ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БУХОРО ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Вилоятда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган «Бухоро вилояти саноат зоналарини бошқариш дирекцияси» ҳудудидаги ер участкаларига ижара ҳуқуқининг қийматини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 429-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июлдаги ПФ-6243-сонли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 мартдаги ПФ-41-сонли Фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер-участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 559-сонли қарорларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 25-моддасига асосан, қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 мартдаги ПФ-41-сонли «Махсус иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармониниг 4-бандига асосан ер участкаларининг бошланғич ижара қиймати ўрнатилган тартибда ер солиғидан паст бўлмаган миқдорда вилоят ҳокимлари томонидан белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Бухоро вилояти саноат зоналарини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси (Ф.Ҳусенов) «Бухоро вилояти саноат зоналарини бошқариш дирекцияси»нинг ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида аукцион савдоларига чиқаришда ер участкасининг ижара ҳуқуқи қийматини ҳисоблашда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш нуқталари бўйича 0,5 коэффициентдан фойдалансин.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2024 йил 12 август куни «Бухоро вилоятига қилинган ташриф натижадорлигини ошириш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳамда саноат корхоналари учун жозибадор шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 35-сонли баёни (35-2024, 11.09.2024й.) 17-бандига мувофиқ, туман (шаҳар) ҳокимликлари янги ташкил этилаётган саноат зоналарида ишлаб чиқилган бош режага асосан саноат зоналарида жойлаштириладиган лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиб, аукцион савдоларига чиқариш учун дирекцияга тақдим қилиб боради;
Дирекция туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган лойиҳаларни умумлаштирган ҳолда белгиланган тартибда ер майдонларини инвестиция мажбуриятлари билан аукцион савдоларига чиқаради.
4. «Бухоро вилояти саноат зоналарини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси (Ф.Ҳусенов), Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси (Ф.Норов), Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси (О.Тўхтаев) туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда вилоятда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун саноат зоналари ҳудудида бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер-участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига асосан амалга оширилишини таъминласин.
5. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
6. Мазкур қарор ижросининг назорати вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Б.Ахмедов ва Р.Асадов зиммасига юклатилсин.
Бухоро вилояти ҳокими Б. К. ЗАРИПОВ
Бухоро вилояти, Бухоро ш.,
2025 йил 12 декабрь,
609-2-0-Q/25-сон