Халқ депутатлари Боғот тумани Кенгашининг
қарори
Боғот туманидаги географик объект (кўча, тор кўча, берк кўча)ларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисида
Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги эксперт комиссиясига Хоразм вилояти ҳокимлигининг 2025 йил 30 октябрдаги 01-19-09/11063-сонли мурожаатномаси ва унда қайд этилган Хоразм вилояти Боғот туманидаги 98 та географик объект(кўча, тор кўча, берк кўча)ларни номлаш ва қайта номлаш бўйича таклифи Эксперт комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиши учун тақдим қилинган. Тақдим қилинган географик объект(кўча, тор кўча, берк кўча)лар ўрганиш натижаларига кўра, шунингдек, тегишли қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб, Эксперт комиссиясининг 2025 йил 17 ноябрдаги 05-19-20219-сонли хулосасига асосан «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги 303-сонли Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига кўра мувофиқ деб топилган.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига асосан, тумандаги географик объектлар (кўча, тор кўча, берк кўча)га ном бериш ва уларни қайта номлаш мақсадида халқ депутатлари Боғот тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг 2025 йил 17 ноябрдаги йиғилиш баёни маълумот учун қабул қилинсин.
2. Эксперт комиссияси томонидан мувофиқ деб топилган тумандаги 98 та географик объект (кўча, тор кўча, берк кўча) номлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Эксперт комиссияси хулосасига асосан тумандаги 71 та географик объект (кўча, тор кўча, берк кўча)нинг амалдаги номлари ўзгартирилиб қайта номланиши муносабати билан шу географик объект (кўча, тор кўча, берк кўча)ни номлаш бўйича халқ депутатлари Боғот тумани Кенгаши томонидан қабул қилинган тегишли қарорларининг 71 та географик объект (кўча, тор кўча, берк кўча)га оид қисми 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
4. Давлат кадастрлари палатаси Хоразм вилояти бошқармасининг Боғот тумани филиали (Э. Эшниязов), Ички ишлар бўлими (Э. Ахмедов), туман ҳокимлиги тизимидаги бошқарма, бўлим, ташкилот ва муассасаларга:
кўчаларга ном берилиши муносабати билан тегишли ишларни амалга ошириш юзасидан бир ойлик муддатда белгиланган тартибда зарур чоралар кўриш ҳамда ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш топширилсин.
5. Туман қурилиш ва уй-жой комунал хўжалиги бўлими (Р. Жуманиёзов), тумандаги фуқаролар йиғинлари билан биргаликда тасдиқланган ягона замонавий миллий дизайн асосида бир ой муддатда географик объектлар номлари қайд қилинган пешлавҳаларни ўрнатсин.
6. Белгилансинки, географик объектлар номлари қайд қилинган пешлавҳаларни ўрнатиш билан боғлиқ сарф-харажатлар қонунда белгиланган тартибда маҳаллий бюджет маблағлари ва ҳомийлар ҳисобига қопланади.
7. Мазкур қарор расмий манбаларда эълон қилинсин ва ҳокимликнинг расмий веб сайтига жойлаштирилсин ҳамда расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга кириши белгилаб қўйилсин.
8. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари (О. Матниёзов) ҳамда назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг «Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича» доимий комиссияси раиси (С. Нурметов) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Ж. НАЗАРОВ
Хоразм вилояти, Боғот тумани,
2025 йил 12 декабрь,
VII-23-181-12-170-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.