ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ УЛУҒНОР ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Улуғнор туманида сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари ва 2025 йилнинг ўсив даври учун қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга ажратилган чекланган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, сув ресурсларини бошқариш тамойиллари ва тизимини такомиллаштириш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув - текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январь кунги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарори ижросини таъминлаш борасида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, сув хўжалиги ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
Сув ресурсларини бошқариш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, ирригация ва мелиорация лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини таъминлаш, сув хўжалигини бошқариш соҳасида бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, шунингдек, ушбу соҳада илм-фанни ривожлантириш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январь кунги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6- ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январь кунги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.
2.Улуғнор тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Хайдаров Аслиддин Исмоилжон ўғлининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
3. Белгилансинки:
Улуғнор туман 2025 йил ҳосили учун асосий майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
Улуғнор туманига иқтисодиёт тармоқлари бўйича 2025 йил апрель-сентябрь ойлари учун ажратилган чекланган сув лимити тақсимоти 2-иловага мувофиқ;
Улуғнор туманига сув манбалари бўйича 2025 йил апрель-сентябрь ойлари учун ажратилган чекланган сув лимит тақсимоти 3-иловага мувофиқ;
Улуғнор туманига сув манбалари бўйича 2025 йил апрель-сентябрь ойлари учун ажратилган чекланган сув лимити миқдори 4-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани истеъмолчиларининг пахта-ғалламайдонларига 2025 йил 1 апрелдан 30 сентябргача ажратилган чекланган сув лимити миқдори 5-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани истеъмолчиларининг «Боғдорчилик»майдонларига 2025 йил 1 апрелдан 30 сентябргача ажратилган чекланган сув лимити миқдори 6-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани истеъмолчиларининг «Сабзавотчилик»ва «Полизчилик» майдонларига 2025 йил 1 апрелдан 30 сентябргача ажратилган чекланган сув лимити миқдори 7-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани истеъмолчиларининг «Чорвачилик»ва «Паррандачилик» майдонларига 2025 йил 1 апрелдан 30 сентябргача ажратилган чекланган сув лимити миқдори 8-иловага мувофиқ;
Улуғнор туманида 2025 йил вегетация мавсумида «Балиқчилик»йўналиши бўйича хўжаликлар учун ажратилган сув лимити миқдори 9-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани истеъмолчиларининг «Шоличилик»майдонларига 2025 йил 1 апрелдан 30 сентябргача ажратилган чекланган сув лимити миқдори 10-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани истеъмолчиларининг «Аҳоли томорқа» ва «Деҳқон хўжаликлари» майдонларига 2025 йил 1 апрелдан 30 сентябргача ажратилган чекланган сув лимити миқдори 11-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимлиги манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни хатловдан ўтказиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш чораларини кўрсин.
5. Улуғнор тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси раҳбари А.Хайдаровга:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январь кунги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарори асосида ишларни ташкил этиш;
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
туман ҳудудида сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
амалга оширилган ишлар юзасидан туман Кенгашига ҳар ярим йилликда ҳисобот бериш вазифалари юклатилсин.
6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Улуғнор тумани Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Х.Хамидов зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси АХМАДЖОНОВ МУХАММАДИСЛОМИДДИН МУХАММАДСОБИРОВИЧ
Андижон вилояти, Улуғнор тумани,
2025 йил 5 май,
VII-5-39-1-26-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.