ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
«Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ҳақида»ги эксперт хулосасига асосан Шаҳрисабз туманидаги қабристонлар номларини қайта номлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг 2024 йил 14 апрелдаги Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги ҳақидаги 03/08-3819 сонли хулосасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги 295 сонли қарори ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-, 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши қарор қилади:
1. Шаҳрисабз туман ҳокимлиги «Географик объектларни номлаш қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссияси»нинг таклифи ҳамда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги ҳақидаги 2024 йил 14 апрелдаги 03/08-3819 сонли хулосаси маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ҳақида»ги эксперт хулосаси билан қонун ҳужжатларига мувофиқ деб топилган тумандаги 12 та қабристон номлари рўйхати 1-иловага асосан тасдиқлансин.
3. Туман қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи (Ф.Муродов), Давлат кадастрлар палатаси туман филиали бошлиғи (С.Қиёмов), туман солиқ инспекцияси бошлиғи (А.Юлдашев), туман статистика бўлими бошлиғи (О.Абдуллаев), туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи биринчи ўринбосари (А.Бозоров), туман давлат хизматлари маркази раҳбари (А.Қаҳҳоров) ва бошқа тегишли мутасадди давлат органлари билан биргаликда Қонун ҳужжатларига мувофиқ деб топилган зиёратгоҳ, қабристон ва истироҳат боғлари номлари бўйича иш юритиш ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ барча тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилсин.
4. Шаҳрисабз туман ҳокимининг ўринбосари (Х.Тураев), туман ободонлаштириш бошқармаси (Ж.Турдиев), туман бош имом хатиби (А.Жумаев), Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси туман бўлими (С.Рахманов) ларга:
қонун ҳужжатларига мувофиқ деб топилган қабристон номларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, белгиланган тартибда замонавий кўринишдаги ЎзДСТ техник шартларига жавоб берадиган пешлавҳалар ёзиб ўрнатиш ишларини ташкил этсинлар.
5. Белгилансинки, географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
6. Шаҳрисабз туман Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссияси 10 кун муддатда:
ушбу қарор нусхасини географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалалари бўйича вилоят комиссиясига юбориш;
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигига географик объектлар зиёратгоҳ, қабристон ва истироҳат боғларига тавсия этилган номларни давлат реестрига киритиш учун тегишли ҳужжатлар тақдим этиш вазифаси юклатилсин.
7. Туман ҳокимлиги матбуот хизматига мазкур қарорни ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш вазифаси юклатилсин.
8. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (А.Баратов), ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси (И.Юсупов) ҳамда туман ҳокими ўринбосари (Х.Тураев) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси ХАСАНОВ САМАД АХАТИЛЛАЕВИЧ
Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани,
2025 йил 20 май,
VII-10-54-4-67-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.