ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Вилоят ҳудудидаги Д 047 автомобиль йўлида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида тезликни камайтириш йўл белгиси ўрнатиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 январдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги 900-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-98-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2025 йил 9 июль куни ўтказилган «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш ва тирбандликни камайтириш чора-тадбирлари» юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 2025 йил 23 июлдаги 10/13-1609-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вилоят ҳудудида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида йўл белгиси ўрнатиш бўйича тегишли мутахассислар ва халқ депутатлари Шароф Рашидов тумани Кенгаши депутатлари томонидан жойида батафсил ўрганилганлиги ҳисобга олинсин.
3. Вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани «Янгиҳаёт» ва «Нурафшон», Жиззах шаҳар «Бунёдкор» МФЙ ҳудудларидан ўтувчи давлат аҳамиятига эга бўлган Д 047 автомобиль йўлининг 7-22-км.лар оралиғида автомототранспорт воситалари ҳаракатланишининг тезлигини 100 км/соат тезликдан 70 км/соат тезликка тушириш (тегишли йўл белгилари ўрнатиш)га рухсат берилсин.
4. Жиззах вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси бошлиғи (М.Мамадалиев)га:
- масалага масъул бўлган ташкилотлар билан биргаликда ушбу қарорга асосан тегишли йўл белгиларини ўрнатиш ва ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш;
- доимий равишда туман (шаҳар) марказларидаги йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар, йўл чизиқларини чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилаш, йўл ҳаракати воситаларини тартибга солиш ва мазкур қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашига жорий йил 24-октябрга қадар маълумот тақдим этиш вазифаси юклансин.
5. Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасини жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (А.Сайдахматов)га:
- йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот - ташвиқот ишларини кучайтириш;
- йўл транспорт ҳодисалари содир этилаётган нуқталарда транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш бўйича зарурий чораларни кўриб бориш вазифалари юклатилсин.
6. Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати (А.Биноқулов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Жиззах вилоят телерадиоканали Давлат муассасаси директори Э.Шермонов, «Жиззах ҳақиқати» - «Джизакская правда» газетаси Б.Назаровларга юқорида қайд этилган ҳудудда йўл белгилари ўрнатилгани тўғрисида маълумотни оммавий ахборот воситаларида ва интернет тармоқларида кенг ёритиб бориш вазифаси топширилсин.
7. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Ф.Одилов зиммасига юклансин.
Сессия раиси ХАЛМАТОВ ЭРКИН ИРГАШЕВИЧ
Жиззах вилояти, Бошка,
2025 йил 26 сентябрь,
VII-15-235-3-0-K/25-сон