Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Электр энергетикаси тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 9 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 10 июлда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси
Ушбу Қонуннинг мақсади электр энергетикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонун:
ягона электр энергетикаси тизимига уланмаган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергиясини ўз эҳтиёжлари учун сарф қиладиган, қуввати 5 МВт дан кам бўлган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи электр станцияларига;
истеъмолчи томонидан ўз эҳтиёжлари учун электр энергиясини сақлашда ишлатиладиган электр энергиясини сақлаш ускунасидан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
2-модда. Электр энергетикаси тўғрисидаги қонунчилик
Электр энергетикаси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг электр энергетикаси тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
авария режими электр энергетикаси объектлари ишлашининг технологик параметрлари ягона электр энергетикаси тизими ишончли тарзда ишлаб туришининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолат;
бозор иштирокчиси — электр энергиясини сотиш ва (ёки) сотиб олиш билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек тегишли тизим оператори;
ваколатли истеъмолчи — электр энергияси таъминотчисини танлаш ёки ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлган истеъмолчи;
ижтимоий хизматлар — электр энергетикаси корхоналари томонидан умумий ижтимоий-иқтисодий манфаатларни кўзлаб кўрсатиладиган хизматлар;
ишлаб чиқарувчи — электр энергиясини ишлаб чиқаришга доир фаолиятни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс;
йирик истеъмолчи — электр энергиясининг улгуржи бозорида ишлаб чиқарувчилардан ёки электр энергиясининг чакана бозоридаги бир ва ундан ортиқ таъминотчилардан электр энергиясини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган истеъмолчи;
марказий харид қилувчи — электр энергиясини марказлашган тарзда сотиш ва сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;
мувозанатлаш — ягона электр энергетикаси тизимидаги электр энергиясига бўлган талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни барча омилларни инобатга олган ҳолда сақлаб туриш ҳамда реал вақт режимида кучланиш ва частотани тартибга солиш жараёни;
тайинланган таъминотчи — таъминотчини танлаш имкониятига эга бўлмаган истеъмолчиларга кафолатланган тарзда ёки ваколатли истеъмолчининг мурожаатига кўра электр энергиясини етказиб бериш (сотиш) билан шуғулланадиган корхона;
тақсимлаш тизими — узатиш тизимидан ёки ишлаб чиқарувчилардан то якуний истеъмолчиларнинг уланиш нуқтасигача бўлган паст кучланишли электр тармоғи хўжалиги объектлари мажмуи;
таъминотчи — электр энергиясини истеъмолчиларга етказиб бериш (сотиш) билан шуғулланадиган корхона;
тегишли тизим оператори — фойдаланувчи уланган узатиш, тақсимлаш ва берк тақсимлаш тармоқларининг тегишли оператори;
тезкор-диспетчерлик бошқаруви — ягона электр энергетикаси тизимини реал вақт режимида тезкор бошқариш орқали унинг барқарор ишлашини таъминлаш ва бошқа давлатларнинг электр энергетикаси тизимлари билан параллель равишда ишлаш режимини бошқариш;
тизим оператори — электр энергиясига бўлган талаб ва таклифга таъсир қилувчи омилларни ҳисобга олган ҳолда тезкор-диспетчерлик бошқарувини амалга оширувчи юридик шахс;
тизим хизматлари — тизим оператори томонидан ягона электр энергетикаси тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш учун кўрсатиладиган хизматлар;
трейдер — электр энергиясини сотиш билан шуғулланадиган юридик ёки жисмоний шахс, бундан узатиш ва тақсимлаш тизимлари операторлари мустасно;
узатиш тизими — ишлаб чиқарувчилар, йирик истеъмолчилар ва тақсимлаш тизимлари уланган, шунингдек бошқа давлатларнинг электр энергетикаси тизимлари билан боғланган 35 кВ ва ундан юқори кучланишли электр тармоғи хўжалиги объектлари мажмуи;
узатиш тизими оператори — Ўзбекистон Республикасида узатиш тизимларини эксплуатация қилиш ва ривожлантириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ваколатига эга бўлган юридик шахс;
фойдаланувчи — ягона электр энергетикаси тизимидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;
электр станцияси — электр энергиясини ишлаб чиқариш объектлари мажмуи;
электр тармоқлари — электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш тизимлари, шунингдек электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш учун зарур бўлган қўшимча хизматларни кўрсатиш объектлари мажмуи;
электр таъминоти — электр энергиясини истеъмолчига тақсимлаш, етказиб бериш ва сотиш;
электр энергетикаси корхонаси — электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, сақлаш, тақсимлаш, сотиб олиш, сотиш ёки электр энергияси бозорини ташкил этиш, шунингдек электр энергиясининг импорти ва экспорти бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс. Бунда акциялари бевосита ёки билвосита давлатга тегишли бўлган электр энергетикаси корхоналари гуруҳи битта вертикал интеграциялашган энергетика корхонаси ҳисобланмайди;
электр энергетикаси объектлари — электр энергиясини ишлаб чиқариш, сақлаш, узатиш ва тақсимлашда фойдаланиладиган электр энергетикаси инфратузилмаси;
электр энергетикаси — электр энергиясини ишлаб чиқаришни, сақлашни, узатишни, тақсимлашни, етказиб беришни, сотиб олишни ва сотишни, шунингдек истеъмол қилишни ўз ичига оладиган соҳа;
электр энергияси — товарнинг бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилиши (сақланиши) ва истеъмол қилиниши билан тавсифланадиган алоҳида тури;
электр энергияси бозори — электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозори;
электр энергияси бозори оператори — Ўзбекистон Республикасида электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозорини шакллантириш ҳамда электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори хавфсиз ва самарали ишлаши учун бозор иштирокчилари номидан электр энергиясини сотиш ва (ёки) сотиб олишни ташкил этиш учун масъул бўлган юридик шахс;
электр энергияси бозори қоидалари — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган, электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозори иштирокчилари риоя этиши керак бўлган, электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозори қоидаларида белгиланадиган ҳуқуқий нормалар;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сонли «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори.
электр энергиясини сақлаш тизими — электр энергиясини сақлаш ва кейинчалик узатиш, тақсимлаш учун фойдаланиладиган аккумулятор батареялари, механик сақлаш тизимлари, гидроаккумуляция электр станциялари ва бошқа ускуналар мажмуи;
электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори — электр энергетикаси корхоналари, йирик истеъмолчилар ва бошқа давлатларнинг электр энергетикаси корхоналари ўртасида электр энергиясини рақобат асосида сотиш ва (ёки) сотиб олишни тартибга солувчи механизмлар мажмуи. Бунда электр энергетикаси корхоналари электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозорида Энергетика бозори регулятори томонидан бериладиган лицензия асосида фаолиятни амалга оширади;
электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори қоидалари — электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозорининг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган қоидалар тўплами;
электр энергиясининг рақобатли чакана бозори — бир ёки бир нечта ҳудудларда ваколатли истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш мақсадида икки ва ундан ортиқ таъминотчилар ўртасида электр энергиясини сотиш учун савдолашиш жараёнлари ва (ёки) ваколатли бўлмаган истеъмолчиларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда электр энергиясини сотиш механизмлари мажмуи;
электр энергиясининг рақобатли чакана бозори қоидалари — электр энергияси рақобатли чакана бозорининг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган қоидалар тўплами;
ягона электр энергетикаси тизими — электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сақлаш объектлари, узатиш ва тақсимлаш тизимлари мажмуи ҳамда уларнинг тезкор-диспетчерлик бошқаруви.
4-модда. Электр энергетикаси соҳасидаги асосий принциплар
Электр энергетикаси соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
соғлом рақобат;
тенглик ва ҳисобдорлик;
очиқлик ва шаффофлик;
электр энергетикаси соҳаси хавфсизлигининг устуворлиги.
2-боб. Электр энергетикаси соҳасини давлат томонидан тартибга солиш
5-модда. Электр энергетикаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Электр энергетикаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
атроф-муҳитга салбий таъсирни ва иссиқхона газлари ҳажмини камайтириш, хавфсизликни таъминлаш чораларига мувофиқ электр энергетикаси соҳасини барқарор ривожлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш;
ягона электр энергетикаси тизимининг хавфсиз ва барқарор ишлашига, истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган таъминот хавфсизлигини таъминлаш;
ягона электр энергетикаси тизимига уланиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш;
рақобатбардошликни, шаффофликни ва камситишга йўл қўймасликни таъминлаш;
электр энергетикаси соҳасини босқичма-босқич субсидиялашдан ва ўзаро кесишма субсидиялашдан чиқариш;
электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш бўйича фаолиятнинг электр энергетикаси соҳасидаги бошқа фаолият турларидан ҳамда улар билан боғлиқ бўлган манфаатлардан мустақиллигини таъминлаш;
электр энергетикаси соҳасида энергия жиҳатидан самарадор технологиялардан ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш;
бошқа давлатлар энергетикаси тизимларини боғловчи электр узатиш тармоқлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида улар билан электр энергиясини алмашишни қўллаб-қувватлаш;
фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш.
6-модда. Электр энергетикаси соҳасини давлат томонидан тартибга солишни амалга оширувчи органлар
Электр энергетикаси соҳасини давлат томонидан тартибга солишни қуйидагилар амалга оширади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги;
Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси;
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг электр энергетикаси соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
электр энергетикаси соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
электр энергетикаси соҳасини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини таъминлайди;
электр энергетикаси соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларнинг асосий принципларини ва устувор йўналишларини белгилайди;
электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансини тасдиқлайди;
электр энергетикаси соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштиради;
электр энергетикаси объектларини молиялаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш ва фойдаланишдан чиқариш тартибини белгилайди;
ижтимоий ҳимояга муҳтож истеъмолчиларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тартибини тасдиқлайди;
электр энергетикаси корхоналарининг ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича мажбуриятларини белгилайди;
электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозори қоидаларини, шу жумладан марказий харид қилувчининг тижорат қоидаларини белгилайди;
магистрал ва тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини белгилайди;
электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
8-модда. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг электр энергетикаси соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги электр энергетикаси соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).
Махсус ваколатли давлат органи:
электр энергетикаси соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
ягона электр энергетикаси тизимининг хавфсиз ва ишончли ишлашини, шунингдек истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжлари қаноатлантирилишини таъминлайди;
электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш мувозанатини ишлаб чиқади ҳамда унинг ижросини назорат қилади;
электр энергетикасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини, концепцияларни ва стратегияларни ишлаб чиқади, янгилаб боради, амалга оширади, шунингдек уларнинг ижросини назорат қилади;
электр энергетикаси соҳасини ривожлантириш бўйича ўн йиллик режа ишлаб чиқади ва ушбу режани ҳар йили янгилаб боради;
давлатга тегишли бўлган электр станцияларининг хусусий инвесторларга сотилишини ёки мазкур объектлар бошқаруви бир ёки бир неча хусусий инвесторга уларнинг акциядорлари ва Энергетика бозори регулятори билан келишувга кўра ўтказилишини таъминлайди;
янги электр станцияларини қуриш бўйича маҳаллий ва чет эллик инвесторлар учун қонунчиликда белгиланган шартлар асосида очиқ ва шаффоф танловлар ўтказади;
электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори қоидалари кучга киргунига қадар электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қаноатлантириш мақсадида электр станциялари қувватининг етарлилик даражасини таъминлайди;
электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори қоидалари кучга киргунига қадар ишга тушириладиган электр станциялари маҳаллий ёки чет эллик инвесторлар томонидан лойиҳалаштирилиши, қурилиши, молиялаштирилиши, эгалик қилиниши ва эксплуатация қилинишини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;
электр энергетикаси соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича ишларни ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштиради;
тизим оператори билан биргаликда ягона электр энергетикаси тизимининг ишлаб туриши режимини белгилайди;
ягона электр энергетикаси тизимида, шу жумладан бошқа давлатлар тизимларига уланган электр энергиясини узатиш тармоқларида юкламанинг ортиши ва юкламани бошқариш қоидаларининг бажарилишини назорат қилади;
ижтимоий ҳимояга муҳтож истеъмолчиларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тартибини ишлаб чиқади;
электр энергетикаси соҳасида илмий тадқиқотларни ва янги технологиялар жорий этилишини мувофиқлаштиради;
электр энергиясининг экспорти ва импортини қўллаб-қувватлаш учун бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилади;
электр энергетикаси соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ва қабул қилади;
халқаро ҳамкорликни, шу жумладан қўшни давлатларнинг ваколатли давлат органлари билан трансчегаравий масалалар бўйича ҳамкорликни амалга оширади;
ягона электр энергетикаси тизимига уланган нуқтада қуввати 500 кВт гача бўлган электр станцияларининг (бундан буён матнда микроэлектр станциялари деб юритилади) фаолиятини тартибга солиш бўйича ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади ва уларнинг ижросини таъминлайди.
Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
9-модда. Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигининг электр энергетикаси соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги электр энергияси бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда Энергетика бозори регулятори деб юритилади).
Энергетика бозори регулятори:
электр энергияси бозори фаолиятини тартибга солади, унинг мониторингини амалга оширади ва назорат қилади;
электр энергияси бозори фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан электр энергияси бозори концепцияси ва қоидаларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;
электр энергияси бозори концепциясининг белгиланган тартибда ҳар уч йилда янгилаб борилишини таъминлайди;
вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган қарорларни ўз ваколатлари доирасида қабул қилади ҳамда уларнинг назоратини амалга оширади;
йирик истеъмолчи мақомини белгилайди;
таъминотчини танлаш имкониятига эга бўлмаган истеъмолчини ёки истеъмолчилар тоифаларини аниқлаш тартибини ишлаб чиқади;
электр энергетикаси корхоналари томонидан хизматлар кўрсатиш шартларини тасдиқлайди ва уларнинг ижросини назорат қилади;
қонунчиликка мувофиқ бозор иштирокчиларининг устун мавқега эга бўлмаслигини таъминлаш юзасидан ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади;
электр энергияси бозорида шаффофликни, шу жумладан улгуржи ва чакана нархларни мониторинг қилишга оид мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади;
бозор иштирокчиларини лицензиялаш тартибини ишлаб чиқади, лицензиялашни ҳамда лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
тегишли тизим операторининг ва марказий харид қилувчининг мустақил фаолият юритишига доир талабларга риоя этилишини мониторинг қилади ҳамда белгиланган талаблар бузилган тақдирда қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўради;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Қонуннинг 57-моддаси.
қонунчиликка мувофиқ электр энергияси бозори фаолияти билан боғлиқ текширувларни ташкил этади ва ўтказади;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сонли «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
электр энергетикаси корхоналаридан ва давлат органларидан электр энергияси бозори фаолияти билан боғлиқ маълумотларни сўраб олади;
тегишли тизим операторининг ва марказий харид қилувчининг шартларини, тарифлари ва нархларини белгилаш бўйича чоралар кўради;
тарифлар ва тўловларни ҳисоб-китоб қилиш услубиятларини ишлаб чиқади, тартибга солинадиган тарифларни ва тўловларни белгилайди ҳамда уларнинг тўғри қўлланилишини назорат қилади;
электр энергетикаси корхоналари ўртасида бевосита ёки билвосита субсидиялар юзага келмаслигини ва (ёки) кенгайтирилмаслигини назорат қилади;
электр энергетикаси корхоналари томонидан қонунчиликка риоя этилмаганлиги оқибатида етказилган зарар учун компенсация қилиш механизмини ишлаб чиқади ва унинг тўғри қўлланилишини назорат қилади;
узатиш тизими операторининг мустақиллигини белгиловчи талабларни ишлаб чиқади ва уларга риоя этилишини назорат қилади;
тегишли тизим операторининг инвестиция дастурларини келишади, мониторинг қилади ва зарурат бўлганда уларни ўзгартириш бўйича тавсиялар беради;
узатиш тизими операторининг фаолиятини, шу жумладан талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни сақлаш механизмлари ва усуллари самарадорлигини мониторинг қилади;
ижтимоий хизматлар кўрсатиш реестрини юритади;
электр энергияси бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;
электр энергияси бозорида фойдаланувчиларнинг камситишсиз иштирок этиши учун зарур бўлган техник ва тижоратга оид ахборотнинг сифатини ва тақдим этилишини назорат қилади;
қўшни давлатларнинг ваколатли давлат органлари билан электр энергетикаси соҳасида трансчегаравий масалалар бўйича ҳамкорлик қилади;
энергетика бозорини тартибга солишга доир фаолият тўғрисидаги дастурларнинг бажарилиши юзасидан йиллик ҳисобот тайёрлайди ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборади.
Энергетика бозори регулятори ўзининг йиллик бюджетини мустақил равишда тасдиқлайди.
Энергетика бозори регуляторининг фаолияти бозор иштирокчилари томонидан тўланадиган лицензия учун бир марталик тўловлардан, лицензия учун йиллик даврий йиғимларидан келиб тушган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда лицензия учун йиллик даврий йиғимлар лицензиатлар йиллик айланмасининг икки фоизидан ошмаслиги керак.
Энергетика бозори регулятори қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
10-модда. Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг электр энергетикаси соҳасидаги ваколатлари
Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси электр энергетикаси соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи органдир (бундан буён матнда давлат назорати органи деб юритилади).
Давлат назорати органи:
электр энергетикаси соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
электр энергиясини ишлаб чиқариш, сақлаш, узатиш, тақсимлаш (етказиб бериш) ва истеъмол қилиш чоғидаги хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширади;
товарлар (ишлар, хизматлар), бинолар, иншоотлар ва қурилмаларнинг энергия самарадорлиги ҳамда энергия тежамкорлиги нормаларига, шунингдек энергиядан оқилона фойдаланишга ва сифат кўрсаткичларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;
электр энергиясини тежаш, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича талаблар бузилган тақдирда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўради.
Давлат назорати органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
11-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг электр энергетикаси соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:
электр энергетикаси соҳасини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
электр энергетикаси соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;
электр энергетикаси объектларини жойлаштириш учун ер участкаларининг берилишини таъминлайди;
ҳудудларда келгуси йилда электр энергиясини истеъмол қилиш прогнозларини келишади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тезкор-диспетчерлик бошқарувига, шунингдек электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, сақлаш, етказиб бериш (тақсимлаш, сотиш) фаолиятига аралашиши тақиқланади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Электр энергетикаси соҳасидаги қоидалар
12-модда. Электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори концепцияси
Электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори концепцияси (бундан буён матнда бозор концепцияси деб юритилади) электр энергияси бозорини ва унинг алоҳида сегментларини ташкил этишнинг ҳамда улар фаолият кўрсатишининг батафсил тартибини ва принципларини белгилайди.
Бозор концепцияси қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
электр энергияси бозорининг умумий тузилиши ва чегараларини;
электр энергияси бозорига ўтиш босқичларини ва ҳар бир босқичда амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирларни;
бозор иштирокчиларининг ҳар бир босқичдаги вазифаларини;
ижтимоий хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш чора-тадбирларини;
таъминотчини танлаш имкониятига эга бўлмаган истеъмолчиларни ёки истеъмолчиларнинг тоифаларини аниқлашни.
Бозор концепцияси қонунчиликка мувофиқ бошқа тартиб ва принципларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Бозор концепцияси Энергетика бозори регулятори томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
13-модда. Электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозори қоидалари
Электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозори қоидалари (бундан буён матнда бозор қоидалари деб юритилади) бозор концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилади.
Бозор қоидалари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
электр энергияси бозорининг батафсил тузилишини;
рақобатбардош нархларни талаб ва таклиф асосида шакллантириш тартибини;
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш талабларини;
ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг мослашувчанлигини рағбатлантириш механизмларини;
электр энергетикаси соҳасида қазилма ёқилғидан фойдаланишни қисқартириш тартибини;
бошқа давлатларнинг электр узатиш тизимлари билан алоқаларни;
бозор иштирокчиларини идентификация қилиш, уларнинг малакасини баҳолаш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартибини;
электр энергияси бозорини бошқариш жараёнларини ва унинг фаолият кўрсатишини ташкил этиш ҳамда таъминлаш учун маълумотлар базасини;
электр энергиясини сотиш ва (ёки) сотиб олиш тартибини ҳамда уни назорат қилиш тартибини;
тайинланган таъминотчининг мутлақ ҳуқуқларини тугатиш тартибини;
электр энергиясини сотиш ва (ёки) сотиб олишнинг намунавий шартномаларини.
Бозор қоидалари қонунчиликка мувофиқ бошқа масалаларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Бозор қоидалари Энергетика бозори регулятори томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
14-модда. Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари
Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
узатиш тизимининг хавфсизлигини таъминлаш учун талабларни;
узатиш тизимига уланиш ҳамда ундан фойдаланиш тартиби ва шартларини;
электр таъминоти хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда узатиш тизимининг нормал ва ноодатий шароитларда, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ишлаши тартибини;
тизим оператори томонидан хизмат кўрсатиш шартларини ўз ичига олган тезкор-диспетчерлик бошқарувини;
тақсимлаш тизимига ёки узатиш тизимига уланган фойдаланувчиларнинг тармоқларига уланиш ва улардан фойдаланиш шартларини;
ягона электр энергетикаси тизимининг барқарорлигини энг кам харажатлар ҳисобидан таъминлашни;
трансчегаравий электр энергияси алмашинувини тартибга солишни;
узатиш тизимидаги ўта юкланишларнинг олдини олиш ва юкламаларни бошқариш шартларини;
тизим хизматлари ва қўшимча хизматларни кўрсатиш мезонлари, усуллари ва шартларини;
узатиш тизимининг ишончли ишлашини ҳамда уни узоқ муддатли ривожлантиришни режалаштириш мезонлари ва тартиб-таомилини;
фойдаланувчиларни узатиш тизимидаги электр таъминотидан узиш тартибини;
электр энергиясини узатиш тизимига уланиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тартибини;
тизимнинг ишлаши билан боғлиқ ахборотни йиғиш, бошқариш ва тизимдаги бошқа операторлар ўртасида маълумотлар алмашиш усулларини;
электр энергиясини узатиш тизимининг ишлаши ва бошқаруви учун зарур бўлган ахборотни узатиш тизими операторига тақдим этишга доир талабларни;
тизим хавфсизлигини таъминлаш талабларини бажариш юзасидан узатиш тизими операторининг ва тизим операторининг жавобгарлигини.
Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари қонунчиликка мувофиқ бошқа шартлар ва техник талабларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари махсус ваколатли давлат органи томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
15-модда. Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари
Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
хавфсизлик техникаси қоидаларига мувофиқ тақсимлаш тизимининг хавфсизлигини таъминлашни;
тақсимлаш тизимини нормал ва авария режимида, носозликлар чоғида, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ишлаши шартларини;
тақсимлаш тизимига учинчи тарафларнинг уланиши ва ундан фойдаланиши шартларини;
тақсимлаш тизимига доир функционал талабларни, фойдаланувчиларни ва электр станцияларини тақсимлаш тизимига улаш шартларини;
тақсимлаш тизими оператори ва фойдаланувчиларининг тақсимлаш тизимига уланиш ҳамда ундан фойдаланишга доир ҳуқуқлари ва мажбуриятларини;
тақсимлаш тизимида диспетчерлик фаолиятини амалга ошириш, узатиш тизимининг ҳамда тақсимлаш тизимининг ишлаши учун зарур бўлган қўшимча хизматлар кўрсатиш шартлари ва тартибини;
тақсимлаш тизимининг ишлашини ва бошқарувини режалаштириш мезонларини;
тақсимлаш тизими орқали электр энергиясини етказиб беришда узилишлар содир бўлган тақдирда кўриладиган чора-тадбирларни;
тақсимлаш тизими хизматларини кўрсатишнинг умумий шартларини;
тақсимлаш тизимига уланиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тартибини;
тегишли тизимларнинг ишлаши ва бозорни ташкил этиш учун зарур бўлган ахборот ва маълумотларни бошқариш усулларини ҳамда уларни чоп этишни;
тақсимлаш тизимининг ишлаши ва бошқаруви учун зарур бўлган ахборот ва маълумотларни тақдим этишга ҳамда тегишли тизим операторлари ўртасида ахборот ва маълумотлар алмашиш усулларига доир талабларни;
электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларидан келиб чиққан ҳолда тақсимлаш тизими операторининг ваколатлари доирасида энергия самарадорлигини ва электр таъминоти хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни;
тақсимлаш тизимининг ишлаши ва бошқаруви билан боғлиқ бошқа шартлар ёки техник масалаларни.
Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари қонунчиликка мувофиқ бошқа шартлар ва техник талабларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари махсус ваколатли давлат органи томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
16-модда. Марказий харид қилувчининг тижорат қоидалари
Марказий харид қилувчининг шартномавий масалаларга нисбатан қўлланиладиган техник, тижорат, биллинг, тўлов ва бошқа муҳим шартларни ўз ичига олган тижорат қоидалари электр энергияси бозори концепцияси ва қоидаларига мувофиқ Энергетика бозори регулятори томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
4-боб. Электр энергияси бозори фаолиятининг ташкил этилиши ва мониторинги
17-модда. Электр энергияси бозори фаолиятининг умумий қоидалари
Электр энергияси бозорида электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозори қоидаларида белгиланадиган тартибда электр энергиясини ҳамда қўшимча хизматларни сотиш ва (ёки) сотиб олиш амалга оширилади.
Электр энергиясининг чакана бозорида истеъмолчи ва таъминотчи ўртасида электр энергиясини сотиш ва (ёки) сотиб олиш амалга оширилади.
Электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозорлари ушбу Қонунга, электр энергияси бозори концепцияси ва қоидаларига мувофиқ ташкил этилади.
Электр энергияси бозори ташкил этилгунига қадар марказий харид қилувчининг модели электр энергияси бозорининг вақтинча механизми ҳисобланади.
Марказий харид қилувчи моделининг амал қилиш муддати бозор концепциясида белгиланади.
18-модда. Электр энергияси бозори фаолиятининг мониторинги
Электр энергияси бозори фаолиятининг мониторинги Энергетика бозори регулятори томонидан амалга оширилади.
Энергетика бозори регулятори қуйидаги таҳлилни ўз ичига олган йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 31 мартига қадар эълон қилади:
электр энергияси бозорининг фаолияти;
бозор иштирокчиларининг фаолияти;
нархлаш механизмлари;
тартибга солинадиган тарифларни қўллаш ва электр энергияси бозоридаги ўзгаришлар динамикаси.
Электр энергияси бозори оператори ва тегишли тизим оператори электр энергияси бозори иштирокчиларининг фаолиятини мониторинг қилади ҳамда бозор қоидалари бузилганлиги ҳоллари тўғрисида энергетика бозори регуляторини ҳамда рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органини хабардор қилади.
5-боб. Электр энергияси бозорининг иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
19-модда. Бозор иштирокчилари
Қуйидагилар электр энергияси бозорининг иштирокчиларидир:
электр энергияси бозори оператори;
ишлаб чиқарувчи;
электр энергиясини сақлаш тизими оператори;
узатиш тизими оператори;
марказий харид қилувчи;
трейдер;
тақсимлаш тизими оператори;
таъминотчи;
истеъмолчи.
Электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори ташкил этилгунига қадар қуйидаги электр энергетикаси корхоналари электр энергиясини сотиш ва (ёки) сотиб олиш билан шуғулланади:
марказий харид қилувчи;
ишлаб чиқарувчи;
тайинланган таъминотчи;
тегишли тизим оператори.
Йирик истеъмолчилар электр энергиясини фақат электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозорида ушбу Қонунга мувофиқ сотиб олиши шарт.
Бозор иштирокчилари ўзининг шартномавий ҳуқуқ ва мажбуриятларини электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори қоидаларига ҳамда бозор концепцияси талабларига мувофиқ бажаради.
20-модда. Тизим оператори
Тизим оператори ягона электр энергетикаси тизимининг хавфсиз, ишончли ва иқтисодий жиҳатдан энг мақбул режимда ишлашини таъминлаш мақсадида уни бошқариш учун жавобгар ҳисобланади.
Электр энергетикаси корхоналари тизим операторига унинг сўрови бўйича ягона электр энергетикаси тизимининг хавфсиз ва ишончли ишлаши, техник хизмат кўрсатиши ва ривожланиши учун зарур бўлган аниқ ахборотни кечиктирмасдан тақдим этади.
Тизим оператори ҳисобот даврида олинган, иқтисодий аҳамиятга эга ёки қонун билан қўриқланадиган ва ошкор қилинмайдиган ахборотдан фақат ягона электр энергетикаси тизимининг хавфсиз ва ишончли ишлашини, техник хизмат кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш учун фойдаланади. Бундай ахборот оммага ошкор этилишига йўл қўйилмаслигини таъминлайдиган шартларга риоя этган ҳолда сақланади.
21-модда. Тизим операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Тизим оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
реал вақт режимида ягона электр энергетикаси тизимини ва унга уланган барча электр энергетикаси объектларини тезкор бошқариш, уларнинг тезкор-техник ходимларига кўрсатмалар бериш;
ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, барча электр энергетикаси корхоналари ҳамда йирик истеъмолчиларнинг тезкор ходимларига ягона электр энергетикаси тизимидаги электр энергияси ва қувват мувозанатини таъминлаш, авария ҳолатларининг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва авариядан кейинги ишлаш режимларини тиклаш зарур бўлган ҳолларда, бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар бериш;
тезкор-диспетчерлик бошқарувида фавқулодда вазиятлар бартараф этилиши чўзилишига олиб келувчи диспетчерлик интизомининг, техника хавфсизлиги қоидаларининг, техникадан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши аниқланса, Энергетика бозори регуляторига қоидаларни бузган тарафнинг лицензиясини тўхтатиб туриш ёки тегишли чоралар кўриш учун мурожаат қилиш;
авария режимини бартараф этиш учун ягона электр энергетикаси тизимида мавжуд бўлган барча захира қувватларидан фойдаланиш, электр энергетикаси объектларида режали-жорий таъмирлаш ишларини бекор қилиш, шунингдек электр энергияси истеъмолига чекловлар жорий этиш;
ягона электр энергетикаси тизимини ривожлантириш, истеъмолчиларнинг электр таъминоти хавфсизлигини ошириш, тизимнинг ишончли ишлашини таъминлаш бўйича таклифлар бериш ҳамда электр энергетикаси тизимини ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча электр энергетикаси объектларига кириш ва тезкор-диспетчерлик бошқаруви, шунингдек реле ҳимояси ва аварияга қарши автоматикаси масалаларининг бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш;
ягона электр энергетикаси тизимидаги вазиятни ва мавжуд ресурсларни ҳисобга олган ҳолда, бошқа давлатлар билан электр энергиясининг импорти ва экспорти ҳажмларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни махсус ваколатли давлат органига киритиш.
Тизим оператори:
ягона электр энергетикаси тизимини тезкор бошқаришни белгиланган талабларга мувофиқ амалга ошириши ва унинг ишончли ишлашини таъминлаши;
электр энергетикаси корхоналарининг диспетчерлик бошқарувини амалга ошириши;
электр энергиясини ишлаб чиқариш, сақлаш ва унинг истеъмоли мувозанатини сақлаб туриши;
ягона электр энергетикаси тизимининг техник ва иқтисодий жиҳатдан энг мақбул режимларда ишлашини таъминлаши;
ягона электр энергетикаси тизимининг бошқа давлатлар узатиш тизимлари билан параллель равишда ишлаш режимларини бошқариши;
авария режимлари юзага келишининг олдини олиши, уларни бартараф этиши ва авария режими бартараф этилганидан кейин тизимнинг ишончлилигини тиклаши шарт.
22-модда. Электр энергияси бозори оператори
Электр энергияси бозори оператори акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади.
Электр энергияси бозори оператори ўз фаолиятини Энергетика бозори регулятори томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширади.
Электр энергияси бозори оператори ушбу Қонуннинг 44-моддасига мувофиқ белгиланган тўловлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Электр энергияси бозори оператори ўз фаолиятини шаффофлик, холислик ва камситишга йўл қўймаслик принципларига риоя этган ҳолда амалга оширади.
23-модда. Электр энергияси бозори операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Электр энергияси бозори оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензия талаблари ва шартларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига ҳамда мазкур Қонун талабларига мувофиқ бозор иштирокчилари номидан электр энергиясини сотиш ва (ёки) сотиб олишни ташкил этиш;
электр энергетикаси корхоналаридан электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозорини ташкил этиш мақсадида талаб қилиниши мумкин бўлган тегишли ахборотни электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори қоидаларига мувофиқ сўраб олиш.
Электр энергияси бозори оператори:
электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозорини ташкил этиши;
электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори иштирокчиларини рўйхатга олиши ва уларнинг ҳисобини юритиши;
электр энергияси бозори иштирокчилари ўртасидаги шартномаларнинг ва мажбуриятларнинг ҳисобини юритиши;
электр энергияси савдосининг (шу жумладан импорти ва экспортининг) ҳар кунги жадвалларини тайёрлаши;
электр энергияси савдосининг ҳар кунги жадвалларини узатиш тизими операторига ва электр энергияси бозорининг бошқа манфаатдор иштирокчиларига ўз вақтида тақдим этиши;
электр энергияси улгуржи бозорининг рақобатли ва эркин ташкил этилиши ҳамда фаолият кўрсатишини таъминлаш учун зарур бўлган барча ахборотни ўз вақтида эълон қилиб бориши;
бошқа давлатлар узатиш тизимлари билан боғловчи тармоқлардаги юкламаларни тўғри тақсимлаш, улардан фойдаланишни такомиллаштириш ва узатиш тизимидаги ўта юкланишларни бошқариш бўйича махсус ваколатли давлат органига, Энергетика бозори регуляторига ҳамда узатиш тизими операторига таклифлар киритиши шарт.
Электр энергияси бозори оператори бозор концепциясига ва электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори қоидаларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
24-модда. Ишлаб чиқарувчи
Электр энергиясини ишлаб чиқариш Энергетика бозори регулятори томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади. Бир нечта электр станцияларида электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ҳар бир электр станцияси учун алоҳида лицензия олади.
Қуйидаги ҳолларда лицензия олиш талаб қилинмайди:
ўрнатилган қуввати 5 МВтдан кам бўлган электр станциясида ўз эҳтиёжлари учун электр энергиясини ишлаб чиқаришда;
ягона электр энергетикаси тизимига уланмаган электр станциясида электр энергиясини ишлаб чиқаришда;
микроэлектр станциясида электр энергиясини ишлаб чиқаришда.
Электр энергиясини ишлаб чиқариш учун лицензия электр станциясини қуриш ишларини бошлашдан аввал олинади.
Электр станциялари давлат мулки ёки хусусий мулк бўлиши мумкин. Бунда ўрнатилган қуввати 5 МВтдан ортиқ бўлган гидроэлектр станциялари ва гидроаккумуляцияловчи электр станцияларининг камида 25 фоизи Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки бўлиши шарт.
Қайта тикланувчи энергия манбалари ва янги инновацион ечимлар асосида электр энергиясини ишлаб чиқариш қонунчиликка мувофиқ рағбатлантирилади.
Юридик ва жисмоний шахслар электр энергиясини ўз эҳтиёжи учун ишлаб чиқариши мумкин.
Электр энергиясини фақат ўз эҳтиёжи учун ишлаб чиқарувчилар истеъмолчи мақомига эга ҳисобланади.
Ишлаб чиқарувчилар томонидан электр станцияларини қуриш (реконструкция қилиш) ишлари якунлаганидан сўнг уларни синаш ва фойдаланишга топшириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ишлаб чиқарувчилар (ягона электр энергетикаси тизимига уланган ўрнатилган қуввати 5 МВт ва ундан юқори бўлган электр станциялари) электр станциясини ёки унинг бир қисмини вақтинча ўчириш ёхуд фойдаланишдан чиқаришдан ўн икки ой олдин тизим операторини ва Энергетика бозори регуляторини бу ҳақда хабардор қилади.
Алоҳида ҳолларда, Энергетика бозори регулятори вақтинча ўчирилаётган ёки фойдаланишдан чиқарилаётган объектни унинг ягона электр энергетикаси тизимига бўлган таъсирини тегишли тизим оператори ва тизим оператори томонидан ўтказилган ўрганиш асосида вақтинча ўчиришга рухсат бериши ёки асослантирган ҳолда уни рад этиши мумкин.
25-модда. Ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ишлаб чиқарувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензия талаблари ва шартларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига ҳамда мазкур Қонун талабларига мувофиқ бир ёки бир нечта электр станцияларида электр энергиясини ишлаб чиқариш;
электр энергияси бозори қоидаларига мувофиқ бозор иштирокчилари билан электр энергиясини сотиш ва сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш;
тегишли тизим оператори билан мувозанатлашни ташкил этиш бўйича ва қўшимча хизматлар кўрсатиш учун шартномалар тузиш;
ягона электр энергетикаси тизимига уланиш;
янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, фойдаланишга топшириш ва улардан фойдаланиш.
Ишлаб чиқарувчилар:
ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек лицензия талаблари ва шартларига риоя этиши;
тизим операторининг тезкор-диспетчерлик бошқаруви, мувозанатлаш, тизимдаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ҳамда қўшимча хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ тезкор кўрсатмаларига риоя этиши;
электр станцияларини ишчи ҳолатда сақлаши ва уларнинг хавфсиз эксплуатация қилинишини таъминлаши;
электр энергияси бозоридаги соғлом рақобатни таъминлаши;
ягона электр энергетикаси тизими бошқаруви учун зарур бўлган маълумотларни тегишли тизим операторига тақдим этиши;
захира қувватлар билан таъминлашда ва қўшимча хизматлар кўрсатишда фойдаланиладиган ускуналарни текшириш, синаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш учун тегишли тизим операторига шароитлар яратиши;
ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажмлари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиши шарт.
Ишлаб чиқарувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
26-модда. Электр энергиясини сақлаш тизими оператори
Электр энергиясини сақлаш Энергетика бозори регулятори томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади. Ҳар бир электр энергиясини сақлаш тизими учун алоҳида лицензия олиш талаб қилинади.
Қуйидаги ҳолларда Энергетика бозори регулятори томонидан лицензия берилиши талаб этилмайди:
фойдаланувчилар фақат ўз эҳтиёжлари учун электр энергиясини сақлаш тизимини ўрнатганда;
ягона электр энергетикаси тизимига уланмаган электр энергиясини сақлаш тизимлари учун.
Электр энергиясини сақлаш тизими оператори электр энергиясини сақлаш ускуналарини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу ускуналар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.
Электр энергиясини сақлаш тизими оператори томонидан электр энергиясини сақлаш тизимларини қуриш (реконструкция қилиш) ишлари тугалланганидан сўнг уларни синаш ва фойдаланишга топшириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Электр энергиясини сақлаш тизими оператори электр энергиясини сақлаш тизимларини ёки уларнинг бир қисмини вақтинча ўчириш ёхуд фойдаланишдан чиқаришдан олти ой олдин тизим операторини ва Энергетика бозори регуляторини бу ҳақда хабардор қилади.
Алоҳида ҳолларда, Энергетика бозори регулятори электр энергиясини сақлаш тизимларидаги вақтинча ўчирилаётган ёки фойдаланишдан чиқарилаётган объектни унинг ягона электр энергетикаси тизимига бўлган таъсирини тегишли тизим оператори ва тизим оператори томонидан ўтказилган ўрганиш асосида вақтинча ўчиришга рухсат бериши ёки асослантирган ҳолда уни рад этиши мумкин.
27-модда. Электр энергиясини сақлаш тизими операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Электр энергиясини сақлаш тизими операторлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензия талаблари ва шартларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига ҳамда ушбу Қонун талабларга мувофиқ бир ёки бир нечта электр энергиясини сақлаш тизимларида электр энергиясини сақлаш;
электр энергияси бозори қоидаларига мувофиқ бозор иштирокчилари билан электр энергиясини сотиб олиш ва сотиш учун ҳамда қувват беришга тайёрлиги бўйича шартномалар тузиш;
тегишли тизим оператори билан мувозанатлашни ташкил этиш бўйича ва қўшимча хизматлар кўрсатиш учун шартномалар тузиш;
ягона электр энергетикаси тизимига уланиш.
Электр энергиясини сақлаш тизими оператори:
ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек лицензия талаблари ва шартларига риоя этиши;
тизим операторининг тезкор-диспетчерлик бошқаруви, мувозанатлаш, тизимдаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ҳамда қўшимча хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ тезкор кўрсатмаларига риоя этиши;
электр энергиясини сақлаш тизимларини ишчи ҳолатда сақлаши ва уларнинг хавфсиз эксплуатация қилинишини таъминлаши;
электр энергияси бозоридаги соғлом рақобатни таъминлаши;
ягона электр энергетикаси тизими бошқаруви учун зарур бўлган маълумотларни тегишли тизим операторига тақдим этиши;
электр энергиясини сақлаш тизимларига техник хизмат кўрсатиш учун тегишли тизим операторига шароитлар яратиши;
электр энергиясини сақлаш тизимларига қабул қилинган ва улардан чиқарилган электр энергияси ҳажмлари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиши шарт.
Электр энергиясини сақлаш тизими оператори қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
28-модда. Узатиш тизими оператори
Электр энергиясини узатиш Энергетика бозори регулятори томонидан бериладиган лицензия асосида узатиш тизими оператори томонидан бошқа электр энергетикаси корхоналаридан мустақил равишда амалга оширилади.
Узатиш тизими оператори устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши юз фоиз бўлган акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади.
Узатиш тизими объектлари давлат мулкидир ва улар хусусийлаштирилмайди.
Узатиш тизими объектлари узатиш тизими операторига тегишлидир.
29-модда. Узатиш тизими операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Узатиш тизими оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензия талаблари ва шартларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига ҳамда ушбу Қонун талабларга мувофиқ электр энергиясини узатишни замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда бошқариш;
электр энергияси бозорининг қоидаларига мувофиқ электр энергиясини ҳамда қувватни сотиш ва (ёки) сотиб олиш;
тегишли тизим оператори билан мувозанатлашни ташкил этиш бўйича ва қўшимча хизматлар кўрсатиш учун шартномалар тузиш;
қўшимча хизматлардан фойдаланиш, тизим хизматларини кўрсатиш;
узатиш тизими қувватларидан иқтисодий ва техник жиҳатдан мақбул режимларда фойдаланиш;
электр станциялари ва электр энергиясини сақлаш тизимлари объектларини текшириш, синаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш;
электр энергетикаси корхоналарини ягона электр энергетикаси тизимига улаш.
Электр энергиясини узатиш тизими оператори:
ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек лицензия талаблари ва шартларига риоя этиши;
тизим операторининг тезкор-диспетчерлик бошқаруви, мувозанатлаш, тизимдаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ҳамда қўшимча хизматларни кўрсатишга тааллуқли тезкор кўрсатмаларига риоя этиши;
ягона электр энергетикаси тизимининг мувозанатини таъминлаши;
узатиш тизимидан фойдаланганлик учун белгиланган тарифлар ва тўловларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаши;
тизим хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қоидалар ва шартларга риоя этиши;
узатиш тизими оператори мустақиллигига таҳдид қилувчи омиллар тўғрисида Энергетика бозори регуляторини хабардор қилиши;
Энергетика бозори регулятори ва махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда бошқа давлатларнинг узатиш тизимлари операторлари билан ҳамкорлик қилиши;
узатиш тизимини ривожлантиришнинг кўп йиллик режасини ишлаб чиқиши, бозордаги талаб ва таклифга мувофиқ унинг ҳар йили янгиланишини ҳамда амалга оширилишини таъминлаши;
бошқа давлатларнинг электр энергетикаси тизимлари билан боғловчи электр энергиясини узатиш тармоқларини энергетика хавфсизлигини, иқтисодий ва техник жиҳатдан асосланганлигини инобатга олган ҳолда ривожлантириши;
ягона электр энергетикаси тизимида ва бошқа давлатларнинг электр энергетикаси тизимларига уланган электр энергиясини узатиш тармоқларида юкламанинг ортиши ва юкламани бошқариш бўйича тизим оператори топшириқларини бажариши;
ҳудудларнинг (йирик истеъмолчиларнинг) электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини барқарор таъминлаш мақсадида узатиш тизимини қуриши, ишчи ҳолатда сақлаши (эксплуатация қилиши), унга мунтазам равишда техник хизмат кўрсатиши ва уни ривожлантириши;
намунавий шартномалар асосида фойдаланувчиларга хизматлар кўрсатиши;
ягона электр энергетикаси тизимини бошқариш учун зарур бўлган ахборотни тизим операторига тақдим этиши;
узатиш тизими орқали ўтган электр энергияси ҳажмлари тўғрисида ҳар ойлик ва йиллик ахборотни ошкор этиши;
ўзаро боғланган тизимлар операторларини уларнинг хавфсиз ва самарали ишлаши учун зарур бўлган ахборот билан таъминлаши шарт.
Узатиш тизими оператори қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
Узатиш тизими оператори қуйидагиларга риоя этган ҳолда трансчегаравий электр энергияси алмашинувини бошқаради:
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига;
бошқа давлатларнинг узатиш тизимлари операторлари билан тузилган, Энергетика бозори регулятори билан келишилган ва махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган шартномаларга;
узатиш тизимининг умумий техник имкониятларига;
магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларга.
30-модда. Марказий харид қилувчи
Марказий харид қилувчи функциялари Энергетика бозори регулятори томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.
Марказий харид қилувчи устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши юз фоиз бўлган акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади.
Марказий харид қилувчи ва узатиш тизими оператори электр энергиясини узатиш тизими орқали ишлаб чиқарувчиларнинг уланиш нуқталаридан тақсимлаш тизимининг тегишли уланиш нуқталаригача ёки тўғридан-тўғри уланган истеъмолчиларнинг уланиш нуқталаригача узатиш тўғрисидаги шартномани тузади. Бунда узатилган электр энергиясининг ҳисобини узатиш тизими оператори юритади.
31-модда. Марказий харид қилувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Марказий харид қилувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензия талаблари ва шартларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига ҳамда ушбу Қонун талабларига мувофиқ марказий харид қилувчи вазифасини бажариш;
ишлаб чиқарувчилар билан электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотиш шартномаларини тузиш;
электр энергетикаси корхоналари ва йирик истеъмолчилар билан электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотиш шартномаларини тузиш;
электр энергиясини импорт ва экспорт қилиш тўғрисида шартномалар тузиш;
янги электр станцияларини қуришга доир режалаштиришда иштирок этиш.
Марказий харид қилувчи:
Энергетика бозори регулятори томонидан белгилаган тарифларга мувофиқ ўн икки ойдан ошмайдиган муддатга электр энергиясини сотиб олиш учун намунавий шартномаларни имзолаши;
қувват учун тўлов ва электр энергияси тарифи бўйича энг яхши шартларини таклиф этган янги электр станциясини қуриш учун танлов ғолиби билан электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотиш шартномаларини имзолаши;
бозор қоидаларига мувофиқ энг яхши таклиф принципи асосида қувват учун тўлов ва электр энергияси тарифи белгиланадиган, тўғридан-тўғри келишувлар асосида қурилиши назарда тутиладиган янги электр станциялари билан электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги намунавий шартномаларни имзолаши;
бозор қоидаларига мувофиқ энг яхши таклиф принципи асосида қувват учун тўлов ва электр энергияси тарифи белгиланадиган, хусусийлаштирилган ёки хусусийлаштириладиган электр станцияларидан электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги намунавий шартномаларни имзолаши;
сотувчи сифатида электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги намунавий шартномаларга ва бозор қоидаларига мувофиқ қуйидаги бозор иштирокчилари билан электр энергиясини сотишга доир намунавий шартномаларни тузиши шарт:
таъминотчилар;
тегишли тизим оператори;
ишлаб чиқарувчилар;
йирик истеъмолчи (ихтиёрига кўра).
Марказий харид қилувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
Марказий харид қилувчи томонидан шартномавий муносабатларда бўлган ёки шундай муносабатларни ўрнатмоқчи бўлган юридик ёки жисмоний шахсларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар, енгилликларни асоссиз равишда бериш ёхуд бошқа камситувчи ёки имтиёзли шарт-шароитлар яратиш тақиқланади.
32-модда. Трейдерлар
Трейдерлар электр энергияси бозорида Энергетика бозори регулятори томонидан бериладиган лицензия асосида ўз таваккалчилиги остида электр энергиясини сотиб олади ва савдо фаолиятини амалга оширади.
Трейдерлар ва истеъмолчиларнинг электр энергияси савдоси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу Қонун ва электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотиш тўғрисидаги намунавий шартномалар шартлари билан тартибга солинади.
33-модда. Трейдерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Трейдерлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензия талаблари ва шартларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига ҳамда ушбу Қонун талабларига мувофиқ электр энергияси бозорида трейдерлик фаолиятини амалга ошириш;
электр энергияси бозори қоидаларига мувофиқ бозор иштирокчилари билан электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотиш тўғрисида шартномалар тузиш;
Энергетика бозори регулятори томонидан белгиланган талабларга мувофиқ электр энергияси савдоси операциялари учун тўловларни йиғиш.
Трейдерлар:
электр энергияси савдоси бўйича операцияларнинг хавфсиз, ишончли ва барқарорлигини таъминлаш талабларига риоя этиши;
нархлар, тарифлар ёки электр энергияси савдоси бўйича операцияларнинг шартларига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида истеъмолчиларни олдиндан хабардор қилиши;
истеъмолчиларнинг электр энергияси савдоси билан боғлиқ мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиши;
Энергетика бозори регуляторига савдо фаолияти тўғрисида ҳар ойда ҳисоботлар тақдим этиши;
электр энергияси билан боғлиқ савдо операциялари тўғрисидаги тегишли ахборотни беш йил давомида сақлаб туриши ва уни сўров бўйича ваколатли давлат органларига тақдим этиши;
тайинланган таъминотчи сифатида ижтимоий ҳимояга муҳтож истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаши ва бу бўйича алоҳида молиявий ҳисобот юритиши шарт.
Трейдерлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
34-модда. Тақсимлаш тизими оператори
Электр энергиясини тақсимлаш Энергетика бозори регулятори томонидан бериладиган лицензия асосида, тақсимлаш тизими операторлари томонидан белгиланган ҳудудда, бошқа электр энергетикаси корхоналаридан мустақил равишда амалга оширилади.
Тақсимлаш тизими оператори устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши юз фоиз бўлган акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади.
Тақсимлаш тизими объектлари тақсимлаш тизимининг операторига тегишлидир.
Тақсимлаш тизими оператори устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши ишончли бошқарувга берилиши мумкин. Ишончли бошқарувни амалга оширувчи юридик шахс тақсимлаш тизими объектларининг ишчи ҳолатда сақланишини таъминлаши шарт.
Тақсимлаш тизими операторлари томонидан электр энергиясини тақсимлаш ушбу Қонун, тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари ҳамда лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ амалга оширилади.
Тақсимлаш тизимини ривожлантириш ва инвестиция режалари Энергетика бозори регуляторига ва махсус ваколатли давлат органига келишиш учун тақдим этилади.
Тақсимлаш тизими оператори тасдиқланган инвестиция режаларини эълон қилади.
35-модда. Тақсимлаш тизими операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Тақсимлаш тизими оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензия талаблари ва шартларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ушбу Қонун талабларига мувофиқ электр энергиясини тақсимлашни замонавий усуллар билан бошқариш;
Энергетика бозори регулятори билан келишилган ҳолда тақсимлаш тизимидаги технологик йўқотишлар ўрнини қоплаш ва электр энергиясини сақлаш объектларининг ишлашини таъминлаш мақсадида электр энергиясини сотиш ва сотиб олиш;
тегишли тизим оператори билан мувозанатлашни ташкил этиш бўйича ва қўшимча хизматларни кўрсатиш учун шартномалар тузиш;
қўшимча хизматлардан фойдаланиш, тизим хизматларини кўрсатиш;
тақсимлаш тизимидан иқтисодий ва техник жиҳатдан мақбул режимларда фойдаланиш;
электр энергетикаси корхоналарини ва истеъмолчиларни ягона электр энергетикаси тизимига белгиланган тартибда улаш.
Тақсимлаш тизими оператори:
ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек лицензия талаблари ва шартларига риоя этиши;
тизим операторининг тезкор-диспетчерлик бошқаруви, мувозанатлаш, тизимдаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ҳамда қўшимча хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ оператив кўрсатмаларига риоя этиши;
тақсимлаш тизими оператори мустақиллигига таҳдид қилувчи омиллар тўғрисида Энергетика бозори регуляторини хабардор қилиши;
тақсимлаш тизимини ривожлантиришнинг беш йиллик режасини ишлаб чиқиши, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда уни ҳар йили янгилаши ҳамда амалга ошириши;
ҳудудларнинг (истеъмолчининг) электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини барқарор таъминлаш мақсадида тақсимлаш тизимини қуриши, ишчи ҳолатда сақлаши (эксплуатация қилиши), унга мунтазам равишда техник хизмат кўрсатиши ва уни ривожлантириши;
тақсимлаш тизимидан фойдаланганлик учун белгиланган тарифлар ва тўловларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаши;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган намунавий шартномалар асосида фойдаланувчиларга хизматлар кўрсатиши;
ягона электр энергетикаси тизимини бошқариш учун зарур бўлган маълумотни тизим операторига тақдим этиши;
тақсимланган электр энергиясини ҳисобга олиши ва ҳисобини юритиши;
тақсимлаш тизимидан ўтган электр энергиясининг ҳажми тўғрисидаги ҳар ойлик ва йиллик ахборотни ошкор қилиши;
ўзаро боғланган тизимлар операторларини уларнинг хавфсиз ва самарали ишлаши учун зарур бўлган ахборот билан таъминлаши;
йўқотишларнинг жорий ҳолатини аниқлаши ва уларни камайтириш бўйича манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва уларнинг бажарилишини таъминлаши шарт.
Тақсимлаш тизими оператори қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
36-модда. Таъминотчи
Электр энергиясини сотиш Энергетика бозори регулятори томонидан бериладиган лицензияга асосан таъминотчилар томонидан белгиланган ҳудудда бошқа электр энергетикаси корхоналаридан мустақил равишда амалга оширилади.
37-модда. Тайинланган таъминотчи
Тайинланган таъминотчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан беш йил муддатга тайинланади.
Тайинланган таъминотчи турли сабабларга кўра (электр таъминотидаги режали ёки режадан ташқари узилиш ёки таъминотчи томонидан мажбуриятларнинг бузилиши) электр таъминотидан узилган ваколатли истеъмолчига уч ой давомида электр энергияси сотилишини кафолатлайди.
Агар ваколатли истеъмолчи ушбу муддат ичида бошқа таъминотчи билан шартнома тузмаса, тегишли тизим оператори ваколатли истеъмолчига электр энергиясини етказиб беришни тўхтатади.
Тайинланган таъминотчи ўз фаолияти билан боғлиқ маълумотларни, шунингдек ҳар ойлик ва йиллик ҳисоботларни Энергетика бозори регуляторига тақдим этиб боради.
38-модда. Таъминотчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Таъминотчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензия талаблари ва шартларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари ҳамда ушбу Қонун талабларига мувофиқ электр энергиясини истеъмолчиларга сотиш;
сотилган электр энергияси ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ундириш;
электр таъминотининг намунавий шартномасида назарда тутилган мажбуриятлар истеъмолчи томонидан бажарилмаган тақдирда, тегишли тизим операторидан истеъмолчига электр энергиясини етказиб беришни вақтинча тўхтатишни ва истеъмолчини ягона электр энергетикаси тизимидан узишни талаб қилиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар қисқа хабар (SMS) орқали хабардор қилинганидан кейин мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклаш. Бунда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун тўловларни ҳисоб-китоб қилишнинг ишончлилиги ҳамда тўғрилиги учун жавобгар бўлади, шунингдек мазкур талаблар бузилган ҳолларда, истеъмолчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплайди.
(38-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 7 мартдаги ЎРҚ-1044-сонли Қонунига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.03.2025 й., 03/25/1044/0224-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 8 июнь)
Таъминотчи:
йиллик бизнес-режаларни Энергетика бозори регуляторига келишиш учун тақдим этиши;
истеъмолчиларнинг хавфсиз, ишончли ва барқарор электр таъминотини таъминлаши;
истеъмолчиларнинг электр энергияси савдоси билан боғлиқ мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиши;
электр энергиясининг истеъмол қилиниши тўғрисидаги ахборотни истеъмолчининг талабига биноан ошкор этиши;
белгиланган ҳудудда ижтимоий хизматлар кўрсатиш юзасидан мажбуриятларни бажариши;
ўзининг расмий веб-сайтида электр таъминотининг намунавий шартномаси шартларини, тарифларни ва бошқа тўловларни эълон қилиши;
амалдаги нархларга, тартибга солинадиган тарифларга ва бошқа шартларга киритилган ўзгартиришлар тўғрисида истеъмолчиларни олдиндан хабардор қилиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларни мазкур қарздорлик мавжудлиги тўғрисида қисқа хабар (SMS) орқали хабардор қилиши;
қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклашни мазкур қарздорлик бартараф этилган тақдирда автоматик равишда бекор қилиши;
(38-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 7 мартдаги ЎРҚ-1044-сонли Қонунига асосан тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.03.2025 й., 03/25/1044/0224-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 8 июнь)
ўз фаолияти билан боғлиқ бўлган маълумотларни, шунингдек ҳар ойлик ва йиллик ҳисоботларни Энергетика бозори регуляторига мунтазам равишда тақдим этиши;
тегишли тизим операторлари билан тузилган электр энергиясининг сотиш ва (ёки) сотиб олиш шартномаларини ҳамда ушбу шартномалар асосида сотилган ёки сотиб олинган электр энергияси ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни беш йил давомида сақлаши шарт.
Таъминотчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
39-модда. Электр энергияси истеъмолчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Электр энергияси истеъмолчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
таъминотчидан сифатли ва барқарор электр энергиясини сотиб олиш ва ундан фойдаланиш;
намунавий шартноманинг шартлари ўзгартирилиши муносабати билан шартномани бекор қилиш;
намунавий шартноманинг шартлари тўлиқ бажарилишини таъминлаш учун таъминотчига мурожаат қилиш;
таъминотчидан ўзига тегишли маълумотни ошкор этишни сўраш;
тегишли тизим оператори ёки таъминотчи томонидан электр энергияси тўлиқ етказиб берилмаганлиги ёки сифат кўрсаткичлари миллий стандартларга мос бўлмаган электр энергияси етказиб берилганлиги сабабли етказилган зарарнинг ўрни белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 57-боби.
электр энергияси истеъмоли тўғрисидаги ҳар қандай маълумотларнинг ошкор қилинишини талаб қилиш;
қонунчиликка мувофиқ ўз объектларини тегишли тизим операторининг объектларига улаш;
электр энергиясининг истеъмол қилиниши бўйича барча тегишли маълумотларни олиш;
тегишли тизим операторида техник ёки бошқа носозликлар юзага келганда намунавий шартнома шартларига мувофиқ уларни энг қисқа муддатларда бартараф этишни талаб қилиш.
Ваколатли бўлмаган истеъмолчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари тегишли ҳудуддаги тайинланган таъминотчидан электр энергиясини олиш ҳуқуқига ҳам эга.
Ваколатли истеъмолчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари электр энергияси бозори қоидаларида белгиланган шартларга мувофиқ таъминотчини танлаш ёки ўзгартириш ҳуқуқига ҳам эга.
Йирик истеъмолчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари улгуржи ёки чакана бозорда (бир нечта таъминотчидан) электр энергиясини сотиб олиш ҳуқуқига ҳам эга.
Электр энергияси истеъмолчиси:
намунавий шартномада белгиланган электр энергиясини истеъмол қилиш режимига риоя этиши;
истеъмол қилинган электр энергияси учун ҳақни (шу жумладан олдиндан тўловни) намунавий шартномада белгиланган муддатларда тўлаши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни мазкур қарздорлик мавжудлиги тўғрисида қисқа хабар (SMS) орқали хабардор қилинган санадан эътиборан беш кун ичида бартараф этиши;
(39-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 7 мартдаги ЎРҚ-1044-сонли Қонунига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.03.2025 й., 03/25/1044/0224-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 8 июнь)
электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини текширишига йўл қўйиши;
электр энергиясидан оқилона фойдаланиш учун чоралар кўриши;
ўзи фойдаланаётган электр тармоқларининг, асбоб ва ускуналарнинг лозим даражадаги техник ҳолати ҳамда хавфсизлигини таъминлаши, носозликлар тўғрисида тегишли тизим операторига ёки таъминотчига хабар қилиши шарт.
Истеъмолчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
6-боб. Электр таъминотига оид шартномавий муносабатлар. Тарифлар ва тўловлар
40-модда. Электр таъминотининг намунавий шартномаси
Истеъмолчилар ҳамда таъминотчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари электр таъминотининг намунавий шартномаси шартлари билан тартибга солинади.
Электр таъминотининг намунавий шартномаси Энергетика бозори регулятори томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Электр таъминотининг намунавий шартномаси қуйидаги ахборотни ўз ичига олади:
таъминотчининг номи ва манзили;
хизматлар тавсифи ва сифати, етказиб беришни бошлашнинг тахминий санаси;
амалдаги барча тарифлар ва тўловлар, шу жумладан истеъмолчи томонидан тўланадиган тўловлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчини қисқа хабар (SMS) орқали хабардор қилиш, мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар истеъмолчининг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш шартлари;
(40-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 7 мартдаги ЎРҚ-1044-сонли Қонунига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.03.2025 й., 03/25/1044/0224-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 8 июнь)
шартноманинг амал қилиш муддати, уни узайтириш ва шартномани бекор қилиш шартлари, шартномани бекор қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги ахборотни олиш шартлари;
шартномада белгиланган хизмат кўрсатиш сифатига риоя этилмаган, шу жумладан ҳисоб-фактуралар нотўғри берилган ва ўз вақтида тақдим этилмаган тақдирда қўлланиладиган чоралар;
низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги ахборот;
тўлов усуллари ва шартлари.
41-модда. Тизим хизматларининг сифати
Энергетика бозори регулятори тегишли тизим операторлари билан биргаликда қуйидаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб, фойдаланувчиларга кўрсатиладиган хизматлар сифатига оид талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек уларга риоя этилиши устидан назоратни таъминлайди:
фойдаланиш, хавфсизлик ва ишончлилик, шу жумладан таъминотдаги узилишларнинг давомийлиги ва такрорланиши;
тизимга уланишнинг, қайта уланишнинг, таъмирлашнинг ва таъминотдаги узилишларнинг давом этиш муддатлари;
истеъмолчилардан келиб тушган шикоятлар (хизмат кўрсатиш масалалари юзасидан мурожаатлар) сони ва уларни кўриб чиқиш муддатлари;
кучланиш, частота сифати ва бошқа кўрсаткичлар.
Тегишли тизим операторлари ҳар йили кўрсатиладиган хизматлар сифати бўйича асосий кўрсаткичларни ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.
42-модда. Электр энергиясини локал тармоқлар орқали етказиб бериш
Юридик ва жисмоний шахслар локал тармоқни яратиш ва ишлаб чиқарилган электр энергиясини локал тармоқ орқали реализация қилиш учун бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.
Локал тармоқларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш махсус ваколатли давлат органи томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.
43-модда. Ягона электр энергетикаси тизимига уланиш ёки уланишни рад этиш
Ягона электр энергетикаси тизимига уланиш ва уланишни рад этишнинг батафсил тартиби ва шартлари электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларида белгиланади.
Қуйидаги ҳолларда ягона электр энергетикаси тизимига уланиш рад этилиши мумкин:
тегишли тизим операторлари томонидан хизмат кўрсатиш мажбуриятларини бажариш имконияти бўлмаганда;
электр қуввати ёки уланиш имконияти бўлмаганда (бундан уланувчи тараф электр қувватини ёки уланиш имкониятини ошириш бўйича барча харажатларнинг ўрнини қоплашга рози бўлган ҳоллар мустасно).
44-модда. Тартибга солинадиган тарифлар ва тўловлар
Қуйидаги тарифлар ва тўловлар Энергетика бозори регулятори томонидан тартибга солинади:
марказий харид қилувчи томонидан ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган қувват ва электр энергияси учун тарифлар;
таъминотчилар ва йирик истеъмолчилар томонидан марказий харид қилувчидан сотиб олинадиган электр энергияси учун тарифлар;
тўғридан-тўғри келишувлар асосида ёки лицензияга эга бўлган ишлаб чиқарувчилар томонидан қурилган янги электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган қувват ва электр энергияси учун марказий харид қилувчи тўлаши лозим бўлган тарифлар;
микроэлектр станцияларидан сотиб олинадиган электр энергияси учун тарифлар;
таъминотчига ёки тайинланган таъминотчига истеъмолчилар томонидан тўланиши лозим бўлган тарифлар;
фойдаланувчилар томонидан узатиш тизими операторига электр энергиясини узатиш хизматлари учун тўланадиган тарифлар;
Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа давлатлар билан боғланган давлатлараро электр энергиясини узатиш тармоқларидан фойдаланганлик учун узатиш тизими операторига тўланадиган тарифлар;
фойдаланувчилар томонидан тақсимлаш тизими операторига электр энергиясини тақсимлаш хизматлари учун тўланадиган тарифлар;
ягона электр энергетикаси тизимида уланиш нуқталарини қуриш учун тўловлар;
ягона электр энергетикаси тизимига уланиш учун тўловлар;
тегишли тизим операторлари томонидан кўрсатиладиган қўшимча хизматлар учун тўловлар;
электр энергияси бозори операторининг хизматлари учун тўловлар;
ишлаб чиқарувчиларнинг захира қувватлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун тарифлар;
қонунчиликда белгиланган бошқа тарифлар ва тўловлар.
Тартибга солинадиган тарифлар ва тўловлар доимий равишда эълон қилиб борилади.
Тарифлар ва тўловлар бир томонлама ўзгартирилмайди.
Энергетика бозори регулятори томонидан барча истеъмолчилар ёки истеъмолчиларнинг тоифалари учун ягона тариф белгиланиши мумкин.
Шартнома тузилганидан кейин тартибга солинадиган тариф ёки тўлов ўзгарган тақдирда, тегишли шартномага нисбатан тарифнинг ёки тўловнинг ўзгартирилган миқдори қўлланилади.
Энергетика бозори регулятори тайинланган таъминотчининг тарифи бир хил тоифадаги истеъмолчиларга сотиладиган электр энергиясининг ўртача тарифидан юқори бўлишини таъминлайди.
45-модда. Тарифлар ва тўловларни белгилаш принциплари
Тартибга солинадиган тарифлар ва тўловлар, уларни белгилаш услублари ушбу Қонун принципларига асосланади.
Тартибга солинадиган тарифлар ва тўловлар электр энергетикаси корхоналарининг рентабеллигини таъминлайди ҳамда қуйидаги асосли харажатларни акс эттиради:
эксплуатация харажатларини;
ёқилғи учун харажатларни;
техник хизмат кўрсатиш, модернизация қилиш, қурилиш ва реконструкция қилиш учун харажатларни;
амортизация харажатлари, шу жумладан асосий харажатларни;
солиқлар, лицензия йиғимлари ва бошқа тўловларни.
Асосий харажатлар асосли харажатлар принципи асосида электр энергетикаси корхоналари томонидан ҳисобга олинади.
Тартибга солинадиган тарифлар ва тўловларни белгилашда электр энергетикаси корхоналарининг эксплуатация ва бошқарув самарадорлигини ошириш, йўқотишларни камайтириш, таъминот хавфсизлигини таъминлаш, кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш, илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек энергия самарадорлигини ошириш чоралари ҳисобга олинади.
Тегишли тизим операторлари объектларидан фойдаланишни, етказиб беришни ва савдо фаолиятини ўзаро кесишма субсидиялаш тақиқланади, шунингдек фойдаланувчилар ўртасида камситишга йўл қўйилмайди.
46-модда. Тарифлар ва тўловларни белгилаш тартиби
Тарифлар ва тўловларни белгилаш услубияти ҳамда унинг асосида тартибга солинадиган тарифлар ва тўловлар Энергетика бозори регулятори томонидан белгиланади.
Қабул қилинган тарифлар ва тўловлар кучга киришидан камида ўн беш кун олдин эълон қилинади. Ҳеч қандай тариф ёки тўлов орқага қайтиш кучига эга эмас.
Тарифлар ва тўловларни белгилаш услубияти тарифлар ва тўловларга нисбатан қўлланиладиган батафсил қоидаларни, уларнинг тузилиши ва ҳисобини, шу жумладан асосланган харажатлар ҳажмини ва оқилона даромад ставкасини ҳисоблашни белгилайди.
Тарифлар ва тўловлар услубияти кучга киришидан камида ўн беш кун олдин эълон қилинади. Зарур бўлган тақдирда Энергетика бозори регулятори томонидан тарифлар ва тўловлар услубияти қайта кўриб чиқилади.
Энергетика бозори регулятори тартибга солинадиган тарифлар ва тўловларни лицензиатлардан олинган таклифлар асосида белгилайди.
Лицензиатлар Энергетика бозори регулятори томонидан белгиланган тартибда ўзининг пул айланмалари ва харажатлари билан боғлиқ бўлган молиявий ҳисоботлар ва маълумотларни шакллантиради.
Лицензиатлар тарифлар ва тўловларни белгилаш услубиятига мувофиқ қўлланиладиган тарифлар ва тўловларни қабул қилиш учун зарур бўлган барча маълумотларни Энергетика бозори регуляторига тақдим этади.
Лицензиатлар электр энергетикаси соҳасидаги ўз фаолиятини энг кам харажатлар принципи асосида амалга оширади ҳамда Энергетика бозори регуляторининг талабига кўра ушбу принципга риоя этишини асослаб беради.
47-модда. Тартибга солинадиган тарифлар ва тўловларни назорат қилиш
Лицензиатлар тартибга солинадиган тарифлар ва тўловларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган барча ахборотни Энергетика бозори регуляторига тақдим этиши шарт.
Тартибга солинадиган тарифлар ва тўловларни қўллаш қоидалари лицензиатлар томонидан бузилган тақдирда, Энергетика бозори регулятори:
лицензиатларга тарифлар ва тўловларни тўғри қўллаш тўғрисида кўрсатма беради;
тартибга солинадиган тарифлар ва тўловлар бўйича ортиқча ундирилган маблағлар электр энергетикаси корхонаси томонидан ушбу тарифлар ёки тўловларни тўлаган контрагентга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган базавий ставкага тенг фоизлар билан тўланиши тўғрисида буйруқ чиқаради;
ушбу қисмнинг учинчи хатбошисига мувофиқ контрагентни аниқлашнинг имконияти бўлмаган тақдирда, ортиқча ундирилган маблағлар кўрсатилган фоизлар билан биргаликда шартнома бўйича ҳар бир контрагентига тенг нисбатда тўланиши тўғрисида буйруқ чиқаради.
7-боб. Электр энергетикаси соҳасидаги лицензиялашнинг умумий қоидалари
48-модда. Электр энергетикаси соҳасида лицензияланадиган фаолият турлари
Электр энергетикаси соҳасидаги қуйидаги фаолият турлари лицензия асосида амалга оширилади:
электр энергияси бозори оператори;
электр энергиясини ишлаб чиқариш;
электр энергиясини сақлаш;
электр энергиясини узатиш;
марказий харид қилувчининг вазифаларини бажариш;
электр энергиясини тақсимлаш;
электр энергияси билан таъминлаш;
электр энергияси савдоси.
Электр энергетикаси соҳасидаги лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомлар Энергетика бозори регулятори томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
49-модда. Лицензия талаблари ва шартлари
Лицензия олиш учун ариза берувчи қуйидаги лицензия талаблари ва шартларига риоя этиши шарт:
электр энергетикаси соҳасидаги лицензияланадиган фаолиятнинг ҳар бир турига хос бўлган вазифаларни бажариш, ҳуқуқларни амалга ошириш ва мажбуриятларни бажариш учун техник, иқтисодий ва молиявий имкониятларнинг, шунингдек кадрлар салоҳиятининг мавжудлиги;
тақдим этилаётган хизматларнинг сифатини таъминлаш учун зарур бўлган чора-тадбирларни амалга ошириш қобилияти;
ушбу Қонун талабларига мувофиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги;
лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда белгиланадиган бошқа лицензия талаблари ва шартлари.
50-модда. Лицензиялаш учун зарур бўлган ҳужжатлар
Лицензия олиш учун ариза берувчи лицензия бериш тўғрисидаги ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
электр энергетикаси соҳасидаги тегишли фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган электр энергетикаси объектларига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни ёхуд ушбу объектларга хизмат кўрсатиш ёки уларни таъмирлаш бўйича келишувни тасдиқловчи ҳужжатларни. Бунда ариза берувчи тегишли электр энергетикаси объектига эгалик қилиш ҳуқуқи, ундан фойдаланиш ёки унга техник хизмат кўрсатиш бўйича шартномалари Энергетика бозори регулятори томонидан белгиланган энг кам муддат давомида амал қилишини асослайди;
ушбу қисмнинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган электр энергетикаси объектларини ишга туширишга доир рухсатномани, агар бундай рухсатнома электр энергетикаси соҳасидаги тегишли фаолиятга тааллуқли бўлса;
ҳар қандай фаолият турида электр қурилмаларнинг электр тармоғига уланиши назарда тутилса, электр тармоғига уланишда қўлланиладиган техник регламентга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни;
ариза берувчининг асосий воситалари рўйхатини ва электр энергетикаси соҳасидаги тегишли фаолият турини амалга ошириш учун зарур бўлган активлар мавжудлиги тўғрисидаги аудиторлик хулосасини;
амалдаги ёки таклиф этилаётган ташкилий тузилма ва штат жадвалини ёхуд мавжуд бўлган тақдирда тегишли касбий хизматлар кўрсатиш шартномасини тасдиқловчи ҳужжатларни, ариза берувчи тегишли фаолият учун барча касбий йўналишларни қамраб олувчи етарли ходимларни жалб этганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни;
ариза берувчи юридик шахс бўлган тақдирда, акциядорлар (улушдорлар) таркибини;
лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда назарда тутилган бошқа ҳужжатларни.
Электр энергиясини узатиш ёки тақсимлаш фаолиятини амалга оширишга лицензияни олиш учун ариза берувчининг электр тармоқларига хизмат кўрсатиш функцияси электр энергиясини сотиб олиш ва сотиш функциясидан ажратилган бўлиши шарт.
Марказий харид қилувчининг фаолиятини амалга оширишга доир лицензия олиш учун ариза берувчи ушбу Қонунда белгиланган мустақиллик талабларига тўлиқ жавоб бериши шарт.
Энергетика бозори регуляторининг сўровномасига асосан ариза берувчи ариза билан бирга лицензия олиш учун барча талаблар бажарилганлигини тасдиқловчи далилларни, шу жумладан тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этади.
Лицензия олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати Энергетика бозори регуляторининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
51-модда. Лицензиялаш
Лицензиялаш жараёнида Энергетика бозори регулятори шаффоф, холис тарзда ва камситишсиз ҳаракат қилади.
Лицензиялаш бошқа давлат органлари томонидан лицензиялар ва рухсатномалар берилишига таъсир кўрсатмаслиги керак.
Агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, лицензиялар Энергетика бозори регулятори томонидан уларнинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.
Энергетика бозори регулятори қуйидаги ҳолларда лицензия беришни рад этиши мумкин:
агар ариза берувчи ҳужжатларни тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этган бўлса;
агар ариза берувчининг қонунчилик талабларига мувофиқ айрим турдаги фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун қўшимча лицензиялари ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлари бўлмаса;
агар ариза берувчи ўз ихтиёрига кўра ёки суднинг қарорига кўра тугатиш жараёнида бўлса;
агар ариза берувчининг электр энергетикаси соҳасидаги фаолият турларидан бирини амалга оширишга доир аввалги лицензияси тегишли ариза берилишига қадар сўнгги беш йил ичида ариза берувчи ёки унинг ҳуқуқий вориси билан боғлиқ сабабларга кўра бекор қилинган бўлса;
агар ариза берувчининг электр энергиясини ишлаб чиқариш соҳасида устун мавқеи эътироф этилган бўлса;
лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Фаолиятнинг қуйидаги турлари (ва уларнинг кичик турлари) бўйича лицензия учун йиллик даврий йиғим белгиланади:
электр энергиясини ишлаб чиқариш;
электр энергиясини узатиш;
электр энергиясини тақсимлаш;
электр энергиясини сақлаш;
электр энергияси таъминоти;
марказий харид қилувчининг вазифаларини бажариш;
электр энергияси савдоси.
Лицензия учун йиллик даврий йиғимлар миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 февралдаги 91-сонли «Электр энергетикаси соҳасидаги фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори.
52-модда. Лицензиатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Лицензиатлар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ушбу Қонунга ҳамда лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларга мувофиқ амалга оширади.
Лицензиатлар Энергетика бозори регуляторининг ёзма розилигисиз электр энергетикаси соҳасидаги лицензияланадиган фаолиятни тўхтатиб туриши, тугатиши, чеклаши ёки кенгайтириши мумкин эмас, бундан контрагент томонидан кўрсатилган хизматлар ҳақи тўланмаган ёки ушбу Қонун ёки лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ тегишли фаолият турлари техник ёхуд хавфсизлик сабаблари туфайли тўхтатиб турилган, тугатилган, чекланган ҳоллар мустасно.
Лицензиат лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлардаги ёки ахборотдаги ўзгартиришлар тўғрисида Энергетика бозори регуляторини хабардор қилади. Лицензиат ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни мунтазам равишда Энергетика бозори регуляторига ҳамда ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа ваколатли давлат органларига Энергетика бозори регулятори томонидан белгиланган ҳисобот бериш қоидаларига мувофиқ ошкор қилади.
Электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозорлари қоидаларига, шунингдек лицензия шартларига мувофиқ электр энергетикаси корхонасининг бозордаги иштироки ижтимоий хизматларни кўрсатишга доир қуйидаги мажбуриятларни ўз ичига олади:
хизматларни истеъмолчиларнинг эҳтиёжлари ва талабларига мувофиқ бажариш ҳамда ташкил этиш;
барча электр энергетикаси корхоналарига нисбатан соғлом рақобат ҳамда камситишга йўл қўймаслик принципларини кенг қўллаш орқали электр энергияси ишончли, қулай ва самарали тарзда етказиб берилишини таъминлаш;
электр энергиясининг ва турдош хизматларнинг ҳажмлари ва нархлари, шунингдек бошқа тижоратга доир шартлар бозордаги талаб ва таклиф асосида келишилишини таъминлаш.
Лицензияланадиган фаолиятни амалга оширишда барча электр энергетикаси корхоналари қуйидагиларни ҳисобга олиши керак:
электр таъминоти хавфсизлигини;
электр таъминотининг белгиланган ёки шартномада назарда тутилган сифатини;
тарифларни тартибга солиш талабларини;
атроф-муҳитни муҳофаза қилишни, энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлигини оширишни;
одамларнинг соғлиғи, ҳаёти ва мол-мулкини ҳимоя қилишни;
истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни.
53-модда. Лицензия шартларига ўзгартиришлар киритиш
Агар ушбу Қонунга ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига лицензия шартларига тааллуқли ўзгартиришлар киритилган бўлса, Энергетика бозори регулятори лицензия шартларига тегишли ўзгартиришлар киритади.
Энергетика бозори регулятори тегишли лицензиат билан баҳолаш ишлари натижасига кўра, электр энергетикаси тизимининг хавфсизлигини ёки истеъмолчиларни электр энергияси билан ишончли таъминлаш учун лицензия шартларини ўзгартириш зарур деб топса, лицензия шартларига ўзгартиришлар киритади ва тегишли ўзгартиришлар сабабларини кўрсатади.
54-модда. Лицензиатни қайта ташкил этиш ёки унинг устав фондидаги (капиталидаги) ўзгартиришлар оқибатлари
Лицензиатнинг ёки унинг бир қисми қайта ташкил этилган (шу жумладан ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарган, устав фондидаги (капиталидаги) улуши ўзгарган ёки лицензиат бўлинган) ёки улушдори ўзгарган тақдирда, электр тармоқлари соҳасидаги тегишли фаолият турини давом эттириш учун зарур бўлган лицензия лицензиатнинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш куни ичида, кўрсатиб ўтилган ўзгартиришларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ушбу ҳуқуқий вориснинг номига қайта расмийлаштирилади ва лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза берилади.
Лицензиатни қайта ташкил этиш ёки лицензиатнинг овозга қўйилган акцияларининг 25 фоиздан ортиғини тўғридан-тўғри ёхуд билвосита сотиб олиш Энергетика бозори регуляторининг розилиги билан амалга оширилади.
Энергетика бозори регулятори қайта ташкил этишга ёки тўғридан-тўғри ёки билвосита сотиб олишга розилик беришни фақат қайта ташкил этиш ёки овозга қўйилган акцияларни сотиб олиш қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолда рад этиши мумкин:
қонунчиликда белгиланган лицензия талаблари ва шартларига риоя этмаслик;
ушбу Қонун 51-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган лицензия беришни рад этиш учун асослар мавжуд бўлса;
электр энергетикаси соҳаси ишлашининг хавфсизлиги ёки истеъмолчиларнинг электр таъминоти ишончлилиги жиддий таҳдид остида бўлса.
Энергетика бозори регулятори ушбу моддага мувофиқ лицензиатнинг акцияларини сотиб олишга розилик беришни рад этган тақдирда, сотиб олувчи лицензиатга нисбатан акциядор ҳуқуқларини амалга оширишга ҳақли эмас.
Лицензиатнинг ҳуқуқий вориси лицензияга нисбатан акциядор ҳуқуқларини ушбу моддага мувофиқ Энергетика бозори регулятори рухсати олинганидан кейингина амалга ошириши мумкин.
55-модда. Лицензиатлар томонидан қонунчилик, лицензия талаблари ва шартларининг бузилиши оқибатлари
Лицензиат ушбу Қонунни ёки қонунчиликда белгиланган лицензия талаблари ва шартларини ёхуд Энергетика бозори регулятори томонидан белгиланган қоидаларни бузган тақдирда, Энергетика бозори регулятори қуйидаги чораларни кўришга ҳақлидир:
лицензиатни жарималар қўлланилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган ҳолда ўз мажбуриятларини бажаришини ва белгиланган муддатларда қоидабузарликларни бартараф этишини талаб қилишга;
қонунда белгиланган тартибда жарималар қўллашга;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари.
ушбу моддага ва Энергетика бозори регуляторининг қарорига мувофиқ жариманинг қўлланилишига қарамай, лицензиат қоидабузарликни бартараф этиш чораларини кўрмаса, лицензия шартларини ўзгартиришга ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туришга.
Энергетика бозори регулятори қуйидаги ҳолларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга ҳақлидир:
агар лицензиат электр станцияси ёки бошқа электр энергетикаси объектини электр энергияси таъминоти хавфсизлигига, аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигига, электр энергетикаси объектининг хавфсиз ишлашига ёки атроф-муҳитга жиддий таҳдид соладиган тарзда ишлатса;
агар лицензиат Энергетика бозори регулятори томонидан белгиланган муддатдан кейин ҳам лицензия талаблари ва шартларига риоя этмаса;
агар лицензия нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар асосида берилган ёки қонунчиликни бузган ҳолда бошқа йўл билан олинган бўлса.
Энергетика бозори регулятори ушбу Қонунга мувофиқ электр энергиясини ишлаб чиқариш лицензиясига эга бўлиши шарт бўлмаган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи объектлар операторларига нисбатан ушбу моддада назарда тутилган жазо чораларини қўллаши мумкин.
Лицензиатлар электр энергиясини етказиб бериш хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз фаолиятини ушбу моддада ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-таомиллар бажарилгунига қадар давом эттириб туради.
Агар жисмоний ёки юридик шахс электр энергетикаси соҳасидаги фаолиятни тегишли лицензиясиз амалга ошираётган бўлса, Энергетика бозори регулятори ушбу фаолиятни тўхтатиш чораларини кўради ҳамда ушбу Қонуннинг 57-моддасида назарда тутилган тартибда молиявий санкцияларни қўллайди.
8-боб. Электр энергетикаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
56-модда. Электр энергетикаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликнинг умумий қоидалари
Энергетика бозори регулятори қуйидаги шахсларга нисбатан ушбу Қонунда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган жазо чораларини қўллаши мумкин:
ушбу Қонун қоидаларини ёки Энергетика бозори регулятори томонидан белгиланган қоидаларни ёки талабларни бузган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахсга;
ушбу Қонунга мувофиқ асослар мавжуд бўлганда ҳар қандай лицензиатга.
Энергетика бозори регулятори томонидан айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг IX боби.
57-модда. Электр энергетикаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкцияларни қўллаш
Бозор иштирокчилари томонидан фаолиятни лицензиясиз амалга оширганлик ёки лицензияларни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олганлик, электр энергияси бозори билан боғлиқ қонунчиликда белгиланган қоидаларни бузганлик учун қонунга мувофиқ уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилади.
Молиявий санкциялар қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилади:
ушбу Қонунда назарда тутилган мустақиллик принциплари ва талабларини бузиш;
электр энергиясини сотиш ва сотиб олиш мажбуриятларини бажармаслик;
фаолиятни лицензиясиз амалга оширганлик ёки лицензияларни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олганлик;
ҳисобварақларни алоҳида ҳисобга олиш ва ушбу ҳисобварақларнинг ижроси талабларини бажармаслик;
Энергетика бозори регуляторига нотўғри ва бузиб кўрсатилган маълумотларни тақдим этиш;
узатиш тизимига ёки тақсимлаш тизимига уланишга ушбу Қонунни, электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларини бузган ҳолда тўсқинлик қилиш;
фаолиятни ушбу Қонунни, лицензия талаблари ва шартларини, Энергетика бозори регуляторининг қарорларини ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларини бузган ҳолда амалга ошириш;
электр энергетикаси соҳасига оид хавфсизлик талабларини бузиш;
уланиш шартномаси мавжуд бўлмаган ҳолда электр таъминоти тизимига уланиш.
Молиявий санкциялар миқдорлари қуйидаги омиллар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади:
электр таъминотининг бузилиши натижасида юзага келган таҳдид даражаси ва бузилишнинг давомийлиги;
қоидабузарлик натижасида етказилган моддий зарарнинг миқдори ва ушбу қоидабузарлик натижасида олинган фойда;
ташкилотнинг молиявий ҳолати;
қоидабузарликнинг электр энергияси бозори фаолиятига салбий таъсири;
қоидабузарликка тегишлилик даражаси;
аввал содир этилган қоидабузарликлар;
лицензиатнинг Энергетика бозори регулятори томонидан текширув бошлангунига қадар қоидабузарликни ихтиёрий равишда бартараф этиш бўйича ҳаракатлари;
Энергетика бозори регулятори томонидан қоидабузарликни бартараф этиш юзасидан белгиланган чораларни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинган ҳаракатлар.
Жисмоний шахсларга нисбатан қўлланиладиган жарималар миқдори қонунчиликда белгиланган шартларга риоя этган ҳолда тайинланади.
Молиявий санкциялар суд тартибида қўлланилади, бундан тадбиркорлик субъекти содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олган ва молиявий санкциянинг суммасини ихтиёрий тарзда тўлаган ҳоллар мустасно.
Ушбу моддага мувофиқ ундирилган молиявий санкциялар суммалари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига йўналтирилади.
9-боб. Электр таъминоти хавфсизлиги ва электр энергетикаси соҳасида фавқулодда вазиятларни бошқариш
58-модда. Электр таъминоти хавфсизлигини таъминлашни ва электр энергетикаси соҳасида фавқулодда вазиятларни бошқаришни ташкил этиш
Махсус ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикасининг электр энергетикаси соҳасида электр таъминоти хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларни бошқариш учун жавобгардир.
Махсус ваколатли давлат органи:
электр энергетикаси соҳасида фавқулодда вазиятлар юзага келганда кўриладиган чора-тадбирлар стратегиясини ишлаб чиқади;
электр энергетикаси соҳасида фавқулодда вазият юзага келганда кўриладиган чора-тадбирлар юзасидан қарорлар қабул қилади;
электр энергияси таъминоти хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш орқали электр энергетикаси корхоналарининг, бозор иштирокчиларининг ва фойдаланувчиларнинг етказиб бериш хавфсизлиги талабларини таъминлаш жараёнидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тартибга солади.
Махсус ваколатли давлат органи ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган қарорларни уларнинг самарадорлиги, истеъмолчилар ва атроф-муҳитга таъсирини, шунингдек электр энергиясининг рақобатли улгуржи ёки чакана бозори фаолиятига таъсирини ҳисобга олган, мутаносиблик принципига риоя этган ҳолда Энергетика бозори регулятори билан биргаликда қабул қилади.
Узатиш тизими операторининг ва тақсимлаш тизими операторининг йиллик ҳисоботлари асосида махсус ваколатли давлат органи электр таъминоти ва потенциал эҳтиёжлар билан боғлиқ бўлган жорий вазият тўғрисида йиллик ҳисобот тайёрлайди.
59-модда. Электр таъминоти хавфсизлигини таъминлаш чоралари
Махсус ваколатли давлат органи электр таъминоти хавфсизлигини таъминлаш ҳамда электр энергетикаси соҳасида фавқулодда вазиятларни бошқариш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишда Энергетика бозори регулятори ва узатиш тизими оператори билан ҳамкорлик қилади ҳамда қуйидаги йўналишларни такомиллаштириб боради:
Ўзбекистон Республикасида истеъмолчиларни хавфсиз ва барқарор электр энергияси билан ишончли таъминлаш;
электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозорининг шаклланиши ҳамда ишлаши;
электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш тизимларининг самарадорлигини таъминлаш, мунтазам техник хизмат кўрсатиш ҳамда зарур ҳолларда ушбу тизимларни янгилаш, қуриш ва реконструкция қилиш;
белгиланган тартибда тасдиқланган технологик регламентларга мувофиқ тегишли техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
электр энергиясига бўлган талабни қаноатлантириш учун узатиш ва тақсимлаш тизимларига капитал қўйилмаларни тўғридан-тўғри жалб этиш;
қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқаришни, шунингдек электр ва иссиқлик энергиясини биргаликда ишлаб чиқаришни ривожлантириш;
электр энергетикаси соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида электр энергиясини узатиш учун етарли бўлган қувватларни ва захира қувватларни яратиш;
электр энергиясига бўлган талаб ва ишлаб чиқариш қуввати ўртасидаги мувозанатни сақлаш;
энергия самарадорлигини ошириш, янги технологияларни жорий этиш ва энергияни тежаш чораларини рағбатлантириш;
электр энергиясини тежашга доир чора-тадбирларни илгари суриш.
Электр таъминоти хавфсизлигини таъминлаш чоралари Ўзбекистон Республикаси истеъмолчиларига нисбатан ушбу чораларнинг иқтисодий ва ижтимоий таъсири, хусусан, электр энергиясининг тарифларига ёки нархларига потенциал таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан асослантирилган ҳамда камситмайдиган бўлиши ва электр энергиясининг улгуржи ёки чакана бозоридаги рақобат шартларини ҳамда нархларни белгилашда ноаниқликларни келтириб чиқармаслиги, шунингдек электр энергияси бозорининг иштирокчиларига ёки янги иштирокчиларига ҳаддан ортиқ тўсиқлар яратилишига йўл қўймаслиги керак.
Электр энергетикаси соҳасининг барқарорлигини, хавфсизлигини ва ишончлилигини, шу жумладан талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни сақлаш учун махсус ваколатли давлат органи Энергетика бозори регулятори ва узатиш тизими оператори билан келишган ҳолда бир ёки бир нечта ишлаб чиқарувчининг зиммасига ўз ишлаб чиқариш қувватларини сақлаб туриш мажбуриятини юклатиши мумкин. Ушбу қисмга мувофиқ электр станцияларининг қувватларини сақлаш ва бошқариш шартлари электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига биноан амалга оширилади.
Электр энергетикаси объектлари ва тегишли ускуналар учун мажбурий бўлган техника ва хавфсизлик қоидалари, шунингдек электр таъминоти хавфсизлиги билан боғлиқ техник кўрикларга доир талаблар белгиланган тартибда тасдиқланган техник регламентлар билан тартибга солинади.
Фавқулодда вазиятлардаги электр таъминоти масалаларида устувор аҳамиятга эга бўлган объектлар рўйхати уларнинг стратегик аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади ва жамоатчиликка етказилади.
60-модда. Электр энергетикаси соҳасидаги фавқулодда вазиятлар
Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сақлаш, етказиб бериш ва электр энергияси савдоси жараёнларини бузадиган ёки уларга таҳдид соладиган, шунингдек электр энергетикаси соҳасининг умумий хавфсизлигига, тизимнинг ишончлилигига ёки истеъмолчиларнинг электр таъминотига таҳдид туғдирадиган, электр энергетикаси корхоналарининг назорати остидан чиққан кутилмаган ҳолатлар туфайли юзага келадиган авария вазияти электр энергетикаси соҳасидаги фавқулодда вазият ҳисобланади.
Электр энергетикаси соҳасидаги фавқулодда вазият махсус ваколатли давлат органи томонидан эълон қилинади.
Электр энергетикаси соҳасида фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда қўлланиладиган ҳимоя чоралари ва тартиб-таомиллари махсус ваколатли давлат органи томонидан Энергетика бозори регулятори, узатиш тизими оператори ва тақсимлаш тизими оператори, шунингдек фавқулодда вазият таъсир қилиши мумкин бўлган бошқа тегишли ваколатли органлар билан келишилганидан кейин қабул қилинади.
Электр энергетикаси соҳасида фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда қўлланиладиган барча чоралар вақтинчалик хусусиятга эга бўлиб, аҳоли, электр энергетикаси объектлари ва ускуналарнинг жисман хавфсизлигига бўлган таҳдидларни бартараф этиш учун қабул қилинади. Ушбу чоралар электр таъминоти тизимининг ишлашига аралашувни имкон қадар камайтириш учун қатъий зарур ҳаракатлар билан чекланади.
Ушбу боб қоидалари «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига зарар етказмаган ҳолда қўлланилади.
61-модда. Электр таъминотини вақтинча тўхтатиб туриш ёки чеклаш
Ўзбекистон Республикасида истеъмолчиларнинг электр таъминотини вақтинча тўхтатиб туриш ёки чеклаш жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, шу жумладан электр тармоғида авария вазиятлари юзага келганда, ягона электр энергетикаси тизимининг мувозанатини сақлаб туриш ёки электр таъминоти тизимига техник хизмат кўрсатиш учун амалга оширилади.
Истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантирмасдан электр таъминотини вақтинча тўхтатиб туриш ёки чеклаш бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ёки аварияларни бартараф этиш зарур бўлганда амалга оширилади. Бундай ҳолларда, тегишли тизим операторлари истеъмолчиларни бундай узилишлар ёки чекловлар, уларнинг электр таъминотига таъсири ва кутилаётган давомийлиги тўғрисида зудлик билан хабардор қилиш керак.
Узатиш ёки тақсимлаш тизимларида режали профилактика ишлари учун электр таъминотини вақтинча тўхтатиб туриш ёки чеклаш тегишли тизим операторлари томонидан қабул қилинган жадвалга мувофиқ амалга оширилади. Техник хизмат кўрсатиш жадваллари тегишли тизим операторлари ва таъминотчилар томонидан ўз расмий веб-сайтларида эълон қилинади. Тегишли тизим операторлари электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларида белгиланган муддатларда истеъмолчиларни режали техник хизмат кўрсатиш ишлари тўғрисида олдиндан хабардор қилади.
Агар истеъмолчи тегишли тизим операторидан хабарнома олганидан кейин беш кун ичида қоидабузарликларни ёки салбий таъсирларни бартараф этмаса ва бундай қоидабузарликлар ёки салбий таъсирлар аварияга ёки электр таъминоти тизимида узилишларга олиб келиши ёки тизимнинг хавфсизлиги ва ишончлилигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, узатиш тизими оператори ва тақсимлаш тизими операторлари бундай истеъмолчиларнинг электр таъминотини тўхтатиб қўйиши мумкин (бундан махсус тартибга кўра электр энергияси етказиб бериладиган истеъмолчилар мустасно).
Агар тегишли тизим оператори ваколатли вакилларининг истеъмолчи биноларига улар олдиндан ёзма равишда огоҳлантирилганидан кейин электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш, техник хизмат кўрсатиш ёки синаш учун киришига монелик қилинса, бундай қоидабузарлик тегишли тизим операторидан билдиришнома олинган кундан эътиборан беш кун ичида бартараф этилмаса, тегишли тизим оператори бундай истеъмолчининг электр таъминотини тўхтатиб қўйиши мумкин.
Узатиш ва тақсимлаш тизимлари орқали электр энергиясини етказиб беришни вақтинча тўхтатиб туриш ёки чеклаш шартлари электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари билан белгиланади.
Ушбу модда истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб беришни электр энергиясини узатиш, тақсимлаш ёки етказиб бериш бўйича шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли вақтинча тўхтатиб туриш ҳолатлари учун зарар етказмасдан қўлланилади.
62-модда. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасидаги талаблар
Электр энергияси бозорининг барча иштирокчилари экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиши шарт.
10-боб. Якунловчи қоидалар
63-модда. Энергетика бозори регулятори томонидан низоларнинг ҳал қилиниши
Энергетика бозори регулятори қуйидаги низоларни ва шикоятларни ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқади:
истеъмолчилар ва таъминотчилар ўртасидаги;
ягона электр энергетикаси тизимига уланиш билан боғлиқ;
лицензияланадиган фаолият турларини амалга ошириш билан боғлиқ;
узатиш тармоқларига учинчи тарафнинг кириши билан боғлиқ;
тегишли тизим операторларининг сифат кўрсаткичлари талабларига мувофиқлиги билан боғлиқ;
тизимга уланишни ёки тизимга киришни тақдим этиш билан боғлиқ;
электр таъминотини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки чеклаш билан боғлиқ;
электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ;
тартибга солинадиган тарифлар ва тўловларни қўллаш тартибини бузиш билан боғлиқ электр энергетикаси корхоналари ўртасидаги.
Энергетика бозори регулятори ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ низоларни ҳал этиш тартиб-таомилини белгиловчи батафсил қоидаларни тасдиқлайди.
Низонинг ҳар қандай тарафи ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун бевосита судга мурожаат қилишга ҳақли.
Энергетика бозори регулятори бозор иштирокчилари томонидан тақдим этилган контрагентларнинг шикоятларини ва низолар бўйича ҳисоботларни қабул қилади ҳамда кўриб чиқади, ҳар томонлама кўрсатмалар беради ва бундай низоларни ҳал қилиш мақсадида тегишли қарорлар қабул қилади.
Низо тарафлари унинг Энергетика бозори регулятори томонидан кўриб чиқилиши давомида судга мурожаат қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилган ҳолларда, Энергетика бозори регулятори уларга ушбу жараёнда кўмак кўрсатади.
64-модда. Электр энергияси бозори учун ўтиш қоидалари
Марказий харид қилувчи электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори тўлиқ ташкил этилгунига қадар электр энергияси бозори оператори вазифасини бажаради.
Электр энергияси бозори қоидаларига мувофиқ электр энергияси бозори фаолияти тўлиқ йўлга қўйилганидан кейин марказий харид қилувчи ушбу Қонуннинг31-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бажаришни тўхтатади (бундан узоқ муддатли электр энергиясини сотиб олиш битимлари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар мустасно). Бунда электр энергияси билан савдо қилиш фаолиятини амалга ошириш учун марказий харид қилувчи Энергетика бозори регуляторидан белгиланган тартибда лицензия олади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 февралдаги 91-сонли «Электр энергетикаси соҳасидаги фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори.
Марказий харид қилувчининг Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрида рўйхатдан ўтказилгунига қадар тузилган электр энергиясининг барча олди-сотди шартномаларидан (битимларидан) келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар марказий харид қилувчига ўтади. Бунда мажбуриятлар марказий харид қилувчига ўтганида юзага келиши мумкин бўлган зарарларнинг ўрни битимлар тарафларига қопланишини талаб қилиш, битимларни қисман ёки тўлиқ бекор қилиш, мажбуриятларни муддатидан олдин бажариш тўғрисида бошқа тарафга талаблар қўйиш тақиқланади.
Марказий харид қилувчи ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида Энергетика бозори регуляторига ушбу Қонунда назарда тутилган намунавий шартномаларни тасдиқлашни таъминлаш учун тақдим этади. Электр энергияси бозори қоидалари қабул қилинганидан кейин марказий харид қилувчи томонидан белгиланган ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланилади.
Электр энергияси бозори қоидалари тасдиқланганидан кейин марказий харид қилувчи уч ой ичида тегишли лицензияларга эга бўлган ишлаб чиқарувчилар ва таъминотчилар билан шартномалар тузади.
Махсус ваколатли давлат органи биринчи харидлар режасини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Узатиш тизими оператори ва тақсимлаш тизими оператори ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида узатиш ва тақсимлаш тизимлари хизматлари учун намунавий шартномаларни ишлаб чиқади. Ушбу намунавий шартномалар ушбу Қонунга мувофиқ намунавий шартномалар тасдиқланганидан кейин тегишли тизим операторлари томонидан белгиланган ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланилади.
Энергетика бозори регулятори тартибга солинадиган тарифлар ва йиғимларни белгилаш услубияти ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан ўн икки ой ичида тасдиқланишини таъминлайди.
Энергетика бозори регулятори томонидан тартибга солинадиган тарифлар ва тўловларни белгилаш функциясини амалга ошириш билан боғлиқ қоидалар бозор концепциясида белгиланган тартибда ва муддатларда амалга киритилади.
Энергетика бозори регулятори намунавий шартномалар ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ичида тасдиқланишини таъминлайди.
Лицензиялаш талаб этиладиган фаолият билан шуғулланувчи ҳар қандай субъект лицензия олиш чораларини ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ичида кўриши шарт.
Агар электр энергиясини узатиш ёки тақсимлаш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия ушбу Қонун кучга кирганидан кейин марказий харид қилувчига, узатиш тизими операторига ёки тақсимлаш тизими операторига биринчи марта берилган бўлса, лицензиат ушбу Қонунда назарда тутилган вазифаларни тақсимлаш бўйича талабларни бажаришни таъминлаши шарт.
Электр энергиясининг бозори қоидалари кучга киргунига қадар чакана бозордаги барча истеъмолчиларга электр энергиясини узлуксиз, хавфсиз ва ишончли тарзда етказиб бериш вазифаси тайинланган таъминотчининг зиммасига юклатилади.
65-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритилсин:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлда қабул қилинган «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ЎРҚ-701-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 7, 661-модда; 2022 йил, № 4, 340-модда, № 5, 465-модда; 2023 йил, № 2, 103-модда, № 3, 185-модда, № 7, 533-модда, № 9, 710-модда, № 11, 921, 923-моддалар; 2024 йил, № 1, 5, 7-моддалар, № 2, 105, 112-моддалар) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:
1) 1-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ушбу Қонуннинг 1-иловасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигининг ваколатларига тааллуқли бўлган лицензиялаш тартиб-таомиллари тегишли фаолият соҳаларидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади»;
2) 1-илова қуйидаги мазмундаги 52 — 59-позициялар билан тўлдирилсин:

«

52.

Электр энергиясини ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

Электр энергиясини гидроэлектр станциялари орқали ишлаб чиқариш, шу жумладан гидроаккумуляция сақлаш тизими фаолияти;

Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги

электр энергиясини иссиқлик электр станциялари ёки иссиқлик электр марказлари орқали ишлаб чиқариш фаолияти;

шамол энергиясидан электр энергиясини ишлаб чиқариш фаолияти

қуёш энергиясидан электр энергиясини ишлаб чиқариш фаолияти;

чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнида ёки биогаз орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш фаолияти;

водороддан электр энергиясини ишлаб чиқариш фаолияти;

атом электр станцияси орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш фаолияти;

бошқа турдаги станциялар орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш фаолияти.

53.

Электр энергиясини узатиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

Электр энергиясини узатиш фаолияти.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги

54.

Электр энергиясини тақсимлаш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

Электр энергиясини тақсимлаш фаолияти.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги

55.

Электр энергиясини сақлаш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

Электр энергиясини сиқилган ҳаво орқали сақлаш фаолияти;

Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги

электр энергиясини гравитация кучи орқали сақлаш фаолияти;

электр энергиясини батареяда сақлаш фаолияти;

электр энергиясини бошқа усуллар орқали сақлаш фаолияти.

56.

Электр таъминоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

Электр таъминоти фаолияти.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги

57.

Марказий харид қилувчи фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

Марказий харид қилувчи фаолияти.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги

58.

Электр энергияси бозори оператори фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

Электр энергияси бозори оператори фаолияти.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги

59.

Электр энергияси савдоси фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

Электр энергияси савдоси фаолияти;

Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги

Электр энергияси экспорти ва импорти фаолияти.

»;

3) 4-илованинг I бўлими қуйидаги мазмундаги 45 — 52-позициялар билан тўлдирилсин:

«

45.

Электр энергиясини ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

300

46.

Электр энергиясини узатиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

300

47.

Электр энергиясини тақсимлаш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

300

48.

Электр энергиясини сақлаш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

300

49.

Электр таъминоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

300

50.

Марказий харид қилувчи фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

300

51.

Электр энергияси бозори оператори фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

300

52.

Электр энергияси савдоси фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

300

».

2. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 201-модда, № 5, 298-модда, № 10, 593-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 13-модда, 4-сонга илова, № 7, 661-модда, № 8, 800, 803-моддалар, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 2, 76-модда, № 3, 214, 216-моддалар, № 4, 340-модда, № 5, 463, 464, 467-моддалар, № 12, 1186-модда; 2023 йил, № 2, 103-модда, № 3, 186-модда, № 4, 265, 269-моддалар, № 6, 444, 445-моддалар, № 7, 538-модда, № 9, 710-модда; 2024 йил, № 1, 5, 6, 7-моддалар, № 2, 101, 105, 107, 108, 111, 112-моддалар) илова қуйидаги мазмундаги 51-банд билан тўлдирилсин:

«

51. Электр энергияси бозори фаолияти турларини лицензиялаш учун тўланадиган давлат божи

Электр энергиясини ишлаб чиқариш фаолияти

БҲМнинг 30 баравари

Электр энергиясини узатиш фаолияти

БҲМнинг 30 баравари

Электр энергиясини тақсимлаш фаолияти

БҲМнинг 30 баравари

Электр энергиясини сақлаш фаолияти

БҲМнинг 30 баравари

Электр энергияси таъминоти фаолияти

БҲМнинг 30 баравари

Марказий харид қилувчи фаолияти

БҲМнинг 30 баравари

Электр энергияси бозори оператори фаолияти

БҲМнинг 30 баравари

Электр энергияси савдоси фаолияти

БҲМнинг 30 баравари

».

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 сентябрда қабул қилинган «Электр энергетикаси тўғрисида»ги ЎРҚ-225-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, № 9, 339-модда);
2) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-352-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, № 4, 98-модда) 44-моддаси;
3) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 195-моддаси;
4) Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 3 ноябрда қабул қилинган «Стандартлаштириш тўғрисида»ги ЎРҚ-800-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 11, 1061-модда) 28-моддасининг 10-банди.
66-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
67-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозори қоидаларини ушбу Қонун 13-моддасининг талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини ушбу Қонун 15-моддасининг талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
марказий харид қилувчининг тижорат қоидаларини ушбу Қонун 16-моддасининг талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
68-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 7 август,
ЎРҚ-939-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.08.2024 й., 03/24/939/0595-сон; 07.03.2025 й., 03/25/1044/0224-сон)