Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотларга хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотларнинг республикада бўлиш ва фаолият юритиш шароитларини янада яхшилаш, уларнинг ходимлари ҳаёти ва фаолияти учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига унитар корхона шаклини тугатиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дипломатик сервис хизмати» давлат унитар корхонаси негизида Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дипломатик сервис хизмати» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Дипсервис хизмати) ташкил этилсин.
3. Қуйидагилар Дипсервис хизматининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотларнинг (кейинги ўринларда — дипломатик ваколатхоналар) Ўзбекистон Республикасида фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларга комплекс сервис хизматлари кўрсатиш, дипломатик ваколатхоналарнинг тегишли равишда фаолият кўрсатишини таъминлашга доир масалаларни ҳал этиш ва тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларда назарда тутилган дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш ва уларни жойлаштириш тадбирларини амалга ошириш;
дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг ходимларини жойлаштириш учун ажратилган бино ҳамда хоналарни ижарага бериш, кўчмас мулкнинг ижара ва олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришда кўмаклашиш (воситачилик қилиш), шунингдек, ушбу бино ва хоналардан фойдаланишни таъминлаш;
Ташқи ишлар вазирлигига хорижий давлатлар расмий делегацияларининг Ўзбекистонда бўлиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда, Ҳукумат ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро тадбирларни Ҳукумат даражасида, шу жумладан, хорижий давлатларда ўтказишга, хорижий давлатларга хизмат сафарига борадиган ходимларга авиачипталар харид қилиш, шунингдек, автотранспорт хизматларини кўрсатишда кўмаклашиш;
Дипсервис хизмати вазифаларига тааллуқли масалаларда давлат органлари ва ташкилотларида дипломатик ваколатхоналарнинг манфаатларини ифода этиш, шунингдек, дипломатик ваколатхоналарда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
дипломатик ваколатхоналар ходимларининг бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида хизматлар кўрсатиш;
дипломатик ваколатхоналар, халқаро ҳукуматлараро ва ноҳукумат ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари, уларнинг ваколатхона ва филиаллари, мухбирлари, мухбирлик пунктлари (бюро, офислари), савдо ваколатхоналари, хорижий банклар ва бошқа тижорат ташкилотлари ваколатхоналари, доимий муассасалар, шунингдек чет эл инвестицияси ва капитали иштирокидаги корхоналар ҳамда Ўзбекистон Республикасида шахсий, хизмат ишлари бўйича, ўқиш ёки туризм мақсадида доимий яшайдиган ёки вақтинча бўладиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан ижарага олинган автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш (қайта рўйхатга олиш), рўйхатдан чиқариш, техник кўрикдан ўтказиш, ҳайдовчилик гувоҳномаларининг эквивалентларини бериш (алмаштириш) ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш;
божхона ҳужжатларини расмийлаштириш, дипломатик ваколатхоналар номига келадиган юкларни декларациялаш, божхонада ишлов бериш;
дипломатик ваколатхоналарнинг радиоэлектрон алоқа воситалари ва радиоузатувчи қурилмаларни сотиб олиш, ўрнатиш, олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш;
дипломатик ваколатхоналар меҳмонларини рўйхатга олиш, уларнинг кириш визаларини расмийлаштириш ва уларга виза берилишида кўмаклашиш, дипломатик ваколатхоналарда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини дипломатик ваколатхоналарга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига тегишли мурожаатга мувофиқ муддатли меҳнат шартномалари асосида уларнинг маҳаллий ходимларини ишга жойлаштиришни, ишга қабул қилиш ёки бўшатиш тўғрисида тегишли буйруқларни расмийлаштириш, иш стажи ҳисобини юритиш, меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритишни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали техник жиҳатдан амалга оширишда кўмаклашиш.
4. Белгилансинки:
а) Дипсервис хизмати:
Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дипломатик сервис хизмати» давлат унитар корхонасининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
фаолиятини ўзини ўзи молиялаштириш (хўжалик ҳисобида фаолият юритиш) асосида, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган пуллик хизматлар кўрсатиш орқали амалга оширади;
дипломатик ваколатхоналар ҳамда Ўзбекистондан харид қилинадиган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) қисмида Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига хизмат кўрсатиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дипломатик ваколатхоналар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари учун мўлжалланган объектлар ва уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича ягона буюртмачи ҳисобланади;
б) Дипсервис хизматининг устави, тузилмаси ва штатлар жадвали Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади;
в) Дипсервис хизмати Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчаси 1а-уй манзилида ушбу бино ва иншоот белгиланган тартибда сотилгунга қадар оператив бошқариш ҳуқуқи билан жойлаштирилади.
5. Дипсервис хизмати қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Дипсервис хизматининг оператив бошқарувида бўлган бўш бинолар (бинолар қисмлари) ва хоналарни хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарига, юридик ва жисмоний, шу жумладан чет эллик шахсларга тўғридан-тўғри кўчмас мулк ижараси шартномасини тузиш (электрон онлайн аукцион ўтказмасдан) орқали ижарага бериш, шунингдек ижара тўловларини мустақил тасарруф этиш;
хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхона ва филиалларига, юридик ва жисмоний, шу жумладан, чет эллик шахсларга ўз хизматларини (ишларини) кўрсатиш;
Дипсервис хизмати фаолиятидан олинган даромадлардан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган солиқлар ва йиғимлар тўланганидан сўнг ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиш.
6. Давлат активларини бошқариш агентлиги Ташқи ишлар вазирлигининг буюртманомалари бўйича янги очиладиган дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш учун қўшимча зарур бинолар ва хизмат хоналари ажратиб борилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотларига бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тақдим этиш (сотиш) тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Ташқи ишлар вазирлиги бир ой муддатда Дипсервис хизматининг устави, тузилмаси ва штатлар жадвалини тасдиқласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Б.О. Саидов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 23 январь,
26-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 23 январдаги 26-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотларига бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тақдим этиш (сотиш) тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотларига (кейинги ўринларда дипломатик ваколатхоналар деб аталади) бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тақдим этиш (ижарага бериш, сотиш) тартибини белгилайди.
2. Дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш, уларнинг раҳбарлари ва чет эллик ходимлари яшаши учун ажратиладиган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг «Дипломатик сервис хизмати» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Дипсервис хизмати) томонидан ҳисобга олинади.
Дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг чет эллик ходимларини жойлаштириш учун ажратилган бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни ижарага бериш ҳуқуқи Дипсервис хизматига тегишлидир.
Дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш, уларнинг раҳбарлари ва чет эллик ходимлари яшаши учун ажратиладиган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкалари, қоида тариқасида, Тошкент шаҳри ҳудудидан ажратилади.
3. Бинолар, хоналар ва ер участкаларини ижарага ва ўзгага бериш бўйича битимларни расмийлаштириш, шунингдек, уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш қонунчилик ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
2-боб. Бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни ижарага бериш тартиби
4. Дипломатик ваколатхоналар дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш, уларнинг раҳбарлари ва ходимлари яшаши учун бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни мустақил равишда танлаш ёки зарур биноларни танлашда кўмаклашиш учун Дипсервис хизматига улардан фойдаланиш мақсади, майдони, хоналари сони, жойлашган жойи ва бошқа шартларни кўрсатган ҳолда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
5. Дипломатик ваколатхонадан бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни ижарага бериш тўғрисида мурожаат келиб тушганда, Дипсервис хизмати ўз оператив бошқарувида бўлган бўш бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни кўриб чиқишни таклиф этади.
6. Келишувга эришилган тақдирда, Дипсервис хизмати дипломатик ваколатхона билан бинолар (бинолар қисми) ва хоналар ижараси бўйича икки томонлама кўчмас мулк ижара шартномасини тўғридан-тўғри (электрон онлайн аукцион ўтказмасдан) расмийлаштиради.
7. Ижара шартномаси Дипсервис хизмати билан дипломатик ваколатхона ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади ва унда жумладан, қуйидагилар назарда тутилиши керак:
ижарага бериладиган бино (бинонинг қисми) ва хонанинг таркиби, майдони ва техник тавсифи;
ижара тўлови, шунингдек, коммунал тўловлар миқдори;
бино (бинонинг қисми) ва хонани таъмирлаш ва жорий сақлаш бўйича томонлар мажбуриятларининг тақсимланиши;
ижара муддати, ижара тўлови ва бошқа тегишли тўловларни тўлаш муддатлари;
дипломатик ваколатхона томонидан коммунал хизматлар ва бино (бинонинг қисми), хоналар ва туташ ҳудудларни жорий сақлаш бўйича тўловларни тўлаш шартлари;
ижарага олинган бино (бинонинг қисми) ва хоналарга етказилган зарар учун ижарачининг жавобгарлиги;
томонларнинг шартнома шартларини бажармаганлиги учун жавобгарлик чоралари.
8. Дипсервис хизмати ижара тўлови ставкалари миқдорини мустақил равишда, бироқ давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда белгилайди.
9. Халқаро шартномаларга асосан ижара тўлови бўйича харажатлар қуйидаги шартлар бўйича қопланади:
тўловларни ўзаро ҳисоблаш;
икки томонлама бепул (паритет асосида) асосда.
10. Бино (бинонинг қисми) ва хоналар тузилган ижара шартномаси бўйича томонларнинг ваколатли вакиллари иштирокида икки томонлама далолатномани тузиш орқали топширилади ва қабул қилинади ҳамда унда қуйидагилар кўрсатилади:
далолатнома тузилган жой ва сана;
иштирокчиларга томонлар манфаатларини ифода этиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг номи ва реквизитлари;
бино (бинонинг қисми) ва хоналарни топшириш-қабул қилишда асос бўладиган ижара шартномасининг рақами ва имзоланган санаси;
тақдим этиладиган бино (бинонинг қисми) ва хоналарнинг техник ҳолати;
аниқланган носозликларни бартараф қилиш муддатлари ва тартиби;
томонларнинг муҳрлари билан тасдиқланган вакиллар имзолари.
Топшириш-қабул қилиш далолатномаси икки нусхада, ҳар икки томон учун бир нусхадан тузилади.
11. Дипломатик ваколатхоналар бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни мустақил танлашда уни ижарага олиши тўғрисида Дипсервис хизматини олдиндан хабардор қилади ва ушбу бино ҳақидаги батафсил ахборотни (фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи, мулкдор тўғрисида маълумотлар, тузиладиган битим шартлари ва бошқалар ҳақида) тақдим этади.
Бунда, дипломатик ваколатхоналарни давлат мулки ҳисобланган бинолар (бинолар қисми) ва хоналарга жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ Давлат активларини бошқариш агентлиги, дипломатик ваколатхона ҳамда балансда сақловчи билан тузиладиган уч томонлама ижара шартномаси асосида амалга оширилади.
Қўшимча бино (бинонинг қисми) ва хоналарни ижарага олиш зарурати юзага келганда, дипломатик ваколатхона бунинг учун тегишли асос тақдим этади.
12. Дипсервис хизмати дипломатик ваколатхона томонидан бино (бинонинг қисми) ва хоналар тўғрисида тақдим этилган ахборотни хавфсизлик (шу жумладан ёнғин хавфсизлиги) талабларига жавоб бериши, техник ва санитария шартларига мувофиқлиги, дипломатик ваколатхона вазифаларининг тегишли равишда бажарилишини таъминлаш учун объектнинг ҳолати ва яроқлилигини баҳолаш бўйича ўрганади. Дипсервис хизмати ўрганиш якунлари бўйича дипломатик ваколатхонага тегишли тавсияларини юборади.
Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик ваколатхонанинг кўрсатилган бино (бинонинг қисми) ва хоналарда жойлашиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирлик ҳамда идоралари билан келишилган хулосасини Дипсервис хизматига тақдим этади.
13. Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ёки нодавлат юридик шахслари мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкалари дипломатик ваколатхонани жойлаштириш, уларнинг раҳбарлари ва ходимлари яшаши учун мулкдор томонидан мажбурий равишда Дипсервис хизмати орқали уч томонлама кўчмас мулк ижара шартномаларини тўғридан-тўғри (электрон онлайн аукцион ўтказмасдан) расмийлаштириш йўли билан тақдим этилади. Бунда, уч томонлама ижара шартномалари мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган талабларга мувофиқ расмийлаштирилади.
14. Дипломатик ваколатхоналар, уларнинг раҳбарлари ва ходимлари тақдим этилган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкаларидан тузилган шартномалар шартларига мувофиқ, фақат мўлжалланган мақсад бўйича фойдаланади ва уларнинг тегишли ҳолатда сақланишини таъминлайди.
15. Дипломатик ваколатхоналар ва бинолар (бинолар қисми) ва хоналарнинг мулкдорлари ижара шартномаси шартларининг ҳар қандай ўзгартирилиши, муддати узайтирилиши ёки амал қилишининг бекор қилиниши тўғрисида Дипсервис хизматини олдиндан хабардор қилишлари шарт.
3-боб. Бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини дипломатик ваколатхоналарга мулк қилиб сотиш тартиби
16. Дипломатик ваколатхоналар қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатхоналар биноси, шу жумладан ваколатхона раҳбарининг қароргоҳи сифатида фойдаланиладиган бинолар ёки уларнинг қисмини ваколатхоналар жойлашган ер участкалари билан биргаликда, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар биноларини қуриш учун ер участкаларини мулк қилиб сотиб олиш ҳуқуқига эга.
17. Дипломатик ваколатхоналар давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини сотиб олиш учун Дипсервис хизматига улардан фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи ва бошқа шартларини кўрсатган ҳолда мурожаат қилади.
Дипломатик ваколатхоналар қўшимча ва (ёки) мавжудларининг ўрнига бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини сотиб олиш тўғрисида мурожаат қилса, Дипсервис хизматига ушбу бинолар ва ер участкаларининг батафсил тавсифини (фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи) тақдим этади.
18. Дипсервис хизмати давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк қилиб сотиш тўғрисидаги масалани маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирлик ҳамда идоралари билан биргаликда қуйидаги мезонлардан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқади:
дипломатик ваколатхона томонидан давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк қилиб сотиб олишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг хулосалари мавжудлиги;
Ўзбекистон томонининг бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини сотиб олиш эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда, уларни мулк қилиб сотиш масалаларида Ўзбекистон Республикаси ва мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати ўртасидаги ўзаро келишув принципларига риоя этиш;
мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлатида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитлар даражаси.
19. Дипломатик ваколатхоналар тақдим этишни сўраган давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларининг мулк қилиб сотилишига тўсқинлик қилувчи асослар мавжуд бўлганда, Дипсервис хизмати Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда бошқа муқобил бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тавсия қилиши мумкин.
20. Дипломатик ваколатхоналарга давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк қилиб сотиш мақсадга мувофиқ деб топилганда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига дипломатик ваколатхонага бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк қилиб сотиш тўғрисида таклиф киритади.
21. Агар дипломатик ваколатхонанинг таклифи ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатилган мезонларга мос келмаса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати билан икки томонлама муносабатларнинг эришилган даражасини ҳисобга олиб, дипломатик ваколатхона томонидан эгаллаб турган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини бўшатиш шарти билан, давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк сифатида тақдим этиш тўғрисида дипломатик ваколатхонанинг мурожаатини қаноатлантириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш ҳуқуқига эга.
22. Давлат кўчмас мулк объекти (бино қисми, хоналар) тегишли ер участкаси билан бирга мурожаат қилган дипломатик ваколатхонага халқаро шартномаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ бозор қийматида реализация қилинади.
23. Дипломатик ваколатхоналарга бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкалари мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати билан халқаро шартнома тузиш орқали ўзаро келишув (паритет) асосида мулк сифатида тақдим этилади.
24. Дипломатик ваколатхоналар бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкаларини Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва нодавлат юридик шахсларидан сотиб олган тақдирда, мазкур бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларининг мулкдори тўғрисида улардан фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи ва бошқа шартлар кўрсатилган маълумотни ўз ичига олган хабарномани Дипсервис хизматига ўз вақтида юборади.
25. Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва нодавлат юридик шахсларига тегишли бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини дипломатик ваколатхоналарга мулк сифатида сотиш тўғрисидаги битимлар нотариуслар томонидан Дипсервис хизмати билан келишилгандан сўнг расмийлаштирилади.
4-боб. Якунловчи қоида
26. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 23 январдаги 26-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 8 майдаги 207-сон қарори билан тасдиқланган Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари тўғрисидаги низомнинг 2.6-бандидаги «Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси» сўзлари «Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дипломатик сервис хизмати» давлат муассасаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 24 февралдаги 33-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидаларда:
а) 17-бандда:
биринчи хатбошидаги «Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюросининг» сўзлари «Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дипломатик сервис хизмати» давлат муассасасининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбошидаги «Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси» сўзлари ««Дипломатик сервис хизмати» давлат муассасаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 24-банддаги «Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси» сўзлари «Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дипломатик сервис хизмати» давлат муассасаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 27 июндаги 131-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларига ва уларнинг тиркамаларига бериладиган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларида:
I типнинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«I тип — рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари юридик шахсларнинг автомобилларига берилади (чет эл инвестицияси ва капитали иштирокидаги корхоналар бундан мустасно)»;
IX типнинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«аккредитация қилинган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатувчи хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарининг ва банкларнинг, шунингдек, чет эл инвестицияси ва капитали иштирокидаги корхоналарнинг хизмат эҳтиёжидаги автотранспорт воситаларига берилади»;
X типнинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«X тип — «H» серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари Ташқи ишлар вазирлигининг хати асосида Ўзбекистон Республикасида шахсий, хизмат ишлари бўйича, ўқиш ёки туризм мақсадида доимий яшайдиган ёки вақтинча бўладиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан ижарага олинган транспорт воситаларига берилади».
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 15-банди иккинчи хатбошисидаги «Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси» сўзлари «Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дипломатик сервис хизмати» давлат муассасаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 101-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги тегишли келишикдаги «Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси» сўзлари тегишли келишикдаги ««Дипломатик сервис хизмати» давлат муассасаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 23 январдаги 26-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари рўйхати
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга хизмат кўрсатишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 2 июлдаги 550-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 9 сентябрдаги ПФ-5816-сон Фармони)» 2020 йил 1 апрелдаги 195-сон қарорига илованинг 10-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 654-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 12 майдаги 255-сон қарорига 3-илованинг 20-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.01.2026 й., 09/26/26/0076-сон)