Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида
[Кўчирма]
Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, давлат харидларида рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, ушбу соҳада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иштирокини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Давлат буюртмачилари талабларидан келиб чиққан ҳолда давлат харидларининг қулай, замонавий ва сервисга йўналтирилган экотизимини яратиш ва унга сунъий интеллект технологияларини кенг татбиқ этиш давлат харидлари соҳасида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилансин.
2. 2030 йилгача давлат харидлари соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) давлат харидларида рақобатли усуллардан фойдаланиш даражасини 80 фоизга етказиш;
(б) давлат харидларида иқтисод қилинган маблағ миқдорини 25 трлн сўмга етказиш;
(в) тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларидаги фаоллигини икки карра ошириш;
(г) давлат буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган харидларда маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 85 фоизга етказиш;
(д) давлат буюртмачиларининг харидлар учун масъул бўлган малакаси оширилган ходимлари улуши 98 фоиздан кам бўлмаслигини таъминлаш.
II. Давлат харидлари тизимида тежамкорлик ва самарадорликни ошириш
3. 2026 йил 1 мартдан бошлаб давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида давлат хариди предметининг ўртача бозор нархини сунъий интеллект технологиялари асосида ҳисоблаб берувчи электрон модуль (кейинги ўринларда — модуль) ишга туширилсин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат буюртмачиси давлат харидини амалга оширишдан олдин давлат харидлари предметининг ўртача бозор нархини модулда шакллантиради. Бунда:
(а) давлат харидлари предметининг бошланғич нархи ёки шартнома баҳоси ва унинг модулдаги ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовут 10 фоиздан ортиқ ёхуд 20 фоиздан паст бўлса, ушбу харидлар давлат харидлари соҳасидаги давлат назорати органлари томонидан биринчи даражада текшириладиган юқори хавф-хатар сифатида баҳоланади ва навбатдан ташқари текшириш ўтказиш учун асос бўлади;
(б) тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харидлар модулдаги харид предметининг ўртача бозор нархидан ошмаган ҳолда амалга оширилади, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат хариди предметининг ўртача бозор нархини аниқлаш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
III. Давлат харидлари соҳасида рақобат муҳитини ривожлантириш
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратуранинг 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат харидларида рақобатли усул орқали айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишнинг «таклиф сўрови» янги тартиб-таомилини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
7. Қуйидагилар:
(а) Давлат буюртмачилари томонидан «таклиф сўрови» орқали харид қилиниши мумкин бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати 1-иловага мувофиқ;
(б) Давлат буюртмачилари томонидан «таклиф сўрови» орқали харидларни амалга ошириш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Белгилансинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб:
(а) Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати бекор қилиниб, мазкур рўйхат бўйича давлат харидлари рақобатли усуллардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади, бундан «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
(б) «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат бериш ҳақида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат хариди ижрочисининг номи аниқ кўрсатилади. Давлат хариди ижрочисининг номи аниқ кўрсатилмаган тақдирда, ушбу харидлар «таклиф сўрови» харид қилиш тартиб-таомили орқали амалга оширилиши назарда тутилади;
(в) тўғридан-тўғри шартномалар тузишни назарда тутувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Адлия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш натижалари асосидаги хулосалари мавжуд бўлса, шунингдек, коррупцияга қарши экспертиза ўтказилган тақдирда, белгиланган тартибда қабул қилинади;
(г) давлат харидларида электрон дўконга оферталарни жойлаштириш муддати 15 кундан 60 кунгача узайтирилади ҳамда товарларни етказиб бериш муддати камида 5 кун этиб белгиланади;
(д) Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида харид ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш муддатлари уларнинг қиймати ва мураккаблигидан келиб чиқиб қисқартирилади.
IV. Давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини янада қўллаб-қувватлаш
9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2026 йил 1 январдан бошлаб:
(а) давлат буюртмачиларининг харид режалари эълон қилингандан кейин ушбу маълумотлар автоматик равишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга электрон хабарнома тарзида юборилади;
(б) бюджет буюртмачилари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўтказиладиган маҳаллий аукцион савдоларини ўтказиш йўлга қўйилади. Бунда савдолар бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган электрон аукцион тартиб-таомиллари асосида икки иш куни муддатига эълон жойлаштириш орқали шартнома қиймати билан боғлиқ чекловларсиз ўтказилади;
(в) маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоиз ва ундан ортиқ бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бюджет буюртмачилари ўртасида тузилган шартномалар бўйича етказиб бериладиган товарлар учун бўнак тўловларини маҳаллийлаштириш даражасига мутаносиб равишда, лекин маҳаллийлаштириш даражасидан кам бўлмаган ва корхона жами активлари миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда тўлаб беришга рухсат берилади;
(г) бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукционда битта тадбиркорлик субъекти иштирок этган тақдирда, аукцион ўтказилган деб ҳисобланади;
(д) энг яхши таклифларни танлаш савдоларида битта тадбиркорлик субъекти иштирок этган тақдирда, давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилини ҳамда товарларга (ишларга, хизматларга) оид мезонларни ўзгартирмаган ҳолда такроран эълон жойлаштирганда ва такрорий ушбу савдоларда ҳам ягона иштирокчи илгари иштирок этган тадбиркорлик субъекти бўлса, у ҳолда энг яхши таклифларни танлаш савдолари ўтказилган деб ҳисобланади. Ушбу тартиб «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунда белгиланган талабларга мос келмайдиган ва таклифини тегишли тарзда расмийлаштирмаган энг яхши таклифларни танлаш иштирокчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.
10. 2026 йил 1 июлдан қуйидагилар жорий этилсин:
(а) давлат харидларига оид таклифларни давлат харидлари электрон тизими орқали фақат электрон шаклда баҳолаш;
(б) давлат буюртмачилари томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилувчи шахсларга ишончномаларни давлат харидлари электрон тизими орқали электрон кўринишда расмийлаштириш.
V. Харид жараёнларини режалаштириш ва тартибга солиш чоралари
11. «UzAssets» АЖ бошқарувидаги йирик давлат корхоналарига (кейинги ўринларда — йирик давлат корхоналари) нисбатан давлат харидларини амалга оширишнинг амалдаги тартибига қўшимча равишда қуйидаги тартиботлар жорий қилинсин:
(а) 2026 йил 1 июлдан бошлаб «Ягона ғазначилик» ва ERP ахборот тизимларидаги давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ барча ахборотларнинг давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига реал вақт режимида узатиб бориш;
(б) омборхоналарда сақланаётган товарларни уч ой муддатда, кейинчалик ҳар йили камида бир марта хатловдан ўтказиб, аниқланган самарасиз сақланиб келинаётган ноликвид товарларнинг белгиланган тартибда сотилишини таъминлаш ва амалга оширилган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиш;
(в) тегишли йил учун харид режалари фақат хатлов натижаларидан келиб чиқиб шакллантириш;
(г) харид жараёнларининг коррупцияга қарши курашиш тизимлари самарадорлигини ҳар 2 йилда бир марта баҳолашдан (форензик) ўтказиш ва унинг натижасини 3 кун ичида «Давлат аудити» дастурий комплексига киритилишини таъминлаш.
12. Белгилансинки, йирик давлат корхоналарининг раҳбарлари ушбу Фармоннинг 11-бандида назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва пухта бажариш учун шахсан жавобгар бўлади.
13. Ҳисоб палатаси ва Давлат молиявий назорати инспекцияси:
(а) уч ой муддатда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фойдаланишида мавжуд бўлган хизмат автотранспорт воситаларини хатловдан ўтказсин ҳамда хатлов натижаларига кўра белгиланган меъёрлар бўйича лимитдан ортиқча бўлган хизмат автотранспорт воситаларининг ўрнатилган тартибда сотилишини ва амалга оширилган ишлар ҳақида 2026 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритилишини;
(б) давлат буюртмачилари кесимида автотранспорт воситаларини харид қилиш устидан доимий равишда назорат ўрнатилишини таъминласин.
VI. Давлат харидлари соҳасида жамоатчилик назоратини янада кучайтириш ва қонунийликни таъминлаш
14. Белгилаб қўйилсинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб:
(а) давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат бериш ҳақида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишдан олдин айнан ушбу харид бўйича камида уч иш кунига давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида эълон жойлаштириш талаб этилади;
(б) харид қилишга оид ҳужжатлар лойиҳаларини камида икки иш куни давомида давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда таклиф ва эътирозлар келиб тушган харид қилишга оид ҳужжатлар лойиҳалари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан доимий мониторинг қилиб борилади ва мониторинг натижасида аниқланган рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича кўрсатмалар ва кўриб чиқилиши лозим бўлган тақдимномалар киритилади;
(в) Ўзбекистон Республикасининг алоҳида махсус савдо майдончаларидаги электрон (биржа) савдолари натижаларига кўра тузилган шартномалар юзасидан маълумотлар давлат буюртмачилари томонидан Шартномаларнинг ягона реестрида акс эттирилади;
(г) давлат буюртмачиларининг харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган ходимларининг малакаси давлат харидлари бўйича ўқув курсларини ташкил этган давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан икки йилда камида бир маротаба оширилади;
(д) давлат буюртмачилари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат хариди натижалари давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида очиқланиши шарт, бундан давлат сирлари ва тижорат сири билан боғлиқ ҳоллар мустасно. Бунда давлат назоратини амалга оширувчи ваколатли давлат органлари томонидан:
(i) барча давлат хариди натижаларини очиқлаш бўйича талабларга сўзсиз риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади;
(ii) давлат хариди натижаларини очиқлаш бўйича талабларни бузган давлат буюртмачиларига нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чоралари кўрилади.
15. 2026 йил 1 мартдан бошлаб харид комиссиясининг раиси этиб фақатгина давлат буюртмачисининг раҳбари, унинг ўринбосари ёки уларнинг вазифасини бажарувчи шахс тайинланиши лозим.
16. Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида давлат харидлари соҳасида қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қуйидаги механизмларни назарда тутувчи «Давлат харидларида назорат» саҳифаси жорий этилсин:
(а) давлат харидлари соҳасига оид ҳуқуқбузарликлар вужудга келиши мумкин бўлган хавфларнинг ягона таснифини шакллантириш;
(б) хавф-хатарларни тоифаларга ажратиш, шунингдек, уларни автоматик аниқлаш ва хабардор қилиш;
(в) давлат буюртмачиларини содир этган ҳуқуқбузарликларига кўра тоифаларга ажратиш;
(г) давлат харидларида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ўз ичига олувчи «Харидларда KPI» рақамли рейтингини жорий қилиш.
17. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура билан биргаликда 2026 йил 1 июнга қадар мазкур Фармоннинг 16-бандида назарда тутилган механизмларни жорий қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
18. Вазирлар Маҳкамаси 2026 йилдан бошлаб ҳар чоракда йирик давлат корхоналари ва бюджет буюртмачилари раҳбарларининг давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, соҳада коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича ҳисоботларини танқидий муҳокама қилиб бориш амалиётини йўлга қўйсин.
19. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси уч ой муддатда давлат харидларида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келадиган ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида давлат харидлари субъектлари учун услубий қўлланмалар ишлаб чиқиб, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига жойлаштирсин ҳамда доимий тарзда қонунчиликка мувофиқлаштириб борсин.
VII. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
20. Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
21. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги уч ой муддатда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан биргаликда давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини «e-anticor.uz» электрон платформасида масофадан аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини жорий этсин ҳамда ушбу тизимни давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали билан интеграция қилсин.
22. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ой муддатда:
(а) Адлия вазирлиги билан биргаликда электрон тизим операторларида шаклланадиган давлат харидлари тўғрисидаги тегишли шартнома лойиҳалари юзасидан юридик хизмат хулосаларини «E-huquqshunos» дастури орқали электрон тарзда тақдим этиш амалиётини йўлга қўйсин;
(б) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда:
(i) давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида давлат хариди предметининг ўртача бозор нархларини сунъий интеллект технологиялари асосида ҳисоблаб берувчи электрон модулни ишлаб чиқсин;
(ii) айрим товарларнинг давлат харидида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш орқали харид комиссиясининг аралашувисиз автомат тарзда ғолибни аниқлаш ва хавфларни олдиндан таҳлил қилиш имкониятларини яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
(в) давлат буюртмачиларининг давлат харидлари тўғрисидаги ҳисоботларини давлат харидлари электрон тизими орқали электрон тақдим этиш имкониятини жорий этсин;
(г) қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
23. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
25. Мазкур Фармон ижросини мониторинг қилиб бориш режаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда:
(а) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Фармон ижросини мониторинг режасига асосан ҳар йили 10 февралга қадар мониторингдан ўтказсин ҳамда мониторинг натижаларини Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигига киритиб борсин;
(б) Ҳисоб палатаси Адлия вазирлиги билан биргаликда мониторинг режаси асосида Фармон ижросини назорат қилсин ҳамда ҳар йили 20 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин;
(в) «Ijro.gov.uz» тизимида Фармон ижросини назоратдан ечишда мониторинг режасида кўрсатилган мақсадларга эришилганлиги инобатга олинсин.
26. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров белгилансин.
27. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 декабрь,
ПФ-259-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ-259-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Давлат буюртмачилари томонидан «таклиф сўрови» орқали харид қилиниши мумкин бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)
РЎЙХАТИ
1. Банк (банклараро) хизматлар ва операциялар, қурилиш объектларида банклар томонидан амалга ошириладиган назорат ўлчови хизматлари бундан мустасно.
2. Давлат буюртмачиси томонидан унинг таркибидаги ёки юқори турувчи ташкилоти ишлаб чиқарадиган товар (кўрсатадиган хизмат, бажарадиган иш)ларнинг айни бир тури учун амалга ошириладиган давлат хариди.
3. Спорт, маданий-оммавий тадбирлар, кўргазмалар, ярмаркалар, анжуманлар, семинарлар ва ўқув машғулотларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун бинолар, иншоотлар ва асбоб-ускуналарни ижарага олиш.
4. Оммавий ахборот воситаларида матбуот анжумани, брифинг, мавзули телекўрсатув ва бошқа тадбирларни ўтказиш, реклама жойлаштириш, мақола чоп этиш.
5. Турар ёки нотурар жойни (иншоотни) харид қилиш ёки ижарага олиш, шунингдек, унинг таъминоти бўйича эксплуатация харажатлари.
6. Даврий нашрлар (газеталар, журналлар)га, шу жумладан, уларнинг электрон вариантларига обуна бўлиш.
7. Бензин, суюлтирилган ва сиқилган газ, дизель ёнилғиси ва кўмир маҳсулотлари ҳамда электр энергияси манбаларида ҳаракатланувчи транспорт воситаларини қувватлантирувчи электр энергияси*.
8. Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, туман ва шаҳарлар бюджетлари захира жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар).
9. Махсус ва хизмат автотранспорти воситаларини, ҳаво кемаларини, шунингдек, тиббиёт ускуналарини таъмирлаш бўйича хизматлар.
10. Халқаро ва давлатлараро даражадаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар.
11. Фуқаро авиацияси корхоналари томонидан ишлаб чиқарувчилардан ёки сертификатлаштирилган етказиб берувчилардан ҳаво кемаларини эксплуатация қилиш ва таъмирлаш учун харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва материаллар, шу жумладан, авиация сервис товарлари, материаллар, инвентарлар ва уларнинг қисмлари, махсус гилам қопламалари, ҳаво кемалари ўриндиқларига қопламалар тайёрлаш учун матолар, авиация шиналари, шунингдек, авиация корхоналарининг чет элдаги ваколатхоналари учун зарур бўлган товарларнинг (ишлар, хизматлар) хариди.
12. Таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик жамланмаларни нашр этиш (қайта нашр этиш) учун мўлжалланган қоғоз ва бошқа сарфлаш материаллари.
13. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги футбол академиялари учун электрон ҳисоблаш ускуналари, ўйинлар ва ўқув-машқ йиғинларини таҳлил қилиш дастурий таъминот ва ускуналар, Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси талаблари бўйича футбол тўплари, спорт кийимлари ва экипировкалар ҳамда футбол учун оёқ кийимлар.
14. Халқаро спорт федерациялари (ассоциациялари) томонидан уларнинг талаб ва тавсияларига асосан халқаро спорт мусобақалари ҳамда профессионал спортчилар шуғулланиши учун зарур бўладиган хорижда ишлаб чиқарилган спорт анжомлари, жиҳозлари, ускуналари, махсус машғулот тренажёрлари, замонавий илмий технология воситалари, махсус спорт кийимлари (экипировкалар), спорт тиббиёти жиҳозлари, тиббий биологик ва фармакологик препаратлар.
15. Халқаро спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришган иштирокчиларни кутиб олиш билан боғлиқ харидлар (транспорт хизматларини кўрсатиш, асбоб-ускуналарни ижарага олиш, банкет ва овқатланишни ташкил этиш бўйича хизматлар, сувенирлар, совғалар, гуллар ҳамда гул билан безатиш, баннерлар ва буклетлар тайёрлаш, тадбирлар ва анжуманларни ташкил этиш, махсус ва миллий кийимлар ва бошқалар).
16. Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги тизимидаги ташкилотлар ва ботаника боғлари ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари томонидан етиштирилган кўчат ва ниҳоллар, шунингдек, уларни парвариш қилиш бўйича хизматлар.
17. Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини тарғиб қилишга йўналтирилган хорижий компанияларнинг продюсерлик ва реклама хизматлари, хорижий телерадиокомпаниялар ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг рекламалар, репортажлар ва бошқа роликларни тайёрлаш ва трансляция қилиш бўйича хизматлари.
18. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Давлат резиденцияларига хизмат кўрсатиш ва тадбирларни ташкил этиш бошқармаси тузилмасига кирадиган давлат резиденциялари ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун Ҳукумат қарорлари ва топшириқлари асосида, шу жумладан, пудратчилар томонидан, ушбу мақсадларга ажратилган маблағлар ҳисобига товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилиш.
19. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари лойиҳаларини бажаришда иштирок этувчи бюджет ташкилотлари томонидан тадқиқотлар ўтказиш мақсадида реактивлар ва реагентлар харид қилиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги миллий норматив ҳужжатлар, давлат стандартларини ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 июндаги ПФ-104-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.06.2026 й., 06/26/104/0563-сон)
21. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозицияси, музей ва кутубхона фондларини шакллантириш мақсадида хорижда ва Ўзбекистонда тайёрланадиган экспонатлар, санъат асарлари, суратлар, ҳайкаллар ва бюстлар, гиламлар, матолар, қўлёзмалар ва нашр асарлари нусхалари, хариталар, паннолар, стендлар, видео-аудио ва юқори технологик намойишлар учун материаллар хариди.
22. Олий таълим муассасалари томонидан хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни (муаллифлик ҳуқуқи бўлган ишлаб чиқарувчилардан), сарфланадиган лаборатория материаллари (реактивлар, кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар) харид қилиш.
23. Монополист корхоналар ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахс, устав фонди (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахс томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни харидорларга аффилланган шахс бўлган ташиш хизматини кўрсатувчи корхоналарнинг автотранспортда ташиш хизматлари.
24. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур бўладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат хариди.
25. Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Давлат бюджети ҳамда Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган рўйхат бўйича сув хўжалиги объектларининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш хизматлари.
26. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари.
27. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида «таклиф сўрови» бўйича амалга ошириладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди.
* Мазкур иловада кўрсатилган бензин, суюлтирилган ва сиқилган газ, дизель ёнилғиси ва кўмир маҳсулотлари ҳамда электр энергияси манбаларида ҳаракатланувчи транспорт воситаларини қувватлантирувчи электр энергиясининг хариди, қонунчиликда белгиланган тартибда корпоратив банк карталари (харид карталари) орқали амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ-259-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Давлат буюртмачилари томонидан «таклиф сўрови» орқали харидларни амалга ошириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Давлат буюртмачиси

Харид предметининг ўртача бозор нархлари бўйича электрон маълумотномани шакллантиради.

Заруратга кўра

2-босқич

Давлат буюртмачиси

1. «Таклиф сўрови»ни ўтказиш ҳақидаги эълонни давлат харидлари электрон тизимига жойлаштиради.

2. Ўз ихтиёрига кўра салоҳиятли етказиб берувчиларга ўз таклифларини тақдим этиш учун «таклиф сўровлари»ни юборади.

Таклифларни қабул қилиш муддати тугашидан камида икки иш куни олдин

3-босқич

Иштирокчи

«Таклиф сўрови» ўтказиш ҳақидаги эълон бўйича таклифларни тақдим этади.

«Таклиф сўрови» ўтказиш ҳақидаги эълонда белгиланган муддатга қадар

4-босқич

Давлат буюртмачиси

1. «Таклиф сўрови» ўтказиш ҳақидаги эълон бўйича келиб тушган таклифларни кўриб чиқади (агар келиб тушган бўлса).

2. Салоҳиятли етказиб берувчиларнинг таклифларини ва (ёки) оферталарини ўрганади.

Ғолиб аниқлангунга қадар

5-босқич

Давлат буюртмачиси

Таклифларни ва (ёки) оферта(лар)ни кўриб чиқиш (ўрганиш) натижалари бўйича энг мақбул таклиф тақдим этган иштирокчини ғолиб деб топади ва бу ҳақида давлат харидлари электрон тизимига ахборот жойлаштиради.

Бунда битта таклиф ёки оферта келиб тушган бўлса ҳам харид қилиш тартиб-таомили бўлиб ўтган ҳисобланади.

Эълон бўйича таклифларни қабул қилиш муддати тугаган пайтдан эътиборан йигирма иш куни ичида

6-босқич

Давлат буюртмачиси

Ғолиб деб топилган иштирокчи билан электрон шаклда шартнома тузади (хорижий етказиб берувчилар билан тузиладиган шартномалар бундан мустасно).

Ғолиб аниқланган вақтдан бошлаб ўн иш кунида

7-босқич

Давлат харидлари электрон тизими

Ғолиб аниқланган вақтдан бошлаб давлат буюртмачиси тўққиз иш куни ичида шартнома тузиш бўйича ғолибга таклиф юбормаса, ушбу жараён давлат харидлари электрон тизими томонидан автомат тарзда амалга оширилади ва ғолиб бир иш куни ичида шартнома тузиш ёки уни рад этиш бўйича қарор қабул қилади.

Бунда ғолиб шартнома тузиш тўғрисидаги таклифни бир иш куни ичида рад этмаган бўлса, шартнома автоматик режимда тузилган деб ҳисобланади.

Ғолиб аниқланган вақтдан бошлаб ўн биринчи иш кунида

8-босқич

Давлат харидлари электрон тизими

Тузилган шартнома тўғрисидаги маълумотларни Шартномаларнинг ягона реестрига киритади.

Автоматик равишда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ-259-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича
ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Амалга ошириш шакли

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. Давлат харидларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш

1.

Рақамли технологияларидан фойдаланган ҳолда давлат харидлари тизимида комплекс мониторинг юритишни такомиллаштириш ва шаффофликни янада ошириш.

1. Махсус ахборот порталида тегишли давлат органлари билан маълумотлар алмашинувини таъминлаш орқали корпоратив буюртмачиларнинг давлат харидларини рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда электрон мониторинг қилишни босқичма-босқич татбиқ этиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил давомида

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Давлат активларини бошқариш агентлиги,

Рақамли технологиялар вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Давлат харидлари электрон тизими операторларининг хатти-ҳаракатлари, жумладан, модерация жараёнлари устидан онлайн шикоят қилиш имконини яратиш.

Шикоят бўйича қоидабузарликлар аниқланганда давлат харидлари электрон тизими операторларига нисбатан жарима қўллаш ва шикоятлар натижаларини очиқлаш амалиётларини йўлга қўйиш.

Мунтазам равишда

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Рақобат қўмитаси,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

Махсус ахборот порталини такомиллаштириш орқали фойдаланувчилар учун қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратиш.

1. Давлат харидларида ишончномани электрон тарзда юборишни йўлга қўйиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил июль

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

2. Назорат органлари томонидан аниқланган хато ва камчиликлар асосида давлат буюртмачиларига хабарномани электрон шаклда юбориш амалиётини йўлга қўйиш.

2026 йил сентябрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Ҳисоб палатаси,

Рақобат қўмитаси,

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

3.

Давлат харидлари учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш.

1. Бюджет буюртмачиларининг айрим товар ва хизматлари бўйича харид режаларини товар-моддий захираларини инобатга олган ҳолда электрон шакллантириш имконини берувчи «харидларни режалаштириш модули»ни ишлаб чиқиш. Бунда айрим товар ва хизматлар рўйхатини тасдиқлаш юзасидан тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Таҳлилий маълумот

2026 йил апрель

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. 2027 йил учун харажатлар сметасига давлат харидларида фойдаланиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификатор кодлари киритилган ҳолда режа-жадвалларини шакллантириш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил сентябрь

4.

Давлат харидлари электрон тизими операторларида рақамлаштириш ишларини янада такомиллаштириш.

1. «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 47-моддасида белгиланган реестрда кўрсатилиши шарт бўлган ахборотларнинг давлат харидлари электрон тизими операторларида тўлиқ ҳолда жойлаштирилишини таъминлаш.

2. «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 42-моддасида кўрсатилган ҳолатлар аниқланганда иштирокчининг харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатилишини таъминлаш.

3. Модерация жараёнларини босқичма-босқич инсон омилисиз амалга ошириш чораларини кўриш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил январь

Давлат харидлари электрон тизими операторлари,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

4. Давлат харидлари электрон тизимида иштирокчининг офертаси бўйича шартнома давлат буюртмачиси томонидан шакллантирилган харид предметининг бошланғич нархидан юқори нархда шаклланиши ҳолати юзага келганда, давлат буюртмачисига ушбу шартномани шакллантириш ёки шакллантиришни рад этиш бўйича имконият яратиш.

2026 йил март

5.

Ўзбекистонда давлат харидлари тизимини «MAPS»да (The Methodology for Assessing Procurement Systems) баҳолашдан ўтказиш.

Халқаро молия институтларини жалб этган ҳолда давлат харидлари тизимини комплекс таҳлил қилиш чораларини кўриш.

Амалий чора-тадбирлар

2026-2027 йиллар

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Баҳолаш натижалари ва кўрилган чоралар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиш.

Таҳлилий маълумот

II. Давлат харидлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ва услубий базани такомиллаштириш

6.

Давлат харидлари соҳасини янада такомиллаштириш.

1. Давлат харидлари соҳасини янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

товар (иш, хизмат)ларнинг етказиб бериш муддатларига минимал талаб жорий қилиш;

«электрон дўкон» ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион савдолари орқали тузилган шартномалар бўйича ҳақиқатда етказиб берилган товар (иш, хизмат)лар учун тўловларни амалга ошириш имкониятини яратиш;

амалга ошириладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматларнинг харидларини рақобатли усулларга (тендер, танлов) ўтказиш мақсадида «электрон кооперация» порталида ушбу харидларга чеклов ўрнатиш;

электрон кооперация портали орқали харидларни амалга оширишда воситачилик йиғими, закалат ва қўшимча закалатнинг энг юқори миқдорларига чегара белгилаш;

шартнома тарафларнинг розилиги билан бекор бўлганда комиссия тўловларини шартномани бекор қилиш бўйича ташаббускор томонидан иккинчи томонга қоплаб бериш;

ягона етказиб берувчиларнинг давлат харидларидаги иштирокини баҳолаш.

2. Давлат харидларида дилерлар иштирокини тартибга солиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари

2026 йил май

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Рақобат қўмитаси,

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги,

Ҳисоб палатаси

7.

Давлат харидлари соҳасида юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш амалиётини йўлга қўйиш.

Давлат харидлари электрон тизими операторлари, давлат буюртмачилари ва харид қилиш тартиб-таомиллари ижрочилари ўртасида келиб чиқадиган низоларни судгача ҳал қилиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда ўрганиш натижалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2026 йил сентябрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Ҳисоб палатаси,

Рақобат қўмитаси,

Савдо-саноат палатаси

8.

Корпоратив буюртмачилар учун давлат харидларини янада соддалаштириш.

1. Корпоратив буюртмачилар томонидан тижорат мақсадларида қайта сотиш ёки шу мақсадларда товарлардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун амалга ошириладиган давлат харидлари бўйича халқаро тажрибани ўрганиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил сентябрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Давлат активларини бошқариш агентлиги,

Рақобат қўмитаси,

Адлия вазирлиги,

Ҳисоб палатаси

2. Корпоратив буюртмачилар томонидан тижорат мақсадларида қайта сотиш ёки шу мақсадларда товарлардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун амалга ошириладиган давлат харидларининг алоҳида тартибини белгилаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2026 йил ноябрь

9.

Давлат иштирокидаги йирик корхоналарнинг омборларидаги ноликвид товарларнинг самарасиз сақланишини олдини олиш.

1. Давлат иштирокидаги йирик корхоналар омборларида сақланаётган, муддати уч ойдан ошган ноликвид товарларни хатловдан ўтказиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил март

Давлат иштирокидаги йирик корхоналар

2. Хатлов натижасида аниқланган самарасиз сақланаётган ноликвид товарларнинг белгиланган тартибда сотилишини таъминлаш ва амалга оширилган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиш.

Таҳлилий маълумот

2026 йил май

10.

Давлат харидларини амалга оширишда маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чораларини кўриш.

Давлат иштирокидаги йирик корхоналарда харид жараёнларининг коррупцияга қарши курашиш тизимлари самарадорлигини баҳолашдан (форензик) ўтказиш бўйича техник топшириқ ишлаб чиқиш.

Техник топшириқ

2026 йил сентябрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Рақобат қўмитаси,

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

11.

Давлат харидларида шартнома мажбуриятлари бажарилишини кафолатлашни такомиллаштириш.

Давлат харидларида суғурталаш ва (ёки) факторинг хизматидан фойдаланиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда ўрганиш натижалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.

Таҳлилий маълумот

2026 йил ноябрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги,

Савдо-саноат палатаси,

Марказий банк,

тармоқ уюшмалари

12.

Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари самарадорлигини ошириш.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

ягона етказиб берувчидан давлат харидини амалга оширишнинг алоҳида ҳолларини қайта кўриб чиқиш;

энг яхши таклифларни танлаш савдоларида битта тадбиркорлик субъекти иштирок этган тақдирда, давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилини ҳамда товарларга (ишларга, хизматларга) оид мезонларни ўзгартирмаган ҳолда такроран эълон жойлаштирганда ва такрорий танлаш савдоларининг ягона иштирокчиси илгари иштирок этган тадбиркорлик субъекти бўлганда, танлаш савдолари ўтказилган деб ҳисоблаш;

бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукционда битта тадбиркорлик субъекти иштирок этган тақдирда, аукцион ўтказилган деб ҳисоблаш;

«Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунда белгиланган харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишнинг бошқа турларини қайта кўриб чиқиш;

давлат харидлари соҳасидаги назорат қилувчи ваколатли давлат органларининг ваколатларини аниқ белгилаш;

давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган ходимларини давлат буюртмачиларининг фаолияти юзасидан олиб борилаётган текширув жараёнларига жалб қилишни тақиқлаш.

Қонун лойиҳаси

2026 йил ноябрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Ҳисоб палатаси,

Рақобат қўмитаси,

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги,

Бош прокуратура

13.

Давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатларининг олдини олиш механизмларини белгилаш.

Давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ҳамда аффилланганлик ҳолатларини аниқлашнинг аниқ механизмлари, шу жумладан, мезонлари ва жараёнларини белгилаш бўйича ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганиш ва ўрганиш натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси киритиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2026 йил июнь

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги,

Рақобат қўмитаси

Ҳисоб палатаси,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

14.

Бюджет буюртмачилари томонидан давлат харидларини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш.

Илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда бюджет буюртмачилари томонидан давлат харидларини амалга ошириш тизимини соддалаштириш, зарур товарлар (ишлар, хизматлар) билан барқарор таъминлаш, профессионал тарзда харид қилишнинг ташкилий механизмларини жорий қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2026 йил декабрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

III. Шартнома мажбуриятлари бажарилишини мониторинг, таҳлил ва назорат қилишнинг комплекс ва юқори технологияли тизимини яратиш

15.

Шартномаларни бошқариш тизимини жорий этиш, шу жумладан, шартномаларга риоя этиш интизомини мустаҳкамлаш, мажбуриятларнинг бажарилишини тартибга солиш.

1. Ғолиб иштирокчи томонидан ўз вақтида етказиб берилмаган товарлар (иш, хизмат) бўйича маълумотларни жамоатчилик учун очиқлаш.

2. Пеня ва жарималарни қўллашни ҳамда шартномавий муносабатларни тартибга солиш мақсадида суд органларига ахборот тизими орқали хабарнома юборишни жорий этиш.

3. Шартномаларни бошқариш тизимини жорий қилиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил сентябрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Рақобат қўмитаси,

Адлия вазирлиги,

Рақамли технологиялар вазирлиги

16.

Шартномалар ижроси ҳамда шартномаларга оид муносабатларни жамоатчилик учун очиқлаш.

Давлат буюртмачиларининг ички аудит тузилмалари томонидан ҳар ярим йиллик ижроси бўйича давлат харидлари жараёнлари, шартномавий муносабатларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг тадбирларини ўтказиш ҳамда ўтказилган мониторинг ва таҳлил натижалари тўғрисидаги маълумотларни жамоатчилик учун очиқлаш тизимини жорий этиш.

Амалий чора-тадбирлар

Мунтазам равишда

Манфаатдор вазирлик ва идоралар

17.

Давлат буюртмачилари ва етказиб берувчиларнинг маблағлари кафолатли сақланишини таъминлаш.

1. Давлат харидлари электрон тизими операторларининг тижорат банкларида очилган ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги давлат буюртмачилари ва етказиб берувчиларнинг маблағларини кафолатли сақланишини таъминлаш бўйича халқаро аудиторлик ташкилотлари томонидан мажбурий равишда ҳар 2 йилда мустақил аудитдан ўтказиш амалиётини жорий қилиш.

2. Ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги давлат буюртмачилари ва етказиб берувчиларнинг маблағлари кафолатли сақланишини таъминлаш бўйича барча давлат харидлари электрон тизими операторларининг тижорат банкларида очилган ҳисоб-китоб клиринг палатасини Ягона ғазна ҳисобварағига ўтказиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2026 йил май

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Рақобат қўмитаси,

Ҳисоб палатаси

IV. Давлат харидлари соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш

18.

Давлат иштирокидаги йирик корхоналар учун давлат харидларини янада соддалаштириш.

Давлат иштирокидаги йирик корхоналарга синов тариқасида комплаенс хизмати ходимлари ичидан «Давлат хариди инспектори» лавозимини жорий этиш ва давлат харидлари жараёни устидан дастлабки ва жорий назоратни ушбу инспектор томонидан амалга оширишни йўлга қўйиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил январь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Давлат активларини бошқариш агентлиги

Мазкур амалиёт самарадорлигини таҳлил қилиш ва Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.

Таҳлилий маълумот

2028 йил декабрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

19.

Ягона етказиб берувчилар реестрини танқидий кўриб чиқиш.

1. Ягона етказиб берувчилар реестрини танқидий кўриб чиқиб, унга киритилган субъектларни хатловдан ўтказиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил май

Рақобат қўмитаси,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

2. Соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи субъектларни Ягона етказиб берувчилар реестридан чиқариш бўйича таклифларни, шу жумладан, заруратга кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Таҳлилий маълумот,

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

3. Давлат харидларида Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини қайта кўриб чиқиш.

4. Талабгор аризаси ва унга илова қилинган маълумотларни махсус ахборот порталида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш муддатини 30 кунгача узайтириш. Бунда жамоатчилик томонидан салбий фикр ва эътирозлар келиб тушган бўлсада, талабгор аризасини қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилинса, ваколатли орган томонидан тасдиқланган хулосани махсус ахборот порталига жойлаштириш тартибини жорий қилиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2026 йил июнь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Рақобат қўмитаси

20.

Қурилиш соҳасидаги давлат харидларида рақобат муҳитини янада ривожлантириш.

Қурилиш соҳасидаги тўғридан-тўғри харидлар улушини кескин камайтириш бўйича зарур чораларни амалга ошириб, натижаси юзасидан ҳар чоракда тегишли ахборотни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Таҳлилий маълумот

Ҳар чоракда

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

21.

Давлат буюртмачиларининг давлат харидларидаги масъулиятини ошириш.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик, шу жумладан, давлат буюртмачилари томонидан давлат харидини асослантирилмаган сабабларга кўра бекор қилиш учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Қонун лойиҳаси

2026 йил декабрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Ҳисоб палатаси

V. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг қувватларидан самарали фойдаланиш

22.

Давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

1. Қуйидаги ўзгартиришларни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш:

ишлаб чиқарувчиларга маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатни бериш тартиб-таомилларини тубдан қайта кўриб чиқиш асосида жараёнларни рақамлаштириш ва оптималлаштириш;

маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат бериш тўловини камида эллик фоизга қисқартириш;

товарлар жамланмаси ва жамланма таркибидаги товар учун маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисида алоҳида-алоҳида сертификат олиш тизимини соддалаштириш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2026 йил март

Савдо-саноат палатаси,

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги,

Ўзбекэкспертиза АЖ,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат ташкилотлари маблағлари ҳисобига ўтказиладиган тендерларда маҳаллий иштирокчиларнинг иштирокини кенгайтириш ва ортиқча талабларни киритишга йўл қўймаслик бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2026 йил май

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги,

Сув хўжалиги вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Савдо-саноат палатаси

3. Давлат иштирокидаги йирик корхоналар режалаштирган харидларини республикадаги кўп сонли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш ва офтейк шартномалар тузиш чораларини кўриш.

Бунда Савдо-саноат палатаси мазкур муҳокамаларнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида кенг ёритилишига кўмаклашиш.

Амалий чора-тадбирлар

Ҳар чоракда

Давлат иштирокидаги йирик корхоналар,

Савдо-саноат палатаси

VI. Давлат харидлари тизимини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш

23.

Кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича институционал базани ривожлантириш.

1. Тажриба алмашиш ҳамда давлат харидлари соҳасига оид масалаларни муҳокама қилиш учун маҳаллий ва халқаро конференцияларни ташкил этиш.

2. Ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда давлат харидлари ривожланган хорижий мамлакатларда уларнинг малакасини ошириш.

3. Давлат харидлари соҳасига юқори малакали, шу жумладан, хорижий давлатларнинг давлат харидлари соҳасини тартибга солувчи органларида иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни жалб этиш чораларини кўриш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2026 йил давомида

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

4. Давлат буюртмачиларида харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган ходимларнинг эллик фоизини ҳар йили давлат харидлари бўйича ўқув курсларини ташкил этган давлат ва нодавлат ташкилотларда малакасини ошириш.

Доимий

Барча бюджет ва корпоратив буюртмачилар

24.

Давлат иштирокидаги корхоналар учун ходимларни ўқитиш (малакасини ошириш) тизимини такомиллаштириш.

1. Давлат харидлари бўйича масъул мутахассисларга қўйиладиган талаблар бўйича хорижий тажрибани ўрганиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил апрель

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув марказида халқаро молия институтлари ёрдамида халқаро эътироф этилган институтларни жалб этган ҳолда «харидлар мактаби»ни ташкил этиш. Бунда:

давлат харидлари бўйича мутахассис ходимларни тайёрлаш дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш;

давлат харидларига масъул ходимларни мажбурий сертификатлашни жорий этиш.

2026 йил август

3. Бюджет ва корпоратив буюртмачилар учун ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда уларнинг давлат харидлари соҳасидаги фаолиятини муҳокама қилиб бориш.

Ҳар чоракда

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Ҳисоб палатаси,

Рақобат қўмитаси

25.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув марказининг фаолиятини такомиллаштириш.

Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув марказининг фаолиятини замонавий таълим стандартлари ва рақамли инновациялар асосида тубдан такомиллаштириш. Бунда:

марказда таълим ва амалиёт жараёнларини кафедралар негизида ташкил этиладиган илғор хорижий тажрибага асосланган молия-иқтисод, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, давлат харидлари ҳамда сунъий интеллект ва ахборот тизимлари йўналишларида таълим — амалиёт мактаблари орқали олиб бориш;

кадрлар малакасини оширишда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни қўллаш ҳамда виртуал симуляцион моделларни жорий қилиш.

Амалий чора-тадбирлар

2026 йил апрель

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ-259-сон Фармонига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматнинг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 ноябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-244-сон Фармони 4-бандининг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-193-сон Фармонининг 6-банди «в» кичик банди учинчи хатбошисидаги «тўғридан-тўғри» сўзлари «белгиланган тартибда» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4812-сон қарорида:
(а) 4-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«бюджет ва корпоратив буюртмачилар раҳбарлари харид қилиниши назарда тутилган товарларни (ишлар, хизматлар), биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш имкониятини мажбурий тартибда ўрганади. Бунда давлат харидлари учун зарур бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда мавжуд бўлмаган тақдирдагина давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталининг маълумотномаси асосида харидларни қонунчиликда белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-таомиллари орқали бошқа етказиб берувчилар билан амалга оширишга рухсат этилади»;
(б) қуйидаги мазмундаги 41-банд билан тўлдирилсин:
«41. Белгилаб қўйилсинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 баробари миқдоригача бўлган харидлар бўйича давлат буюртмачисига маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоиздан юқори бўлган ва ушбу буюртмачи жойлашган ҳудуддаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ишлаб чиқариладиган маҳсулот бўйича 3 йил муддатга тўғридан-тўғри кафолатли харид қилиш шартномасини (офтейк шартномани) тузишга рухсат берилади».
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги «Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5031-сон қарорининг 5-банди бешинчи хатбошисидаги «тўғридан-тўғри» сўзлари «белгиланган тартибда» сўзлари билан алмаштирилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги «Инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларнинг лойиҳаолди, давлат харидига доир тендер бўйича харид қилиш ҳужжатлари ва техник топшириқлар ҳамда шартномаларни экспертизадан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-332-сон қарорида:
(а) 2-бандининг биринчи хатбошисидаги «Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш» сўзлари «Иқтисодиёт ва молия» сўзлари билан алмаштирилсин;
(i) 2-банднинг «г» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«г) молиялаштириш манбаидан қатъи назар, стратегик фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва/ёки қайта ишлашни кўзда тутувчи лойиҳалар (олтин изловчилар усулида қазиб олишдан ташқари, ҳамда ушбу Низомнинг 3-банди «б» кичик бандида кўрсатилган лойиҳалар бундан мустасно), давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) ҳамда инвестиция мажбурияти асосида (шу жумладан «ноль» қийматдаги активлар бўйича) амалга оширилаётган лойиҳалар. Бунда хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ва Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимлар (МТТБ), Давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) ҳамда инвестиция мажбурияти асосида (шу жумладан «ноль» қийматдаги активлар бўйича) амалга оширилаётган лойиҳаларнинг лойиҳаолди ҳужжатлари улар бўйича тузилган битим шартлари асосида техник-технологик ва архитектура-қурилиш ечимлар ҳамда лойиҳанинг молиявий-иқтисодий самарадорлиги ва молиялаштириш манбаларининг мавжудлиги ваколатли органларнинг тармоқ илмий-техник Кенгашидан тегишли хулосалар олгандан сўнг экспертиза қилинади»;
(ii) 3-банднинг «в» кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
(iii) 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Ҳужжатларни комплекс экспертизадан ўтказиш қуйидаги муддатларда амалга оширилади:
техник топшириқ — ўн беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда;
ТИА/ТИҲК бўйича:
қиймати 5,0 млн АҚШ долларидан 50,0 млн АҚШ долларигача бўлган «кичик» инвестициявий лойиҳалар — 20 иш кунидан;
қиймати 50,0 млн АҚШ долларидан 200,0 млн АҚШ долларигача бўлган «ўрта» инвестициявий лойиҳалар — 25 иш кунидан;
қиймати 200,0 млн АҚШ долларидан 1,0 млрд АҚШ долларигача бўлган «йирик» инвестициявий лойиҳалар — 30 иш кунидан;
қиймати 1,0 млрд АҚШ доллар ва ундан юқори бўлган «мега» лойиҳалар — 45 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда»;
(iv) 1-илованинг 6-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

6.

ТИА/ТИҲК бўйича:

Марказ

50,0 млн АҚШ долларигача бўлган «кичик» лойиҳалар

Кўпи билан 20 иш куни

қиймати 50,0 млн АҚШ долларидан 200,0 млн АҚШ долларигача бўлган «ўрта» лойиҳалар

Кўпи билан 25 иш куни

қиймати 200,0 млн АҚШ долларидан 1,0 млрд АҚШ долларигача бўлган «йирик» лойиҳалар

Кўпи билан 30 иш куни

қиймати 1,0 млрд АҚШ доллар ва ундан ортиқ бўлган «мега» лойиҳалар

Кўпи билан 45 иш куни

»;

«Лойиҳа ТИА/ТИҲК мундарижаси» қуйидаги мазмундаги 111-позиция билан тўлдирилсин:
«111. Харидлар стратегияси»;
қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Харидлар стратегияси бўлимида харид лотларини режалаштириш, тендерларнинг бошланғич нархлари белгиланади»;
(i) 21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«21. Марказ:
а) мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилган ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов амалга оширилган кундан бошлаб қуйидаги муддатларда тендер ҳужжатларини экспертизадан ўтказади ва хулосани QR-код билан тасдиқлаган ҳолда давлат буюртмачисига (ариза берувчи)га тақдим этади:
«кичик харид» қиймати 6 000 базавий ҳисоблаш миқдоридан (БҲМ) 25 000 БҲМгача бўлган харидларда товарлар (хизматлар) позициялари сони:
1 — 20 бўлганда - экспертиза муддати 10 календарь кунгача;
21 ва ундан кўп бўлганда - экспертиза муддати 15 календарь кунгача;
«ўрта харид» қиймати 25 000 БҲМдан 100 000 БҲМгача бўлган харидларда товарлар (хизматлар) позициялари сони:
1 — 20 бўлганда - экспертиза муддати 15 календарь кунгача;
21 ва ундан кўп бўлганда - экспертиза муддати 20 календарь кунгача;
«мураккаб харид» қиймати 100 000 БҲМ ва ундан кўп бўлган харидларда товарлар (хизматлар) позициялари сони:
1 — 20 бўлганда - экспертиза муддати 20 календарь кунгача;
21 ва ундан кўп бўлганда- экспертиза муддати 25 календарь кунгача;
б) мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилган ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов амалга оширилган кундан бошлаб қуйидаги муддатларда техник топшириқни экспертизадан ўтказади, хулосани QR-код билан тасдиқлаган ҳолда давлат буюртмачисига (ариза берувчи)га тақдим этади:
«кичик харид» қиймати 6 000 БҲМдан 25 000 БҲМгача бўлган харидларда товарлар (хизматлар) позициялари сони:
1 — 20 бўлганда - экспертиза муддати 10 календарь кунгача;
21 ва ундан кўп бўлганда- экспертиза муддати 15 календарь кунгача;
«ўрта харид» қиймати 25 000 БҲМдан 100 000 БҲМгача бўлган харидларда товарлар (хизматлар) позициялари сони:
1 — 20 бўлганда - экспертиза муддати 15 календарь кунгача;
21 ва ундан кўп бўлганда - экспертиза муддати 20 календарь кунгача;
«мураккаб харид» қиймати 100 000 БҲМ ва ундан кўп бўлган харидларда товарлар (хизматлар) позициялари сони:
1 — 20 бўлганда - экспертиза муддати 18 календарь кунгача;
21 ва ундан кўп бўлганда - экспертиза муддати 25 календарь кунгача.
Марказнинг ижобий хулосаси Марказнинг электрон ахборот платформаси орқали автоматик равишда порталга жўнатилади (қонунчиликда белгиланган бошқача талаблар бундан мустасно).
Тендер ҳужжатларини экспертиза қилиш якунлари бўйича хулосаси билан бирга, Марказ томонидан ўрганилган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг бозор нархлари (тижорат таклифлари, биржа нархлари, интернет ва сунъий интеллект маълумотлари) тўғрисидаги маълумотлар нусхалари/кўчирмалари ҳам (электрон ёки қоғоз шаклда) тақдим этилади»;
(ii) 1-илованинг «4-босқич» позицияси «Ижро муддатлари» устунидаги «30 (ўттиз) календарь кун ичида» сўзлари «25 (йигирма беш) календарь кун ичида» сўзлари билан алмаштирилсин;
(iii) 2-илованинг «4-босқич» позицияси «Ижро муддатлари» устунидаги «20 (йигирма) календарь кун ичида» сўзлари «товар сони ва суммасидан келиб чиқиб 10 (ўн) календарь кунидан 25 (йигирма беш) календарь кунигача» сўзлари билан алмаштирилсин;
(г) 3-илованинг 5-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидини тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга оширишга рухсат берилган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунининг 71-моддаси биринчи қисмининг 2, 5, 8, 12, 13, 15 — 21-бандлари асосида тузиладиган, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг (бюджет буюртмачилари учун олти минг) баравари миқдоридан юқори бўлган шартномалар, импорт контрактлари ва уларга қўшимча келишувлар лойиҳалари, қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно».
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги «Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-163-сон қарори 4-бандининг «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда — Давактив агентлиги) ва «UzAssets» инвестиция компанияси» АЖ давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш олди тайёрлаш учун профессионал ташкилотларни (инвестиция воситачилари, ишончли бошқарувчилар, юридик хизмат кўрсатувчи ва консалтинг ташкилотлари, инвестиция банки, PR-компанияси ёки бошқа ихтисослашган компанияларни) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жалб этади».
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 майдаги «Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-183-сон қарорининг 4-банди биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига унинг кузатув кенгаши билан келишган ҳолда ушбу марказни ривожлантириш концепциясини (мастер-режа ва бошқа техник ҳужжатларни) ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун етакчи хорижий тиббиёт клиникаси ҳамда инжиниринг ва консалтинг компанияси хизматларини, шунингдек экспертлик, илмий ва бошқа маслаҳат хизматларини, Марказ фаолиятининг устувор йўналишларини амалга ошириш учун зарур товарларни (ишлар, хизматлар), дори ва сарфлов воситаларини ҳамда тиббиёт жиҳозларини тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилишга рухсат берилсин».
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июлдаги «Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-249-сон қарорининг 5-банди иккинчи хатбошидаги «камида бир иш куни» сўзларидан кейин «(бундан «Давлат харидлари тўғрисида» Қонуннинг 71-моддаси биринчи қисми 3, 4, 6, 7, 9 — 11-бандларида назарда тутилган ҳоллар ҳамда табиий монополия субъектларидан харидлар мустасно)» сўзлари билан тўлдирилсин.
10. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 январдаги «Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 46-сон қарорига 1-илованинг 3-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Базавий ҳисоблаш миқдорининг 6000 бараваридан кам бўлган қурилиш соҳасидаги электрон тендерларга, шу жумладан корпоратив буюртмачиларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган қурилиш соҳасидаги давлат харидларига ушбу Низом талаблари тавсиявий аҳамиятга эга».
11. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги «Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 276-сон қарорида:
(а) 31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«31. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
2023 йил 1 январдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар йилнинг якунига кўра Ягона етказиб берувчилар реестридаги рўйхатни қайта кўриб чиқади ҳамда уни доимий тарзда янгилаб боради;
2026 йил 1 январдан бошлаб товарлар бўйича бюджет буюртмачиси ўзи жойлаштирган режа-жадвалларга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бириктирилган оферталарини ўрганиб чиқиб, ўз талаблари ва эҳтиёжларига мос келган офертани танлайди, офертадаги товарнинг техник параметрлари мос келмаганда давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилининг бошқа турларидан фойдаланиши мумкин»;
(i) қуйидаги мазмундаги 61-банд билан тўлдирилсин:
«61. Бюджет буюртмачиси томонидан махсус ахборот порталига товарлар бўйича режа-жадваллар жойлаштирилган пайтда ушбу маълумотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга автомат равишда электрон хабарнома орқали юборилади.
Бунда электрон хабарнома келиб тушган пайтдан эътиборан савдолар бошлангунига қадар товарлар ишлаб чиқарувчиларининг тегишли товарлар бўйича оферталари режа-жадвалларга бириктирилади»;
(ii) қуйидаги мазмундаги 561-банд билан тўлдирилсин:
«561. Бюджет буюртмачилари аукционнинг қўшимча саҳифасидан фойдаланган ҳолда товарларнинг давлат харидларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида шартнома қиймати билан боғлиқ чекловларсиз амалга ошириши мумкин.
Аукционнинг қўшимча саҳифасидан фойдаланиш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:
бюджет буюртмачиси аукционда «маҳаллий аукцион» ячейкаси орқали савдолар ўтказилиши тўғрисидаги эълонни камида икки иш кунига жойлаштиради;
давлат харидларининг электрон тизими давлат буюртмачилари томонидан товарлар бўйича аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон жойлаштирилган пайтда эълон маълумотларини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга автоматик равишда электрон хабарнома орқали юборади».
Изоҳ: Мазкур илова 4-бандининг «а» кичик банди 2026 йил 1 июлдан, 11-банди 2026 йил 1 январдан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ-259-сон Фармонига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим ҳужжатлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6119-сон Фармонига 4-илованинг 7-банди.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги «Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6168-сон Фармонига 6-илованинг 4-банди.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги ПФ-6280-сон Фармонига 1-илованинг 13-банди.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПФ-26-сон Фармонига илованинг 31-банди.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 апрелдаги «Тиббиётда хусусий сектор фаолиятига қўшимча қулайликлар яратиш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-102-сон Фармонига илованинг 3-банди.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 октябрдаги «Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПФ-234-сон Фармонига илованинг 6-банди.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июндаги «Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ташкил қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги ПФ-92-сон Фармонига 1-илованинг 38-банди.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-193-сон Фармонига 3-илованинг 15-банди.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги «Маданият ва санъат соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги ПФ-214-сон Фармонига 1-илованинг 16-банди.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 майдаги «Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида»ги ПФ-74-сон Фармонига 7-илованинг 7-банди.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 майдаги «Ижтимоий ҳимояга доир қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ПФ-75-сон Фармонига 1-илованинг 6-банди.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3953-сон қарори.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4151-сон қарорининг 19-банди.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелдаги «Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4300-сон қарорининг 16-банди.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентябрдаги «Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4467-сон қарорининг 20-банди.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 декабрдаги «Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4544-сон қарорига 2-илованинг 6-банди.
17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4629-сон қарорига 3-илованинг 3-банди.
18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПҚ-4678-сон қарорига илованинг 3-банди.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4755-сон қарорига 2-илованинг 4-банди.
20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4805-сон қарорининг 19-банди.
21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4938-сон қарорига 8-илованинг 9-банди.
22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 майдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5124-сон қарорига 4-илованинг 1-банди.
23. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5186-сон қарорига 4-илованинг 2-банди.
24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-61-сон қарорига 2-илованинг 4-банди.
25. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-73-сон қарорига 9-илованинг 3-банди.
26. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-471-сон қарорига 8-илованинг 1-банди.
27. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 августдаги «Қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор рақамли технологияларни жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-257-сон қарорига 2-илованинг 1-банди.
28. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 майдаги «Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-183-сон қарорига 6-илованинг 1-банди.
29. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 29 ноябрдаги «Тиббиёт муассасаларини фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-408-сон қарорига 2-илованинг 2-банди.
Изоҳ: Мазкур илова 2026 йил 1 январдан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ-259-сон Фармонига
6-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини мониторинг қилиш
РЕЖАСИ

Т/р

Индикатор (субиндикатор) номи

Ўлчов бирлиги

Жорий ҳолат

(2025)

Мақсадли кўрсаткичлар

Маълумот беришга масъул идоралар

2026

2027

2028

2029

2030

1

2

3

4

5

6

7

8

9

10

МАҚСАД: ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ СОҲАСИДА РАҚОБАТ МУҲИТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ХАРИДЛАР УЛУШИНИ ҚИСҚАРТИРИШ

I. Ресурс кўрсаткичлари

1.1.

Давлат буюртмачиларининг харидлар учун масъул бўлган малакаси оширилган ходимлари улуши

фоиз

60

75

90

92

95

98

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

1.2.

Жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича саҳифалар сони

дона

1

2

2

3

3

4

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

II. Амалиёт кўрсаткичлари

2.1.

Давлат харидларида рақобатли усуллардан фойдаланиш даражасини ошириш кўрсаткичи (бунда ягона етказиб берувчидан ва монопол харидлар инобатга олинмайди)

фоиз

58

70

72

74

78

80

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси

2.2.

Давлат харидларида иқтисод қилинган маблағ миқдорини ошириб бориш (бошланғич нарх ва шартнома нархи ўртасидаги тафовут)

трлн сўм

14

18

21

22

23

25

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Ҳисоб палатаси

III. Натижадорлик кўрсаткичлари

3.1.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бўйича тўғридан-тўғри харидлар улуши

фоиз

26

18

15

12

10

8

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Ҳисоб палатаси,

Бош прокуратура,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

3.2.

Тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларидаги фаоллигини икки карра ошириш

фоиз

35

40

48

55

62

70

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси

3.3.

Давлат буюртмачиларининг харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши

фоиз

68

72

76

80

83

85

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Изоҳ: 1.1-1.2, 3.2-3.3-бандлардаги мақсадли кўрсаткичлар йилдан-йилга қўшилиб боради (ўсиб борувчи).
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2025 й., 06/25/259/1224-сон; 05.06.2026 й., 06/26/104/0563-сон)