ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ПАРКЕНТ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Паркент туманида вегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлаш ҳамда «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директорининг сув хўжалигида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сон Қарорининг 7-бандида 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1-октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун Халқ депутатлари туман Кенгашларига киритилиши белгилаб қўйилган. Шунга кўра 2025 йил суғориш даври учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқлаб бериш мақсадга мувофиқ деб белгиланган.
Паркент туман сув етказиб бериш хизмати Давлат муассасаси директори-Т.Салимовнинг ҳисоботини тинглаб, билдирилган фикр ва мулохазаларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги Қонуни 6- ва 24-моддаларига мувофиқ Халқ депутатлари Паркент туман Кенгаши қарор қилади:
1. Халқ депутатлари Паркент туман Кенгаши доимий комиссияларининг 2025 йилнинг 16 апрель куни бўлиб ўтган қўшма мажлиси баёни ва қарори ҳамда туман «Сув этказиб бериш хизмати» Давлат муассасаси бошлиғи Т.Салимовнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Паркент туманида 2025 йилнинг суғориш (вегетация) мавсумида сув истеъмолчилари кесимида сув олиш лимити иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори (Т.Салимов) мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, қуйидагиларга:
фермер хўжаликлари томонидан лимитларга асосан ажратилган сувдан унумли фойдаланиш ҳамда қаровсиз ҳолда қолдирилиши ва сувни ортиқча исрофгарчилигига йўл қўймаслиги;
амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар чоракда Халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот киритиб бориш вазифаси юклатилсин.
4. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Халқ депутатлари Паркент туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси раиси (Х.Мухиддинов) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси ИСАКУЛОВ САРДОР ДАДАДЖАНОВИЧ
Тошкент вилояти, Паркент тумани,
2025 йил 6 май,
VII-10-46-10-141-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.