НАМАНГАН ВИЛОЯТИ ЧУСТ ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2026 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида
«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддаси, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низом, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йил 10 майдаги 19-2019-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида»ги Низом (рўйхат рақами 3163, 2019 йил 31 май), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 августдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-126-сонли Фармонига асосан, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида туманда 2026 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида, қарор қиламан:
1. Тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш бўйича комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ;
2026 йилда мазкур тоифадаги шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдори белгиланган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддасига асосан туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар (Кейинги ўринларда — ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар деб юритилади) учун иш ўринларининг энг кам миқдори (2-илова) ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача 278 нафарни ташкил этадиган 7.0 фоиз миқдорида, шу жумладан:
ногиронлар учун 3,0 фоиз (133 нафар);
Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 2,7 фоиз (117 нафар);
Оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганлар учун 0.2 фоиз (10 нафар);
Муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 0,2 фоиз (7 нафар);
Жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 0,2 фоиз (8 нафар);
Одам савдосидан жабрланган шахслар учун 0,1 фоиз (3 нафар) миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
3. Қуйидаги иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар этиб белгилансин:
муҳандис, иқтисодчи, ҳисобчи, ҳуқуқшунос, зоотехник, агроном, шифокор, ҳамшира, кичик тиббий ходим, иш юритувчи, ўқитувчи, тарозибон, электрик, фаррош, ўт ёқувчи, ободонлаштириш ишчиси, омборчи, ЭҲМ оператори, юкчи, ишчи, боғбон, қоровул.
4. Тумандаги мавжуд корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласин;
2026 йил бошланишидан камида 10 кун олдин, захирага қўйиладиган умумий иш ўринлари сонининг камида 25 (йигирма беш) фоизи ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш учун захирага қўйилишини ва тайёрлигини таъминласин, шунингдек, бу ҳақида йил бошлангунга қадар туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилсин;
ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан 2026 йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминласин, бу ҳақида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига биринчи чорак тамом бўлгандан кейин 10 кундан кечикмай хабардор қилсин;
ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринлари тайёрлиги тўғрисида ахборот тақдим этилмаслиги, тенг даражада захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сони ҳисобига ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг амалда тайёр эмаслиги туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан туман ҳокимининг қарори бажарилмаслиги сифатида қаралиши лозимлиги қайд этилсин.
5. Туман ҳокимининг ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, бундай шахсларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилот, корхона ва муассасаларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан маъмурий жавобгарлик белгиланганлиги алоҳида қайд этилсин.
6. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида»ги Низомга (рўйхат рақами 3163, 2019 йил 31 май) асосан субсидиялар ажратиб бериш тартиби амалиётга жорий этилганлигини ҳисобга олиб, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга — ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўланишини таъминласин.
7. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (М.Ибрагимов) мазкур қарорни беш кун муддатда қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарлари эътиборига етказилишини таъминласин.
8. Мазкур қарор «Чуст ҳақиқати» газетасида расман эълон қилинсин ва туман ҳокимлигининг расмий веб сайтига жойлаштирилсин.
9. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб 2 ойдан кейин кучга киради.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Р. Темиров зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими Б. САЛИМЖОНОВ
Наманган вилояти, Чуст тумани,
2025 йил 31 октябрь,
534-6-89-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.