ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ХЎЖАОБОД ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Хўжаобод туманида сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари ва 2025-2026 йилларнинг куз-қиш мавсуми учун қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга ажратилган чекланган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда сув ресурслари муҳим аҳамиятга эга. Иқтисодиёт тармоқлари орасида қишлоқ хўжалиги энг йирик сув истеъмолчиси саналади. Ушбу тармоқда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда янги, замонавий сув тежамкор технологияларни амалиётга татбиқ этиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Хусусан, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини тежаш борасидаги бир қатор Фармон ва қарорлари асосида худудлардаги фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини замонавий сув тежовчи, томчилатиб суғориш тизимларига босқичма-босқич ўтиш тизими амалга оширилмоқда.
Шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув — текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори қабул қилиниб, туман ирригасия бўлимлари қошидаги Махсус хизмати тугалланиб, «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасалари ташкил қилинган.
Мазкур қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга етказиб берилган сув хизмати учун тўловлар бекор қилиниб, «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасаларининг вазифалари белгиланган;
Жумладан,
«Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасаларининг вазифалари этиб қуйидагилар:
Белгиланган лимит доирасида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
ўзига бириктирилган ҳудудда сув ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш белгиланган.
Маъулмот учун, Хўжаобод туманида 11.655 минг гектар суғориладиган майдон мавжуд бўлиб, шундан 3.659 минг гектари Савай каналидан, 2.275 минг гектари Оқбурасой каналидан, 2.124 минг гектари Шархонсойдан, 0.560 минг гектари Андижонсой каналидан сув билан таъминланади.
Ҳозирда туманда 121.6 км хўжаликлараро, 302.2 км ички суғориш тармоғи, 269 дона гидротехник иншоотлар, 113.68 км хўжаликларо коллектор-дренаж тармоқлари, 7 та насос станциялари, 62 та гидропостлар мавжуд.
Туманда экинларнинг йиллик сувга бўлган талаби 107 млн.3 ни ташкил қилади. 2025 йилнинг суғориш мавсумида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун туманга жами 83,69 млн.м3 чекланган сув миқдори (лимит) ажратилган бўлиб, жами 83,69 млн.м3 сув етказиб берилган бўлиб, шундан, суғориш ишларига 81,52 млн.м3 ва саноат техник эхтиёжлар учун 2,17 млн.м3 сув истеъмолчиларга 55,42 млн.м3 етказиб берилган.
Новегетасия даври учун ажратилган жами сув миқдори (лимит) 22,66 млн.м3. Шундан, суғориш ишларига 20,24 млн.м3, саноат техник эҳтиёжлар учун 2,42 млн.м3, 13,76 млнм3 сув истеъмолчиларга етказиб бериш режалаштирилган.
Бундан ташқари, сув хўжалиги вазирлиги томонидан 2025 йилда сув иқтисод қилишни прогноз кўрсаткичлари белгиланган бўлиб, сув тежовчи технологиялар ва лазер текислаш орқали 4,2 млн.м3, ирригасия-мелиорасия тадбирлар орқали 1,1 млн.м3, соҳада АКТ ва рақамли технологияларни жорий қилиш эвазига 2,2 млн.м3 ва бошқа агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 0,7 млн.м3 сув иқтисод қилишга эришилган.
Хўжаобод туманида жами 529 нафар сув истеъмолчилари мавжуд. Январь-сентябр ойларида истеъмолчиларга 54,1 млн.м3 сув етказиб берилган бўлиб, шундан 54,1 млн.м3 сув ҳажмлари солиқ органларига тақдим этилган.
Хўжаобод туман бўйича 2025-2026 йиллар кузги-қишки даври учун чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.
Бунинг учун ДМ ҳисобидаги хўжаликлараро каналлар 32.0 км суғориш тармоқларини тозалаш, 13 та гидротехник иншоотлар 20 та гидропостларни таъмирлаш режалаштирилиб, бугунги кунга қадар 4.5 км суғориш тармоқларини тозаланган, 3 та гидротехник иншоотлари ҳамда 6 та гидропостлар таъмирланган.
2025-2026 йил куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни кафолатли сув билан таъминлаш мақсадида насос станциялари тизимидаги насос агрегатлари ва вертикал қудуқларни таъмирлаш тиклаш ишлари ҳам режа асосида ташкил этилган.
Жумладан, насос станциялари ва энергетика бошқармаси маблағлари ҳисобидан 2 та суғориш насос агрегатларини таъмирлаш ишлари белгиланиб, бугунги кунда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Шунингдек, жорий йилнинг февраль-май ойлари давомида ДМлар ва фермер хўжаликларининг маблағлари ҳисобидан суғориш тармоқлари ва гидротехника иншоотларини таъмирлаш-тиклаш ҳамда сув олиш жойларини сувни бошқариш воситалари билан жиҳозлаш ишларининг кўрсаткичлари тасдиқланган.
Ушбуга кўра, ички суғориш тармоқлари жами 90.0 км узунликда қўл кучи ёрдамида тозалаш ишлари белгиланиб, шундан 11.7 км тозаланган. 41.0 км узунликда меҳанизм ёрдамида тозалаш ишлари белгиланиб, шундан 3.9 км тозаланди, 25 та гидротехник иншоотлар таъмирлаш ишлари белгиданган бўлиб, шундан 3 донасида таъмирлаш ишлари бажарилган.
Фермер хўжаликларининг 21 та сув олиш жойларини сувни бошқариш воситалари (сув олиш қулоқлари) билан жиҳозлаш 3 та гидротехник иншоотларни таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Туманда сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида сувни тежайдиган суғориш технологияларидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш асосий мақсад қилиб олинган.
Жумладан, мазкур қарор билан туманда 2025 йилда 217,9 гектар майдонда томчилатиб хамда 31.6 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиялари билан суғоришни ташкил қилинган.
Бугунги кунга қадар юқоридаги технологияларни жорий этиш бўйича фермер хўжаликлари номма-ном аниқланган, улар томонидан амалга ошириладиган лойиҳалари ва талаб этиладиган маблағлар манбалари ҳисоб-китоб қилиб чиқилган.
Шунингдек, 2026 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида суғориш ишларини тартибга солиш, суғоришни навбат усулида ташкил қилиш ҳамда ариқларни тозалаш ва фермер хўжаликларининг сув олиш қулоқларини сувни ростловчи иншоот ва гидропостлар билан жиҳозлаш тадбирлари орқали ҳам сув исрофгарчилигини камайтириш каби ишлар мутасадди раҳбар ва мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6- ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.
2. Ушбу қарор 7-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ирригасия тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳар йили 1 апрелга қадар вегетасия даври учун ва 1-октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Хўжаобод туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори М.Хасановнинг 2025 йил 19-сентябрдаги «Ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқилган якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 01/01-122-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
4. Белгилансинки:
Хўжаобод туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасасининг 2025-2026 новегетасия даврида иқтисодиёт тармоқларига ажратилган чекланган сув миқдори 1-иловага мувофиқ;
2025-2026 йилларнинг кузги-қишки мавсумида сув манбаларидан олинадиган чекланган сув миқдори 2-иловага мувофиқ;
Хўжаобод туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасасининг 2025-2026 новегетасия даври учун манбалар бўйича чекланган сув лимитининг тақсимоти 3-иловага мувофиқ;
Хўжаобод туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси «Андижонсой» каналини 2025-2026 новегетасия даври учун чекланган сув миқдори 4-иловага мувофиқ;
Хўжаобод туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси «Шахрихонсой» каналини 2025-2026 новегетасия даври учун чекланган сув миқдори 5-иловага мувофиқ;
Хўжаобод туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси «Савай» каналини 2025-2026 новегетасия даври учун чекланган сув миқдори 6-иловага мувофиқ;
Хўжаобод туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси «Оқбўрасой» каналини 2025-2026 новегетасия даври учун чекланган сув миқдори 7-иловага мувофиқ;
Хўжаобод туман сув истеъмолчиларига 2025-2026 носуғориш мавсуми учун ажратилган чекланган сув миқдори 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Туман ҳокимлиги манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда суғориш тармоқларини хатловдан ўтказиш ҳамда уларнинг тегишлилиги бўйича балансга берилиши ва кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши чораларини кўрсин.
6. Хўжаобод тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси раҳбари М.Хасанов:
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
туман ҳудудида сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
амалга оширилган ишлар юзасидан туман Кенгашига ҳар ярим йилликда ҳисобот бериш вазифалари юклатилсин.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Хўжаобод тумани Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Х.Ахмедов зиммасига юклатилсин.
8. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси БОЗОРБОЕВ ЖАМШИД РАФИҚЖОН ЎҒЛИ
Андижон вилояти, Хўжаобод тумани,
2025 йил 14 октябрь,
VII-9-78-1-27-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.