ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚУВА ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сон Қарорининг тумандаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сон қарорини ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сон қарорида кўрсатиб ўтилган сувни ҳисоб китоби ва ҳисоботини юритиш тартибига асосан, Қува тумани қишлоқ хўжалиги бўлими билан келишилган холда ҳудуддаги барча сув истеъмолчиларни новегетация мавсуми учун қишлоқ хўжалиги экинлари турлари тасдиқланиб, шу асосида хар бир сув истеъмолчилари, сув манбалар, иқтисодиёт тармоқлари кесимида сувдан фойдаланиш режалари ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда новегетация даври учун сув манбаларининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳудудлар кесимида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқланган.
Қува тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси 2025 йил суғориш мавсумида тумандаги қишлоқ хўжалиги корхоналари бўйича 22264 га майдондаги 998 та истеъмолчиларга 74239.7 минг м3 бундан 71053.2 минг м3 сув дарё, канал, сойлар ҳисобидан, 603.9 минг м3 сув коллектор ва дренаж тармоқларидан, аҳоли томорқалари бўйича 63 та маҳалла фуқаролар йиғинида 4103га майдонга 23129.6 минг м3 дарё, канал, сойлар ҳисобидан, балиқчилик йўналиши бўйича 10та истеъмолчиларга 59.1 га майдонга 968.8 минг м3 сув коллектор, дренаж тармоқларидан, деҳқон хўжаликлари бўйича 9561 та истеъмолчига 1765 га майдонга 9754.3 минг м3 дарё, канал, сойлар ҳисобидан шаклланган сувларни истеъмолчиларга етказиб берилиши таъминланган.
Туман солиқ идораларига 2025 йил суғориш мавсуми давомида манбалардан жами 108092.4 минг м3 сув етказиб берилгани тўғрисида ҳисобот топширилган.
Туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасасига 2025 йилда 217 га ёмғирлатиб, 310 та томчилатиб, 22 та дискрит сув тежамкор технологиялар жорий қилинганлиги натижасида истеъмолчилар чегарасида 139.98 миллион м3 лимит амалда эса 118.26 миллион м3, иқтисод қилинган сув 21.720 миллион кубни ташкил қилган.
Қува ДМ тасарруфидаги суғориш тармоқларини ва фермер хўжаликлари ва ички тармоқларни бетонлаштириш натижасида сув тизими фойдаланиш коэффициенти 3% га ошиб, 0,69% ни ташкил қилган.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан Ўзбекистон Республикаси давлат бюжетига тушган тушумнинг 40 фоизи сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини молиялаштириш, уларга тегишли объектларни сақлаш ва техник ҳолатини яхшилаш харажатларига йўналтирилиши белгилаб берилган.
Туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси ҳисобига 2025 йилда давлат бюджетидан 2886.0 миллион сўм, сув солиғи (40%)дан 632.0 миллион маблағ туширилиб берилган. Шундан 4147.0 миллион сўми ишчи ходимларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўлов ўтказмаларига ўтказилган, 4-гуруҳ харажатларига 104.0 миллион ажратилган,бундан 40 тн цемент,80 м3 шебен ва асбоб ускуналар сотиб олинган.
Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, Қува тумани Сув етказиб бериш хизматлари давлат муассасаси ҳамда ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармаси билан биргаликда 2025-2026 йил новегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқилган.
Туманда сув ресурсларини ўз вақтида истеъмолчиларга етказиш, сувдан мақсадли ва самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида, мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 29 ноябрдаги КҚ-5-V-сон қарори билан тасдиқланган «Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбаларини аниқлаш ва улардан фойдаланишни тартиби тўғрисида»ги намунавий низомнинг 11-банди, 4-хатбошисида кўрсатилган тартибда белгиланган давр мобайнида жамоатчилик муҳокамасида бўлганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида» ги Қонунининг 6- ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Қува тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сон қарорининг тумандаги ижроси тўғрисида туман сув етказиб бериш хизмати директори У.Мусажоновнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сон қарори билан 2025 йилдан бошлаб:
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,5 камайтирувчи коэффициент қўлланилиши;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ёки суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланилиши;
балиқчилик учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланилиши;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкасига 1,1 оширувчи коэффициент қўлланилиши белгиланганлиги таъкидлаб ўтилсин.
3. Қуйидагилар:
Қува тумани бўйича 2025-2026 йилнинг кластер ва фермер хўжаликлари учун носуғориш даврида шўр ювиладиган, нам суви бериладиган ва бошқа суғориш ишлари амалга ошириладиган ер майдонлари сув миқдори (лимит) 1-иловага мувофиқ;
Қува тумани бўйича 2025-2026 йилнинг кластер ва фермер хўжаликлари учун носуғориш даврида шўр ювиладиган, нам суви бериладиган ва бошқа суғориш ишлари амалга ошириладиган ер майдонлари сув миқдори (лимити) 2-иловага мувофиқ;
Қува тумани бўйича 2025-2026 йилнинг аҳоли томорқа ерлари (МФЙлар) учун носуғориш даврида сув миқдори (лимити) 3-иловага мувофиқ;
Қува тумани ҳудудидаги балиқчилик йўналишидаги сув истеъмолчиларининг 2025-2026 йилларнинг носуғориш даврида қишлоқ хўжалиги экинларни жойлашуви бериладиган миқдори (лимити) 4-иловага мувофиқ;
Қува тумани бўйича 2025-2026 йилнинг деҳқон хўжаликлари учун носуғориш даврида шўр ювиладиган, нам суви бериладиган миқдори (лимити) 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари М.Зокиров, туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори У.Мусажоновга:
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сувни ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш чораларини кўриш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш вазифалари, шунингдек 5 кун муддатда:
сув манбалари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар бўйича ишлаб чиқилган сув олиш лимитларини барча сув истеъмолчиларига етказиш;
сув истеъмолчилари билан уларга ажратилган сув олиш миқдори (лимитлари) доирасида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларни тузилишини ҳамда уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминлаш вазифалари юклансин.
5. Қува тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси (У.Мусажонов), туман қишлоқ хўжалиги бўлими (О.Ристаев)га ҳамкорликда истеъмолчилар билан сувдан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича ўқув семинарлари ва тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаси юклансин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари М.Зокиров, туман қишлоқ хўжалиги бўлими (О.Ристаев), назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси (М.Рахимов) зиммаларига юклансин.
Кенгаш раиси УМАРОВ ХАЛИМЖОН КОМИЛОВИЧ
Фарғона вилояти, Қува тумани,
2025 йил 29 октябрь,
VII-15-138-11-156-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.