СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ БОЙСУН ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Бойсун туманидаги ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 38-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори 1-иловага мувофиқ тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомининг 10-бандига асосан қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 4 августдаги ПФ-126-сон Фармони маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Тумандаги мулкчилик шаклидан қатъий назар ходимларнинг ўртача сони 20 нафардан ортиқ бўлган давлат ташкилотларида мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг беш фоизидан ошмаган миқдорда ҳамда ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларда (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг уч фоизидан ошмаган миқдорида келгуси йил учун 88 та иш ўринларини захирага қўйиш, жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун 4,6 фоиз ( 4 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 2,2 фоиз (2 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 92,1 фоиз ( 81 киши);
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 0,0 фоиз ( 0 киши);
одам савдосидан жабрланган шахслар учун 0,0 фоиз ( 0 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 1,1 фоиз (1 киши) миқдорида иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилади.
3. Бойсун туманида 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш мақсадида қуйидагилар:
давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида захирага қўйиладиган иш ўринларининг тайёрлигини йил бошланишидан олдин ўн кундан кечиктирмай таъминлаши, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар Бойсун туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилади;
иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календар йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминлаши, бу ҳақда Бойсун туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини келгуси йил ҳар чорак тамом бўлганидан сўнг, 10 кундан кечикмай хабардор қилади;
ишга жойлаштириш тўғрисида Бойсун туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот тақдим этади.
Захирага қўйиладиган иш ўринларини сақлаш шартлари Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 40-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-64-сон «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун иш берувчиларга – ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия маблағлари тўлаб берилсин.
6. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 3-, 13-, 34-, 38-, 39-, 40-, 41-моддаларига асосан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига энг кам миқдордаги иш жойларини яратиш юзасидан қабул қилинган мазкур қарорни бажармаганлик учун иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори 1-иловага мувофиқ тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Низомнинг 21-банди 2-қисмига асосан муҳтожлар учун иш ўринларини захирага қўйиш бўйича туман ҳокимининг қарори бажарилмаганлиги учун жарима тўлаш ташкилотни захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини яратиш бўйича мажбуриятдан озод қилмайди.
8. Бойсун туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Қ.Эрмаматовга:
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини иловада кўрсатилган ташкилот раҳбарларига (эътиборига) етказиб, ушбу қарор бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича туман ҳокимининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш таъминлансин.
9. Бойсун туман ҳокимининг 2024 йил 31 октябрдаги 166-8-110-Қ/24-сон қарори 2025 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб икки ойдан сўнг кучга кириши белгилансин.
11. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари (Й.Холиёров) мазкур қарорнинг «Бойсун» газетасида расман эълон қилиниши ҳамда ҳокимлик расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари в.в.б Ш.Абдуллаев зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими Б. Ш. ШУКУРОВ
Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани,
2025 йил 19 декабрь,
267-8-110-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.