ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҒИЖДУВОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Ғиждувон туманида 2025 йилги вегетация мавсумида қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг катта суғориладиган майдонига ва энг кўп сонли аҳолига эга бўлиб, сув таъминоти жиҳатидан энг имконияти чеклангани ҳисобланади. Умумий сув ресурсларининг 20 фоизга яқини мамлакат ичкарисида шаклланади холос. Сув, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши учун энг ҳаётий зарур ва асосий манбалардан бири ҳисобланади, чунки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи суғориладиган ерларда етиштирилади. Аҳоли сонининг йилдан йилга кўпайиши, сувга бўлган талабнинг қондириш ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ сув ресурслари танқислигининг тобора ортиб бораётгани Ўзбекистон ривожига тўсиқ бўлувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги уч йил давомида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув — текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори қабул қилинган.
Мазкур қарорнинг 7-бандига мувофиқ 2024 йилдан бошлаб:
ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1 октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритиши;
истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисобланиши бўйича туман Кенгаши сессия муҳокамасига киритилиши белгиланган.
Туманда 2025 йил вегетация мавсумида сув ресурсларидан оқилома фойдаланиш, суғориш тармоқларида сув йўқотилишини камайтириш, истъемолчиларга етказиб бериладиган сув ресурсларини чекланган сув миқдорларини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш мақсадга мувофиқ бўлмоқда.
2025 йил вегетация мавсумида «Аму-Бухоро» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тамонида манбаларнинг кутилаётган сувлилига нисбатан 223,7 млн.м3 лимит ажратилган бўлиб, лимитлар истеъмолчиларга экин тури ва майдонларига нисбатан тақсимланди.
Ҳудудлар кесимида Оқгул (12,894 млн.м3), Сармижон (13,795 млн.м3), Зарафшон (13,548 млн.м3), Гулистонбод (9,668 млн.м3), Армечан (12,002 млн.м3), Ғовшун (11,219 млн.м3), Соктари (8,219 млн.м3), Сарвари (8,019 млн.м3), Позагари (10,809 млн.м3), Улфатбиби (11,144 млн.м3), Зарангари (9,148 млн.м3), Пахтаобод (10,701 млн.м3), Халқобод (12,803 млн.м3) ҳамда Барака (38,613 млн.м3) ажратилиши кутилмоқда.
Юқорида баён этилганларга асосан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6- ва 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилди:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ғиждувон тумани «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасасининг 2025 йил 4 апрелдаги 31-сонли хати инобатга олинсин.
2. Ғиждувон туманида 2025 йилги вегетация мавсумида қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш юзасидан туман «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасаси директори Й.Ярашевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
3. Туманда 2025 йил вегетация мавсумида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчиларнинг сув олиш лимитлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимининг ўринбосари Ф.Жабборов, туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (Й.Ярашев)га:
чекланган сув лимитларини инобатга олган ҳолда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида тумандаги экин ер майдонларига айниқса, такрорий экин ер майдонларига сувни кам талаб қиладиган қишлоқ хўжалиги экинларни жойлаштириш чораларини кўриш;
туман чегарасидан олинадиган сув ресурсларини ўлчаб олиб, ҳудудларнинг ер майдонларини инобатга олган ҳолда, сув ресурсларини тақсимлаш;
туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини ҳисоботини юритиш ва белгиланган тартибда туман солиқ инспекциясига ўз вақтида тақдим етиб бориш вазифаси юклатилсин.
5. Халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси (А.Очилов)га:
туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини самарали фойдаланаётганлиги юзасидан жойларга чиқган ҳолда депутатлик назоратини ўрнатиш;
2025 йил давомида туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини самарали фойдаланаётганлиги юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларининг доимий комиссия йиғилишларида ҳисобот (ахборот)лари эшитилишини назоратга олсин.
6. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (Й.Ярашев) билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув - текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотларни жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаси ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борилиши тавсия этилсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг ўринбосари (Ф.Жабборов), туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (Й.Ярашев)га ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашинингаграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси АШУРОВ ШЕРЗОД РАХИМОВИЧ
Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани,
2025 йил 1 май,
VII-10-57-2-34-K/25-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ҳужжатни иловаси билан ПДФ шаклида танишиш мумкин.
(илова Халқ депутатлари ҒИждувон тумани кенгашининг 2026 йил 13 январдаги ВИИ-20-10-2-34-К/26-сонли қарори таҳририда)