ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Картошканинг «in-vitro» ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини тайёрлаш ҳамда юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ҳудудлар ва етиштирувчи субъектларга қўйиладиган талабларни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 26 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3712]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-269-сон «Республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Картошканинг «in-vitro» ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини тайёрлаш ҳамда юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ҳудудлар ва етиштирувчи субъектларга қўйиладиган талаблар иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир И. АБДУРАХМОНОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 ноябрь,
39 сон
Келишилди:
Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ
2025 йил 17 ноябрь
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ
2025 йил 29 октябрь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 24 октябрь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 16 октябрь
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи А. ВАХАБОВ
2025 йил 16 октябрь
Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси А. ХАИТОВ
2025 йил 16 октябрь
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг 2025 йил 17 ноябрдаги 39-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Картошканинг «in-vitro» ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини тайёрлаш ҳамда юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ҳудудлар ва етиштирувчи субъектларга қўйиладиган
ТАЛАБЛАР
Ушбу ҳужжат картошканинг «in-vitro» ўсимлиги (бундан буён матнда «in-vitro» ўсимлиги деб юритилади), микро ва мини-туганакларини тайёрловчи илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектларига (бундан буён матнда илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари деб юритилади), шунингдек юқори авлодли уруғлик картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига (бундан буён матнда картошка етиштирувчи субъектлар деб юритилади) ҳамда ушбу картошка етиштирувчи субъектларнинг ҳудудларига қўйиладиган талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоида
1. Мазкур ҳужжатда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ихтисослашган туманлар — юқори авлодли уруғлик картошка етиштиришга ихтисослашган Булунғур, Зомин, Бахмал, Бўстонлиқ, Шаҳрисабз, Китоб, Қўрғонтепа, Янгиқўрғон ва Сўх туманлари;
картошка етиштирувчи субъектлар — ихтисослашган туманларда юқори авлодли уруғлик картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари;
илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари — «in-vitro» ўсимлиги ёки микротуганакларини тайёрловчи ва улардан мини-туганакларини етиштирувчи, ўзининг ёки ижара шартномаси асосида фойдаланадиган «in-vitro» лабораторияси, маскет тўр билан ўралган иссиқхона ёки ҳимояланган иншооти (бундан буён матнда иссиқхона ёки ҳимояланган иншоот деб юритилади) мавжуд бўлган илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари;
«in-vitro» лабораторияси — ўсимликнинг турли қисмларини (меристема тўқималари, ўсув нуқталари, ён куртаклари) махсус идишларда, сунъий озуқа муҳитида янги ўсимликни стерил шароитда кўпайтиришга мўлжалланган, махсус жиҳозланган лаборатория;
«in-vitro» ўсимлиги — картошканинг тўқималаридан стерил шароитда кўпайтирилган, вируслардан холи, генетик соф, соғлом ўсимлик;
микротуганак — «in-vitro» лабораториясида микроклонлаш усули билан олинган ва стерил муҳитда етиштирилган, оғирлиги 0,10 — 0,15 граммни ташкил этувчи картошка туганаклари;
мини-туганак — «in-vitro» лабораториясида, иссиқхона ёки ҳимояланган иншоотда етиштирилган, Potato spindle tuber viroid (PSTV), Potato leaf roll virus (PLRV), Potato Virus Y (PVY), Potato Virus X (PVX), Potato Virus S (PVS) va Potato Virus M (PVM) картошка вируслари ва бактериал касалликлардан (қора сон, ҳалқали чириш ва бошқалардан) холи бўлган, оғирлиги 5,0 граммдан кам бўлмаган картошканинг бирламчи соғлом уруғлик материали;
апробация — ўсимликларнинг генетик (нав) жиҳатдан софлигини, зараркунандалар билан зарарланган-зарарланмаганлигини, касалликларга чалинган-чалинмаганлигини ва экиш учун мўлжалланган уруғликларнинг умумий ҳолатини аниқлаш учун далада ўтказиладиган текширув.
2-боб. «In-vitro» ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини тайёрловчи илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектларига қўйиладиган талаблар
2. Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари «in-vitro» ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини етиштиришда қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
«in-vitro» ўсимлигини генетик соф ва вируслардан холи ҳолда, соғлом картошка тўқималаридан стерил шароитда ўстириш имкониятига эга бўлиши;
микротуганакларни «in-vitro» лабораториясида генетик соф ва вируслардан холи ҳолда, соғлом картошка тўқималаридан микроклонлаш усули билан стерил шароитда ўстириш ёки «in-vitro» ўсимлигидан иссиқхона ёхуд ҳимояланган иншоотда махсус субстратларда (торф, вермикулит, перлит) кўпайтириш (оғирлиги 0,10 — 0,15 грамм) имкониятига эга бўлиши;
мини-туганакларни «in-vitro» ўсимлиги ёки микротуганакларни иссиқхона ёхуд ҳимояланган иншоотларда вируслардан холи ҳолда, махсус субстратларда (торф, вермикулит, перлит) ёки аэропоника шароитида экиш орқали етиштириш (оғирлиги камида 5,0 грамм) имкониятига эга бўлиши.
3. Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектларининг иссиқхона ёки ҳимояланган иншоотлари мини-туганакларни етиштириш (тайёрлаш) учун қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
иссиқхона ёки ҳимояланган иншоотларни ҳашорат ва зараркунандалардан маскетли тўр билан ҳимоялаш, микроиқлим шароитларини (ҳарорат, намлик, ёруғликни) таъминлаш;
вегетация даврида турли вирусли касаллик тарқатувчилар (ҳашоратлар ва вирус сақловчи резерватор бегона ўтлар) ва зараркунандаларга қарши доимий равишда профилактик кураш чораларини олиб бориш.
4. Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан «in-vitro» ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини етиштиришнинг ҳар бир босқичи лаборатория синовлари орқали назорат қилинади.
5. Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектларида «in-vitro» ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини етиштиришда (тайёрлашда) уларнинг ўсиши (вегетация) ва туганак тугишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан қуйидагича амалга оширилади:
иссиқхона ёки ҳимояланган иншоотларда махсус субстратлар (торф, вермикулит, перлит) ҳамда «in-vitro» ўсимлиги, микро ва мини-туганаклари PSTV, PVX, PVS, PVM, PVY ва PLRV картошка вируслари ва бактериал касалликлардан (қора сон, ҳалқали чириш ва бошқалардан) холи эканлиги аниқланади;
уруғлик туганакларининг экинбоплик сифатлари лабораторияларда текшириш орқали баҳоланади ҳамда экинбоплик хулосаси расмийлаштирилади.
6. Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан етиштирилган, рақамли QR-кодли ёрлиқланган ва экинбоплик хулосаси мавжуд картошканинг мини-туганаклари зарарсизлантирилган (фумигация ўтказилган) совуткичли омборхоналарда 2 — 4 0C ҳароратда сақланади.
3-боб. Картошканинг мини туганагидан юқори авлодли уруғлик картошка етиштирувчи субъектларга ва уларнинг ҳудудларига қўйиладиган талаблар
7. Картошканинг мини туганагидан юқори авлодли уруғлик картошка етиштирувчи субъектларга қуйидаги талаблар белгиланади:
юқори авлодли уруғлик картошкани сақлаш учун ўзининг ёки ижара шартномаси асосидаги совуткичли омборларига эга бўлиш;
юқори авлодли уруғлик картошкани етиштиришда навларнинг вегетация давридан келиб чиқиб, 3 — 5 мартагача PSTV, PVX, PVS, PVM, PVY ва PLRV картошка вируслари ва бактериал касалликларга (қора сон, ҳалқали чириш ва бошқалардан) қарши профилактик тадбирлари олиб борилишини таъминлаш;
юқори авлодли уруғлик картошкани экишдан олдин фунгицид ва ўстирувчи моддалар билан ишлов берилишини таъминлаш;
юқори авлодли уруғлик картошкани совуткичли омборларга сақлашга киритишдан олдин зарарсизлантирилишини (фумигация) таъминлаш.
8. Картошканинг мини туганагидан юқори авлодли уруғлик картошка етиштирувчи субъектларнинг ҳудудлари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ер майдонлари денгиз сатҳидан мини-туганак экишда камида 1000 метр ҳамда мини-туганаклардан саралаб олинган оригинал (SSE, SE) уруғлар экишда эса 800 метрдан баландликда жойлашган бўлиши;
тупроқ шароити унумдор, гумус миқдори 1,0 фоиздан юқори ҳамда тупроқ эритмаси таркибидаги pH қиймати 5,5 дан 6,5 гача бўлиши;
суғориш учун сув билан доимий таъминланган бўлиши;
ер майдонида алмашлаб экиш қоидаларига риоя этилиши;
юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ер майдонлари тупроқ таҳлили лабораториялар томонидан ўтказилганлиги.
9. Юқори авлодли уруғлик картошкани етиштиришда ер майдони туман апробация комиссияси томонидан ҳар йили камида икки марта апробациядан ўтказилади.
Бунда, апробациянинг биринчи кўриги юқори авлодли уруғлик картошканинг гуллаш даврида, иккинчиси эса туганаклар шаклланган даврда амалга оширилади.
10. Апробацияни ўтказиш натижаларига кўра туман апробация комиссияси томонидан картошка етиштирувчи субъектларга апробация далолатномаси берилади.
11. Картошка етиштирувчи субъектлар томонидан етиштирилган юқори авлодли картошка уруғликларини кейинги йил ҳосили учун сақлаш, бунда омборхоналарда сақланган уруғлик туганакларни экиш олдидан саралаш, фракцияларга ажратиб колибрлаш, қадоқлаш ҳамда рақамли QR-кодли ёрлиқларни ёпиштириш ва экинбоплик хулосасини олиш ишлари ташкил этилади.
4-боб. Якунловчи қоида
12. Ушбу ҳужжат бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.11.2025 й., 10/25/3712/1098-сон)