ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ДЎСТЛИК ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижроси тўғрисида
Туманда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув-текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий қилиш ҳамда туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори Н.Жўраевнинг ахборотини тинглаб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ, Халқ депутатлари туман кенгаши қарор қилади:
1. Туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори Н.Жўраевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Туман бўйича 2025-2026 йил носуғориш мавсумида суғориш ишлари учун ажратилган чекланган (лимит) сув 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари (Ж.Шарипов), қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғининг ўринбосари (Ф.Нурмухамедов), туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси (Н.Жўраев)ларга:
қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли томорқаларини сув ресурслари билан ишончли таъминлаш;
ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларининг ҳамда улардаги гидротехника иншоотларини доимий техник соз ҳолатда ушлаб туриш;
иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлашга оид давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш бўйича давлат-хусусий шериклик тамойилларини кенг жорий этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорларига асосан туманда сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда, жумладан, пахта ва ғалла майдонларида, боғ-токзорларда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш эвазига, сувни иқтисод қилишга эришиш чораларини кўриш;
туманда жорий йилда сув ўлчаш қурилмаларини ўрнатиб, сув ресурслари ҳисобини аниқлик даражасини ошириш;
сув тежовчи технологияларни жорий қилган фермер хўжаликлари ҳисобидан иқтисод қилинган умумий сув ресурсларини биринчи навбатда аҳоли дала томорқа ва такрорий экин ер майдонларига йўналтирилишини тизимли ташкил этиш;
тумандаги фермер хўжаликлар, кластерлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар билан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш юзасидан мунтазам равишда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиш ҳамда мазкур Фармон ва қарорлар ҳамда ундан келиб чиқадиган вазифалар, берилаётган имтиёзлар, шунингдек, ушбу технологияларнинг самарадорлиги тўғрисида батафсил маълумотларни бериб боришни тизимли давом эттириш;
сув тежовчи технологияларни жорий қилувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарига субсидия ажратиш учун тегишли тартибда қурилиш ишларини доимий равишда назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сон қарорининг 7-бандига асосан, истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисобланиши кўрсатиб ўтилсин;
Мазкур қарорга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йил 29 ноябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 45-баёни 9-бандига асосан сув ресурслари камайганлиги инобатга олиб кластер ва фермер хўжаликлари сувини исроф қилмаслик учун ариқларни бетонлаш ишларини якунига етказиш вазифалари топширилсин.
4. Юқорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан тегишли мансабдор шахслар томонидан ҳар ой якунида халқ депутатлари туман Кенгашига ёзма ахборот киритиб борилсин.
5. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (Б.Қораев)га:
туман кенгаши депутатларининг «сув текин» эмас мавзусидаги чиқишларини оммавий ахборот воситаларида, веб саҳифа ва ижтимоий тармоқларда ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарор ижросини назорат қилишни Халқ депутатлари туман кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси (Ж.Эргашев) ҳамда туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи (Ж.Шарипов)лар зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси ДАРВИШЕВ ШАВКАТ ТУРАЕВИЧ
Жиззах вилояти, Дўстлик тумани,
2025 йил 24 октябрь,
VII-10-117-3-47-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.