ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЧУСТ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Чуст тумани бўйича 2025 йил вегетация даври учун истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун ишлаб чиқилган сув олиш лимитларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш сармарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарорининг ижросини самарали таъминлаш мақсадида, Чуст туман «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасасининг 2025 йил 18 апрелдаги 100 сонли хати ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Чуст туман Кенгашининг таклифини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари Чуст туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш сармарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарори ижро учун ҳамда Чуст туман «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасаси директорининг ўтган даврда соҳада амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Чуст туман Сув етказиб бериш хизмати Давлат муассасаси томонидан туманда 2025 йил вегетация даври учун истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун ишлаб чиқилган сув олиш лимитлари тўғрисидаги таклиф маъқуллансин ва иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Чуст туман Сув етказиб бериш хизмати ДМ директори - Б.Джафаровга:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш сармарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарори асосида ишларни ташкил этиш;
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиббериш;
ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш;
амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисоботларни ўз вақтида бериб бориш вазифалари юклатилсин.
4. Ушбу қарор ижросининг назорати халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси (Х.Юлдашев) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси САЛИМЖОНОВ БАХТИЁРЖОН РАХИМЖОНОВИЧ
Наманган вилояти, Чуст тумани,
2025 йил 23 май,
VII-10-39-6-89-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.