ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КОГОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Когон тумани бўйича 2025-2026 йилларда новегетация даврида суғориш ишлари учун ажратилган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Сўнгги уч йил давомида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув — текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори қабул қилинган. Мазкур қарорнинг 7-бандига мувофиқ 2024 йилдан бошлаб:
· ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1-октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритиши;
· истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисобланиши бўйича туман Кенгаши сессия муҳокамасига киритилиши белгиланган.
Туманида 2025-2026йиллар куз қиш даври учун новегетация мавсумида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, суғориш тармоқларида сув йўқотилишини камайтириш, истеъмолчиларга етказиб бериладиган сув ресурсларини чекланган сув миқдорларини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини тасдиқлаш мақсадга мувофиқ бўлмоқда.
Юқорида баён этилганларга асосан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6- ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари Когон тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Когон тумани «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасасининг 2025 йил 26 сентябрдаги 170-сонли хати инобатга олинсин.
2. Когон туманида 2025-2026йиллар куз қиш даври учун новегетация мавсумида қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш юзасидан туман «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасаси директори И.Рахматовнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
3. Туманда 2025-2026йил новегетация мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун қўйидаги:
· туманда 2025 йил вегетация мавсумида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчиларнинг сув олиш лимитлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи А.Бекмуродов, туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (И.Рахматов)га:
· чекланган сув лимитларини инобатга олган ҳолда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида тумандаги экин ер майдонларига айниқса, такрорий экин ер майдонларига сувни кам талаб қиладиган қишлоқ хўжалиги экинларни жойлаштириш чораларини кўриш;
· туман чегарасидан олинадиган сув ресурсларини ўлчаб олиб, ҳудудларнинг ер майдонларини инобатга олган ҳолда, сув ресурсларини тақсимлаш;
· туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини ҳисоботини юритиш ва белгиланган тартибда туман солиқ инспекциясига ўз вақтида тақдим этиб бориш вазифаси юклатилсин.
5. Халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси (Й.Бозоров)га:
· туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини самарали фойдаланаётганлиги юзасидан жойларга чиқган ҳолда депутатлик назоратини ўрнатиш;
· ҳар ойда ўрганишлар натижасида сув ресурсларини туманда белгиланган лимитдан ортиқча олган сув истеъмолчиларини доимий комиссия йиғилишларида иштирокини таъминлаш ва уларниннг ҳисобот (ахборот)ларини эшитиш;
· 2025 йил давомида туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини самарали фойдаланаётганлиги юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларининг ҳисобот (ахборот)ларини халқ депутатлари туман Кенгашининг сессия кун тартибига киритилишини назоратга олсин.
6. Туман ҳокимлиги аппарати матбуот хизмати (А.Қаххоров), туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (И.Рахматов) билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув — текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш борасидаамалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотларни жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш мақсадида туман маҳаллий оммавий ахборот воситаси ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борилиши тавсия этилсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи А.Бекмуродов ҳамда туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (И.Рахматов)га ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси (Й.Бозоров) зиммасига юклатилсин.
8. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси ҚАЗОҚОВ ОТАБЕК НОДИРОВИЧ
Бухоро вилояти, Когон тумани,
2025 йил 28 октябрь,
VII-13-92-2-36-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.