ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ НАВОИЙ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Маҳаллалар фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан вилоятидаги маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ҳамда ўзгартириш киритиш масалалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 мартдаги «Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 48-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 майдаги «Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 294-сонли қарори талаблари асосида, вилоят ҳокимининг 2025 йил 20 мартдаги 01-02/171-сонли вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш масалалари бўйича идоралараро доимий комиссиясининг баённомаси, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий вилояти бошқармасининг 2025 йил 20 мартдаги 01/03/268-сонли хати, вилоят ҳокимининг 2025 йил 19 июндаги вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш масалалари бўйича идоралараро доимий комиссиясининг хулосаси ҳамда билдирилган таклиф, фикр-мулоҳазаларни инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 162- ва 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари вилоят Кенгаши, қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 майдаги «Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 294-сонли Қарори маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш масалалари бўйича идоралараро доимий комиссиянинг хулосаси билан берилган манзилли таклифлар иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг вилояти бошқармаси «Маҳалла еттилиги»нинг вилоят бошқарма бошлиқлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда:
Навоий вилоятидаги айрим маҳаллалар бирлаштирилишининг мазмун моҳияти тўғрисида аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш; бирлаштирилаётган маҳаллаларни номлашда аҳолининг фикрини иноботга олган ҳолда ўрнатилган тартиб бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш;
маҳаллаларни бирлаштириш ҳисобига бўшаётган маҳалла фуқаролар йиғини балансидаги биноларидан самарали фойдаланиш чораларни кўриш;
бунда, бўшаётган биноларда аҳоли учун гузарлар, кутубхоналар ва бошқа маданий масканлар фаолиятини йўлга қўйиш;
маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига фойда келтириш мақсадида бинони ҳудудий тадбиркорларга ижарага бериш ва иш ўринларини яратиш;
маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда фуқароларни рўйхатга олиш билан боғлиқ масалаларда ҳамкорлик қилиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг вилояти бошқармаси, вилоят Адлия бошқармаси, вилоят Давлат солиқ бошқармаси, туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда:
Маҳалла бошқармаси, туман (шаҳар) бўлимлари қошида вилоят Адлия ва Давлат солиқ бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимларидан масъул бириктирилган ҳолда маҳаллаларни тугатиш комиссияларини тузиш;
комиссия томонидан белгиланган тартибда ихчамлаштирилаётган (бирлашаётган) маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳужжатларини расмийлаштириш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг вилояти бошқармаси, «Ўзархив» агентлигининг вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси, туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда:
Ихчамлаштирилаётган маҳалла фуқаролар йиғинларининг тегишли ҳужжатларини Архивга қабул қилиш чораларини кўриш;
шунингдек, ихчамлаштирилаётган маҳалла фуқаролар йиғинларининг муҳр ва штампларни ички ишлар бўлимлари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирсин.
6. Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси, Давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси:
бирлаштирилган маҳаллалар чегараларини акс эттирган ва тавсифлаган ҳолда, уларни бирлаштириш бўйича хариталарини чизиш ҳамда фуқароларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш;
ихчамлаштирилаётган маҳалла фуқаролар йиғини иншоотларни бирлаштирилган маҳалла фуқаролар йиғинларига балансига бериш чораларини кўрсин.
7. Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармасининг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан келишилиб тасдиқланган, ҳар бир маҳалланинг чегараларини қайтадан кўриб чиқиб, якуний чегараларни белгилаш ҳамда қонунчиликка мувофиқ халқ депутатлари вилоят Кенгашига тасдиқлаш учун киритсин.
8. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг вилояти бошқармаси, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси, вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят Давлат солиқ бошқармаси, Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси, туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда:
ихчамлаштирилаётган маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳодимларига белгиланган тартибда огоҳлантириш хатларини бериш, шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ компенсация пулларини ажратиш;
ихчамлаштирилгандан сўнг маҳалла ҳодимларини бирлаштирилган маҳаллага белгиланган тартибда танлов асосида ишга қабул қилиш ва қолган ҳодимларини эса бандлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
9. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш масалалари бўйича идоралараро доимий комиссиясига:
Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш, тугатиш ва уларнинг чегараларини белгилаш ҳамда бир-бирига қўшилиб кетаётган маҳалланинг бирини номини сақлаб қолиниши ёки янги ном берилишида маҳалла аҳолисининг таклифлари инобатга олинсин.
Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш, тугатиш ва уларнинг чегараларини белгилаш жараёнида маҳалла аҳолиси томонидан келиб чиқадиган низоли масалаларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш вазифаси юклатилсин.
10. Вилоят ҳокимининг матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ушбу қарорни матбуотда эълон қилсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш тавсия этилсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Р.Сулаймонов, Ж.Ходжаев) ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (Н.Исоқов) зиммаларига юклатилсин.
Кенгаш раиси АЛИЕВ ҒОФИР ҚУВАТОВИЧ
Навоий вилояти,
2025 йил 9 июль,
VII-14-83-5-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.