АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ХЎЖАОБОД ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
2026 йилги чақирув мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, чақирилувчиларни танлаб олиш тадбирларини ташкил этиш тўғрисида
«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4630-сонли қарорига асосан, 2026 йилги чақирув мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда муддатли ҳарбий ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилаётган фуқароларни ҳар томонлама ўрганиш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш, муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини янада такомиллаштириш, чақирилувчиларни танлаб олишда шаффофлик, ошкоралик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июлдаги 413-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 211-моддаларига асосан, қарор қиламан:
1. Андижон вилояти ҳокиминг 2025 йил 31 июль кунги 293-1-0-Q/25-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июлдаги 413-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин. чақирилувчиларни танлаб олиш тадбирларининг схемаси 1-иловага; чақирилувчиларнинг ҳарбий хизматни ўташга тайёрлигини баҳолаш бўйича танлов кенгаши таркиби 2-иловага; чақирилувчини ўрганиш варағи 3-иловага, 2025-2026 йилда чақирув мавсумида сафарбарлик чақируви резерви хизматига чақирилиши лозим бўлган чақирилувчиларни саралаб олиш режаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда маҳаллалар уюшмаси туман бўлими вакиллари томонидан чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, улар билан якка тартибда суҳбат ўтказиш бўйича танлов кенгаши фаолиятини тўлақонли ташкил этилишида амалий ёрдам кўрсатилсин.
4. Туман ҳокимининг ўринбосари Р. Эгамбердиев раҳбарлигида, туман маҳаллалар уюшмаси бўлими (А. Мадрахимов), туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими (Н. Мирзакаримова) ҳамда туман Ёшлар ишлари бўлими (М. Абдумутолибов) билан биргаликда, чақирилувчиларнинг танлаб олишда норози бўлган чақирилувчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун апелляция комиссияси ташкил этилсин.
5. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (С. Саидалиев), туман «Ҳақиқат» газетаси таҳририяти (Т. Шерматов)ларга жорий йилнинг август ойидан бошлаб ҳар ойда туманда ўтказиладиган танлов тадбирларини оммавий ахборот воситалари, газета, интернет сайтлари ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Туман ҳокимининг ўринбосари Р. Эгамбердиев, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Ш.Саматов, тегишли мутасадди ташкилот ва муассасалар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июлдаги 413-сонли қарори билан тасдиқланган «Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида»ги Низом талаблари асосида иш ташкил этсин.
7. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Р. Эгамбердиев зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими Ж. БОЗОРБОЕВ
Андижон вилояти, Хўжаобод тумани,
2025 йил 5 август,
110-1-27-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.