ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚУВА ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сон Қарорининг тумандаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги 5 сон Қарорига асосан туман ирригация бўлими ҳамда хизматлари негизида «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари ташкил этилиб, вазифалари белгилаб берилган.
Мазкур қарорда сув хўжалиги ташкилотларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларига вегетация ҳамда куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига кириш белгиланган. Шунга мувофиқ, туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси томонидан 2025 йилнинг вегитация даври учун истеъмолчиларнинг сув билант таъминлаш лимитлари ишлаб чиқилган.
Туманда сув ресурсларини ўз вақтида истеъмолчиларга етказиш, сувдан мақсадли ва самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида» ги Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Қува тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сон Қарорининг тумандаги ижроси тўғрисида, туман сув этказиб бериш хизмати директори У.Мусажоновнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5 сон Қарори билан 2025 йилдан бошлаб:
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,5 камайтирувчи коеффитсиэнт қўлланилиши;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ёки суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коеффитсиэнт қўлланилиши;
балиқчилик учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коеффитсиэнт қўлланилиши;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкасига 1,1 оширувчи коеффитсиэнт қўлланилиши белгиланганлиги таъкидлаб ўтилсин.
3. Қуйидагилар:
Қува тумани ҳудудидаги фермер хўжалиги, МФЙ ва бошқа йўналишидаги сув истеъмолчиларининг 2025 йилнинг суғориш мавсумида суғориш ва иқтисодиёт тармоқларига чекланган сув миқдори (лимит) 1-иловага мувофиқ;
туманда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 2025 йилнинг вегетация даври учун чекланган сув миқдори (лимити) 2-иловага мувофиқ;
туманда томорқа йўналишидаги сув истеъмолчиларининг 2025 йилнинг суғориш даврида чекланган сув микдори (лимити) 3-иловага мувофиқ;
туманда балиқчилик йўналишидаги сув истеъмолчиларининг 2025 йилнинг суғориш даврида сув олиш миқдори (лимити) 4-иловага мувофиқ;
туманда дехқон хўжалиги йўналишидаги сув истеъмолчиларининг 2025 йилнинг вегетация даври учун чекланган сув олиш миқдори (лимити) 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари М.Зокиров, туман сув этказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори У.Мусажоновга:
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сувни ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш чораларини кўриш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш вазифалари, шунигдек 5 кун муддатда:
сув манбалари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар бўйича ишлаб чиқилган сув олиш лимитларини барча сув истеъмолчиларига етказиш;
сув истеъмолчилари билан уларга ажратилган сув олиш миқдори (лимитлари) доирасида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларни тузилишини ҳамда уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминлаш вазифалари юклансин.
5. Қува тумани сув етказиб бериш хизматлари давлат муассасаси (У.Мусажонов), туман қишлоқ хўжалиги бўлими (О.Ристаев)га ҳамкорликда истеъмолчилар билан сувдан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича ўқув семинарлари ва тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаси юклансин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари М.Зокиров, туман қишлоқ хўжалиги бўлими (О.Ристаев), назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси раиси зиммаларига юклансин.
Кенгаш раиси УМАРОВ ХАЛИМЖОН КОМИЛОВИЧ
Фарғона вилояти, Қува тумани,
2025 йил 27 май,
VII-9-71-11-156-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.