ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ҚУВА ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 июлдаги 478-сон қарори ҳамда Вилоят ҳокимининг 2025 йил 12 август кунги қарор ижросини таъминлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларига туташ ҳудудлардан мавсумий фойдаланишни ташкил этишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 478-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларига туташ ҳудудлардан мавсумий фойдаланишни ташкил этишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 478-сон қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан:
2025 йил 1-октябрдан бошлаб умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ўзига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ бўлган, давлат органлари ва ташкилотларига доимий фойдаланишга берилган аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкаларидан (соғлиқни сақлаш, таълим ва мактабгача таълим ташкилотларига тегишли ер участкалари бундан мустасно) мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини (кейинги ўринларда - тижорат фаолияти) амалга ошириш учун ҳақ эвазига ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш тизими амалиётга жорий этилганлиги;
умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ ҳудудлардан тижорат мақсадларида мавсумий фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 июлдаги 478-сон қарори иловасига мувофиқ тасдиқланганлиги;
Мазкур қарор билан ўрнатилаётган тартибга кўра:
а) 2025 йил 1-октябрдан бошлаб, ҳар йили 1 январга қадар туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, кадастр, солиқ идоралари таклифлари асосида, туман (шаҳар) ҳокимларининг қарори билан келгуси йил учун туман (шаҳар) ҳудудидаги аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкаларида тижорат фаолияти объектларини жойлаштириш схемаси тасдиқланади;
б) 2026 йил 1 февралга қадар вилоятлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган режа-графикка асосан қуйидаги органлар томонидан ўз ҳисобидан (ёки мазкур қарорга асосан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги органларига тушадиган маблағлар ҳисобидан кейинчалик тўлаб бериш шарти билан) тижорат фаолияти объектларини кўча ва биноларга мос архитектура қиёфасида ҳамда аҳоли учун қулай ва хавфсиз қилиб лойиҳалаштиришга доир ягона талаб ва тавсиялар («дизайн-код») ишлаб чиқилиб, тасдиқланади:
ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари томонидан - вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарлар учун;
туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари томонидан - бошқа аҳоли пунктлари учун;
в) кўчалар номи кўрсатилган ҳолда тижорат фаолияти объектларини жойлаштириш схемаси ҳамда «дизайн-код»лари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги органларининг расмий веб-саҳифаларига жойлаштирилади;
г) тадбиркорларнинг мурожаатларига мувофиқ тижорат фаолияти объектларини жойлаштириш схемаларига туман (шаҳар) ҳокимлари қарорлари билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин;
д) ижара шартномалари доимий фойдаланишга берилган ер участкасини тадбиркорлик субъектига тижорат фаолиятини амалга ошириш учун ҳақ эвазига ижара ҳуқуқида фойдаланишга берувчи давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда — ижарага берувчи) ҳамда ўзига туташ ҳудудда тижорат фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган тадбиркорлик субъекти (кейинги ўринларда — ижарага олувчи) ўртасида Солиқ қўмитасининг ижара шартномаларини ҳисобга олиш электрон тизими орқали расмийлаштирилади;
е) тижорат фаолиятини амалга ошириш мўлжалланган ер участкаси ажратилмаган ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлиги захирасида бўлса, ушбу ер участкаси унда жойлашган объектларни (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар ва бошқалар) вилоятлар ҳокимликлари қарори асосида давлат органлари ва ташкилотларига жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
ж) ижара шартномасига асосан ижарага берувчи ижарага олувчига тегишли ҳудудга туташ бўлган ёки ундан 5 метрдан кўп бўлмаган масофадаги бўш майдонларни тижорат фаолиятини амалга ошириш учун аукцион савдоларисиз тўғридан-тўғри ижарага беради. Бунда ижарага бериладиган майдоннинг ён чегаралари умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объекти биносининг ёки унга ажратилган ер участкасининг бошланиш ва тугаш нуқтасидан бинодан (ер участкасидан) чиқиш йўналишидаги тўғри чизиқ бўйича аниқланади;
з) қоида тариқасида, ижара шартномаси бир календар йил учун (келгуси йилларда мазкур қарорда белгиланган тартибда узайтириш ҳуқуқи билан) тузилади;
и) тижорат фаолияти учун ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишга берилган ер участкаларининг ҳар бир квадрат метри учун шартнома муддатидан қатъи назар, ер солиғи ставкасининг уч бараваригача миқдорида ижара тўлови тўланади, бунда асос қилиб олинадиган ер солиғи суммаси Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган оширувчи ва камайтирувчи коэффициентлари қўлланган ва солиқ имтиёзлари қўлланмаган ҳолда ҳисобланади;
к) ижара тўлови ҳар йилги ер солиғини тўлаш учун белгиланган муддатларда Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади, тушган тўловлар қуйидагича тақсимланади:
35 фоизи — ижарага берувчининг банк ҳисобварағига;
10 фоизи — ҳудудий солиқ бошқармасининг банкҳисобварағига;
10 фоизи — Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаларининг банк ҳисобварағига;
10 фоизи — Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасининг банк ҳисобварағига;
0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;
қолган маблағлар — туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига.
Қарор билан қуйдагилар белгиланганлиги:
а) ушбу қарорга асосан ер участкаларини тижорат фаолияти учун ижарага бериш ер участкаларини ажратиш (реализация қилиш) ҳисобланмайди, ер участкасида бино ва иншоотларни қуриш ёки кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳуқуқини бермайди;
б) ижарага берилган ер участкасидан бошқа мақсадларда фойдаланиш зарурати юзага келганда, ижарага берувчи ижара шартномасини бир томонлама бекор қилишга ҳақли, бунда ижарага олувчи бу тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирилган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда ер участкасини бўшатиши ва унинг устидаги ҳар қандай объектини кўчириши (бузиб олиши) лозим;
в) ижарага олувчи ушбу банднинг «б» кичик бандида белгиланган муддатда объектини кўчириш (бузиш) чораларини кўрмаган тақдирда, объектни бузиш ижарага берувчи томонидан амалга оширилади, бунда объектни бузиш билан боғлиқ харажатлар ижарага олувчидан суд орқали регресс тартибида ундирилади;
г) ижара шартномаси тарафлари шартноманинг амал қилиш муддати тугаш санасига қадар уни бекор қилиш юзасидан сабаблар мавжуд бўлмаган тақдирда, шартноманинг амал қилиш муддатини кейинги бир йиллик муддатга Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ узайтириш ҳуқуқига эга ҳисобланади;
д) ижарага олувчи томонидан ижара тўлови ўз вақтида тўланмаган, шартнома мажбуриятлари қўпол равишда бузилган ҳолатларда ижарага берувчи ижара шартномасини белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўради;
е) мавжуд ва янги барпо этиладиган гастрономик ва туризм кўчаларида мулк эгаларига тегишли бино ва иншоотларга туташ ҳудудлардан ҳамда умумий фойдаланишдаги ер участкаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш тартиби халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари қарори билан тасдиқланади.
Бунда:
ер участкаларидан фойдаланганлик учун бозор тамойиллари асосида нарх белгилаш ва йиллик ижара ҳақини ҳар ойда тенг улушларда тўлаб бориш талабини назарда тутиш;
ҳудудларнинг намунали сақланишини таъминлаш мақсадида ижара тўловларининг тақсимотини белгилаш;
гастрономик ва туризм кўчаларида мавсумий талабларни ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш ҳамда санитария жиҳатдан тозалаш ишларини (супуриш, сув сепиш, чанг ва қордан тозалаш ва бошқалар) ташкил этиш учун эксплуатация тўловларини белгилаш ҳамда зарур ҳолларда уни ижара тўловларига қўшган ҳолда ундириш;
гастрономик ва туризм кўчаларида ҳар хил турдаги кўнгилочар тадбирларни ўтказиш учун бир марталик тўлов миқдорини ва уларни ўтказиш тартибини белгилаш инобатга олинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳар чорак якуни билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 64-моддасига мувофиқ аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларини, шу жумладан, тижорат фаолияти учун ижарага бериш мумкин бўлган ҳудудларни сақловчи ташкилотларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш бўйича ишлар ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб бориши;
Бунда ижарага берувчиларга ер участкаларини ўзларига жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш бўйича харажатларни мазкур қарорга асосан тушган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан бир йил ичида бўлиб тўлашга рухсат берилганлиги;
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги 485-сон қарори билан тасдиқланган Умумий овқатланиш ташкилотлари мавсумий кафеларининг ишлаш тартиби тўғрисидаги низом 2025 йил 1-октябрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисобланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Закиров, Солиқ бўлими (Ахунов), Кадастр агентлиги ҳудудий бўлими (Қурбонов), Қурилиш ва уй- жой коммунал хўжалиги бўлими (Низомидинов), ҳамда Ички ишлар бўлими (Рахмонов) билан биргаликда ўзига тегишли бўлмаган ер участкасида норасмий тарзда тижорат фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларининг рўйхатини ва улар тўғрисидаги маълумотларни (жойлашган жойи, фаолият тури, эгалланган ер майдони) қуйидаги босқичларда хатловдан ўтказсин:
биринчи босқич — барча туман (шаҳар)лардаги марказий кўчаларда 2025 йил 1-сентябрга қадар;
иккинчи босқич — қолган кўчаларда 2025 йил 1-октябрга қадар.
Кадастр агентлиги ҳудудий бўлими (Қурбонов), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими (Низомидинов) манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда 2025 йил 1-октябрдан бошлаб хатлов натижасида аниқланган объектларнинг мазкур қарорда белгиланган тартибда қонуний фаолият юритиши ёки ҳудуднинг бўшатилишини таъминлаб борсин.
Бунда жойлаштириш схемасига мувофиқ бўлган тижорат фаолияти объектлари «дизайн-код»га асосан лойиҳалар тасдиқлангунга қадар ушбу бандга кўра фаолияти қонунийлаштирилиб, ижара шартномаси тузилган объектларда тадбиркорлар томонидан ҳар қандай қўшимча қурилишлар, майдон, фасад ва мавжуд енгил конструкцияларнинг конструктив элементларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди, шундай ишлар амалга оширилган тақдирда, туташ майдонда жойлашган объектлар белгиланган тартибда бузилади ҳамда янги шартнома тузилмайди.
4. Туман ҳокимининг ўринбосарлари Ж.Закиров ва М.Акбаров, Кадастр агентлиги ҳудудий бўлими (Қурбонов), Солиқ бўлими (Ахунов), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими (Низомидинов), билан биргаликда ҳар чорак якуни билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 64-моддасига мувофиқ аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларини, шу жумладан, тижорат фаолияти учун ижарага бериш мумкин бўлган ҳудудларни сақловчи ташкилотларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш бўйича ишлар ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.
5. Ижарага олувчининг зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади: вақтинчалик объектларни (қурилмаларни) тегишли ҳудуд учун белгиланган тартибда тасдиқланган «дизайн-код»га мувофиқ ўрнатиш (мослаштириш);
тегишли ер участкасида капитал қурилмалар (бино ва иншоотлар) қурмаслик;
муҳандислик-коммуникация тармоқлари муҳофаза зоналарига қўйилган талабларга қатъий риоя этиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига зарар етказмаслик;
ижарага берилган ер участкаси аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкалари таркибига киришини инобатга олиб, ушбу ерлардан биринчи навбатда асосий фойдаланиш мақсадига кўра зарур шароит яратиш, шу жумладан, пиёдалар йўлакларида ҳаракатланиш учун ноқулайликлар яратмаслик, шунингдек, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари эркин ҳаракатланиши ва бошқа объектлар фаолиятига тўсқинлик қилмаслик;
тегишлича чакана савдо қоидалари ва умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ҳамда сотиш қоидаларида назарда тутилган талабларга риоя қилиш.
6. Туман ҳокимининг ўринбосари М.Акбаров, Кадастр агентлиги ҳудудий бўлими (Қурбонов) манфаатдор бошқарма ва ташкилотлар билан биргаликда туташ ҳудудлардаги ер участкаларида объектлар қурилиши (ўрнатилиши) жараёнида қонунчиликка мувофиқ ер, кадастр ва қурилиш назоратини таъминласин.
7. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб туман ҳокимининг ўринбосарлари Ж.Закиров ва М.Акбаров этиб белгилансин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Туман ҳокими Х. УМАРОВ
Фарғона вилояти, Қува тумани,
2025 йил 28 август,
234-11-156-Q/25-сон