ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШЎРЧИ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Шўрчи туманида 2025 йилги куз-қиш даврида якуний истеъмолчилар кесимида экинларини суғориш учун сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида
Аҳоли сонининг йилдан йилга кўпайиши, сувга бўлган талабнинг қондириш ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ сув ресурслари танқислигининг тобора ортиб бораётгани Ўзбекистон ривожига тўсиқ бўлувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Сўнгги уч йил давомида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув - текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори қабул қилинган.
Туманда 2025 йилнинг куз-қиш даврида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, суғориш тармоқларида сув йўқотилишини камайтириш, истеъмолчиларга етказиб бериладиган сув ресурсларини чекланган сув миқдорларини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини тасдиқлаш мақсадга мувофиқ бўлмоқда.
Юқорида баён этилганларга асосан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6- ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари Шўрчи тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Шўрчи тумани «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасасининг 2025 йил 17 сентябрдаги 01/5-148-сонли хати инобатга олинсин.
2. Шўрчи туманида 2025 йилнинг куз-қиш даврида якуний истеъмолчилар кесимида экинларини суғориш учун сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш юзасидан туман «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасаси директори О.Исмоиловнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
3.Туманда 2025 йилнинг куз-қиш даврида якуний истеъмолчилар кесимида экинларини суғориш учун сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш қўйидаги:
Шўрчи туманидаги «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ томонидан сув истеъмолчиларига 2025-2026 йил носуғориш даври учун ажратилган сув лимити 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4.Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (А.Алмардонов), туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (О.Исмоилов)га:
чекланган сув лимитларини инобатга олган ҳолда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида тумандаги экин ер майдонларига айниқса, такрорий экин ер майдонларига сувни кам талаб қиладиган қишлоқ хўжалиги экинларни жойлаштириш чораларини кўриш;
туман чегарасидан олинадиган сув ресурсларини ўлчаб олиб, ҳудудларнинг ер майдонларини инобатга олган ҳолда, сув ресурсларини тақсимлаш;
туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини ҳисоботини юритиш ва белгиланган тартибда туман солиқ инспекциясига ўз вақтида тақдим этиб бориш вазифаси юклатилсин.
5. Халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси (А.Қудратов)га:
туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини самарали фойдаланаётганлиги юзасидан жойларга чиқган ҳолда депутатлик назоратини ўрнатиш;
ҳар ойда ўрганишлар натижасида сув ресурсларини туманда белгиланган лимитдан ортиқча олган сув истеъмолчиларини доимий комиссия йиғилишларида иштирокини таъминлаш ва уларниннг ҳисоботларини эшитиш;
2025 йил давомида туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини самарали фойдаланаётганлиги юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларининг ҳисобот (ахборот)ларини халқ депутатлари туман Кенгашининг сессия кун тартибига киритилишини назоратга олсин.
6.Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (Н.Шоева), туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (О.Исмоилов) билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув-текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотларни жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш мақсадида туман маҳаллий оммавий ахборот воситаси ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борилиши тавсия этилсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (А.Алмардонов) ҳамда туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (О.Исмоилов)га, ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси (А.Қудратов) зиммаларига юклатилсин.
8.Ушбу қарор қабул қилинган кундан кучга киради.
Сессия раиси МАМАШУКУРОВ ОЛИМЖОН КАЮМОВИЧ
Сурхондарё вилояти, Шўрчи тумани,
2025 йил 25 октябрь,
VII-14-146-8-120-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.