ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БОҒОТ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Боғот тумани бўйича 2025 йил суғориш(вегетация) мавсуми учун сув истеъмолчиларига ажратиладиган чекланган сув миқдори(лимит)ни тасдиқлаш тўғрисида
Туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январда «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги 5-сонли қарорига асосан туман ирригация бўлими ҳамда махсус хизматлари негизида «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси ташкил этилиб уларнинг вазифалари белгилаб берилди.
Шунингдек, ушбу қарорда сув хўжалиги ташкилотларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларига вегетация давридаги суғориш лимитларини ҳар йилниннг 1 апрелига қадар етказиш ва тасдиқлаш учун туман халқ депутатлари Кенгашига киритиш топширилганлигини ва шунга мувофиқ, Боғот тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси томонидан 2025 йилнинг вегетация мавсуми учун сув истеъмолчиларига, шунингдек, бошқа сувдан фойдаланувчиларга сув манбалари ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича сув олиш лимитлари ишлаб чиқилди ва халқ депутатлари туман Кенгашига уни тасдиқлаб бериш учун 2025 йил 7 апрелда №01-01/183-сонли хат йўлланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, кун тартибидаги масалани атрофлича муҳокама қилиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. «Боғот тумани бўйича 2025 йил суғориш(вегетация) мавсуми учун сув истеъмолчиларига ажратиладиган чекланган сув миқдори(лимит)ни тасдиқлаш тўғрисида»ги масала юзасидан туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалари бўйича ўринбосари И.Рахимовнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Боғот тумани бўйича 2025 йилнинг суғориш мавсумида сув истеъмолчиларининг қишлоқ хўжалик экинларини суғоришга ажратилган сув олиш лимитлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Боғот тумани бўйича 2025 йилнинг суғориш мавсумида балиқчилик ва коммунал хўжаликларига ажратилган сув олиш лимитлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари И.Рахимов туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори М.Аллаёров билан биргаликда 5 кун муддатда:
· суғориш мавсумида сув истеъмолчиларининг қишлоқ хўжалик экинларини суғоришга ҳамда балиқчилик ва коммунал хўжаликларига ажратилган сув олиш лимитларини барча сув истеъмолчиларига етказишни;
· сув истеъмолчилари билан уларга ажратилган сув олиш лимитлари доирасида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли тўғрисидаги шартнорналарнинг тузилишини ҳамда уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини;
· сувдан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича ўқув семинарлари ва тушунтириш ишларини олиб боришни таъминласин.
5. Халқ депутатлари Боғот тумани Кенгашининг 2024 йил 23 апрелдаги «Боғот тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасасининг сув манбаларидан 2024 йилнинг ёзги суғориш даври учун чекланган сув миқдори (лимит)ни иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар бўйича тасдиқлаш тўғрисида»ги VI-107-59-12-170-K/24-сонли ҳамда 2024 йил 27 сентябрдаги «Боғот туманида 2024-2025 йилларнинг куз-қиш даври учун сув олиш лимитини тасдиқлаш тўғрисида»ги VI-118-146-12-170-K/24-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилсин ва бекор қилинсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари И.Рахимов ҳамда назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси раиси Ш.Ражабов зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси НАЗАРОВ ЖАҲОНГИР БАХРАМОВИЧ
Хоразм вилояти, Боғот тумани,
2025 йил 29 апрель,
VII-10-59-12-170-K/25-сон
Ҳужжатни иловалари билан ПДФ шаклида танишиш мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.