мулк ҳамда ер солиғи ставкаларини белгилаш ҳақида»ги VII-5-38-8-108-K/255-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Олтинсой туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича доимий комиссияси раиси (Ю. Ҳакимов) зиммасига юклатилсин.
7. Мазкур қарор эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Сессия раиси А. МАМАТМУРАТОВ
Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани,
2026 йил 7 январь,
VII-15-7-8-108-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.