ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БУВАЙДА ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Туманда 2025-2026 йиллар кузги-қишки суғориш (новегетация) даври учун ажратилган сув олиш лимитларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижросини таъминлаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув-текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон «Экологик» партияси Бувайда туман Кенгаши ижро қўмитаси таклифига асосан туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Й.Назаровнинг ҳисоботини атрофлича муҳокама қилиб, билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6- ва 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини шакллантириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Й.Назаров туманда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
3. Туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Й.Назаровнинг Бувайда тумани бўйича 2025-2026 йиллар кузги-қишки суғориш (новегетация) даври учун ажратилган сув олиш лимитлари тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари С.Тусматов ва туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Й.Назаровларга:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори асосида ишларни ташкил этиш;
- белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
- сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш;
-сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш;
-ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш; - суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
- сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
- истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
- сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш;
- амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисоботларни ўз вақтида бериб бориш вазифалари юклатилсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари зиммасига юклатилсин
Кенгаш раиси ИБРАГИМОВ БЕХЗОД ОДИЛЖОНОВИЧ
Фарғона вилояти, Бувайда тумани,
2025 йил 29 октябрь,
VII-15-105-11-154-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.