ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси» балансида бўлган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини белгилаш ҳақида
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2025 йил 23 июндаги ПФ–98-сон Фармони 3-бандида мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ташаббускорлигини янада ошириш мақсадида, давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини белгилаш ваколати Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига берилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1011-сонли Қонуни 8-иловаси билан 2025 йил учун мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари белгиланган бўлиб, унга кўра умумий майдоннинг 1 кв. метри учун ойлик ижара тўлови ставкаларининг энг кам миқдорлари нотурар жой учун Нукус шаҳри ва вилоят маркази бўлган шаҳарларга 26 500 сўм этиб белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг мазкур Қонуни 12-моддасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари ушбу Қонун 8-иловасининг 1-бандида белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларига нисбатан туманлар ва шаҳарлар кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланиши даражасига қараб 2,0 гача оширувчи коэффисиентни жорий этишга ҳақлилиги белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги 2025 йил 23 июлдаги 01/26-18/652 – сонли кўрсатма хати орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги ПФ-98-сон Фармонига асосан бундан буён давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ҳудуднинг жойлашуви (вилоят марказлари, йирик шаҳарлар ва олис ҳудудлар), жозибадорлиги ва бозор конъюнктураси ҳамда инфратузилма билан таъминланганлигини инобатга олган ҳолда таҳлиллар асосида ижара тўловининг энг кам ставкаларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари белгилашлари, жумладан амалдаги ставкаларни қайта кўриб чиқишлари мақсадга мувофиқлигини маълум қилган.
Шунга кўра, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси» (кейинги матнларда - Дирекция) 2025 йил 11 августдаги 300-сонли хат билан халқ депутатлари вилоят Кенгашига мурожаат қилиб, Дирекция балансида бўлган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини белгилаш масаласини кориб чиқишни сўраган.
Хусусан, бугунги кунда Дирекция балансида вилоятнинг 6 та ҳудудида яъни Фарғона шаҳар, «Шодиёна» МФЙ «Машинасозлар» КСЗда 83 366 кв. м, «Кўприкхўжалиги» КСЗда 200 кв.м, Марғилон шаҳар «Наврўз» МФЙ «Наврўз» КСЗда 8 499,9 кв.м, «Надирмат» КСЗда 17 791,8 кв.м, Қувасой шахар «Полмон» МФЙ «Қувасой чинниси» КСЗда 46 078,0 кв.м, Данғара тумани «Навбахор» МФЙ «Сувиншооттаъмир» КСЗда 9 795,0 кв.м, Қува тумани «Турк» МФЙ «Турк» КСЗда 788,0 кв.м, Фурқат тумани «Беш эчки» МФЙ «Истиқлол» КСЗда 9 774,0 кв.м жами 176 294 кв.м бинолар мавжуд бўлиб, 1 кв. метр бино учун ижара ставкалари 2022 йилда 10 400 сўм, 2023 йилда 11 900 сўм ҳамда 2024 йилда 13 700 сўм белгиланган.
Дирекция ва манфаатдор ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни 8-иловаси талабларидан келиб чиқиб, Дирекция балансида мавжуд бўлган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун 2025 йил учун ижара тўловининг энг кам ставкалари қайта кўриб чиқилган ҳамда белгиланиши лозим бўлган (таклиф этиладиган) ижара ставкаси миқдори вилоят ҳокимлиги билан келишилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-1011-сонли Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги ПФ-98-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари вилоят кенгаши қарор қилади:
2. Дирекциянинг 2025 йил 11 августдаги 300-сонли хати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2025 йил 23 июлдаги 01/26-18/652 – сонли кўрсатма хати инобатга олинсин.
3. Мазкур масала халқ депутатлари вилоят Кенгашининг «Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича» доимий комиссияси томонидан ўрганиб чиқилганлиги ва доимий комиссия мажлисида муҳокама қилиниб, вилоят Кенгаши сессияси кун тартибига киритиш тўгрисидаги қарори асос учун қабул қилинсин.
4. Дирекция балансида мавжуд бўлган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун 2025 йил учун ижара тўловининг энг кам ставкалари (кейинги матнларда - ижара ставкалари) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгиласинки, мазкур ижара ставкалари фақатгина 2025 йил учун Дирекция балансида мавжуд бўлган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун қўлланилади.
6. Дирекция (Х.Хабибидинов), Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси (Қ.Хусанов), Солиқ бошқармаси (М.Маматхонов) ҳамда тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда қўлланилиши белгиланган ижара ставкалари, уни шакллантириш тартиби ва қўлланилиши юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишларини (тадбирларини) олиб борсин.
7. Дирекция (Х.Хабибидинов):
Дирекция балансида бўлган давлат мулкини ижарага беришни ташкил этиш ва ижарага бериш;
ижарага берилган давлат мулкини ва уни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва мониторингини олиб бориш;
ижарага бериладиган давлат мулки бўйича маълумотлар базасини шакллантириш;
ижара объектларидан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини, шунингдек ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш ва назорат қилиш;
давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли маълумотлар (хулосалар) расмийлаштириш ва ваколатли органларга юбориш;
фойдаланилмаётган давлат мулки ижарага берилиши тўғрисидаги эълонларни ва ижарага берилаётган давлат мулклари рўйхатларини даврий нашрларда ҳамда вилоят ҳокимлигининг, Дирекция ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасининг веб-сайтларида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойлаштирилишини таъминлаш тавсия этилсин.
8. Вилоят ҳокимининг оринбосарлари М.Убайдуллаев ва Н.Мамажоновларга Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси (Қ.Хусанов) ҳамда Солиқ бошқармаси (М.Маматхонов) билан биргаликда Дирекция томонидан ижара ставкаларини белгиланган тартибда қўллаб борилишини мониторинг қилиб бориш тавсия этилсин.
9. Дирекция (Х.Хабибидинов) давлат мулкини ижарага беришда:
давлат мулкини ижарага бериш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда ижара шартномаси амал қиладиган муддат мобайнида ижарага олувчи томонидан зиммасига олинган мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилишини назорат қилиб боради.
юридик шахслар, жумладан, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга ижарага бериладиган давлат мулклари ҳақида зарур маълумотлар (ижарага бериладиган давлат мулкларининг параметрлари, коммуникациялар билан таъминланганлиги, фотосурати, давлат мулкидан фойдаланиш мақсади, ижара муддати ва ижарага бериш шартлари) бериб бориш ҳамда зарур амалий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб бориш;
ижарага бериладиган давлат мулклари тарғиботини амалга оширади.
10. Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати (М.Сулаймонов), Дирекция билан биргаликда вилоят телерадиокомпанияси ҳамда вилоятдаги бошқа оммавий ахборот воситаларида, ҳокимлик муассислигидаги газеталарда қўлланилиши белгиланган ижара ставкаларини эълон қилиниши ҳамда ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилишини ташкил этсин.
11. Ушбу қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
12. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг «Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича» доимий комиссияси (Р.Камолов) ҳамда вилоят ҳокиминиг ўринбосарлари М.Убайдуллаев ва Н.Мамажоновлар зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси КОМИЛОВ ХОЛМАТЖОН АДИЛОВИЧ
Фарғона вилояти,
2025 йил 16 сентябрь,
VII-13-129-11-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.