|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.01.2026
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга хизмат кўрсатишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 23 январдаги 26-сонли «Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотларга хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 апрелдаги ПФ-5400-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг (кейинги ўринларда дипломатик ваколатхоналар деб аталади) республикамизда бўлиш ва фаолият юритиш шароитларини янада яхшилаш, уларнинг ходимлари ҳаёти ва фаолияти учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 апрелдаги ПФ-5400-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик сервис хизмати негизида дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш бўйича ягона буюртмачи сифатида Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг «Кўчмас мулк билан ишлаш дирекцияси» ва «Амбассадор» давлат унитар корхоналари Бюрога қўшиш йўли билан қайта ташкил этилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Бюро:
давлат унитар корхонаси шаклидаги юридик шахс;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг «Дипломатик сервис хизмати», «Кўчмас мулк билан ишлаш дирекцияси» ва «Амбассадор» давлат унитар корхоналарининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
3. Қуйидагилар Бюронинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
дипломатик ваколатхоналарнинг Ўзбекистон Республикасида фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларга комплекс сервис хизматлари кўрсатиш, дипломатик ваколатхоналарнинг тегишли равишда фаолият кўрсатишини таъминлашга доир масалаларни ҳал этиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларда назарда тутилган дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш ва уларни жойлаштириш тадбирларини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дипломатик ваколатхоналар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари учун мўлжалланган объектлар ва уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш;
дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг ходимларини жойлаштириш учун ажратилган бино ҳамда хоналарни ижарага бериш, кўчмас мулкнинг ижара ва олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришда кўмаклашиш (воситачилик қилиш), шунингдек, ушбу бино ва хоналардан фойдаланишни таъминлаш;
Бюро вазифаларига тааллуқли масалаларда Ўзбекистон Республикасининг давлат ва хўжалик бошқаруви органларида дипломатик ваколатхоналарнинг манфаатларини ифода этиш, шунингдек, дипломатик ваколатхоналарда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юкланган вазифаларни бажаришда, шу жумладан мамлакатга туристлар оқимини кўпайтириш, протокол тадбирларни ўтказиш, хорижий делегацияларни кутиб олиш-кузатиш, хорижий давлатларга хизмат сафарига борадиган ходимларга авиачипталар харид қилиш, автотранспорт хизматларини кўрсатишда кўмаклашиш;
дипломатик ваколатхоналар ходимларининг бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида хизматлар кўрсатиш.
4. Қуйидагилар Бюро орқали амалга оширилиши белгилансин:
дипломатик ваколатхоналар, халқаро ҳукуматлараро ва ноҳукумат ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари, уларнинг ваколатхона ва филиаллари, мухбирлари, мухбирлик пунктлари (бюро, офислари), савдо ваколатхоналари, хорижий банклар ва бошқа тижорат ташкилотлари ваколатхоналари, шунингдек, доимий муассасаларнинг автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш (қайта рўйхатга олиш), рўйхатдан чиқариш, техник кўрикдан ўтказиш, ҳайдовчилик гувоҳномаларининг эквивалентларини бериш (алмаштириш) ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш;
божхона ҳужжатларини расмийлаштириш, дипломатик ваколатхоналар номига келадиган юкларни декларациялаш, божхонада ишлов бериш;
дипломатик ваколатхоналарнинг радиоэлектрон алоқа воситалари ва радиоузатувчи қурилмаларни сотиб олиш, ўрнатиш, олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш;
дипломатик ваколатхоналар меҳмонларини рўйхатга олиш, уларнинг кириш визаларини расмийлаштириш ва уларга виза берилишида кўмаклашиш, дипломатик ваколатхоналарда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш;
дипломатик ваколатхоналарга Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жойлаштиришни расмийлаштиришда, уларнинг меҳнат стажи ҳисобини юритишда, ишга қабул қилиш ёки бўшатиш тўғрисида тегишли буйруқларни чиқаришда кўмаклашиш.
5. Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тақдим этиш (сотиш) тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Бюрога қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
Бюронинг оператив бошқарувида бўлган бўш бинолар (бинолар қисмлари) ва хоналарни хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарига, юридик ва жисмоний, шу жумладан чет эллик шахсларга ижарага бериш, шунингдек, уларни ижарага беришдан тушадиган ижара тўловларини мустақил тасарруф этиш;
хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхона ва филиалларига, юридик ва жисмоний, шу жумладан чет эллик шахсларга ўз хизматларини (ишларини) кўрсатиш;
Бюро фаолиятидан олинган даромадлардан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган солиқлар ва йиғимлар тўланганидан сўнг ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиш.
(6-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 майдаги 255-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.05.2022 й., 09/22/255/0412-сон)
7. Бюро дипломатик ваколатхоналарни Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ паритет (бепул) асосда жойлаштириш учун тақдим этилган кўчмас мулк объектлари бўйича мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод этилсин.
8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг буюртманомалари бўйича янги очиладиган дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш учун қўшимча зарур бинолар ва хизмат хоналари ажратилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Бюронинг буюртманомалари бўйича дипломатик ваколатхоналар ходимларининг фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига расмийлаштиришда зарур ёрдам кўрсатсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган собиқ «Космос» болалар оромгоҳини Тошкент вилояти ҳокимлигига беғараз асосда бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
11. «Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти» МЧЖга дипломатик ваколатхоналар номига келиадиган дипломатик почтани (юкни) олиш/жўнатиш вазифаси юклансин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бюронинг Устави ва ташкилий тузилмасини ўн кун муддатда тасдиқласин.
13. Бюро Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси 1а-уй манзилида оператив бошқарув ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.
14. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналарнинг фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 1993 йил 25 майдаги 247-сон қарори;
Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналарининг фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 1993 йил 25 майдаги 247-сон қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида» 1994 йил 7 февралдаги 56-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х. Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 2 июль,
550-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 июлдаги 550-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тақдим этиш (сотиш) тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга (кейинги ўринларда дипломатик ваколатхоналар деб аталади) бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тақдим этиш (сотиш) тартибини белгилайди.
2. Дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш, уларнинг раҳбарлари ва чет эллик ходимлари яшаши учун ажратиладиган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг «Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси» (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) давлат унитар корхонаси томонидан ҳисобга олинади.
Дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг чет эллик ходимларини жойлаштириш учун ажратилган бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни ижарага бериш ҳуқуқи Бюрога тегишлидир.
Дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш, уларнинг раҳбарлари ва чет эллик ходимлари яшаши учун ажратиладиган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкалари, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг пойтахти — Тошкент шаҳри ҳудудидан ажратилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сонли Фармонига асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.06.2021 й., 06/21/6243/0540-сон — 2021 йил 1 августдан кучга киради)
3. Бинолар, хоналар ва ер участкаларини ижарага ва ўзгага бериш бўйича битимларни расмийлаштириш, шунингдек, уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш қонунчиликда, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Қонуни.
2-боб. Бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни ижарага бериш тартиби
4. Дипломатик ваколатхоналар дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш, уларнинг раҳбарлари ва ходимлари яшаши учун бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни мустақил равишда танлаш ёки зарур биноларни танлашда кўмаклашиш учун Бюрога улардан фойдаланиш мақсади, майдони, хоналари сони, жойлашган жойи ва бошқа шартларни кўрсатган ҳолда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
5. Дипломатик ваколатхонадан бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни ижарага бериш тўғрисида мурожаат келиб тушганда, Бюро ўз оператив бошқарувида бўлган бўш бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни кўриб чиқишни таклиф этади.
6. Келишувга эришилган тақдирда, Бюро дипломатик ваколатхона билан бинолар (бинолар қисми) ва хоналар ижараси бўйича икки томонлама шартномани расмийлаштиради.
7. Ижара шартномаси Бюро билан дипломатик ваколатхона ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади ва унда жумладан, қуйидагилар назарда тутилиши керак:
ижарага бериладиган бино (бинонинг қисми) ва хонанинг таркиби, майдони ва техник тавсифи;
ижара тўлови, шунингдек, коммунал тўловлар миқдори;
бино (бинонинг қисми) ва хонани таъмирлаш ва жорий сақлаш бўйича томонлар мажбуриятларининг тақсимланиши;
ижара муддати, ижара тўлови ва бошқа тегишли тўловларни тўлаш муддатлари;
дипломатик ваколатхона томонидан коммунал хизматлар ва бино (бинонинг қисми), хоналар ва туташ ҳудудларни жорий сақлаш бўйича тўловларни тўлаш шартлари;
ижарага олинган бино (бинонинг қисми) ва хоналарга етказилган зарар учун ижарачининг жавобгарлиги;
томонларнинг шартнома шартларини бажармаганлиги учун санкциялар.
8. Бюро ижара тўлови ставкалари миқдорини мустақил равишда, бироқ давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда белгилайди.
9. Халқаро шартномаларга асосан ижара тўлови бўйича харажатлар қуйидаги шартлар бўйича қопланади:
тўловларни ўзаро ҳисоблаш;
икки томонлама бепул (паритет асосида) асосда.
10. Бино (бинонинг қисми) ва хоналар тузилган ижара шартномаси бўйича томонларнинг ваколатли вакиллари иштирокида икки томонлама далолатномани тузиш орқали топширилади ва қабул қилинади ҳамда унда қуйидагилар кўрсатилади:
далолатнома тузилган жой ва сана;
иштирокчиларга томонлар манфаатларини ифода этиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг номи ва реквизитлари;
бино (бинонинг қисми) ва хоналарни топшириш-қабул қилишда асос бўладиган ижара шартномасининг рақами ва имзоланган санаси;
тақдим этиладиган бино (бинонинг қисми) ва хоналарнинг техник ҳолати;
аниқланган носозликларни бартараф қилиш муддатлари ва тартиби;
томонларнинг муҳрлари билан тасдиқланган вакиллар имзолари.
Топшириш-қабул қилиш далолатномаси икки нусхада, ҳар икки томон учун бир нусхадан тузилади.
11. Дипломатик ваколатхоналар бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни мустақил танлашда уни ижарага олиши тўғрисида Бюрони олдиндан хабардор қилади ва ушбу бино ҳақидаги батафсил ахборотни (фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи, мулкдор тўғрисида маълумотлар, тузиладиган битим шартлари ва бошқалар ҳақида) тақдим этади.
Қўшимча бино (бинонинг қисми) ва хоналарни ижарага олиш зарурати юзага келганда, дипломатик ваколатхона бунинг учун тегишли асос тақдим этади.
12. Бюро дипломатик ваколатхона томонидан бино (бинонинг қисми) ва хоналар тўғрисида тақдим этилган ахборотни хавфсизлик (шу жумладан ёнғин хавфсизлиги) талабларига жавоб бериши, техник ва санитария шартларига мувофиқлиги, дипломатик ваколатхона вазифаларининг тегишли равишда бажарилишини таъминлаш учун объектнинг ҳолати ва яроқлилигини баҳолаш бўйича ўрганади. Бюро ўрганиш якунлари бўйича дипломатик ваколатхонага тегишли тавсияларини юборади.
Бюро дипломатик ваколатхона кўрсатилган бино (бинонинг қисми) ва хоналарда жойлашиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига кўриб чиқиш ва келишиш учун тақдим этади.
13. Ўзбекистон Республикаси жисмоний ёки юридик шахсларининг мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкалари дипломатик ваколатхонани жойлаштириш, уларнинг раҳбарлари ва ходимлари яшаши учун Бюро орқали уч томонлама ижара шартномаларини расмийлаштириш йўли билан мулкдор томонидан тақдим этилади.
14. Дипломатик ваколатхоналар, уларнинг раҳбарлари ва ходимлари тақдим этилган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкаларидан тузилган шартномалар шартларига мувофиқ, фақат мўлжалланган мақсад бўйича фойдаланади ва уларнинг тегишли ҳолатда сақланишини таъминлайди.
15. Дипломатик ваколатхоналар ва бинолар (бинолар қисми) ва хоналарнинг мулкдорлари ижара шартномаси шартларининг ҳар қандай ўзгартирилиши, муддати узайтирилиши ёки амал қилишининг бекор қилиниши тўғрисида Бюрони олдиндан хабардор қилишлари шарт.
16. Бюро ўз оператив бошқарувида бўлган бўш бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига, юридик ва жисмоний, жумладан, хорижий шахсларга икки томонлама шартнома тузиш йўли билан ижарага бериш, шунингдек, уларни ижарага беришдан тушадиган ижара тўловларини Бюрога юкланган вазифаларга мувофиқ мустақил тасарруф этиш ҳуқуқига эга.
3-боб. Бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини дипломатик ваколатхоналарга мулк қилиб сотиш тартиби
17. Дипломатик ваколатхоналар қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатхоналар биноси, шу жумладан ваколатхона раҳбарининг қароргоҳи сифатида фойдаланиладиган бинолар ёки уларнинг қисмини ваколатхоналар жойлашган ер участкалари билан биргаликда, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар биноларини қуриш учун ер участкаларини мулк қилиб сотиб олиш ҳуқуқига эга.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
18. Дипломатик ваколатхоналар давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини сотиб олиш учун Бюрога улардан фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи ва бошқа шартларини кўрсатган ҳолда мурожаат қилади.
Дипломатик ваколатхоналар қўшимча ва (ёки) мавжудларининг ўрнига бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини сотиб олиш тўғрисида мурожаат қилса, Бюрога ушбу бинолар ва ер участкаларининг батафсил тавсифини (фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи) тақдим этади.
19. Бюро давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк қилиб сотиш тўғрисидаги масалани маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирлик ҳамда идоралари билан биргаликда қуйидаги мезонлардан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқади:
(19-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)
Ўзбекистон томонининг бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини сотиб олиш эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда, уларни мулк қилиб сотиш масалаларида Ўзбекистон Республикаси ва мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати ўртасидаги ўзаро келишув принципларига риоя этиш;
мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлатида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитлар даражаси.
20. Дипломатик ваколатхоналар тақдим этишни сўраган давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларининг мулк қилиб сотилишига тўсқинлик қилувчи асослар мавжуд бўлганда, Бюро Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда бошқа муқобил бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тавсия қилиши мумкин.
21. Дипломатик ваколатхоналарга давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк қилиб сотиш мақсадга мувофиқ деб топилганда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бюронинг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига дипломатик ваколатхонага бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк қилиб сотиш тўғрисида таклиф киритади.
22. Агар дипломатик ваколатхонанинг таклифи ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган мезонларга мос келмаса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати билан икки томонлама муносабатларнинг эришилган даражасини ҳисобга олиб, дипломатик ваколатхона томонидан эгаллаб турган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини бўшатиш шарти билан, давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк сифатида тақдим этиш тўғрисида дипломатик ваколатхонанинг мурожаатини қаноатлантириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш ҳуқуқига эга.
23. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини дипломатик ваколатхоналарга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида мулк сифатида сотади.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)
24. Дипломатик ваколатхоналарга бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкалари мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати билан халқаро шартнома тузиш орқали ўзаро келишув (паритет) асосида мулк сифатида тақдим этилади.
25. Дипломатик ваколатхоналар бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкаларини Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахсларидан сотиб олган тақдирда, мазкур бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларининг мулкдори тўғрисида улардан фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи ва бошқа шартлар кўрсатилган маълумотни ўз ичига олган хабарномани Бюрога ўз вақтида юборади.
26. Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахсларига тегишли бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини дипломатик ваколатхоналарга мулк сифатида сотиш тўғрисидаги битимлар нотариуслар томонидан Бюро билан келишилгандан сўнг расмийлаштирилади.
(26-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 апрелдаги 195-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.04.2020 й., 09/20/195/0391-сон)
4-боб. Якунловчи қоида
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.07.2019 й., 09/19/550/3372-сон; 01.04.2020 й., 09/20/195/0391-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.06.2021 й., 06/21/6243/0540-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 13.05.2022 й., 09/22/255/0412-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)