ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БУЛУНҒУР ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Булунғур туманида 2025 йил суғориш мавсумида чекланган сув олиш режасининг муҳокамаси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сон Қарорининг 7-бандида 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1-октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритилиши белгилаб қўйилган. Шунга кўра, 2025 йил суғориш даври учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқлаб бериш мақсадга мувофиқ деб белгиланганлиги, Булунғур туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Ф.Муротовнинг 2025 йил 28 мартдаги 309-сонли хатини инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6- ва 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгашининг еттинчи чақириқ, ўн иккинчи сессияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли Қарори ижро учун қабул қилинсин.
2. Булунғур туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Ф.Муротовнинг 2025 йил 28 мартдаги 309-сонли хати маълумот ва асос учун қабул қилинсин.
3. Туман бўйича 2025 йил суғориш мавсумидаги чекланган сув олиш режаси (лимити) фермер хўжаликлар кесимида иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимининг ўринбосари (А.Ризаев), туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси (Ф.Муротов)га:
қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли томорқаларини сув ресурслари билан ишончли таъминлаш;
ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларининг ҳамда улардаги гидротехника иншоотларини доимий техник соз ҳолатда ушлаб туриш;
иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлашга оид давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш бўйича давлат-хусусий шериклик тамойилларини кенг жорий этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорларига асосан, 2024 йилда туманда сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда, жумладан, ғалла майдонларида, боғ-токзорларда томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш эвазига, сувни иқтисод қилишга эришиш чораларини кўриш;
туманда жорий йилда сув ўлчаш қурилмаларини ўрнатиб, сув ресурслари ҳисобини аниқлик даражасини ошириш;
сув тежовчи технологияларни жорий қилган фермер хўжаликлари ҳисобидан иқтисод қилинган умумий сув ресурсларини биринчи навбатда аҳоли дала томорқа ва такрорий экин ер майдонларига йўналтирилишини тизимли ташкил этиш;
сув тежовчи технологияларни жорий қилувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарига субсидия ажратиш учун тегишли тартибда қурилиш ишларини доимий равишда назорат қилиб бориш вазифалари юклатилсин.
5. Туман ҳокимининг ўринбосари (А.Ризаев), туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси (Ф.Муротов)ларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сон қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йил 29-ноябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 45-баёни 9-бандига асосан сув ресурслари камайганлиги инобатга олиб кластер ва фермер хўжаликлари сувини исроф қилмаслик учун ариқларни бетонлаш ишларини назоратга олиш вазифалари топширилсин.
6. Юқорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан тегишли мансабдор шахслар томонидан ҳар ой якунида халқ депутатлари туман Кенгашига ёзма ахборот киритиб борилсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишни, халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, қурилиш, коммунал соҳалар, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Х.Бозоров ҳамда туман ҳокимининг ўринбосари А.Ризаев зиммаларига юклатилсин.
Сессия раиси ШОКИРОВ АЛИЖОН ОЛИМЖОНОВИЧ
Самарқанд вилояти, Булунғур тумани,
2025 йил 2 май,
VII-12-47-7-93-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.