ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ФАРҒОНА ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПҚ-5 сонли қарорининг шаҳардаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарорининг ижросини таъминлаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув – текин эмас » тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни ташкиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1 октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари шаҳар Кенгашларига киритилиши белгиланганлиги бўйича тартибга кўра тақдим этилган маълумотларни халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг аграр, қурилиш, коммунал соҳалар, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссияси йиғилиши муҳокамасида билдирилган таклифларни эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 24-моддаларига асосан, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши, қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5 сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси 38-бандига асосан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5 сонли қарорига асосан 2025 йилдан бошлаб:
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,5 камайтирувчи коэффициент қўлланилиши;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ёки суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланилиши;
балиқчилик учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент, қўлланилиши;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкасига 1,1 оширувчи коэффициент қўлланилиши маълумот учун қабул қилинсин.
4. Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқилган жорий йил вегетация даври учун шаҳар чегарасидан олинадиган 28,5 млн.м3 сув олиш лимитларини, каналлардаги сув йўқотишларни инобатга олиб 15 фоизга камайтирган ҳолатда 140 та истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитлари ҳудудлар кесимида иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Исфайрам-Шохимардон ирригация тизими бошқармаси (С.Умаров) амалга оширилган ишлар юзасидан бир йилда икки марта халқ депутатлари шаҳар Кенгашига ҳисобот бериб бориши белгилансин.
6. Шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати мазкур қарорни тасдиқлангандан кейин шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиш вазифаси юклатилсин.
7. Мазкур сессия қарорини ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашининг аграр, қурилиш, коммунал соҳалар, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссияси раиси (Д.Тешабоев) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси НАЗАРОВ ВОСИЛЖОН ШУХРАТОВИЧ
Фарғона вилояти, Фарғона ш.,
2025 йил 27 май,
VII-9-46-11-169-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.