ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚУВА ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Туманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 октябрдаги 665-сон қарори ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 октябрдаги 665-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси таркибида тумандаги ички хўжалик йўлларни сақлаш ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича йўл бўлими ташкил этилган.
Бўлимнинг асосий вазифаси этиб ички хўжалик йўлларини сақлаш, жорий таъмирлаш ва уларда жойлашган кўприкларни соз ҳолатда сақлаш ва бошқа масалалардан иборатлиги белгилаб ўтилган.
2025 йилнинг февраль-март ойларида туман ободонлаштириш бошқармаси мутахассислари томонидан жойларда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари билан биргаликда ички хўжалик йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш бўйича хар бир кўчага кирган ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилган ва нуқсон далолатномалари расмийлаштирилган. Маҳаллалар кесимида ички кўчалар ҳолати, асфальт йўллардаги мавжуд чуқур-чаноқларни таъмирлаш, тупроқли кўчаларни шағаллаштириш бўйича олиб борилган ўрганиш ишлар натижасида туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси томонидан манзилли рўйхат шакллантирилган ва 2025 йил давомида туман бўйича 39 та маҳалла фуқаролар йиғини кесимида 45 та ички хўжалик йўлларида 28132 метр узунликда шағаллаштириш, 35 та кўчада 13189 м.кв миқдорда мавжуд бўлган чуқур-чаноқларини таъмирлаш ишларини бажарилиши кўзда тутилган.
Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 29 ноябрдаги КҚ-5-V-сон қарори билан тасдиқланган «Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбаларини аниқлаш ва улардан фойдаланишни тартиби тўғрисида»ги намунавий низомнинг 11-банди, 4-хатбошисида кўрсатилган тартибда белгиланган давр мобайнида жамоатчилик муҳокамасида бўлганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунинг 6- ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Қува тумани Кенгаши қарор қилади:
1.Туманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 октябрдаги 665-сон қарори ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи С.Аҳмаджоновнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 октябрдаги 665-сон қарорига мувофиқ Қува туман Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ички йўлларни сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари бўйича 2025 йил учун якуний манзилли рўйхат иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3.Туман ҳокимининг ўринбосарлари (Ж.Закиров, М.Акбаров), туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси (С.Ахмаджонов) тегишли бўлим ва ташкилот раҳбарлари билан биргаликда:
Аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда ички хўжалик йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва суғориш тизимлари билан таъминлаш ҳамда йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш ишларини амалга ошириш учун бюджет маблағлари ҳисобидан ажратилаётган маблағларни мақсадли ва манзилли сарфланишини қатъий назоратга олиш;
Маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда таъмирланган ички хўжалик йўлларини асраш, уларнинг шикастланишининг олдини олиш чораларини кўриш, йўлларнинг атрофини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишни таъминлаш ва зифалари юклансин.
4.Туман ҳокимининг ўринбосарлари (Ж.Зокиров, М.Акбаров), туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси (С.Ахмаджонов)лар туманда ички йўлларни сақлаш ва жорий таъмирлаш учун ажратиладиган пул маблағларини белгиланган тартибда қонуний сарфланиши учун, бунда туман ҳудудида турли дастурлар ва лойиҳалар доирасида, шужумладан «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси асосида реконструкция қилиниши, мукаммал ёки жорий таъмирланиш ишлари белгиланган объектлар ва кўчаларга сарфетмасликка шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.
Шунингдек, улар зиммасига ички йўлларни сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари учун туман бюджетига ажратиладиган маблағларни халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори асосида халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан туман бўйича қайта тақсимлашга рухсат берилганлиги, ҳокимлик тасарруфидаги ички йўлларни сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари учун режалаштирилган маблағларни бошқа йўналишларга қайта тақсимлаш қатъиян тақиқланиши эслатиб ўтилсин.
5.Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг ўринбосарлари (Ж.Закиров, М.Акбаров)га, назорат қилиш эса халқ депутатлари туман Кенгашининг «Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича» доимий комиссияси (А.Дадажонов) зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси УМАРОВ ХАЛИМЖОН КОМИЛОВИЧ
Фарғона вилояти, Қува тумани,
2025 йил 29 октябрь,
VII-15-135-11-156-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.