ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚОРАКЎЛ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Қоракўл тумани бўйича 2025 йил 1 октябрдан 2026 йил 31 мартга қадар новегетация даврида суғориш ишлари учун ажратилган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинида сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6- ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари Қоракўл туман Кенгаши қарор қилади:
1. Халқ депутатлари туман Кенгашининг «Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси»нинг 2025 йил 30 сентябрдаги «Қоракўл тумани бўйича 2025-2026 йиллар новегетация даврида суғориш ишлари учун ажратилган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида»ги ДКҚ 03-04/21-25-сонли қарори маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қоракўл тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори А. Отақуловнинг Қоракўл тумани бўйича 2025 йил 1 октябрдан 2026 йил 31 мартга қадар новегетация даврида суғориш ишлари учун ажратилган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳисоботи маъқуллансин ва Қоракўл туманида 2025-2026 йил новегетация даври учун фермер хўжаликларига ажратилган сув олиш лимити 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қоракўл тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори А.Отақуловга:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори асосида ишларни ташкил этиш;
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги агротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига ўз вақтида тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртмаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш;
амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳар чорак якуни билан ҳисоботларни тақдим этиш вазифалари юклатилсин.
4. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси И. Бозорқулов ҳамда туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Т. Бобоқулов зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Х. ТОҲИРОВ
Бухоро вилояти, Қоралўл тумани,
2025 йил 30 октябрь,
VII-16-133-2-37-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.