Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директорининг
буйруғи
«Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш» Ўзбекистон Республикаси авиация қоидаларини (AR-AIR-002) тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 19 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3608]
Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 41-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 июндаги ПФ-94-сон «Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. «Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш» Ўзбекистон Республикаси авиация қоидалари (AR-AIR-002) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Т. НАЗАРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 22 январь,
3196-сон
Келишилди:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. КАСИМОВ
2025 йил 21 январь
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ
2025 йил 9 январь
Транспорт вазири И. МАХКАМОВ
2025 йил 8 январь
Савдо-саноат палата раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 4 январь
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директорининг 2025 йил 22 январдаги 3196-сон буйруғига
1-ИЛОВА
«Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш» Ўзбекистон Республикаси авиация қоидалари (AR-AIR-002)
Мазкур Қоидалар фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш тартибини белгилайди.
Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси фуқаро ҳаво кемаларининг давлат реестрида рўйхатга олинган фуқаро ҳаво кемаларига нисбатан татбиқ этилади.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
автожир — вертикал ҳолатда жойлашган ўқлар атрофида эркин айланадиган битта ёки бир нечта ташувчи (асосий) винтларнинг ҳаво билан реакциялари ҳисобига парвозни амалга оширадиган ҳаводан оғир ҳаво кемаси;
аэростат — двигатель ёрдамида ҳаракатга келтирилмайдиган ҳаводан енгил ҳаво кемаси;
вертолёт — двигатель ёрдамида вертикал ҳолатда жойлашган ўқлар атрофида айлантириладиган битта ёки бир нечта ташувчи (асосий) винтларнинг ҳаво билан реакциялари ҳисобига парвозни амалга оширадиган ҳаводан оғир ҳаво кемаси;
винт моторли қурилма — двигатель ёрдамида ҳаракатга келтириладиган ва битта ёки бир нечта ташувчи (асосий) винтларнинг ҳаво билан реакциялари ҳисобига парвозни амалга оширадиган ҳаводан оғир ҳаво кемаси;
ҳаво кемаси — ҳаво билан ўзаро таъсир ҳисобига, ер сатҳидан қайтган ҳаво билан ўзаро таъсирдан ташқари, атмосферада ҳаракатланадиган учиш аппарати;
дирижабль — двигатель ёрдамида ҳаракатга келтириладиган ҳаводан енгил ҳаво кемаси;
ҳаводан енгил ҳаво кемаси — аэростатик кўтариш кучи ҳисобига ҳавода ушлаб туриладиган ҳар қандай учиш аппарати;
ҳаводан оғир ҳаво кемаси — парвозда кўтариш кучи аэродинамик кучлар ҳисобига пайдо бўладиган ҳар қандай учиш аппарати;
орнитоптер — қанот қоқиш ҳисобига қанот юзлари ҳаво билан ўзаро таъсир натижасида парвозни амалга оширадиган ҳаводан оғир ҳаво кемаси;
планер — двигатель ёрдамида ҳаракатга келтирилмайдиган ва парвоздаги кўтариш кучи ҳаракатланмайдиган қанот юзларида аэродинамик реакциялар ҳисобига пайдо бўладиган ҳаводан оғир ҳаво кемаси;
самолёт — двигатель ёрдамида ҳаракатга келтириладиган ва парвоздаги кўтариш кучи ҳаракатланмайдиган қанот юзларида аэродинамик реакциялар ҳисобига пайдо бўладиган ҳаводан оғир ҳаво кемаси;
давлат таниш белгиси — Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) веб-сайтидаги «Давлат таниш белгилар, миллий герблар ва умумий ҳаво кемалар белгилари» рўйхатида Ўзбекистон Республикаси учун назарда тутилган лотин алифбосининг «UK» иккита ҳарфидан иборат бўлган белги;
рўйхат белгиси — ҳаво кемасига «Ўзавиация» агентлиги томонидан белгиланадиган беш араб рақамларидан ташкил топган белги.
2. Фуқаро ҳаво кемасига унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси қайд этилади.
3. Рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисидан ташқари фуқаро ҳаво кемаларига бошқа белгилар (рамзлар, ёзувлар, нишонлар) қўйилиши мумкин.
4. Ҳаво кемалари мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ таснифланади.
2-боб. Рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси
5. Давлат таниш белгиси лотин алифбосининг «UK» иккита ҳарфидан, рўйхат белгиси беш араб рақамларидан ташкил топади.
6. Давлат таниш белгиси рўйхат белгисидан олдин қайд этилади.
7. Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) веб-сайтидаги «Давлат таниш белгилар, миллий герблар ва умумий ҳаво кемалар белгилари» рўйхатида давлат таниш белгиси назарда тутилади.
8. Фуқаро ҳаво кемасига давлат таниш ва рўйхат белгилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон «Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ тайинланади.
3-боб. Фуқаро ҳаво кемасига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини қайд этиш
9. Фуқаро ҳаво кемасига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини қайд этишда сақланиш хусусиятини йўқотмайдиган бўёқ ёки шунга ўхшаш воситалардан фойдаланилади.
10. Рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси ҳаводан енгил ҳаво кемаларига:
дирижаблнинг корпуси бўйлаб икки томонига ҳамда симметрия чизиғи бўйлаб устки юзасига;
шар шаклидаги аэростатнинг максимал горизонтал айланасига яқин икки диаметрал қарама-қарши томонига;
шар шаклига эга бўлмаган аэростат чизиғининг максимал кўндаланг кесимига яқин бевосита осма белбоғи устида ёки саватнинг осма арқонларини қотириш нуқталари устида икки томонига қайд этилиши керак.
Ён томондаги белгилар ҳаводан енгил ҳаво кемаларига иккала томондан ва ердан кўринадиган тарзда қайд этилиши керак.
11. Рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси ҳаводан оғир ҳаво кемаларига:
фуқаро ҳаво кемаси чап қаноти конструкцияси пастки юзасининг чап томонига (бунда, рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси қанотнинг олд қисмига параллел ҳолда жойлаштирилиши керак);
фуқаро ҳаво кемаси фюзеляжининг қанотлари ва дум қанотлари орасидаги қисмининг ён томонлари юзасига горизонтал йўналиш бўйича қатъий перпендикуляр;
фуқаро ҳаво кемаси фюзеляжининг қанотлари ва дум қанотлари орасидаги қисмининг ён томонлари юзасида рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини қайд этиш учун бўш жой бўлмаганда, фуқаро ҳаво кемаси вертикал дум қаноти юзасининг пастки қисмига ҳар икки томонидан;
вертолётда унинг дум балкасининг ҳар икки томонига қайд этилади.
4-боб. Рўйхат белгисининг ва давлат таниш белгисининг ўлчамлари
12. Ҳар бир рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси гуруҳидаги ҳарфлар ва рақамлар бир хил баландликка эга бўлиши керак.
13. Ҳаводан енгил ҳаво кемаларидаги қайд этиладиган ҳарф ва рақамларнинг баландлиги 50 см дан кам бўлмаслиги лозим.
14. Ҳаводан оғир ҳаво кемаларининг қанотларидаги қайд этиладиган ҳарф ва рақамларнинг баландлиги 50 см дан кам бўлмаслиги лозим.
Ҳаводан оғир ҳаво кемаларининг фюзеляжидаги ҳамда вертикал дум қаноти юзасидаги (шу жумладан, вертолёт дум балкасидаги) қайд этиладиган ҳарф ва рақамларнинг баландлиги 30 см дан кам бўлмаслиги лозим.
15. Фуқаро ҳаво кемасида унинг рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси қайд этилиши лозим бўлган қисмлари (фюзелаж, қанот, вертикал дум қанот, балка) бўлмаса ёки мазкур қисмлар ўлчами тегишли ўлчамдаги рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини қайд қилиш учун кичик бўлса, ушбу белгилар фуқаро ҳаво кемасини тезда аниқлаш имконини берадиган ўлчамларда қайд этилиши лозим.
5-боб. Рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини қайд этиш учун қўлланиладиган ҳарф ва рақамлар
16. Ҳарфлар лотин алифбосининг бош ҳарфларидан, рақамлар эса, араб рақамларидан ташкил топади. Ҳарф ва рақамлар бир хил ўлчамда, нақшларсиз бўлиши лозим.
17. Ҳарф ва рақамларнинг кенглиги («I» ҳарфи ва «1» рақамидан ташқари) ҳамда дефиснинг (агар қўлланилса) узунлиги ҳарф ва рақамлар баландлигининг учдан икки қисмига тенг бўлиши лозим.
18. Ҳарфлар, рақамлар ва дефислар узлуксиз чизиқ билан фоннинг равшанлигини таъминловчи рангда (масалан, оч фонда қора ранг ёки қора фонда оқ рангда) бўлиши лозим.
19. Ҳарфлар, рақамлар ва дефислар чизиғининг қалинлиги ҳарф ва рақамлар баландлигининг олтидан бир қисмига тенг бўлиши керак.
20. Ҳарфлар ва рақамларнинг орасидаги масофа ҳарф ва рақамлар кенглигининг тўртдан бир қисмига тенг бўлиши керак. Бунда, дефис алоҳида ҳарф сифатида қабул қилинади.
6-боб. Танитувчи табло
21. Танитувчи таблода ўйма усулда фуқаро ҳаво кемасининг тури, унинг рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси ҳамда серия рақами давлат ва инглиз тилларида кўрсатилиши лозим.
Танитувчи табло иссиқликка дош берувчи оловга чидамли материалдан мазкур Қоидаларнинг 2-иловасида келтирилган намунага мувофиқ тайёрланган бўлиши лозим.
22. Танитувчи табло фуқаро ҳаво кемасининг асосий кириш йўлагида кўринадиган жойда ўрнатилиши лозим.
7-боб. Фуқаро ҳаво кемасига бошқа белгиларни қайд этиш
23. Фуқаро ҳаво кемасининг ташқи конструкцияси элементларига бошқа белгилар (рамзлар, ёзувлар, нишонлар) қайд этилади.
Бунда, ушбу белгилар фуқаро ҳаво кемасининг ташқи юзасига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси кўринишини ёмонлаштирмайдиган тарзда қайд этилади.
24. Фуқаро ҳаво кемасининг ташқи ва ички конструкцияси элементларига махсус белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар тарзида қўшимча белгилар ҳам қайд этилади.
«Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш» Ўзбекистон Республикаси авиация қоидаларига (AR-AIR-002)
1-ИЛОВА
Ҳаво кемасининг таснифи
«Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш» Ўзбекистон Республикаси авиация қоидаларига (AR-AIR-002)
2-ИЛОВА
Танитувчи табло намунаси
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директорининг 2025 йил 22 январдаги 3196-сон буйруғига
2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2016 йил 27 июндаги 81-Н-сон «Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш авиация қоидаларини (ЎзР АҚ-44) тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2811, 2016 йил 14 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 28-сон, 344-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2017 йил 22 декабрдаги 104-Н-сон «Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш авиация қоидаларига (ЎЗР АҚ-44) ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2811-1, 2017 йил 29 декабрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.12.2017 й., 10/17/2811-1/0480-сон).
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.02.2025 й., 10/25/3608/0162-сон)