ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Жиззах вилоятида 2026 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2025 йил 23 июндаги ПФ–98-сон Фармони 3-банди, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 33 ва 34-бандлари, Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2025 йил 23 июлдаги 01/26-18/652-сонли ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасининг 2025 йил 11 декабрдаги 02/15-9337-сонли хатига асосан давлат мулки бўлган бино ва иншоотлардан фойдаланганлик учун тўланадиган ижара ҳақининг 2026 йил учун энг кам миқдордаги ставкаларини белгилаш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарор қиламан:
1. Қуйидагилар:
Жиззах вилоятида 2026 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари 1-иловага;
Саноат зоналари ҳудудларидаги давлат кўчмас мулкини 2026 йилда ижарага беришда қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкалари 2-иловага мувофиқ;
Ижара тўлови ставкаларига қўлланиладиган коэффициентлар 3-иловага мувофиқ;
Ижара тўловининг энг кам ставкаларига қўлланиладиган коэффициентларнинг ҳисоблаш тартиби 4-иловага мувофиқ;
Вилоят маркази ҳамда шаҳар ва туманларда Радио, уяли ва пейджинг алоқа антенналари (техник ускуналар) ўрнатилганда фойдаланиладиган майдон учун ижара ҳақи тўловлари ҳисобланиши тартиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давактив агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи (Д.Халиков)га:
давлат мулкини ижарага беришни ташкил этиш ва ижарага бериш;
ижарага берилган давлат мулкини ва уни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва мониторингини олиб бориш;
ижарага бериладиган давлат мулки бўйича маълумотлар базасини шакллантириш;
ижара объектларидан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини, шунингдек ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;
давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштириш ва судларга юбориш;
фойдаланилмаётган давлат мулки ижарага берилиши тўғрисидаги эълонларни ва ижарага берилаётган давлат мулклари рўйхатларини даврий нашрларда ҳамда вилоят ҳокимлигининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасининг ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасининг веб-сайтларида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойлаштирилишини таъминлаш топширилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давактив агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи (Д.Халиков), вилоят Солиқ бошқармаси (Б.Исмаилов), шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳудудларда ижара муносабатларини тартибга солиш, ижарага берилаётган давлат мулки ҳисоботини тўғри юритиш ва бюджетга қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида давлат мулкини балансда сақловчилари томонидан ижарага бериш самарадорлигини ошириш ва ташкиллаштиришда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйсин.
4. Вазирлик ва идораларнинг вилоят бошқармалари ҳамда тизим ташкилотлари балансидаги давлат мулкларини хатловдан ўтказсин ва бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган давлат мулкларини ижарага бериш бўйича ҳар чорак якуни билан ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача Давактив агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармасига бу мулкнинг жойлашган жойи, миқдори, таркиби ва бошқа умумий тавсифлари кўрсатилган маълумотларини тақдим этиб борсин.
5. Давлат кадастрлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси (С.Кодиркулов) ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 5-санасига қадар вилоятда мавжуд давлат мулки объектларининг рўйхатини электрон ҳолатда Давактив агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармасига тақдим этиб борсин.
6. Вилоят ҳудудида 2026 йилда давлат мулки бўлган бинолар ва хоналарда жойлашган бюджет ташкилотлари учун ижара тўловининг «нол» ставкаси белгилансин.
7. Жиззах вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати (А.Биноқулов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Жиззах вилоят телерадиоканали Давлат муассасаси (Э.Шермонов), «Жиззах ҳақиқати»-«Джизакская правда» газетаси (Б.Назаров)лар қарорни расмий нашрларда ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини таъминласин.
8. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилансин.
9. Вилоят ҳокимининг 2025 йил 16 январдаги «Жиззах вилоятида 2025 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 30-3-0-Қ/25-сон қарори 2026 йил 1 январдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарори ижросини ўз вақтида сифатли таъминлаш вазифаси вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Азимовга топширилсин.
11. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси А.Раҳмонқулов зиммасига юклатилсин.
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши раиси ШУКУРОВ ПАРДА ХХХ
Жиззах вилояти,
2026 йил 6 январь,
VII-23-2-3-0-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.