ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ОҚОЛТИН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Оқолтин тумани бўйича 2025 йил вегетация даврида суғориш ишлари учун ажратилган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш сармарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Ф.Мамадалиевнинг ҳисоботини тинглаб, депутатлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари Оқолтин туман Кенгаши қарор қилади:
1. Оқолтин туманидаги фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа сув истеъмолчиларга 2025 йил вегетация даври учун ажратилган сув лимити ва ҳақиқий олинадиган сув миқдори тўғрисидаги Оқолтин тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Ф.Мамадалиевнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Оқолтин туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Ф.Мамадалиевнинг Оқолтин тумани бўйича 2025 йил вегетация даврида суғориш ишлари учун ажратилган сув лимити тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва 1-2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
3. Оқолтин тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Ф.Мамадалиев:
ажратилган сув олиш лимитлари доирасида ирригация тизими туман сув етказиб бериш хизмати алоҳида аҳамиятга эга бўлган сув объектларининг сув манбалари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳар бир сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчилар кесимида уларнинг сувга бўлган талаблари асосида белгиланган сув олиш чегара лимитларини тасдиқлаб, ҳар бир сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчиларига етказсин;
сув истемолчилари билан уларга ажратилган сув олиш лимитлари доирасида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларнинг тузилиши ҳамда уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминласин;
сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли тўғрисидаги шартномани тузишда:
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш (аҳоли томорқа ерлари бундан мустасно) воситалари билан жиҳозлаш;
сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг тасдиқланган режаси (коммунал-маиший сув таъминотидаги фуқоралар бундан мустасно);
сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун берилган рухсатномаларнинг бўлиши мажбурий талаб ҳисобланиши эътиборга олинсин;
сув ресурсларини самарили бошқариш мақсадида барча сув олиш нуқталаридаги гидропостларнинг мавжудлиги ва сифатли таъмирланганлигини кўриб чиқиб, мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этсин ҳамда ҳар бир сув олиш иншоотлари жиҳозланишини таъминласин;
сувни самарали бошқариш ва улардан мақсадли ҳамда тежамли фойдаланиш бўйича ўқув семинар ва тушинтириш ишларини олиб борсин;
ҳар бир сув олиш иншооти, насос станцияси бўйича сувнинг икки (уч) томонлама кундалик ҳисоб журнали, ҳисоби ва ҳисоботини белгиланган тартибда олиб боришини таъминласин.
4. Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси жойларда сув ресурсларини самарали бошқариш ва улардан мақсадли фойдаланиш бўйича мониторинг олиб борилишини ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш ва сув етишмовчилигининг олдини олиш бўйича масъул этиб белгилансин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси раиси (Ғ.Ахмедов) ҳамда туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (Й.Абдурахимов) зиммасига юклатилсин.
Сессия раиси БАБАЕВ ЭСАНБАЙ ОМОНМУРАТОВИЧ
Сирдарё вилояти, Оқолтин тумани,
2025 йил 4 июнь,
VII-12-79-9-122-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.