ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ОЛТИАРИҚ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Туманда 2025-2026 йиллар кузги-қишки суғориш (новегетация) даври учун ажратилган сув олиш лимитларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижросини таъминлаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув-текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида ҳамда туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори Ш.Мирзаевнинг ҳисоботини атрофлича муҳокама қилиб, билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6- ва 24-моддаларига мувофиқ, Халқ депутатлари Олтиариқ туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини шакллантириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Ш.Мирзаевнинг туманда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
3. Туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Ш.Мирзаевнинг Олтиариқ тумани бўйича 2025-2026 йиллар кузги-қишки суғориш (новегетация) даври учун ажратилган сув олиш лимитлари тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари ва туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори (Ш.Мирзаев)ларга:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори асосида ишларни ташкил этиш;
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш;
сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш;
ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш каби вазифалар юклатилсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари туман Кенгашининг «Аграр, қурилиш, коммунал соҳалар, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича» доимий комиссияси (Р.Мирзажонов) зиммасига юклатилсин.
6. Мазкур қарор қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Кенгаш раиси ТУРДАЛИЕВ ШАМСИДДИН АСКАРАЛИЕВИЧ
Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани,
2025 йил 20 октябрь,
VII-11-121-11-151-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.