ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ФОРИШ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5850 сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги 295 сонли, 2020 йил 20 январдаги «Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 34 сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги кадастр агентлиги, Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш эксперт комиссияси томонидан, тумандаги 25 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 765 та географик объектни номлаш ва қайта номлаш бўйича таклифлардан 236 та географик объектга таклиф этилган ном Ўзбекистон Республаикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ деб топилиб, белгиланган экспертиза хулосаси тасдиқланган. Фориш туманида амалга оширилиши керак бўлган ишлар тўғрисидаги туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Эгамованинг ахборотини атрофлича муҳокама қилиб, халқ депутатлари Фориш туман Кенгаши қарор қилади:
1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги кадастр агентлиги, Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш эксперт комиссиясининг 2025 йил 5 майдаги 05-19-7118 сонли Экспертиза хулосаси ҳамда туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Эгамованинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Фориш тумани географик объектларига бериладиган номлар ва уларни қайта номлаш таклифлари иловага мувофиқ маъқуллансин.
3. Туман ички ишлар бўлими (Қ.Назаров) туман маҳаллаларидаги номланган ва қайта номланган кўчаларга аҳолини рўйхатга қўйиш ва тегишли йўл белгиларига ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ ташкилий ишларни амалга оширсин.
4. Давлат кадастрлар палатаси Фориш тумани филиали (Ф.Тўйчиев), туман стасистика бўлими (Т.Қўнаров)ларга:
туманда янги номланган ва номи ўзгарган географик объектларни туман харитасига жойлаштириш, шунингдек, тегишлича туман стастистика маълумотларига ўзгартиришлар киритсин.
5. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати, «Фориш тонги» газетаси таҳририяти (Р.Каримов)лар туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Эгамова билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги ҳамда «Давлат тили тўғрисида»ги Қонунлари талаблари асосида ушбу олиб борилган ишларни туман маҳаллий оммавий ахборот воситаси ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (Б.Ғозиев) ҳамда туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Эгамовалар зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси МАТИЕВ ИКРОМ СИНДАРОВИЧ
Жиззах вилояти, Фориш тумани,
2025 йил 19 июнь,
VII-8-68-3-53-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.