ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларни чегараларини белгилаш ва ўзгартириш масалаларини кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияси»нинг вилоятдаги мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинларини оптималлаштириш бўйича хулосасини кўриб чиқиш ҳақида
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 майдаги 294 сонли қарори билан, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасига Кадастр агентлиги билан биргаликда республикадаги барча маҳаллаларни хатловдан ўтказиш, уларнинг аниқ чегараларини белгилаш, бунда ҳар бир маҳалланинг чегараси бир аҳоли пункти (шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул) доирасида бўлишини таъминлаш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мавжуд маҳаллалар фаолияти ташкилий ва молиявий жиҳатдан тўғри йўлга қўйилганлиги, бошқарув жиҳатидан ўзини оқлаши юзасидан ўрганишларни олиб бориш ҳамда ушбу талабларга жавоб бермайдиган маҳаллаларни бирлаштириш ва ихчамлаштириш чораларини кўриш тавсия этилган.
Шунга кўра, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларни чегарларини белгилаш ва ўзгартириш масалаларини кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияси (кейинги мантларда - Идоралараро доимий комиссияси)нинг ишчи органи-Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси 2025 йил 19 майдаги 02-09/01-05/359 сонли алоқа хати орқали вилоят Кенгашига мурожаат қилиниб, бу борада амалга оширилган ишлар маълум қилинган.
Унда, вилоятдаги мавжуд 1062 та маҳаллалар хатловдан ўтказилиб, уларнинг аниқ чегаралари, фаолияти ташкилий ва молиявий жиҳатдан тўғри йўлга қўйилганлиги ҳамда бошқарув жиҳатидан ўзини оқлаши юзасидан таҳлиллар олиб борилган.
Ўрганиш ва таҳлиллар натижасида айрим маҳаллаларни бирлаштириш ва ихчамлаштириш юзасидан дастлабки таклифлар ишлаб чиқилб, тегишлилиги бўйича маҳалла фуқаролар йиғини ва унинг ҳузурида ташкил этилган фуқаролар йиғинлари кенгашларига тақдим этилган.
Мазкур таклифларни маъқуллаш юзасидан маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимликларига киритилган илтимосномалар ҳокимликлар томонидан кўриб чиқилиб, Идоралараро комиссияга тегишли алоқа хатлари орқали таклифлар киритилган.
Жумладан,
Қўқон шаҳридаги «Булоқбоши», «Қипчоқариқ», «Навбахор» «Бунёдкор», «Устабозор», «Истиқлол», «Обод», «Амир Темур», «Зиёлилар» ва «Темирйўлчи»;
Марғилон шаҳридаги «Байналминал», «Иқбол», «Шолдирма», «Узумзор», «Узун ховуз» ва «Янги хаёт»;
Бешариқ туманидаги «Бой», «Бешариқ», «Чорбоғ», «Адолат» ва «Наби»;
Боғдод туманидаги «Пахтаобод», «Саховат» ва «Миришкор»;
Бувайда туманидаги «Жилва» ва «Хонобод»;
Данғара туманидаги «Тангриқул» ва «Қора кўрпа»;
Ёзёвон туманидаги «Тегирмонбоши»;
Қува туманидаги «Дўстлик» ва «Гумхона»;
Қўштепа туманидаги «Бўстон» ва «Мумтоз»;
Олтиариқ туманидаги «Гулистон», «Ўзбекистон» ва «Олтиариқ»;
Риштон туманидаги «Фаровонлик», «Гумбаз» ва «Доруломон»;
Сўх туманидаги «Сохибкор», «Себзор», «Сўх», «Зангат» ва «Истиқлол»;
Ўзбекистон туманидаги «Олмазор» ва «Наймансой»;
Учкўприк туманидаги «Анҳор бўйи»;
Фарғона туманидаги «Янгиобод» ва «Қораянтоқ»;
Фурқат туманидаги «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғинларини қисқартириш яъни бошқа бир маҳаллаларга бирлаштириш (оптималлаштириш) бўйича таклифлар берилган.
Ҳокимликлар томонидан киритилган мазкур таклифлар дастлаб вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан органиб чиқилиб, тегишли ижобий хулоса тасдиқланган.
Шунингдек, мазкур таклифлар Идоралараро комиссия томонидан ҳам кўриб чиқилиб, барча таклифлар маъқулланган ҳолда комиссиянинг 2025 йил 19 майдаги 167/01-49 сонли баёни расмийлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 майдаги 294 сонли қарори билан тасдиқланган «Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисида»ги Низом (кейинги матнларда-Низом)да халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан навбатдаги сессияда Идоралараро комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиши ва маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш ёки ушбу таклифни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши белгиланган. Вилоятда маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, фаолиятини ташкилий ва молиявий жиҳатдан тўғри йўлга қўйиш, уларда самарали бошқарув тизимини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 майдаги «Маҳаллалар фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2014 йил 4 мартдаги 48 сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 294 сонли қарори ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6- ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Вилоятда мавжуд маҳаллалар фаолияти ташкилий ва молиявий жиҳатдан тўғри йўлга қўйилганлиги, бошқарув жиҳатидан ўзини оқлаши юзасидан олиб борилган ўрганиш якунлари ҳамда ушбу талабларга жавоб бермайдиган маҳаллаларни бирлаштириш ва ихчамлаштириш бўйича шакллантирилган таклифлар юзасидан Идоралараро доимий комиссияси ишчи органи - Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи А.Зиявитдиновнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
вилоят ишчи гуруҳининг хулосаси ҳамда Идоралараро доимий комиссиясининг 2025 йил 19 майдаги 167/01-49 сонли баёни (хулосаси);
Идоралараро доимий комиссияси ишчи органи - Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармасининг 2025 йил 19 майдаги 02-09/01-05/359 сонли хати инобатга олинсин.
3. Идоралараро доимий комиссиянинг вилоятдаги фаолияти ташкилий ва молиявий жиҳатдан тўғри ва самарали йўлга қўйилмаган, бошқарув жиҳатидан ўзини оқламаётган айрим маҳаллаларни бирлаштириш ва ихчамлаштириш юзасидан таклифи маъқуллансин ва бу бўйича таҳлилий жадвал иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 майдаги 294 сонли қарори билан тасдиқланган «Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартиришда амалга ошириладиган тадбирлар» схемасига (талабларига) асосан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи А.Зиявитдиновга 1-ва 2- босқичлар, туман (шаҳар) ҳокимларига 3-босқич ҳамда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Р.Мирзахмедовга 4-босқич доирасида ишлар тўлиқ ва сифатли амалга оширилганлиги юзасидан шахсий масъулият ва жавобгарлик юклансин.
5. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси (А.Зиявитдинов) тегишли ҳокимликлар вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда бирлаштириш ва ихчамлаштириш назарда тутилаётган маҳаллаларга борган ҳолда ҳудуд аҳолиси, маҳалла фаоллари ва маҳалла эттилиги вакиллари, шунингдек фуқаролар йиғинлари Кенгашлари аъзолари билан учрашган ҳолда тушунтириш ва тарғибот тадбирларини олиб борсин.
6. Идоралараро доимий комиссияси аъзоларига:
мазкур Кенгаш қарорига асосан маҳаллаларни бошқа бир маҳалларга бирлаштириш (қўшиш) ишларини амалдаги қонунчилик асосида амалга оширсин;
маҳаллаларни бошқа бир маҳаллаларга бирлаштириш (оптималлаштириш) натижасида ихчамлашган (ҳудудий чегараси кенгайган ҳамда аҳоли ва хонадонлар сони ортган) маҳаллаларни ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий жиҳатдан самарали йўлга қўйиш чораларини кўрсин.
7. Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси (Р.Мирахмедов) маҳаллаларнинг чегараларини акс эттирган ва тавсифлаган ҳолда, маҳаллалар ҳудуди чизмасини тайёрласин ҳамда қўшни маҳаллаларнинг фуқаролар йиғинлари билан келишиш ишларини ўз вақтида ва тизимли ташкил этсин.
8. Оптималлашаётган маҳалла фуқаролар йиғинлари (фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари) ҳодимлари ҳамда ушбу маҳаллаларга бириктирилган ҳолда фаолият юритаётган (ишлаётган) «маҳалла эттилиги» ҳодимлари билан якка тартибдаги меҳнат муносабатлари амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларидан четга чиқмаган ҳолда амалга оширилсин.
9. Белгилансинки, мазкур кенгаш қарори ижроси фақатгина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 майдаги 294 сонли қарори билан тасдиқланган «Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартиришда амалга ошириладиган тадбирлар» схемасининг 1-, 2- ва 3-босқичларида амалга оширилиши белгиланган ишлар (тадбирлар) тўлиқ ва сифатли бажарилган маҳаллалар доирасида таъминланади.
10. Тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари алоқадор (манфаатдор) ташкилотлар билан биргаликда оптималлашган маҳалла фуқаролар йиғинларини қайта давлат рўйхатидан ўтказиш ишларини амалдаги тартиб асосида амалга ошириш чораларини кўрсин.
11. Белгилансинки, мазкур Кенгаш қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 мартдаги 48 сонли қарори билан тасдиқланган «Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 17-банди талабларидан келиб чиқиб, маҳаллаларни тугатиш учун асос бўлмайди.
12. Ушбу қарор вилоят ҳамда тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг расмий веб-сайтлари, шунингдек оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин.
13. Мазкур кенгаш қарори ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг «Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича» доимий комиссияси (Ш.Ғаниева) ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш.Полвонов зиммасига юклансин.
14. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси Х. КОМИЛОВ
Фарғона вилояти,
2025 йил 5 июнь,
VII-10-82-11-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.